Category Archives: Илм ва таълим

 Бу категорияда илм ва таълим ҳақидаги хутбалар билан танишасиз.

Илм қачон фойдали бўлади? (Доктор Абдурраҳмон ибн Солиҳ Маҳмуд)

 

2008-10-04   06:06:20

 

 

Илм қачон фойдали бўлади? 

Хатиб: Доктор Абдурраҳмон ибн Солиҳ Маҳмуд

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштиргувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Сўнг …

Дўстлар!

Билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстлар, шу кунларда ўғил ва қизларимиз ва талабаларнинг илмий ҳосиллари олинадиган мавсумга кириб келмоқдамиз. Мен Аллоҳ таолодан олган билимлари улар учун Аллоҳнинг тоатига ёрдамчи, динларида онг, исломий умматлари учун иззат ва шон қилишини, барчани Ўзи суйган ва рози бўлган нарсаларга муваффақ қилиши, дунё ва охиратда тавфиқ ҳамда муваффақиятга эриштиришини тилагандек, сўрайман.

Аллоҳ йўлидаги дўстлар!

Таълим ва имтиҳон йўлларига барча халқлар – уларнинг кофиру мўъминлари кирмоқдалар. Хўш, бу илмнинг турли тармоқлари ва ихтисосларида Ислом Умматини ажратиб турадиган хислатлар нима?

Илм Ислом дастурида икки қисмдир:

(Биринчи қисм): шаръий илм бўлиб, унинг асоси – Қуръон, суннат, ижмоъ ва Уммат салафининг сўзларидир. Бу – ақоид, ҳаётнинг барча тармоқларини ўз ичига олган шариат, шубҳа, ўзгартиш ва таъвил кира олмайдиган даражада соғлом манбадан келиши билан Ислом Уммати ажралиб турадиган илмдир. Чунки, буни пайғамбарларнинг охиргиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган, Аллоҳ эса Ўз Китобини сақлашни кафолатга олган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни очиқ-равшан баён қилиб етказишга буюрган ва У Зот етказган ва У Зотнинг суннатлари ўтмишдаги ва ҳозирги уламоларнинг ҳаракатлари билан бизгача етиб келгандир.

Ислом Уммати ажралиб турадиган ушбу илмлар ўз бобида бошқа бутпараст халқлар илми у ёқда турсин, китоб эгаларининг бузилган китоб ва илмларидан ҳам тубдан фарқ қилади. Бу – Ислом Уммати ажралиб турадиган, фахр, иззат, татбиқ ва амал қилиш билан тараққиёти юзага келган (биринчи) қисмдир. Бу – Ер юзидаги ҳар бир халққа мусулмонлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтириб, уларнинг йўлларига эргашсаларгина насиб этадиган шаръий илмдир.

Иккинчи қисм: шариатга асосланмаган барча илмлар (фанлар). Яъни, сабабларини ушлагани он Ер юзидаги барча инсонлар тенг бўладиган моддий илмлар. Бу илмлар Ислом уммати ичида зарурий илмга айланиши учун Ислом дастурида икки ишнинг амалга ошиши лозим:

Биринчиси: Бу илмнинг фойдали ва зарарсиз бўлиши. Бу билан зарарли ва мутлақо фойдаси бўлмаган илмлар ўртадан чиқади. Чунки бундай илмлар билан шуғулланиш, зарарли бўлмаса ҳам, вақтни зое қилади.

Иккинчи қисм: бу илмларни ўрганаётган толибнинг яхши нийяти.

Ушбу нийят Ислом умматининг эҳтиёжи, заруратлари ва унинг бошқа халқлардан беҳожат бўлишига боғлиқдир. Бу нийятгина илмларни, эгалари Аллоҳнинг савобига эришадиган фойдали илмга айлантиради. Меҳнатларимиз, сарфлаётган вақт ва молларимиз, Ислом Умматининг кофирларга бу ишларда қарам бўлиб қолишидан қутилиши билан бу илм – Ислом дастурида талаб қилинган илмга айланадики, унинг соҳиблари Аллоҳнинг ажрига сазовор бўладилар. Ислом дастурида шаръий ва моддий илмлар учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога бўлган ихлосга асосланган яхши нийят шартдир. Буни бизга шариатни етказган ва саҳобаларига: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар!»– деб айтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ер юзига ёйилиши учун Аллоҳга чақирувчи даъват байроғини тиккан, ҳарбий қўшинларни юбориш билан бирга, эҳтиёж туғилганида саҳобалардан бирининг ажнабий тиллардан бирини ўрганшига буюрган, жанг майдонларида эса эронликларнинг жанговар тажрибаларидан фойдаланган Зот эдилар. Булар – баъзи мисоллар, холос. Бу мавзу кенг бўлишига қарамай, мен уларнинг айримларига ишорат қилиб ўтмоқчиман.

Аллоҳ йўлидаги дўстлар!

Қуръон дастурига кўра қайси илмлар фойдали ва қайсилари фойдасиз эканлигининг ўлчови нима? Бугунги кунда кўпи кофирларда бўлган ва ёшларимиз ҳамда зиёлиларимиз эгаллагандек кўринаётган қайси замонавий илмлар фойдалидир? Бу моддий илмлар қачон фойдали ва тўғри бўлади? (Бу саволларга жавоб бериш учун), Аллоҳ таолонинг Китобидаги уч оят олдида уч марта тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан: Аллоҳ таоло Фотир сурасида шундай деган:

«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида рангу рўйлари турли-туман бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғлардан ҳам оқ, қизил — ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир. Шунингдек одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-баранглари бордир. Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқар. Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир» (Фотир: 27 – 28).

Ушбу икки оятда Аллоҳ таолонинг ягона нарса – осмондан ёғилган сувдан анвойи турдаги нарсаларни яратиши билан қудрати ва камолоти баён қилинган. Чунки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло турли рангдаги тоғлар, инсонлар, судралувчилар ва ҳайвонларни яратганидек, қизил, оқ, сариқ, яшил, қора ва бошқа турфа рангдаги меваларни чиқарган. Булар – инсон мудохала эта олмайдиган Аллоҳнинг хилқатидир. Барча махлуқлар Роббиси бўлган Аллоҳ буюк бўлди! Аллоҳ таоло бу оят сўнггида: «Аллоҳдан бандалари ичидан уламоларгина қўрқадилар!»– деди.

Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу бу оятни): «У (уламо)лар – Аллоҳ барча нарсага қодир эканини билган одамлардир!»– де(б изоҳла)ди. Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)нинг бу изоҳи, моддий илм яъни, ўзлари ҳамда Коинотдаги нарсаларни билишлари, Аллоҳ таборака ва таолога далолат қилса ибодат ва итоатга айланишини ва бу билимларини Аллоҳ таолога боғлашлари шериксиз Аллоҳга ибодат қилишга олиб борадиган Аллоҳ қўрқувсини вужудга келтиришини ифодаламоқда. Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу): «Раҳмон (Аллоҳ)ни билиш – Унга бирон нарсани шерик қилмаган, ҳалолилини ҳалол, ҳаромини ҳаром қилган, кўрсатмаларини ёдда тутган ва Аллоҳга дуч келиб, қилган ишларидан ҳисоб беришига ишонган одамнинг билими, демакдир»– деди.

Шунга кўра Аллоҳга ишониш, Аллоҳдан қўрқишга олиб бормайдиган ҳар қандай илм – аслида, илм эмасдир. (Ҳофиз) ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида шундай дейди: «Яъни, Аллоҳдан ҳақиқий қўрққанлар – Аллоҳни таниган олимлардир. Чунки, камолот сифатлари ва гўзал исмлар билан тавсифланган Алийм-Билгувчи, Қодийр-Қудратли Зотни танигани сайин, У ҳақдаги билим такомиллашади, Уни яхшироқ танилади. Ундан қаттиқроқ ва кўпроқ қўрқилади».

Азиз дўстлар, ушбу мезон билан замондош маданият илмлари ўлчанади. Бу маданият илмлари эгаларини Аллоҳ сари ҳидоят этдими? Ёки улар ғурур-алдовни пайдо қилиб, қалблари ушбу моддий илмлар билан кечаю-кундуз Роббисига қарши чиқдими?!

Иккинчи тўхталиш: Аллоҳ таоло айтди: «Ёки кечалари сажда қилган ва қиём-тик турган холда тоат-ибодат қилгувчи, охиратдан қўрқадиган ва Роббисининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўладими)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўладими?!». Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат оладилар» (Зумар: 9).

Аллоҳ ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат қилган обид билан Аллоҳга ширк келтириб, шерик қилган Зот баробар бўладими? Улар ҳеч қачон баробар бўлмайдилар!! Бу итоатгўй банда Аллоҳга кечаю-кундуз сажда қилиш, охиратдан қўрқиб, Роббисининг раҳматидан ноумид бўлмай қиёмда тик туриш билан тавсифланмоқда. Ҳолбуки у қилган амаллари ва эзгуликлари кўп бўлишига қарамай (Аллоҳга нисбатан) қўрқув ва умид ўртасида бўлади.

Сўнгра Аллоҳ: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўладими?!»– демоқда.

Имом Табарий (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: «Аллоҳ таоло: «Ҳой, Муҳаммад, қавмингизга айтинг: «Роббиларига итоат қилсалар бериладиган савоб ва итоатсизлик қилишдаги масъулиятларини биладиганлар билан, буни билмайдиган, эзгу амаллари учун яхшиликни умид қилмай, қабиҳ амаллари учун ёмонликдан қўрқмай дарбадар юрган одамлар баробарларми?»»– деб: «У иккиси баробар бўлмайди»– демоқда».

(Муфассирлар имоми) Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) айрим уламоларнинг: «У (уламо)лар билимлари билан фойдаланиб, унга амал қилган кишилардир. Билими билан фойдалана олмаган ва унга амал қилмаган кишилар эса билмаган одам мақомидадирлар»– деганларини нақл қилди.

Аллоҳ йўлидаги дўстлар, бу – шаръий ва шаръий бўлмаган илмларни ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам, ушбу оят бир неча нарсага далолат қилади:

Биринчиси: Аллоҳ сари етакламаган илм, қандай бўлмасин, ҳақиқий илм эмасдир.

Иккинчиси: Соғлом-тўғри илм ўз эгасини Аллоҳ ҳузуридаги нарсага рағбат ва унинг жазосидан огоҳлантириб, Аллоҳнинг шариатига мувофиқ амал қилишга ундайди.

Учинчиси: Ҳаётнинг ғояси, жумладан, илмни турли фанлари ва тармоқларига қарамай ўрганишга ҳаракат қилиш – Аллоҳ таолога ибодат қилиш, демакдир.

Шундагина ҳаёт мезони барқарор бўлади.   

Мен ўзим, сизлар ва барча мўъминлар учун Аллоҳдан ҳамма гуноҳларни мағфират қилишини сўрайман. Бас, сизлар ҳам Ундан мағфират сўранглар. Дарҳақиқиат, У – Ғафур-Мағфират қилгувчи, Раҳийм-Меҳрибон Зотдир. 

 

Иккинчи хутба

Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар, анбиё ва расулларнинг энг шарафлисига ва Унга Қиёмат кунигача издош бўлган кимсаларга салавоту саломлар бўлсин.

Учинчи тўхталиш Аллоҳ таолонинг Рум сурасидаги ушбу сўзлари биландир: «Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу-охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланадилар. (Аллоҳ) Ўзи хохлаган кишини ғолиб қилади. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» (Рум: 1 – 5).

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг урушнинг бошида бутпараст эронликлар ғолиб кела бошлаган ва бундан Макка мушриклари қувонган бўлсаларда, румликларнинг ғалаба қозонишларидан берган дараги бордир. Мен Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) бу ҳақдаги сўзларини, Аллоҳ таолонинг: «Мўъминлар у кунда Аллоҳнинг зафари-ёрдами билан қувонадилар» ояти олдида бир тўхташ учун келтирдим.

Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди:

«Одамлар мусулмонларнинг румликларнинг зафари ва румликлар ғолиб келиши учун эътибор берганларини айтиб ўтдилар. Чунки, румликлар мусулмонлар сингари китоб эгалари, эронликлар эса бутпараст эдилар».

Наҳҳос (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Бошқа гап ҳам бор ва у тўғрироғидир: У (мўъмин)ларнинг қувончи Аллоҳ ваъдасининг рўёбга чиқиши (сабабли) эди. Чунки бу – пайғамбарликка ҳужжат эди. Зеро Аллоҳ таоло бир неча йил ичида бўлиши мумкин бўлган нарсадан хабар берган ва у хабар айтилган йиллар ичида амалга ошган эди».

Ибн Атийя (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Буни кичик душман ғалабасига бўлган муҳаббатни назарда тутишга сабаб қилиш шубҳалидир. Чунки унинг жанговар ҳолати кучсиздир. Агар катта душман ғолиб келса, хавф ҳам кучаяди. Сиз бу ҳақда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз дини ва Аллоҳ тарафидан олиб келаган шариатинининг бошқа халқлар устидан ғолиб келишини умид қилиб турган, маккалик мушрикларнинг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилиб, роҳатлантирадиган қиролликни қанчалар хоҳлаган бир пайтларида, ўйлаб кўринг.

Мўъминларнинг қувончи, аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғалабаси сабабли эди. Чунки Бадр кунида Жибрил алайҳис-салом румликларниг бу зафаридан хабар берган эди. Аллоҳ таоло бу оятлардан сўнгра: «(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина биладилар» (Рум: 6, 7)– деди.

Одамларнинг талайгина қисми, омма олдида олимдек ва инсон, Ер, фалакиёт ва бошқа нарсалар ҳақидаги кўп фанларни билгандек кўринсаларда, билмайдилар. Бунинг сабаби, Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар дунё ҳаётининг зоҳиринигина биладилар, холос» (Рум: 7).

Дунё ҳаётининг зоҳири жуда ҳам чеклангандир. Инсон эса ўзининг чекланган ҳаёти давомида буни чуқур ўрганишга эриша олмайди. Унинг илмининг нисбати, Ернинг бошқа сайёраларга бўлган нисбати кабидир. Ер ва Ердаги ҳаёт, ушбу улкан Коинотга нисбатан замон ва макон нуқтаи назаридан, митти нарсадир.

Кофирларни «Дунё ҳаётининг зоҳиринигина биладилар»– деб тавсифланди. Бунинг бир неча сабаблари бор:

Биринчидан: уларнинг билимлари моддий ва юзаки бўлиб, ҳаётнинг Аллоҳ ирода қилган барқарор қонунлари қолиб, юзаки тарафигагина боғлиқдир. Уларнинг билимлари шу билимларни берган, яратган ва ўлчаб қўйган Яратгувчиларидан айридир. Шунинг учун ҳам улар ҳаётнинг моддий қонунларинигина биладилар. Ҳаётнинг қандай ва нима учун келганини, уни ким яратганини билмайдилар. Бу – кофирлар бехабар бўлган нарсалардир.

Иккинчидан: Кофирлар билимлари, моддий маърифатлари ва унинг кундалик ўсишига маҳлиё бўлиб, ҳар бир оқил одам тафаккур қилиши керак бўлган оддий ҳақиқатни унутадилар. У ҳақиқат: «Инсонни яратишдан қандай мақсад назарда тутилган?».

Ушбу буюк жаҳоншумул маданият, илмий тараққиётнинг ҳайратомуз поғоналарига етганини ҳақида ўйлаб кўринг. Бироқ, шахс «Мени ким ва нега яратган? Оқибат қаерга?» каби оддий саволларга жавоб топа олмаяпти. Билим савиялараи қанчалар баланд бўлмасин, кофирлар ҳақида Аллоҳ жуда ҳам тўғри айтган: «Улар ҳайвонларга ўхшайдилар, балки улардан ҳам адашганроқдирлар!» (Аъроф: 197).

Илмий моддий фанларнинг биронтасида машҳур бўлган олим, модомики, Аллоҳга лойиқ бўлганидек иймон келтирмас экан, мазкур оят ҳукми остига киради.

Учинчидан: кофирлар охират, Алоҳнинг ҳузурида ҳисоб ва жазо учун (қайта тирилиб) туришдан бехабардирлар. Аллоҳ таоло оятнинг хотимасида: «Улар – охиратдан бехабардирлар»– деди (Рум: 7).

Охират, ўлимдан сўнгра қайта тирилишни инкор этиш ва ундан бехабар бўлиш, дунё ҳаётининг ўлчовларида катта дарз очади. Дунё ҳаётигагина боққан инсоннинг билими кемтик ва юзакилигича қолади. Бундай одамнинг ҳаётни ҳаётдаги барча ҳодисалар, ҳаётдан отилиб чиқадиган нарсалар билан тасаввур қилиши, тасаввур қилганда ҳам тўғри тасаввур қилиши мумкин эмас. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган мўъминнинг ўлчовида нарсаларга боқиш, ҳаёт билан муомала қилиш, ҳаёт ҳақидаги ўлчовлар бутунлай фарқли бўлади. Ҳатто у қурилиш, ободончилик билан шуғулланар ва моддий илмларида илгарилар экан, ҳаётга қисқа фоний дунёни боқий абадий дунёга боғлайдиган барқарор ўлчов ва қонунлар билан муомала қилади. Бу – Мўъмин Исломий Уммат вужудга келтирган маданият билан, давримизнинг кофир маданияти вужудга келтирган маданият ўртасидаги фарқдир.

Бу майдондаги ушбу икки уммат ўртасини таққослар эканмиз, охиратга иймон келтирган ва унинг ҳисобини қилган одамнинг, шу дунёси учунгина яшаб, унинг ортидан бирон нарсани умид қилмаган одам билан учраша олмаслиги яққол намоён бўлади. Бу иккиси ушбу дунё ишлари ёки қийматларининг биронтасини ўлчашда якдил фикр бўла олмайдилар, ҳодиса ёки ҳолатлари учун бир хил қарор бера олмайдилар. Чунки ҳар иккаласининг ҳам нарсалар, ҳодисалар, қийматлар ва ҳолатларга нисбатан айрича қараши бор. Буниси дунёга зоҳирий тарафдан боқса, униси зоҳир ортида зоҳир ва ботин, ғайб ва ошкор, дунё ва охират, ўлим ва ҳаёт, ҳозир, ўтмиш ва келажак, одамлар олами ва жонлилар ва жонсизлар оламини бир-бирига боғлаган боғ ва умумий қонунлар бор эканини идрок этади. Бу – Ислом башариятни олиб чиқадиган ва инсонга лойиқ мартабаларга етказадиган узоқ, кенг ва шомил уфқдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстлар!

Ҳа, Аллоҳ ва охиратга бўлган иймонга асосланган маданият билан, Аллоҳга кофир бўлиш ҳамда ҳисоб кунига ишонмасликка асосланган маданият бирлашиши мумкин эмас.

Аллоҳ йўлидаги биродарлар!

Ҳой, илм толиблари!

Ҳой, тадқиқотчилар!

Ҳой, маърифат издошлари!

Ислом уммати сизлардан, бошқалардан беҳожат қиладиган фойдали илмни кутмоқда. Ислом уммати сиздан аввало шаръий илмлари, кейин эса бошқа илмларини юксалтишингизни кутмоқда. Уммат сиздан ўзини биз таниган мағрур, қолоқ эмас халқлар йўлбошчиси, бугунги кундагидек эмас балки ўзига обрўли ва шарафлидек қараладиган умматга айланишни кутмоқда.

Аллоҳ таолодан Илом умматини уйғотишини ва унинг ўз динига соғлом бир шаклда қайтишини, илмларини соғлом шаръий дастур асосида ўрганишини сўрайман.

Аллоҳим, Ислом ва мусулмонларни азиз қил! Аллоҳим, Ислом Умматининг обрўсини кўтар!

Аллоҳим, биз Сендан барча илм толибларини ҳаётидаги соғлом дастурга муваффақ қилишингни сўраймиз!

Аллоҳим, биз Сендан иймон, фойдали илм ва солиҳ амални сўраймиз!

Аллоҳим, биз Сендан бизга иймонни севимли қилишинг, қалбимизни у билан зийнатлашингни, биз учун куфр, фисқ ва осийликни ёқтирмай, бизларни тўғри йўлдагилар қаторида қилишингин сўраймиз!

Аллоҳим, ширк ва мушрикларни хор қил!

Ҳой Оламлар Роббиси, Ислом душманларини қаерда бўлсалар ҳам яксон қил!

Аллоҳим, ҳой Оламлар Роббиси, бизга, Исломга ва мусулмонларга нисбатан ёмон нийятда бўлган кимсаларни ўзлари билан ўзларини овора қил!

Ҳой Оламлар Роббиси, уларнинг режаларини ўзларининг ҳалокатларига сабаб қил!

Аллоҳим, Сендан вафот этган барча мусулмонларга раҳм қилишингни сўрайман! Аллоҳим, бизни ва биздан илгари ўтган биродарларимизни мағфират қил ва қалбимизда мўъминлар учун гина-кудурат қўйма! Роббимиз, Сен раҳмли ва меҳрибон Зотсан!

Аллоҳ пағамбаримиз Муҳаммад, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. 

            

 

 

         

 

Билимнинг самараси – амалдир (Шайх Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ)

 

 

Билимнинг самараси – амалдир

Хатиб: Шайх Холид ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муслиҳ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Аллоҳга ҳамдлар ва Унниг Расулига салавоту саломлар бўлсин).

Сўнг…

Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқингиз ва унутмангларки, Қуръон ва суннатда мақталган, фазилатлари кўп, тавсифлари ҳисобсиз, эгаларининг мақомлари юксак, шуҳратлари катта бўлган илм – банда у билан Роббисини танийдиган илм бўлиб, бу таниш Аллоҳ қўрқувси, муҳаббати, Аллоҳга яқинлик ва шавқ, Аллоҳ билан таскин топишни, Аллоҳнинг шариатига амал ва динига даъват қилишни самара қилиб беради.

Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): «Илм икки турли бўлиб, (биринчиси): тилдаги илм. Бу – Аллоҳнинг фойдаси ва бандалари зарарига ҳужжат бўлган илмдир. (Иккинчиси): қалбдаги илм-ки, бу – фойдали илмдир»– деди.

Бу илм билан мақомлар кўтарилади, ёмонликлар бартараф қилинади. Зотан, илм қалбга ўрнашса, аъзолар уни амал билан тасдиқлайди.

Хатиб Бағдодий (раҳимаҳуллоҳ) илм билан амал қилиш мақомини баён қилар экан шундай деган: «Ҳой, илм толиби! Мен сизга илм излар экан нийятни холис қилиш, билимингиз тақозоси билан амал қилишни васият қиламан. Чунки илм дарахт бўлса, амал унинг мевасидир. Билимига амал қилмаган одам, олим ҳисобланмайди… Агар амал билимга кўра нуқсонли бўлса, бу билим инсонга юк бўлади, хорлик келтиради ва бўйнига солинган занжирга айланади. Аллоҳга юк бўладиган билимдан сиғинамиз. Амал қилиш зарурати бўлмаса эди, илмни изланмас эди. Ҳақиқатни билмасдан тарк қилишим мен учун, уни беҳожатликдан тарк қилишимдан кўра севимлироқдир».

Аллоҳнинг бандалари!

Аллоҳнинг Китоби, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) суннат(и), уммат салафининг осорлари оз бўлсин, ёки кўп бўлсин, билимга амал қилмасликни қоралаш билан тўлиб-тошганини унутмангиз! Булардан бири – Аллоҳ таолонинг билимларига амал қилишдан воз кечган пайтларидаги яҳудийлар ҳақида айтган сўзидир: «Таврот юкланган — берилган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, унинг вазминлигидан чарчаб-толадилар-у, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар). Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!» (Жумъа: 5).

Билимига амал қилмаган одамнинг насибаси – эшакнинг устига оғирлик солган китоблардан олган насибаси кабидир.

Ибн Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят ҳақида шундай деди: «Бу мисол яҳудийлар учун келтирилган бўлсада, маъно нуқтаи назаридан, Қуръон юкини олган бўлсада унга амал қилмаган, унинг ҳаққини бермаган ва етарлича риоя қилмаган одамларни ҳам ўз ичига олади».

Билимга амал қилмасликни қоралаш ҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу оятлари ҳам келган: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтаяпсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 2, 3). Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло амалларнинг сўзларга зид бўлишини ёқтирмайди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билимга амал қилмасликни қаттиқ жазолар билан жазолашни ваъда қилди. Икки «Саҳиҳ» китобида Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қиёмат куни бир одамни олиб келиниб, жаҳаннамга отилади. Ичаклари чиқиб, эшак тегирмон атрофида айланганидек, унинг атрофида айлана бошлайди. Жаҳаннамдагилар унинг олдида тўпланиб: «Фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?»– деб сўрашганида: «Мен сизларни яхшиликка буюрар, бироқ, ўзим қилмас эдим. Сизларни ёмонликдан қайтарар, бироқ, ўзим қайтмас эдим»– деб жавоб беради» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 3267; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2989).

Оҳ, у даҳшатли ҳолат!

У ҳолатда сирлар ошкор, хабарлар аниқ, бандалар яширган нарсалар ошкора бўлади. У кунда сирлар очилади. Қалбини эзгулик ва яхшилик билан қоплаган кимса Саховатпеша, Меҳрибон ва Раҳимли Зотнинг розилигига эришса, қалбини фисқ, осийлик ва куфр билан қоплаган кимсани Билимдон, Хабардор ва Ғолиб Зот расво қилади!

Абу Барза Асламий разияллоҳу анҳудан Термизий ва бошқалар келтирган ҳадис, билимга амал қилишга рағбатлантириш ҳақидадир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат кунида умрини нима билан ўтказгани, билимига нима қилгани, мулкини қаердан топиб, қаерга сарфлагани, ёшлигини нима билан ўтказгани ҳақида сўралмай туриб банданинг оёқлари ердан узилмайди» (Термизий, ҳадис № 2417).

Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин! – бу маъноларни жуда яхши билган эдилар. Абуд-Дардоъ (разияллоҳу анҳу) Байҳақий ва бошқалар келтирган ривоятда шундай дейди: «Мен Роббим Қиёмат куни халойиқ олдида: «Ҳой, Уваймир!», деб чақирса: «Лаббай, Роббим!», десам: «Билган нарсангга қандай амал қилдинг?» деб қолишидан қўрқаман!».

Абуд-Дардоъ (разияллоҳу анҳу) яна: «Илмга амал қилмагунингча олим бўла олмайсан!», деди.

Саҳобалар илмга амал қилишга қаттиқ эътибор беришар, ҳатто, ўн оятни ўргангач, унга амал қилмагунча бошқа оятга ўтмас эдилар. Улар Қуръонни ва амал қилишни бирга ўрганган эдилар.

Сиз илмни олган кишига амирулмўъминийн Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини айтаман: «Ҳой, илмни кўтарган (олган)лар! Билимга амал қилинглар! Олим – билимни олган ва амали билимига мувофиқ бўлган кимсадир!».

Ҳар биримизнинг оздир, кўпдир илмимиз бор. Дўстим, бизнинг сиздан бошқасини назарда тутганимиз ёки унга хитоб қилганимизни тушунманг.

Ҳой мўъминлар, ҳар биримиз Аллоҳнинг динидан ўрганган илмимизни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилайлик. Ислом шариати ва аҳкомларини билган қанча-қанча инсон борки, у уларга амал қилмайди. Уларни, ўрганган илму маърифатлари алдаб қўйган. Улар ибрат амалда, амалсиз билим – эгасига зарарли ҳужжат эканини билишса, кошки эди.

Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) нафсига, унинг илмнинг ҳақиқати ва самараси қолиб, шакли билангина машғул бўлганини кўргач, шундай ваъз қилди: «Билим сенга қандай фойда берди? (Аллоҳдан) қўрқиш, безовталик ва эҳтиёткорлик қаерда?! Ибодат ва тиришқоқликда илғор бўлган раввинлар ҳақида айтилган хабарларни эшитмадингми?! Барчанинг саййиди – Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оёқлари қабаргунича (ибодатда) турмаганмиди?! Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) кўп ҳўнграб йиғламасмиди?! Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу)нинг юзида оққан ёшлари сабабли чизиқча пайдо бўлмаганмиди?!». Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ): «Ундай бўлмаганмиди?!», «Бундай бўлмаганмиди?!» деб давом этди ва охири: «Билимга амал қилмай, илмнинг шаклига берилиб қолишдан огоҳ бўл! Чунки у – дангасалар ҳолидир»– деб сўзини тугатди.

Кошки иш шу ерда тўхтаса. Зотан, бунинг ўзи катта зиён ва муваффақиятсизликдир. Одамларнинг энг ҳасратлиси – ўз билимига бошқаларнинг тарозиси билан боқишидир: унинг билими билан одамлар бахтиёр, ўзи эса бахтиқародир.

Бечора – умрини амал қилмайдиган билимлар олиш билан ўтказган, дунёнинг лаззат ва зийнатларидан маҳрум, охиратнинг неъматларига эриша олмаган ва Аллоҳнинг ҳузурига ўзига зарарли бўлган катта ҳужжат билан келган одамдир. Бунга Суфён ибн Уйайна (раҳимаҳуллоҳ)нинг: «Билим сизга фойда бермаса, зарар беради» деб айтган сўз ҳам, муносиб келади.

Билимга амал қилишнинг самараси шахсни фақатгина ёмонлик, расволик ва хорлик мақомларидан ҳимоя қилар экан, шунинг ўзи билимни кўпайтириш, у билан шуғулланиш ва унга катта эътибор бериш учун кифоядир.

Зарарингга ҳужжатдир амалсиз билим

Узр бўлмас сенга олганинг билим.

Агар буни билган бўлсанг сен аниқ,

Одам сўзини амали қилсин-да тасдиқ

 

 

Иккинчи хутба:

(Аллоҳга ҳамдлар ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин).

Сўнг …

Сизлар – Аллоҳ устингиздан баракатлар ёғдирсин – билингларки, илмга амал қилиш билимнинг ўрнаши, ёдланиши ва мустаҳкамланишининг катта омилларидан биридир. Чунки илмга амал қилиш илмни эслаш, илм ҳақида тафаккур қилиш ва унга риоя қилишни тақозо этади. Агар банда илмига амал қилишда сустлик қилса, бу – илмни унутиш ва унинг йўқолишига сабабчи бўлади.

Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ): «Ҳадисни ёд олишда унга амал қилиш билан ёрдам олар эдик»– деди.

Вакийъ ибн Жарроҳ (раҳимаҳуллоҳ) эса: «Биз илм излашда рўза тутиш билан ёрдам олар эдик»– деди.

Илмга амал қилиш – билимнинг кўпайиши ва мустаҳкамланишининг асосий омилларидан биридир. Чунки билимга амал қилиш Аллоҳга бўлган тақвонинг бир қисмидир. Ҳолбуки Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато этади ва ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилади. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Анфол: 29)– деди.

Билимга амал қилиш ва уни маҳкам ушлаш, одамларнинг олимнинг сўзларини олишларига сабабчидир. Чунки, сўзловчиси биринчи мухолиф бўлган сўзнинг офтоби ўткинчи, юлдузи сўнган ва таъсири йўқдир. Зеро одамлар даъватларнинг тўғрилигини шу даъватларни қилан одамларнинг саботлари ва даъватларига қилган амаллари билангина ўлчайдилар. Билимнинг воқеъда шаклланиши, инсонлар ҳаётига таржима бўлиши ва уни амал билан жонлантириш, даъват ва таъсир омилларининг энг кучлисидир.

Боамал олим ақлларни ўзига жалб қилади. Унинг атрофида бандалар тўпланади. Чунки, ҳамма ҳам чиройли гап айтиши мумкин. Бироқ, одамлар амаллар билангина бир-биридан устун ва имтиёзли бўлишлари мумкин. Халқ гаплар билан насиҳат олишдан кўра, амаллар билан насиҳат олишга кўпроқ муҳтождир.

Илим аҳллари, талабалар, даъват ва уйғонишда иштирок этаётганлар ўзларининг ким эканликларини билсинлар ва нафсларидаги ҳақиқат ва ҳидоятдан тўсадиган иллатларни даволасинлар. Чунки одамлар, илмга мансуб бўлиш билангина кифояланиб, билимига амал қилмаган кимсалардан бирон нарса олмайдилар. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло одамларга яхши ишларни қилишга буюрган, бироқ, ўзларини унутган одамларни айблаб шундай деган: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақар: 44).

Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ) шоирнинг ушбу сўзларини такрорлаб юрар эди:

Агар буни билган бўлсанг сен аниқ,

Одам сўзини амали қилсин-да тасдиқ!   

Аллоҳ таоло сўз ва амалида содиқ бўлган бандаларни мақтаб шундай деган: «(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» (Фуссилат: 33).

Шуҳратлари ёйилган ва Уммат ичида ростгўйликлари билан танилган буюк имомлар ҳаётига назар ташлаган одам, илмга амал қилиш уларни бир шодага терганини билиб олади. Ўзингиз ҳам диндан йўқ бўлган нарсаларни жонлантирган ва Аллоҳ ҳузурада қабул қилинган одамларнинг амал қилганлари учунгина оғиздан тушмаганлари ва тинмай мақтанилганларини кўрасиз. Чунки, илмга амал қилиш инсонни раббонийлар даражасига кўтаради. Раббоний эса ўрганган, амал қилган ва ўргатган одамдир. Амаллик олим эса, илмига амал қилган ва илмини ўргатган олимдир. 

Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) раббоний олимни тавсифлар экан шундай деган: «У – Аллоҳнинг суюклиси, валийси ва танлаб олган бандасидир. У – Ер аҳли ичидан Аллоҳга суюкли бўлганидир-ки, дуоларини Аллоҳ ижобат қилади. У – Аллоҳ ижобат қилган дуосига одамларни чорлайди, ижобати учун эса солиҳ амалларни қилади ва: «Мен мусулмонларданман»– дейди. У – халифадир».  

Илмга амал қилиш ҳасанотларга эришиш ва мақомлар юксалишининг омилидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло кўплаб оятларда иймон билан амални бир-бирига боғлаб зикр қилди:

«Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр бўлишини ваъда қилди» (Моида: 9);

«Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу катта бахтдир» (Буруж: 11).

Бунга ўхшаш оятлар Қуръон Каримда талайгинадир.

Аллоҳ таоло бизни ва сизларни фойдали ва мустаҳкам илмга ва давомий солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилсин.

 

    

 

 

Фатво сўраш ҳақида (Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн)

 

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Фатво сўраш ҳақида

Хатиб: Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн

 

 Қаламга ва инсонга билмаган нарсасини ўргатган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Китобларни нозил қилиш ва пайғамбарларни юбориш билан бандаларига лутф ато этиб, ақлларни очиб, уларга тушунтирган ҳамда Ўзининг зарарига бандаларининг фойдасига ҳужжат қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Мен ягона, шериксиз, Қуръонни ўргатган, инсонни яратган ва унга баён қилишни ўргатиб, ато этган ва ҳурматлаган саховатпеша Робб – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканига, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва тўғри йўлга йўлловчи расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Муҳаммадга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашганларга салавоту саломлар ёғдирсин!

Сўнг …

Ҳой, одамлар!

Аллоҳдан қўрқинглар ва онгли ибодат қилиш учун Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлинглар! Чунки, Аллоҳ ким учун яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Динда фақиҳ бўлиш – яхшиликлар ва солиҳ амаллар пойдеворидир.

Динда фақиҳ бўлиш билан банда:

–        Роббисига қандай ибодат қилиши, қандай таҳорат қилиб, қандай ғусл қилиши, қандай намоз ўқиб, қандай рўза тутиши, қандай закот бериб, қандай ҳаж ва умра қилишини билади;

–        фарзлар билан суннатлар ўртасини ажратади, жаҳолат ва фитналар зулмати қоплаган онларда билим ёғдусида Роббиси сари қандай юришни билади;

–        савдо-сотиқ ишларини қилади: ўз ҳаққини олади, бировлар ҳаққини беради ёки ўз ҳаққидан воз кечади;

–        қандай уйланиш, қандай сарф этиш, гуноҳларига қандай каффорот бериш, қулларни қандай озод қилишни билади.

Банда динда фақиҳ бўлиш билан Уммат ичида нур сочган маёққа айланиб, уларни тўғри йўлга ҳидоятлайди. Уларга билим билан тўғри йўлни баён ва ўз ҳаётини тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам нурафшон қилади.

Илм – қалб, қабр, маҳшар ва Сирот кўпригининг нуридир.

Олим – ўлса ҳам тирик, жоҳил эса, яшаса ҳам ўликдир.

«Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўладими?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат оладилар» (Зумар: 9).

«Банда ўлса учта амалидан бошқа барчаси тўхтайди: жорий садақа, ўзидан кейин фойдаланиладиган илм ва унга дуо қилиб турадиган фарзанд» (Имом Муслим, 11/66, Имом Аҳмад 19/110).

Ҳеч бир киши эгасини ҳидоятга йўллаган ва разилликлардан қайтарган илмнинг фазлидек нарсани йиғмаган: «Илм излаб йўлга тушган одамга Аллоҳ жаннат йўлини енгил қилади. Фаришталар толиби илмнинг йўлига, бу қилган ишидан рози бўлиб, қанотларини поёндоз қиладилар. Олим учун Еру Осмондаги барча нарса, ҳатто денгизлардаги наҳанглар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обидга бўлган фазли, Ойнинг бошқа юлдузларга бўлган фазлига ўхшайди. Дарҳақиқат, олимлар – пайғамбарлар ворисидирлар. Пайғамбарлар олтин ёки кумуш тангани эмас, илмни мерос қилдилар. Ким уни олган бўлса, етарли насибани олибди» (Имом Аҳмад 47/275, Термизий 10/204, Ибн Можжаҳ 1/268).

Ҳой, одамлар!

Ичингиздан ким илм олиш учун вақт ажрата олса, илм олсин. Чунки ҳозирги замонда Аллоҳнинг динини билган одамлар сони озайиб, дунё матоларини турли йўллар билан топиш ва унга берилиш кўпаймоқда. Илм излаш учун вақти бўлмаганлар эслатмаларга қулоқ солсин, олимлар мажлисида иштирок этиб, улардан фойдалансин ва бошқаларни ҳам фойдалантирсин. Буни ҳам эплай олмайдиган бўлса дини ҳақида: таҳорати, намози, закоти, рўзаси, ҳажи, савдо-сотиғи, олиши, бериши, никоҳи ва бошқа, динига алоқаси бўлган ибодатларда муаммо ёки тушунарсизлик пайдо бўлса, (билганлардан) сўрасин.

Ҳой, Аллоҳнинг бандалари!

Айрим одамлар фатво сўрар эканлар, ҳаром ишни қилмоқдалар. Сиз унинг бировнинг олдига берадиган фатвосига: «Бу берган фатво – Аллоҳнинг дини бўлиб, унга итоат қилиш лозим» деб рози бўлиб бораётгани, фатвони берганида эса ундай фатвони кутмагани ёки назарида бу фатво ўзига оғир эканини ҳис қилиб, бошқа олимнинг олдига бормоқда ва: «Бу (иккинчи) олимнинг фатвоси менга маъқул»– демоқда. Бундай қилиш – ҳаромдир.

Чунки фатво сўрамоқчи бўлган одам, билими чуқурлиги ва тақвоси сабабли ҳақиқатга яқинроқ деб дилган одами олдига бориши керак. Агар унинг бошқалардан кўра ҳақиқатга яқинроқ эканини тушунса, ундан сўрасин ва унинг сўзига қулоқ солсин. Агар бу олимнинг Қуръон ва суннатга хилоф ўлароқ хато қилган экани маълум бўлиб қолса, Қуръон ва суннат далолат қилган ҳукмларни маҳкам ушласин. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда илми бўлмаган одам нима қилиши кераклигини яққол кўрсатиб қўйган: «… агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар! (Биз аввалги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз)» (Наҳл: 43, 44).

Агар илм аҳлидан сўрашга буюрилган экан, оқил одам дини учун билимдон ва тақводор олимни излайди.

Ҳой, одамлар!

Аллоҳдан қўрқинглар ва ундан-бундан сўрайвериб дининингизни ўйинчоқ қилмангизлар! Бундай қилсангиз ишларингиз чигаллашади ва ўз хоҳишларига эргашганлар қаторида бўласизлар!

Инсон ўз вазифасини бажариб, ҳақиқатга яқинроқ деб ўйлаган одамидан сўраса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги зимма адо бўлади. «ал-Мунтаҳо» ва унинг шарҳида шундай дейилган: «Биров битта муфтийнигина билса, унинг сўзини олиши лозим. Муфтийнинг сўзини лозим тутган одам, бошқа муфтий бўлса ҳам, (биринчи муфтийнинг) сўзини олиши керак. Яъни, қайси муфтийнинг сўзларига муқаллид бўлган бўлса, ўшанинг сўзларини олиши лозим.

«ал-Мунтаҳо»нинг шарҳида муаллиф «Мухтасарут-Таҳрир»нинг шарҳидан иқтибос қилиб, шуларни айтди: «Бир муфтий муқаллидга фатво берган бўлса, муқаллид унинг фатвосига амал қилиши шартдир. Фатво сўралган иш ҳақида сўраб бошқа муфтийга мурожаат қилиши умуман мумкин эмасдир». Ибн Ҳожиб ва бошқалар буни ривоят қилдилар. Буни «ал-Иқноъ» ва «ал-Ғоя» китоблари ва шарҳларининг муаллифлари ҳам нақл қилдилар.

Бироқ, берилган фатвога кўнгли таскин топмаган бўлса, фатво берган муфтийга билим савияси тенг бўлган бошқа муфтийдан зарурат нуқтаи назаридан ҳам сўраши мумкин. Бу муфтийдан кўра бошқасининг ҳақиқатга яқинроқ эканини билгани учун, кейинроқ сўраши яхшидир.

Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм:

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).

Аллоҳ сизларга баракатларини ёғдирсин.

        

 

Илмсиз фатво бериш ҳақида (Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 Хатиб: Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн

 

Илмсиз фатво бериш ҳақида

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин… Самовот ва Ернинг мулки ҳамда охиратдаги ҳамдлар Унингдир. У Ҳаким ва барча нарсадан хабардор Зотдир. Мен «Аллоҳ – мулки ва бошқарувида шериги бўлмаган танҳо Зот, Муҳаммад Унинг (жаннатдан) башоратчи, (жаҳаннамдан) огоҳлантирувчи бандаси ва расули ҳамда нур сочган чироқ эканига» гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунга қадар яхшилик билан эргашган издошларига салввоту саломлар йўлласин.

Сўнг…

Ҳой одамлар, Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва билингларки, яратиш ва буюриш танҳо Аллоҳнинг ўзиникидир! Яратгувчи ва махлуқларининг ишларини тадбирловчи – Аллоҳдир. Махлуқлар учун Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариат йўқдир. Аллоҳгина бир нарсани фарз қилиб, бир нарсани ҳаром, бирини мустаҳаб ва бошқасини ҳалол қилади. Нарсаларни ўз майлликларига кўра ҳалол ва ҳаром қилишни Аллоҳ суймайди. Аллоҳ таоло айтди: «Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!»» (Юнус: 59);

«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар Қиёмат Куни ҳақида қандай гумон қилар эканлар-а?» (Юнус: 60);

«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаъ­нига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл: 116);

«(Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир» (Наҳл: 117).

Ҳой, одамлар!

Бировнинг, Аллоҳнинг ҳукмини билмай туриб, бирон нарса ҳақида ҳалол ёки ҳаром, Аллоҳнинг фарз қилганини билмай туриб бирон нарсани фарз, Аллоҳнинг фарз қилмаганини билмай туриб, бирон нарсани мустаҳаб,– деб айтиши Аллоҳнинг шаънига қилинган оғир жиноятлардан биридир.

Дарҳақиқат, бу жиноят ва Аллоҳга нисбатан одобсизликдир. Ҳукм Аллоҳники эканини била туриб, Аллоҳдан илгари Аллоҳнинг дини ва шариати ҳақида билмаган нарсангни қандай айтишга журъат этасан. Ахир Аллоҳ таоло Ўзи ҳақида билмай туриб бирон нарсани айтишни ширкка боғлади: «Айтинг: «Роббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос» (Аъроф: 33).

Ҳой, одамлар!

Омманинг кўп қатлами бир-бирига билмаган нарсалари билан фатво бермоқда. Уларни билмаган оҳлатарида: «Бу – ҳалол ёки ҳаром ёки фарз ёхуд фарз эмас»– деяётганини кўрасиз. Ахир бу одам Аллоҳ таоло ўзидан Қиёмат кунида айтган гапларидн сўроққа тутишини, Агар бировни адаштирса, унга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол, ҳалол қилган нарсани эса ҳаром қилса, гуноҳ иш қилганини ҳамда унинг фатвоси билан қилинган гуноҳнинг ваболи остида қолишини билмайдими?!

Айрим гумроҳлар бирон бир олимдан фатво сўрамоқчи бўлган одамни кўрсалар: «Бу ҳақда фатво сўрашга ҳожат йўқ. Бунинг ҳаром эканлиги аниқдир!»– дейдилар. Ҳолбуки, аслида у ҳалол бўлиб, бу одам Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб қўйди. Ёхуд: «Бу – фарздир!»– дейди-да, Аллоҳ юкламаган мажбуриятни юклаб қўяди. Ёки: «Бу – фарз эмас»– дейди- да, ундан Аллоҳ фарз қилган нарсани соқит қилиб қўяди. Ёхуд аслида ҳаром бўлган нарсани: «Бу – ҳалолдир»– дейди ва одамни Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қилишга мажбур қилиб қўяди. Бу одам тарафидан айтилган ушбу сўзлар Аллоҳнинг шариатига нисбатан жиноят ва билимсиз алдагани учун мусулмон биродарига нисбатан хиёнатдир.

Биров бирон бир шаҳарга олиб борадиган йўлни сўраса ва сиз билмаган ҳолатингизда: «У йўл фалон ерда!»– десангиз, одамлар сиз тарафингиздан содир бўлган бу ишни хиёнат ва алдаш деб ҳисоблайдилар. Шундай экан, Аллоҳ нозил қилган шариат – ЖАННАТ йўли ҳақида бирон нарса билмай туриб қандай оғиз очасиз?!

Айрим илм толиблари ҳам омилар каби ҳалол, ҳаром ва фарз қилишда шариатга тил теккизмоқдалар ва билмаган нарсаларини айтмоқдалар. Шариат ҳақида умумий ва муфассал гапирмоқдалар. Аслида эса, улар Аллоҳнинг ҳукмларини билмасликда одамларнинг энг гумроҳларидир. Уларнинг биронтасига қулоқ солсангиз, айтаётган гапларини худди ўзига ваҳий нозил бўлганидек гапиради. Унинг ҳақиқий тавсифи «илмсиз» бўлишига қарамай, тақвосизлиги «Билмайман»га ҳеч муносиб келмайди.

Бу «илм толиби» омидан кўра одамларга кўпроқ зарар беради. Чунки, одамлар унинг сўзларига ишониши, унинг сўзи билан алданиши мумкин. Бу «илм толиби» ишни ўзларига нисбатлаш билан кифоялансалар кошкийди. Уни буни Исломга нисбатланаётгани ва: «Ислом бундай, деган. Ислом ундай, деган» деяётганини кўрасиз. Аслида толиб бу нарсаларни Исломдан эканини билсагина айтиши лозим. Буни билишнинг ягона йўли эса, Аллоҳнинг Китоби, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ва мусулмонлар ижмоъсини яхши ўрганишдир.

Айрим одамлар гумроҳлиги ё ўжарлиги ёки мутакаббирлиги сабабли ёхуд одамларни шубҳага солиш учун, ҳаромлиги аниқ бўлган нарса ҳақида «Менимча ҳаром бўлмаса керак», фарзлиги аниқ бўлган нарса ҳақида эса «Менимча фарз бўлмаса керак!»– дейишга тақвосизларча журъат этмоқдалар.

Ҳой, одамлар!

Бировнинг билмаган нарсаси ҳақида савол берилганида: «Билмайман, бошқалардан сўраб бераман!» деб айтиши ҳам оқиллик, ҳам иймонлик, ҳам Аллоҳдан тақво қилиш, ҳамда Аллоҳни улуғлаш, демакдир.

Бу – ақли комилликдир. Зеро одамлар унинг илми пухта эканини кўрсалар, унга ишонадилар. Чунки, у ўз нафсини таниб, уни керакли мақомига қўйгандир.

Бу – Аллоҳга бўлган иймон ва тақвонинг тўкислигидир. Чунки, бу одам Аллоҳдан илгари бирон нарса айтишга ошиқмади. Аллоҳ ҳақида Аллоҳдан эканини билмаган бирон нарсага оғиз жуфтламади. Ваҳий нозил бўлмаган нарсалар ҳақида сўралганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кутиб турар, Аллоҳ таоло пайғамбари номидан жавоб бериб, ваҳий нозил бўлар эди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар … ҳалол қилинди» (Моида: 4);

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна сиздан Зул-Қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қиламан»» (Каҳф: 83);

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Роббим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилади» (Аъроф: 187).

Буюк саҳобалардан ҳам биламаган масъалалари сўралар, улар бунга жавоб беришдан қўрқишар ва жим қолар эдилар.

Мана бу Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг Китоби ҳақида илмсиз гапирсам менга қайси само соябон бўлади ва қайси Ер кўтаради» деса, Умар разияллоҳу анҳу ҳаётида бир ҳодиса рўй бергач, у ҳақда саҳобаларни тўплаб маслаҳат қилган эди.

Ибн Сийрийн (раҳимаҳуллоҳ): «Абу Бакр (разияллоҳу анҳу)дан кўра билмаган нарсасидан қшрққан бошқа одам йўқ эди. Абу Бакр (разияллоҳу анҳу)дан сўнгра эса Умар (разияллоҳу анҳу)дан кўра билмаган нарсасидан қўрққанроқ бошқа одам йўқ эди»– деди.

(Абдуллоҳ) ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу): «Ҳой одамлар, билган нарсаси ҳақида савол берилган одам, билган нарсасини айтсин. Билмаган нарсаси ҳақида савол берилган одам эса «Аллоҳу аълам» (Аллоҳ буни яхшироқ билади), десин. Билмаган нарсасини «Билмайман» дейиш ҳам, илмнинг бир парчасидир»– деди.

Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ)дан бир нарса ҳақида сўралганида: «Буни яхши билмайман»– деб жавоб берди. Буни эшитган дўстлари: «(Жавобингиздан) биз уялдик» деганларида Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ): «Фаришталар эса «Сен билдирган нарсанигина биламиз» деб айтишганида уялишмаган эдилар»– деган эди.

Бир одам тўрт имомлардан бири – Имом Молик (разияллоҳу анҳу)нинг олдига келди ва: «Ҳой Абу Абдуллоҳ, шаҳримнинг аҳолиси талаб қилган бир масъалани сиздан сўраш учун узоқ йўлларни босиб келдим»– деди. Имом Молик (разияллоҳу анҳу): «Сўра!»– деди. У одам саволини берганида имом Молик (разияллоҳу анҳу): «Мен буни яхши билмайман»– деди. Сўраган одам бу жавобдан лол қолиб: «Юртимга қайтгач ҳамшаҳарларимга нима дейман?»– деди. Имом Молик (разияллоҳу анҳу): «Уларга: Молик яхши билмас экан!»– деб айт»– деди.

Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ)дан билмаган масъаласи сўралса у ҳақда бирон нарса демас, ёки «Бошқасидан сўра» ёхуд «Олимлардан сўра» ё шунга ўхшаш гаплар билан жавоб берар эди.

Ҳой, мусулмонлар!

Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳнинг дини ҳақида билмаган нарсаларингизни айтманглар!

«Билмаган ҳолда одамларни йўлдан оздириш учун Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Анъом: 144).

Аллоҳим, бизларни тойилишдан сақлаб, тўғри сўз ва тўғри амалга муваффақ қил! Бизнинг, ота-оналаримизнинг ва барча мусулмонларнинг (гуноҳларини) мағфират қил! Дарҳақиқат, Сен – кечиргувчи ва ниҳоятда раҳмли Зотсан.

                             

 

Илм аҳлининг одамлар ўртасидаги ўрни ҳақида (Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн)

 

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Хатиб: Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн 

 

Илм аҳлининг одамлар ўртасидаги ўрни ҳақида

Пайғамбарларни хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган; одамлар адолат қилишлари ва махлуқлар ўртасида адолат рўёбга чиқиши учун Китоб ва тарозини нозил қилган; пайғамбарлар учун умматлари ичидан амал қилганларга намуна, издошларига маёқ ва одамлар зарарига гувоҳ бўладиган ўринбосарлар чиқариб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Бу ўринбосарлар – (шаръий) илмни Аллоҳ учун ўрганган, Умматни илму амал бобида тарбия қилиб, тўғри йўлда юрган раббоний уламолардир.

Мен Аллоҳнинг аввалгию-охиргиларнинг шериксиз, ягона илоҳи, одамларни, ўрталарида ҳукм қилиш учун, (келишида) шубҳа бўлмаган кун учун жамловчи Зот эканига ҳамда Муҳаммад Унинг элчиси ва бандаси, ортидан ҳеч пайғамбар келмайдиган – сўнгги пайғамбар, Ундан кейин келадиганлар Оламларни ҳидоят қилишда пайғамбарлар вазифасини бажарадиган уламолар эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ пайғамбаримиз, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашадиган барчага салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Ҳой одамлар, Аллоҳдан тақво қилингиз ва сизларга берилган улкан неъматлардан бири – Ислом динини ихлосли уламолар воситасида ҳимоя қилди. Билимига амал қилган бу олимлар – одамлар етакланадиган байроқ, ўрнак олишадиган имом, Уммат билими айланадиган асос-ўқ, одамлар учун зулмат пардалари очиладиган ёғду эдилар.

Уммат ичида бундай инсонларнинг бўлиши, Умматнинг дини, шарафи ва номусининг ҳимояси эди.

Улар – дин билан душманлари ўртасини тўсадиган мустаҳкам қалъа, Уммат ҳақиқатни кўра олмайдиган ёки ҳақиқат ҳақида шубҳаланган пайтида ёритадиган порлоқ нур ҳамда пайғамбарларнинг Умматлари ичидаги ворислари ва (пайғамбарлар) динларини ташлаб кетишган омонатдорларидир. Зеро, пайғамбарлар динор ва дирҳамни эмас, (шаръий) илмни мерос қилиб қолдирдилар. Ким бу меросни олган бўлса, етарли насибани қўлга киритибди.

Уламолар – Аллоҳ таолонинг Ер юзида ҳаққа гувоҳлик бериб, махлуқлар устидан: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Аллоҳгина адолат билан тургувчи Зот, Аллоҳнинг ҳукмига зид бўлган барча ҳукм жабру зулм эканини» баралла айтган инсонлардир:

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).

Уламолар – Аллоҳнинг Ер юзидаги гувоҳлари бўлиб, Аллоҳнинг расуллари ростгўй ва ваҳийни тасдиқлаганликлари, пайғомни етказиб, омонатни адо этганлари, Умматга насиҳат қилиб, Аллоҳ йўлида лойиқ бўлганидек жиҳод қилганларига шоҳид бўлдилар.

Уламолар – Аллоҳнинг ҳукмлари билан, махлуқлари зарарига шоҳиддирлар: Аллоҳнинг Китоби ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатини ўрганиб, одамларга тушунтирадилар, натижада, одамлар зарарига Қуръон ва суннатдаги одил ҳукм ва ҳаққирост хабарларлар билан гувоҳ бўладилар. Уммат ичида улар каби Аллоҳнинг ҳукмларини ўргатадиган, Аллоҳнинг бандаларига ваъз қилиб, уларни эзгулик ва яхшилик бўлган нарсалар сари етаклайдиган бошқа кимсалар йўқдир. Улар – ҳақиқий ислоҳотчи етакчидирлар.

Уламолар – Аллоҳдан қўрққан бандалардир. Аллоҳ таоло айтди: «Аллоҳдан бандалари ичидан олимларгина қўрқадилар!» (Фотир: 28).

Шунинг учун ҳам (шаръий) илм ва илм аҳли ҳақида талайгина насс (ваҳий) келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Аллоҳ ким учун яхшиликни хоҳласа уни динда фақиҳ (билимдон) қилиб қўяди» (Имом Бухорий 1/137);

«Ким илм излаб йўлга тушса, Аллоҳ бу билан унга жаннат йўлини енгил қилади» (Ибн Можжаҳ «Сунан» 1/81);

«Фаришталар толиби илмга, қилган ишидан рози бўлиб, қанотларини поёндоз қилишади. Олим учун Еру Осмондаги барча нарса, ҳатто денгиздаги наҳанглар ҳам истиғфор айтади» (Имом Аҳмад «Муснад» 5,196; Термизий «Сунан» 5/48).

Ҳой, одамлар!

«Уламоларнинг Ер юзидаги мисоли чўл ва денгиз зулматларида йўловчилар (йўл топишда) мўлжал қилиб олган юлдузларга ўхшайди. Агар юлдузлар сўнса йўлбошловчилар (ҳам) адашишлари мумкин» (Имом Аҳмад «Муснад» 3/157; 26/468);

«Битта фақиҳ, шайтонга, мингта обиддан кўра қаттиқроқдир» (Термизий «Сунан» 5/48. Ибн Можжаҳ «Сунан» 1/81). Чунки, обиднинг фойдаси ўзигагина чекланган. Фақиҳ эса Аллоҳнинг динини ҳимоя қилади, Аллоҳнинг бандаларига манфаат келтиради ва Умматни эзгулик сари ҳамда Азиз ва Ҳамдларга лойиқ бўлган Зотнинг йўлига чорлайди. 

Шайтон эса, фақатгина ёмонлик сари чорлайди: «У ўз гуруҳини жаҳаннам эгалари бўлишлари учунгина даъват этади!» (Фотир: 6).

Фақиҳнинг даъвати билан шайтоннинг даъвати, бир-бирига зиддир. Шайтон ва яхшиликка чорловчи, бир-бирига душмандир. Шунинг учун ҳам шайтон, уламоларнинг ўлими билан қувонади. Чунки улар, шайтоннинг душмани бўлиб, у истаган нарса олдида тўсиқ бўладилар.

Ҳой, одамлар!

Илм ва олимлар фазилати шундай экан, муҳтарам пайғамбарларнинг меросини қўлга киритиш учун сўраб ёки ўқиб, изланиб ёки тадқиқот қилиб фойдали илм олиш учун кучимизни сарф этсак бўлмайдими?! Ахир мерос қолдирган пайғамбарлар ва уларга жаннатда суҳбатдош бўлиш жуда яхши-ку!

Ҳой, одамлар!

Бу – олимнинг уммати ва динидаги ўрни экан, уламоларнинг ўлимини эшитиш билан афсусланишимиз керак эмасми? Чунки олимдан ажралиш унинг шахсиятидан ажралишгина эмас, балки, унинг ҳаёти давомида татбиқ қилишига қараб, пайғамбарлик меросининг сезиларли қисмидан ҳам айрилишдир. Аллоҳга қасамки, олимдан айрилиш ўрнини на бойлик, на ер, на матоҳ ва на динор тўлдира олади. Балки унинг ўлими Ислом дини ва мусулмонлар учун оғир мусибатдир. Унинг ўрнини Аллоҳ муяссар қилган ва ундан кейин келиб, ўлган олим қилган жиҳод ва ҳақиқатга ёрдамини амалга ошира олган олимгина тўлдира олиши мумкин.

Бизнинг замонамизга ўхшаш гумроҳлик ёйилган, шубҳа ва шубҳалантириш авжга чиққан вақтда, нодир олимдан айрилиш, жуда ҳам оғир мусибатдир. Бироқ, биз, Аллоҳнинг ёрдами ва раҳматидан умидимизни узмаймиз. Чунки, ростгўй пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим ичида бир тоифа ҳақиқат узра қолади. Уларга уларни ёрдамсиз ташлаб қўйганлар, уларга мухолиф бўлган (инсон)лар зарар бера олмайдилар. Ҳатто, Аллоҳнинг амри келганича улар шундай ҳолатда бўладилар»– дедилар (Имом Бухорий 3/1331, Имом Муслим 12/488).

Аллоҳ таолодан бизни ва сизларни фойдали илм ва солиҳ амал билан ризқлантириши, бу Умматга динини ҳимоя қиладиган инсонларни муяссар қилиши ва улар билан Аллоҳга итоат қилган кишиларга ёрдам бериб, Аллоҳга осий бўлган кишиларни хор қилишини сўраб қоламиз. Дарҳақиқат, У – карам ва саховат Соҳиби, раҳмли ва меҳрибон Зотдир.