Category Archives: Рўза ва рамазон

  Бу категорияда рўза ва рамазон ойидаги ибодатлар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Рамазон – Умматнинг янги мелодидир (Шайх Шариф Абдулазиз)

Рамазон – Умматнинг янги мелодидир

Хатиб: Шайх Шариф Абдулазиз

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: رَمَضَانُ شَهْرُ مِيلاَدِ الأُمَّةِ


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

Сўнг …

Аллоҳ йўлидаги дўстларим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам издошлари! Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг биз – Ислом умматига юборган қанча қанча зоҳирий ва ботиний неъматлари ва марҳаматлари бор. Одамлар рамазон ойида бандаларга берилган раҳмат, баракот ва нозу неъматлар борлигини билмайдилар. Айримлари уларга лоқайдлик билан қарашса, айримлари ношукурлик қилишади ва бошқалари эса Аллоҳни эслашдан ғафлатда қолишади. Аллоҳ таоло рамазон ойини шундай сиру асрорларга бой қилдики, булар билан рамазон ойи ойларнинг тожи, замоннинг инжисига айланди. Рамазон – рўза, тунги ибодатлар, Қуръон тиловати, садақа бериш, мискинларни тўйдириш ва кўплаб ибодатлар ойи бўлганидек, ғалабалар, иззат ва эҳтиром ойи ҳамдир.

Аллоҳ таоло бу рамазон ойини Ислом умматининг мелод ойи қилиб қўйди. Чунки бу ойда само Ер зулматини, ҳидоят ёғдулари эса ширк, жаҳолат ва хурофот зулматларини парчалади.

Рамазон – башарият Аллоҳ пайғамбарларининг энг яхшисини ва само рисолатларининг охиргисини кутиб олган янги даврнинг бошланғичидир.

Рамазон – Қуръон нозил бўлиши билан инсоният ҳаётидаги бурилиш нуқтаси, нурнинг зулмат, ҳақиқатнинг залолат, тавҳиднинг ширк, поклик ва шаффофликнинг ҳаёсизлик ва танфурушлик устидан ғалабаси бўлган эди.

Ҳой мусулмонлар, ушбу муборак ойнинг фазилатларидан бири, Аллоҳ таолонинг уни талайгина майдонларда ғалаба ва зафар ойи қилганидир. Бу ойда жуда ҳам кўп буюк ҳодисалар ва катта жанглар бўлиб ўтдики, улар инсоният ҳаётидаги катта бурилишларга сабаб бўлишди. Хуллас, зафар ва ғалаба маънолари ҳамда иззат асослари ушбу муборак ойга уйғунлашиб кетди.

Еру самовотлар подшоҳи олдида хушуъ билан тафаккурга берилган ва мусулмонларнинг бошига келган фалокатлардан титраган қалбларга, Аллоҳдан қўрқиб ёшлар қуйган ва мусулмонларнинг мусибат ва қайғуларига қон йиғлаган кўзларга, Аллоҳнинг розилиги учун рўза тутиш ва Аллоҳнинг душманларига қарши курашга муштоқ бўлган узвларга – уларнинг барчасига ғалаба ва зафар маънолари мужассам бўлган ушбу жанг ва ҳодисаларни тортиқ қиламиз.

Рамазон ойида мусулмонлар катта ғалабаларни қўлга киритдиларки, уларнинг ҳар бири Ислом уммати ҳаётида янги мелод ва бурилиш бекатлари каби эди. Бу зафарларнинг энг биринчиси икки гуруҳ тўқнашган ҳал қилувчи кун – Бадр кунида берилган эди. У куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўмондонлигидаги Аллоҳнинг лашкарлари – мўъмин гуруҳ билан, Умматнинг Фиръавни Абу Жаҳл етакчилигидаги Шайтон лашкарлари – кофир гуруҳ билан тўқнашди. Ҳар икки гуруҳ ҳам ҳақиқат ва ботил, иймон ва куфр ўртасидаги биринчи тўқнашувга шоҳид бўлишди ва Исломнинг энг буюк ғалабаси бўлиши учун Аллоҳнинг ёрдами мўъминлар устидан ёғилди.

Бу ғалаба ва манзаранинг ҳайратомузлиги ва буюклиги шунда эдики, у Қиёмат кунигача тиловат қилинадиган Қуръон бўлиб нозил бўлди ва оятлар Бадр жангги ҳақида эди. Аллоҳ таоло бу жангни «Фурқон» (Айрилиш) деб номлади. Чунки бу ғалаба кучсизлик, хўрланиш ва душман зўравонлигидан қудрат, ёйилиш ва душманлар устидан устунликка айрилиш замони эди. Бундан ташқари, Бадр жанггида иштирок этган мўъминлар Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида: «Шояд Аллоҳ таоло Бадр аҳлига боқди ва: Хоҳлаган ишларингизни қилаверинглар! Мен сизларни мағфират қилдим» дея мағфират ва жаҳаннамдан қутилиш ҳақидаги ўз фармонини берди (Имом Бухорий 3081; Имом Муслим 6557).

Ҳижрий саккизинчи йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўмондонлигида мусулмонлар Макка шаҳрини фатҳ этишларида ҳам, Уммат ҳаётида ҳал қилувчи бекат ва нуқта бордир. Улар ўшанда ширк ва жоҳилий манмансираш пойтахтининг қўлга олинганини эълон қилишган эди. Зеро бундан илгари мушриклар, Макканинг фазилати ва одамлар қалбидаги ўрнини Ислом ва мусулмонларга қарши курашда суиистеъмол қилишар эди. Икки Ҳарам – туғилиб ўсган жой ва ҳижрат қилинган макон бирлашгач, саҳобалар Аллоҳнинг ҳурматли шаҳрининг ширк ва бут гардларидан озод қилингани ва янги ҳудудлар ичида Ислом давлати қурилганини эълон қилдилар.

Аллоҳнинг бандалари! Ҳой мусулмонлар! Византия жаллоди Туфил Михаил юз минг салибчилар билан бирга ислом давлати чегараларига тажовуз қилади ва Эрондаги Бабек Харма жанггида мусулмонларни мағлубиятга учратиб, Анатолиянинг Зубатир аҳолисининг қонини кўчаларда оқизди: каттаю кичик демай мусулмонларни ўлдирди. Одамларнинг бурунларини кесди, кўзларини ўйди, ҳурларни асир қилди. Ҳошимийлар хонадонига мансуб бир жувон византиялик тўнғизлардан бири юзига шапалоқ тортганидан сўнг: «Мўътасим, қаердасан!»– деб қичқирди. Бунинг дараги халифа Мўътасимнинг қасрига етиб келгач, қасрида шошиб одимлар ташлар экан хазин, аммо журъаткор товуш билан: Сафарбар бўлинглар! Сафарбар бўлинглар!,– деб жангга отланади. 

Барча лашкарлари билан византияликларнинг энг мўътабар шаҳарларини вайрон қилиш учун қасам ичади. Васиятини ёзди, кафани ва кафан боғичларини ўзи билан бирга олди. Қарамоғидаги мулкини учга бўлди: бир қисмини оиласига, бир қисмини мужоҳидларга ва бир қисмини мусулмонлар манфаати учун тайинлади.

Аббосийлар халифаси Мўътасим раҳимаҳуллоҳ боши Шомда ва охири Амурийя (Гоморра) дарвозалари олдига етган лаклак лашкарга қўмондонлик қилиб, бир муслиманинг тақдири ҳақидаги безовталиги тинмади ва Амурийя (Гоморра) чеккасига ҳарбий жамлоғини қурди. 223 ҳижрий йилнинг рамазонида юз мингдан ортиқ лашкари билан шаҳарни уч тарафдан қуршаб олди. Гоморра – христианларнинг энг эътиборли шаҳарларидан бири бўлиб, уларнинг диний маркази ҳам эди. Рамазоннинг олтинчи куни шаҳарни қўлга олиб, уни бутунлай вайрон қилди ва бу иши билан Уммат душманларининг адабини берди. Душманлар узоқ вақтгача ундан қўрқиб юрдилар ва Уммат ўз шарафи ва шонини қайтариб олади. 

Рамазон – Умматни оламшумулликка интилиш нуқтасидир. Чунки, мусулмонлар бу ойда Араб ярим оролидан чиқиб Европанинг юрагига ҳужум қилдилар. Улар тавҳид байроғини христиан ва бутпараст олам юрагига кўтариб бордилар. Бу ҳодиса жуда ҳам эрта, 53 ҳижрий санада мусулмонларнинг Родос оролларини фатҳ этишлари билан бошланди. Сўнгра мусулмонлар футуҳотлар билан олға босдилар ва 92 ҳижрий йилда Лака водийсидаги жанг билан Андалусияни фатҳ этдилар. Европа қитъасининг ғарбида азонлар янграй бошлади. Муҳаддис олим ва фақиҳ Асад ибн Фаррот қўмондонлигидаги кўпсонли мусулмон лашкарлар Сицилия оролини 212 ҳижрий йил рамазоннинг тўққизинчи кунида бўлиб ўтган катта жангдан сўнг фатҳ этдилар. Бу, Ўртаер денгизидаги энг катта оролнинг фатҳи эди. Энди мусулмонлар бутун дунё христианларининг пойтахти жойлашган Италияга бир неча мил узоқлиқда эдилар, холос.

Мусулмонлар тавҳидни дунёнинг чор атрофига ёйиш учун оламшумуллик сари ҳаракатларини тўхтатмадилар. Усмонлилар 927 ҳижрий йилнинг рамазонида Сулаймон Қонуний қўмондонлигида Сербиянинг пойтахти Белградни фатҳ этдилар ва Белград исломий шаҳарга айланиб, масжидлар қурила бошлади ва сони 250 тага етди!! Серблар Усмонлилар давлати йиқилгач, бу масжидларни ёқиб ташладилар.

Усмонлилар ҳижрий 1094 йилнинг рамазонида икки юз мингта жангчи билан қадимда Византия империясининг муқаддас пойтахти ҳисобланган Вена шаҳрини қамал қилдилар ва уни фатҳ этишларига жуда ҳам оз қолди!!

Ҳой мусулмонлар, мусулмонлар Сайфуддин Қудз 658 ҳижрий йил рамазонининг йигирма бешинчи кунида татарларга қарши жангга қириб, «Мағлуб бўлмайдиган мўғул татар!» афсонасини пучга чиқардилар. Бу афсона ҳар жойдаги инсонларнинг қалбига қўрқув соларди. Шунинг учун ҳам мўғул татарларнинг бири юз кишилик хонадонга кирса, уларни бемалол ўлдириб чиқиб кетаверар эди. Чунки мўғулларга дуч келиш хавфи одамларни аллақачон ўлдириб бўлган эди!

Мусулмонлар 1393 ҳижрий йилнинг ўнинчи рамазонида (1973 йилнинг октябр ойи) «Мағлубият билмайдиган сионист армияси» афсонасини ҳам чиппакка чиқардилар. Мусулмонлар сионистлар «мустаҳкам ва дунёда тенгги бўлмаган девор» деб таърифлашган Бар–Лева деворининг кулини кўкка совурдилар ва сионистлар мағлубиятнинг аччиқ шаробини ичдилар. Ўшанда яҳудийлар бақироғи ҳисобланган Голд Мейер чинқириб, америкаликлардан: «Ёрдам беринглар, Исроил емирилмоқда!» дея ёрдам сўраган эди!!

Афғон мужоҳидлари ҳам «Дунёнинг энг кучли армияси» дея тавсифланган Рус армиясини Афғонистондан чекинишга мажбур қилди. Қизил Армия 1408 ҳижрий йилнинг рамазон ойида оғир мағлубият ва муваффақиятсизлик ори билан Афғонистон ҳудудидан чиқиб кетди!

Аллоҳнинг бандалари! Мусулмонлар, қалбларининг садоқати ва иймонларининг ҳақиқатини баён қилишда ҳайратомуз қаҳрамонликлар кўрсатганларидек, моддий меъёрлар билан ўлчанганида ақл инкор қиладиган ва Ер ҳисоблари рад этадиган маҳолдек туюлган пайтда, 13 ҳижрий сана рамазон ойининг ўн иккинчи кунида устиворлик билан ўз қалбларининг матонатини кашф этдилар. Жасур қаҳрамон Мусанно ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги саккиз минг мусулмон аскар, Ироқнинг ғарбидаги Бувайб жанггида Эроннинг мутакаббир ва шафқатсиз бир юз эллик минг лашкарини тор–мор келтирди!

Мусулмонлар 528 ҳижрий сана рамазон ойининг йигирма учинчи йилида Андалусиядаги Ебра дарёси ҳавзасида иймонларининг садоқатини кашф этдилар. Улар Андалусиянинг жануби–шарқий минтақаларида золим Альфонс қўмондонлигидаги салибчилар қўшинини тор мор қилдилар. Ҳолбуки, Альфонс роҳиб ва епископларни тўплаб Ифрага қалъаларини фатҳ этмагунча ва аҳолисини қиличдан ёппасига ўтказмагунча тарк этмаслик учун қўлини Инжилга қўйиб онт ичган эди!! Бироқ, у, тоғларни талқон қиладиган темирдек ирода, пўлатдек матонат ва устивор иймонга дуч келди ва Ифрага аҳолиси ғалаба қозониб, Альфонс шаҳарнинг қалъа деворлари тагида ўлдирилди.

1294 ҳижрий йилнинг рамазон ойида усмонийлар билан руслар ўртасида Ялахтирда бўлиб ўтган жангда Аҳмад Мухтор Пошо қўмондонлигидаги тақрибан сони эллик минггга яқин мусулмон қўшин, сони етти юз мингдан кўра кўпроқ бўлган Чор Армияси устидан ғалаба қозонди. Бу, мелодий ўн тўққизинчи асрнинг охирларида бўлиб ўтган усмонлилар ва руслар ўртасидаги уруш қиссаларидан бири эди, холос.  

Қудратли Аллоҳдан бизга шундай ғалаба ва буюк кароматларни қайта бериши, Ислом Умматининг ўз мухолиф ва душманлари устидан ғалаба қозонишини кўришни насиб этишини сўраймиз.

Ушбу гапларни айтиб, Аллоҳ таолодан ўзим ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишини тилайман. Сизлар ҳам Ундан мағфират тиланглар! Дарҳақиқат, У – мағфират қилгувчи ва меҳрибон Зотдир.

 

Иккинчи хутба

Якка Аллоҳга ҳамду санолар, сўнгги пайғамбар – Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва Уни суйганларга Қиёмат кунигача бир–биридан ажралмайдиган салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Аллоҳнинг бандалари, рамазон ойи Ислом Уммати учун қандай ҳайратомуз ғалаба ва зафарлар ойи бўлганини кўриб ўтдик. Бу ғалабалар мусулмонлар қалбининг садоқатига намуна бўлиб, уларнинг муборак рамазон ойида оламшумуллик учун қандай ҳаракатлар бошлашгани, Ислом динини қандай қилиб Европа қитъасининг юрагига олиб боришгани, Ислом душманлари ҳақидаги қадимги ва замонавий афсоналарнинг барчасини қандай пучга чиқаришгани, хаёл ва қўрқув пардаларини қандай парчалашганига ёрқин намунадир.

Аллоҳнинг бандалари, энди ҳар биримиз ушбу муборак ойни ўзимиз учун қандай қилиб ғалаба ва зафарлар ойи қилишимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. Ҳа, рамазон ойида Уммат душманларига қарши олиб борилган жиҳодлар мусулмонлар учун ҳайратомуз ғалаба ва зафарларни келтирган бўлса, ушбу муборак ойда нафсга қарши жиҳод қилиш ва шаҳватларни тийиш учун танани чиниқтириш ҳам, ҳар биримиз учун улкан зафарларни қўлга киритишимизга омил бўлади. Агар биз салаф солиҳнинг жанг майдонларидаги ҳайратомуз ғалабарига назар ташлар эканмиз, бунинг ортида уларнинг нафслари, шаҳватлари ва нафсу ҳаволари устидан қўлга киритган зафарлари борлигини ҳис этамиз. Ҳолбуки, бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا وَإِنَّ اللَّهَ لَمَعَ الْمُحْسِنِينَ﴾

«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

Келинглар, ушбу муборак ойни гина, адоват, нафрат ва ўрталарни бузиш устидан ғалаба ойи қилайлик! Келинглар, бу ойни ғафлат, дангасалик ва қариндошлар ўртасини бузиш устидан ғолиб қилайлик! Келинглар, бу ойни шайтон, шайтоннинг васвасалари ва фириблари, гуноҳ ва маъсиятлар, тавбасизликлар, кучсиз ва мазлум инсонларга ёрдам бермаслик устидан ғолиб қилайлик! Шундагина, биз ҳам аввалги мусулмон аждодимиз яшаган ҳаётни яшаб, улар эришган ғалаба ва шону шавкатни қўлга киритамиз.


                                                                    

Рўзанинг моҳияти (Доктор Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ Қори)

Рўзанинг моҳияти

Хатиб: Доктор Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ Қори

Асл сарлавҳа: حَقِيقَةُ الصَّوْمِ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг ….

Мана, муборак ой ва муборак мавсумнинг ҳилоли кўринди. Бу ой келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига муждалар берарди. Эй мўъминлар, сизлар ҳам Аллоҳ таоло рўза тутишни машруъ қилган, Қуръонни нозил қилган,  ибодат, кураш, яхшилик ва эзгулик мавсуми, амал ва жиҳод учун энг афзал вақт қилган рамазон ойи билан қувонинглар! Бу тўрт аломат: рўза, Қуръон, ибодат ва жиҳод бу муборак ойнинг энг ёрқин эҳсонлари ва хусусиятларидандир.

Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рамазон ойи кирса само дарвозалари очилади – бошқа бир ривоятда: Жаннат дарвозалари очилади – жаҳаннам даврозалари қулфланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади» (Имом Бухорий 1899). «Сунан»даги ривоятларда эса: «Рамазоннинг биринчи кечаси кирганида шайтонлар ва морид жинлар занжирбанд қилинади»– дейилган (Байҳақий «ас–Сунанус Суғро» 1087).

Бу ҳадиснинг маъноси, шайтонларнинг одамларга нисбатан фитналари ушбу муборак рамазон ойида камаяди. Шу боис бу ойда ёмонлик ва гуноҳларга қўл уриш озаяди. Зеро гуноҳларнинг сабаб ва омиллари кўп бўлиб, уларнинг энг бошида шайтонлар келади. Шундай бўлсада, шайтон лашкарларининг барчаси ҳам бу ойда занжирбанд қилинавермайди. Бошқа ривоятлар ҳам борки, улар занжирбанд қилинадиган шайтонлар уларнинг моридлари – ўта қаттиқ жиноятчилари эканини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам бу ойда гуноҳ ва ёмонликлар камайсада, тўхтамай давом этаверади. Бундан ташқари гуноҳ ва фасоднинг яна бошқа кўплаб омиллари борки, улар сиздан ҳеч ҳам айрилмай ёмонликка буюргувчи нафсингиз, шайтон инсонлар, башарий ҳиссиётлар ва занжирбанд қилинмаган шайтонлардир. Бу сабаб ва омилларнинг рўзадорларга таъсири ва хатари оз бўлади. Чунки, рўзанинг тутаётган одамга нисбатан баракалари бордир. 

Эй мусулмонлар, ушбу рамазон ойи – рўза ойи бўлиб, Аллоҳ таоло унда мусулмонларга рўза тутишни фарз қилди. Шунинг учун мусулмонлар бу ойнинг кундузларида субҳи содиқдан то кун ботгунича ейишдан, ичишдан ва хотинлари билан жинсий алоқа қилишдан тийиладилар. Зеро биздан аввал яшаб ўтган умматларга рамазон ойида ҳатто кечалари ҳам хотинлари билан жинсий қовушишлари ҳаром қилинган эди. Агар улардан бири ейиш ва ичишдан илгари кўрпасига ўраниб ухласа ва тунда ўрнидан турса, ейиш ва ичиш унга ҳаром эди. Чунки унинг рўзасини иккинчи кунга боғлаши шарт эди. Аллоҳ таоло бизнинг умматимизга меҳрибонлик қилди. Бизга уларни ҳалол қилиши Аллоҳнинг буюк фазли ва марҳаматидандир. Чунки Аллоҳ бу умматдан аввалгилардаги қийинчилик ва машаққатларни олиб ташлади. Бу умматга кун ботиши биланоқ ейиш, ичиш ва хотинлари билан қовушиш ҳалол қилинди. Аллоҳ таоло рўзанинг фарзлигини баён қилгач шундай деди:

﴿يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمْ الْيُسْرَ وَلا يُرِيدُ بِكُمْ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ﴾

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).

Бошқа бир ўринда миннат қилиб шундай дейди:

﴿أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَائِكُمْ﴾

«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди» (Бақара: 187). Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати! Бу сизлардан аввалгиларга ҳаром эди ва сизларга ҳалол қилинди.

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча оламларга раҳмат қилиб олиб келган Ислом динининг меҳрибонлиги ва қулайликларидан бири бемор ва мусофир рамазон ойида рўза тутмай, рамазон ойи ўтгач тутмаган кунлари сонича қазосини тутиб бераверади. Ўта кексайиб рўза машаққатларига кучи етмай қолган қария ва тузалиши номаълум бўлган бемор ҳам рамазон ойида рўза тутмайдилар ва тутмаган ҳар бир кунлари учун биттадан бечора камбағалнинг қорнини тўйдирадилар, қазосини эса тутмайдилар.  Мусофирнинг саёҳати давомида рўза тутиши эзгуликдан эмас. Беморнинг ҳам, рўза оғирлик қилса рамазон ойида рўза тутиши фазилатли эмас. Аллоҳ таоло бандаларининг фарзларни қилишларини суйганидек, рухсатларни қилишларини ҳам суяди.

Эй мусулмонлар, рўза жангчиниг қалқонидек қалқон эканини ҳам унутманглар! Яъни, ҳой мусулмон, рўза сиз билан гуноҳлар ўртасидаги қалқондир. Ушбу муборак ой сизга нафсингизни тозалашингиз, гуноҳ ва маъсият қолдиқларидан поклашингиз учун катта фурсатдир. Бу фурсатни қўлдан бой берманг! Чунки рамазон, шаҳват юки ва ҳалол нарсалардаги исрофни енгиллатиш учун мусулмонга берилган қулай фурсатдир. Исрофкунандаликдан ҳатто ҳалол шаҳват: таносил аъзоларидаги, ейишдаги ва ичишдаги исрофлардан сақланиш – рамазон рўзасининг тақозоларидан биридир. Сиз бу шаҳватлардаги исрофдан сақланишингиз керак.

Айрим одамлар рўзанинг моҳиятини тушунмаганлари учун, рамазоннинг наҳорида ейиш ва ичишдан тийиладилару, гуноҳлардан тавба қилмайдилар. Золимлари зулмидан, гуноҳкорлари қилаётган гуноҳидан воз кечмайдилар. Агар кундузлари гуноҳидан тийилган бўлсалар, кун ботгач гуноҳлари билан оғиз очадилар. Кундузлари очлик ва ташналик билан юриб, кечалари гуноҳларга муккасидан кетадилар. Сиз уни, оиласи ва фарзандларини ойнаи жаҳонга термулиб, тунларини ундаги ҳалокатли нарсалар билан ўтказаётганига шоҳид бўласиз.

Бошқа одамлар эса рўзанинг моҳиятини тушунмаганлари боис, кундузлари оч юрадилар ва кун ботиши билан овқатланишга очкўзлардек киришадилар ва бир кеча ва кундуздаги насибаларини бир оннинг ўзида еб тугатадилар!! Гўё, тутган рўзаси унинг учун шаҳват вақтини ва шу шаҳватдаги исрофни бошқа замонга – кундуздан кечага кўчиргандек!! Шаҳватни қондириш мубоҳ–ижозатли бўлсада, ундаги исроф ҳаромдир. Гўё рўзаси бу исрофни қилиш вақтини кечага кўчиргандек! Шунинг учун кун ботиши биланоқ унинг олдига битта эмас, анвойи турдаги овқатлар териб қўйилади. У эса бу овқатларнинг ҳаммасини муштдек меъдасига сиғдирмоқчи бўлади!! 

Кошки бу рўзадор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўъмин бир ичаги учун ейди, кофир ва мунофиқ эса етти ичаги учун!» ҳадисини эшитса эди. Бошқа бир ривоятда эса Табароний раҳимаҳуллоҳ яхши ривоят силсиласи билан ушбу ҳадиснинг ҳикоясини баён қилган: Абу Ғазвон деган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида меҳмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг жўмард мезбон эдилар. Шунинг учун Абу Ғазвонга еттита қўйларини соғиб сутларини олиб келдилар. Абу Ғазвон ҳеч нарсага парво қилмай уларни ичиб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Абу Ғазвон, мусулмон бўласанми?»– дедилар. У: Ҳа,– деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўксини (муборак қўллари билан) силадилар. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта қўйни соғиб келдилар ва Абу Ғазвон унинг сутини бутунлай ича олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Абу Ғазвон, сенга нима бўлди?»– деганларида у: Сизни пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, тўйдим!,– деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сенинг кеча – кофирлик пайтингда еттита ичагинг бор эди. Бугун эса битта ичакдан бошқа (тўйдирадиган) жойинг йўқ»– дедилар.

Ушбу пайғамбарона гапнинг маъноси: мўъмину мусулмон таомини озайтириши, дунёда зоҳид бўлиши, шаҳватлардан йироқ туришидир. Зеро мўъмин, таом шаҳватидан лаззат олиш учун емайди. У, ибодатга куч олиш ва қоматини тиклаш учунгина луқмаларини ютиб, сувларини ичади. Охират кунига иймон келтирмаган кофир эса дунёга ўчлиги, шаҳвати ва ҳирсини қондириш учун овқатланаётганида очкўзлардек тамадди қилади ва Аллоҳ таоло Қуръоннинг ушбу оятларида тавсифлаганидек, ҳайвонлар каби овқатланади:

﴿وَالَّذِينَ كَفَرُوا يَتَمَتَّعُونَ وَيَأْكُلُونَ كَمَا تَأْكُلُ الأَنْعَامُ وَالنَّارُ مَثْوًى لَهُمْ﴾

«Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур!» (Муҳаммад: 12).

Ҳой мусулмон, бир турдаги таомга қаноат қилинг! Исроил ўғиллари каби битта таомга сабрсиз бўлманг! Ҳой рўзадор, олдингизга анвойи турдаги таомлар терилиб, дастурхон бекаму кўст тузалган бўлса унга ҳужум қилиб, исрофкунанда бўлишдан илгари инсоният саййиди, пайғамбарларнинг пешвоси ва энг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ёки икки ой ўтсада ўчоғида олов ёнмагани, оиласининг сув ва хурмодан бошқа озиғи бўлмаганини унутманг! Бир ёки икки ой! Сиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларни қашшоқлиги учун қилган бўлсалар керак, деб ўйламанг. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг ширин ва лаззатли таомларни истеъмол қилишни хоҳласалар эди, қўлларидан келар эди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларни зоҳид бўлиш, дунёдан воз кечиш ҳамда ягона Холиқу Ваҳҳобга яқин бўлиш учун қилган эдилар. Ҳолбуки, Роббиси Унга императорлар, қироллар ва подшоҳлар каби фаровон ва маишат ичида яшаши учун Ернинг барча хазиналарини очиб беришини таклиф қилди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуллар каби ейдиган мискин ҳаётини танладилар ва қуллар каби ўтириб: «Аллоҳим, мени мискин ўлароқ тирилтир, ўлдир ва мискинлар қаторида тирилтир!»– дер эдилар (Термизий 2352; Ибн Можа 4126).    

Ҳой мусулмонлар ва ҳой рўзадорлар! Ушбу муборак ой мазкур буюк пайғамбарона одат ва ахлоқлар билан хулқланадиган фурсатимиз бўлсин! Исрофнинг ҳайвонларга хос кўринишидан қутулайлик! Ушбу муборак ой ҳар биримизнинг нафсларимизни поклайдиган, дунё ва шаҳват пасткашликларидан иймон осмонига кўтариладиган, тирикчилик ва дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига юксаладиган фурсатимиз бўлсин! 

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилади: «Рўза – қалқондир. Бировингизнинг рўза куни бўлса сўкинмасин ва жоҳиллик қилмасин! Агар биров у билан урушмоқчи бўлса ёки сўкса: Мен рўзадорман! Мен рўзадорман!,– десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳнинг даргоҳида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Чунки у таоми, шароби ва шаҳватларини Мен учун тарк қилди» (Имом Бухорий 1771, 1894). Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Рўза мен учундир ва мен уни муносиб тақдирлайман. Яхшиликлар ўн баробар ортиғи биландир» (Имом Бухорий 1894).

Аллоҳим, бизга бу муборак ойда баракотларингни ёғдир! Аллоҳим, бизга бу муборак ойда баракотларингни ёғдир! Бу ойни жаҳаннамдан қутулиш ва жаннат сари йўлимиз қил! Эй Карийм ва меҳрибонлар Меҳрибони! Бизга бу ойда рўза ва тунгги ибодатларни Сени рози қиладиган суратда адо этишга муваффақ қил!

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Ким Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этса тўғри йўлни топади, ким у иккисига осий бўлса ўзидан бошқасига, хусусан Аллоҳга зарар бера олмайди.

Сўнг …

(Дўстлар, билингларки), гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – дин ниқоби остида янги пайдо бўлганлари, дин ниқоби остида пайдо бўлган ҳар бир янги нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир. Барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Ҳой мусулмонлар, жамоатдан айрилмангиз! Чунки Аллоҳнинг қўли жамоат узрадир. Ким жамоатдан айрилса, жаҳаннамда ёлғиз қолади.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Сизлар расулларнинг имоми ва сўнгги пайғамбар бўлмиш Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавот айтингиз. Чунки Аллоҳ таоло сизларни Ўзининг муқаддас Қуръонида бунга буюриб шундай деган:

﴿إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيماً﴾

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Аллоҳим, Муҳаммадга ва Унинг оиласига Иброҳимга ва Иброҳимнинг оиласига салавот айтганингдек салавот айт. Дарҳақиқат, Сен ҳамдларга лойиқ ва улуғ Зотсан. Аллоҳим, Муҳаммадга ва Унинг оиласига Иброҳимга ва Иброҳимнинг оиласига баракалар ёғдирганингдек оламлар ичида баракотлар ёғдир. Дарҳақиқат Сен ҳамдларга лойиқ ва улуғ Зотсан. Аллоҳим, эй Меҳрибонлар меҳрибони! Сен ўз лутфинг, караминг, афвинг ва эҳсонинг билан тўрт халифа ва тўғри йўлдаги имомлар: Абу Бакр Сиддиқ, Умар Форуқ, Усмон Зуннурайн, Имом Ҳасан ва Ҳусайнларнинг отаси Алий, пайғамбаринг Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг пок хонадони ва рафиқалари – мўъминларнинг оналари, бошқа барча саҳобалар, тобиинлар ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан издош бўлганлардан ва улар билан бирга биздан ҳам рози бўл!

                                                            

Рамазонни раббоний ёки жоҳилий кутиб олиш (Шайх Аднон Хатотиба)

Рамазонни раббоний ёки жоҳилий кутиб олиш

Хатиб: Шайх Аднон Хатотиба

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: رَمَضَانُ بَيْنَ الاسْتِقْبَالِ الرَّبَّانِيِّ وَالاسْتِقْبَالِ الْجَاهِلِيِّ


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

Сўнг …

Барча махлуқ Сенга қилар илтижо,

Тирик зотлар раҳматингга суянар.

Ҳар ҳодисада Сенга юрак талпинар,

Сенсан – илоҳ, Сенсан умид ҳар сафар!

Йўли тўсилганга Сенсан бир умид,

Йўлин йўқотганга Сенсан мададкор!

Сени қасд қилдик, умидлар Сендан

Ёлбориб ялинганга бўлгин мададкор!

Аллоҳнинг барча бандалари рамазон ойида жаҳаннам оташидан озод қилиши ва гуноҳларини мағфират қилиши учун Аллоҳга ялиниб, ёлборади.

Ҳой мусулмонлар, мана рамазон ойи ҳаётингиз дарвозасини қоқиб, диёрингизга ташриф қилмоқда, манзилгоҳингизга кириб келмоқда. Сизлар нима дейсизлар? Сизлар энди нима қиласизлар? Аллоҳнинг бандалари, рамазон ойининг Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даргоҳидаги қадри бебаҳодир.

Ҳой мусулмонлар, воқеълигимиз гўё шундай демоқда: Бугунги кунда рамазон ойини кутиб олаётганлар баб–баробар эмаслар: уларнинг баъзилари бошларини кўтариб қўлларини очган, бошқалари эса боши эгик ва қўллари юмилган. Ҳа, ҳой мусулмонлар, воқеълигимиз шундай демоқда: Бу ерда шундай одамлар борки улар рамазон ойини жоҳилият аҳли каби ҳурматсизлик билан кутиб олсалар, бошқалар раббоний одамлардек кутиб олмоқдалар. Буларнинг ҳар иккиси олдида бир оз тўхталиб ўтиш керак.

Ҳой мўъмин банда, Аллоҳнинг муаззам ойи бўлмиш рамазонни дин ва ибодат мавсумларини ўзгартирган қурайшликлар каби жоҳилларча кутиб олманг! Чунки бугунги кунда ҳам динни ўзгартирган ва алиштирган кишилар йўқ эмас. Сиз қурайшликларнинг ибодатлари ва диний мавсумларини жоҳилона кутиб олишини мазаммат қилган Роббингизнинг ушбу оятларига қулоқ беринг:

﴿وَمَا كَانَ صَلاتُهُمْ عِنْدَ الْبَيْتِ إِلاَّ مُكَاءً وَتَصْدِيَةً﴾

«Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди» (Анфол: 35).

Аллома Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида шундай дейди: «Мушриклар ҳаж қилишдан тўсишар ва Каъба олдидаги энг буюк ибодатлардан бири бўлган ибодатлари – ҳуштак ва чапак чалишдан иборат эди. Бу – қалбларида Роббиларини улуғлаш, Унинг ҳақларини билиш ҳамда энг муаззам ва шарафли жойга ҳурмати бўлмаган аҳмоқ жоҳилларнинг иши эди. Агар бу уларнинг Каъба атрофидаги ибодатлари бўлса, бошқа ибодатлари қандай бўлган экан–а?!».

Бизга замондош бўлган Аллоҳнинг муаззам мавсумлари ва буюк анъаналарига лоқайд бўлган айрим жоҳилларнинг ҳоли бундан фарқли эмас. Аллоҳнинг мавсумларидан бири ушбу буюк рамазон ойи бўлиб, улар буни жоҳилона кутиб олмоқдалар. Ишнинг ачинарли тарафи шундаки, қурайшликлар қарсак ва ҳуштак чалишгагина чекланишган бўлса, бу лоқайдлар оммавий ахборот воситаларининг энг кучлиларини, алоқа ва компьютер имкониятларининг энг қийматлисини, кўнгил очар жойларнинг нархи баландларини рамазон устидан бурқсиган тутунларни ёйиш учун фойдаланмоқдалар. Молу дунёларни бўҳтон, туҳмат ва ношаръий йўллардан топмоқдалар. Яъни, бор имкониятларини мусулмонларни чалғитиш, замонларини беҳудага ўтказиш, рўзаларининг савобларидан маҳрум қилиш, гуноҳларини кўпайтириш, қалбларини қорайтириш, пулларини исроф қилиш учун рамазон тунлари ва кундузларини пуч нарсалар билан «тўлдирмоқдалар»: ҳаёсиз сериаллар, бачкана дастурлар, гуноҳга асосланган мусобақалар, эркагу аёллар аралашган бузғунчи кўрсатувларни «Рамазон» номи билан эфирга узатмоқдалар. У телеканаллар бу кўрсатувларни «Рамазон кўрсатувлари», «Рамазон мусобақалари», «Рамазон ҳазиллари» дея узатмоқда. Одамларни жаҳаннамга ҳайдаш учун матбуот ва сунъий йўлдош каналлари ўртасида катта мусобақалар ташкил қилинмоқда!! 

Айрим исломий ўлкаларда рамазонни ўтказиш, рамазон зиёфатлари ва ифторлари ҳақидаги эълон ва рекламаларни ўқиб, тинглашингиз ҳамда мусиқа оҳанглари остида, рақс ва аралаш эркагу аёлларни кўриш билан ҳайратдан ёқангизни ушлайсиз. Буларга қурайшликларнинг қайси жоҳилияти тўғри келади?! Улар–ку ўзларида рамазоннинг порлоқлиги, софлиги ва покизалигини қўймабдилар, бизга рамазонни ўз ҳолича қўйиб қўйсинлар! Ахир уларга рамазондан илгари ва кейин қилаётган ишлари кифоя қилмасмиди?! Улар рамазоннинг руҳини йўқотмоқдалар, ўз оловлари ва оғуларини Қурайшнинг ҳолатига хунук суратида муносиб бўлиш учун Раҳмоннинг дастурхонига пуркамоқдалар:

﴿وَمَا كَانَ صَلاتُهُمْ عِنْدَ الْبَيْتِ إِلاَّ مُكَاءً وَتَصْدِيَةً﴾

«Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди» (Анфол: 35). Бу – Қурайшнинг жоҳилияти – динору дирҳам жоҳилияти бўлсада, бу ерда рамазон номи билан амалга оширилмоқда.

Биродарлар, рамазонни шундай жоҳилона кутиб олаётган кимсалар уни ҳаёсиз сериаллар, эркагу–хотин аралаш, исрофлар билан тўлиб–тошган дастурхонлар билан кутиб олмоқдалар. Ахир улар ўзларининг мўъмину мусулмон эканини ёддан чиқардиларми?! Ахир дунёнинг турли бурчакларида рамазон ойини қонлари оққан ёки уйида осудалиги бўлмаган ҳатто жамиятларни ҳимоя қилиб, кофирларга қарши курашаётган ёда ўз оиласи ёки бирон кишини кўрмай зиндонда банди бўлган ёки оиласи ва фарзандларини боқа олмай қийналиб юрган ёхуд касалликлар, фалокатлар ва қийинчиликлар панжасида оғриқлар билан курашаётган ёда уйлари бузилган, фарзандлари йўқолган ёки қизи шол бўлиб қолган одамлар ҳам кутиб олаётганини билмайдиларми?! Ё Аллоҳ, биз нима қилаяпмиз?! Шунчалар ғофил ва бағритош, золим ва нонкўр бўлдикми?! Бундай исрофкунанда ва Аллоҳнинг муборак ойини жоҳилона кутиб олаётганлар қаторида бўлсак, унутмайликки жиноятимиз кичик эмасдир!

Ҳой, мўъмин банда! Ушбу муборак ойнинг ҳурматларини оёқ ости қилиб кундузлари рўзасиз юрманг! Чунки айрим мусулмон эркак ва аёллар рамазоннниг наҳорида қасддан ва ўжарлик қилиб рўза тутмайдилар, рамазоннинг, ўзларининг ва мусулмонларнинг ҳурматини бажо келтирмайдилар. Ҳой Аллоҳнинг бандаси, бундай қилиб осий, хатокор нонкўрлар тоифаси ичида қолманг! Агар рамазон наҳорида рўза тутмасангиз ўз жонига жабр қилганлардан бири бўласиз! Рамазон наҳорида узрсиз рўза тутмаслик катта гуноҳларнинг каттароқларидан биридир. Сиз пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон наҳорида узрсиз рўза тутмаган кимсаларни саҳиҳ ҳадисида қандай тавсифлаган эканларига бир назар ташланг: «Уйқумда икки киши келиб елка суягимдан ушладилар ва мени чиқиши қийин бўлган тоғ олдига олиб келиб: Чиқ!,– дедилар. Мен: Бунга чиқа олмайман,– десам: Биз сенга чиқишингни осон қиламиз!,– дедилар. Тоғнинг чўққисига чиққанимда баланд ўкирикларни эшитдим ва: Бу товушлар кимники?,– деб сўрадим. – Жаҳаннам аҳлининг инграшлари!,– деб жавоб бердилар. Сўнгра Мени бошларидаги томирлари билан осилган, лунжлари иккига кесилиб, улардан қонлар оқаётган одамлар олдига олиб келинди. Мен: Булар кимлар?,– деб сўрадим. Улар: Рўзаларини тугашидан илгари очган одамлар!»– деб жавоб бердилар» (Ибн Ҳиббон 7491; Ибн Хузайма 1986; Насоий 3273).

Ҳолингизга маймунлар йиғласин! Наҳотки, рамазон наҳорида еб–ичиб, Азиз ва Қудратли Роббингизнинг:

﴿فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمْ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ﴾

«Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185) дея буюрган фармонига қарши чиқасиз?! Сиз чанқоқдан қўрқиб, бир ютум сув учун рўзангизни очаяпсизми?! Сиз Роббингизнинг оятларини унутаяпсизми?! Наҳотки, сиз:

﴿وَإِنْ يَسْتَغِيثُوا يُغَاثُوا بِمَاءٍ كَالْمُهْلِ يَشْوِي الْوُجُوهَ﴾

«Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур» (Каҳф: 29) оятидаги кимсалар каби бўлиб қолишдан қўрқмасангиз?!

Ҳолингизга маймунлар йиғласин! Наҳотки меъдангизга кирадиган бир луқма таом учун рўза тутмасангиз?! Ахир Роббингизнинг қавлини эслаб,

﴿وَطَعَامًا ذَا غُصَّة﴾

«Ва (томоққа) тиқилувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!» (Муззаммил: 13) деб таъкидланган жамоа қаторида бўлиб қолманг! Айрим мусулмонларнинг рамазон ойида рўза тутмасликлари фалокат ва мусибатдир. Бунинг сабаби нима?! Сигарет чекиш учун! Сигарет учун! У, сигарет хуморига бир неча соат чидай олмайди!! Натижада, рамазон ҳурматини оёқ ости қилиб, ҳаром ишга ҳаром нарса учун қўл уради! Бундай одамларнинг ҳолига войлар бўлсин! Улар Аллоҳ таолонинг:

﴿لَهُمْ مِنْ جَهَنَّمَ مِهَادٌ وَمِنْ فَوْقِهِمْ غَوَاشٍ﴾

«Улар учун жаҳаннамдан тўшак, устларидан эса (оловдан бўлган) чойшаблар бўлур» оятини унутаяптиларми?! (Аъроф: 41).

Ҳой Аллоҳнинг бандаси, рамазон ойида оғзингни очманг, ташналик ва очликка ҳамда шаҳватларга бир оз сабр қилинг! Буларнинг барчасига Аллоҳ учун, катта савоблар учун сабр қилинг! Ҳой ёш йигит, ҳой ёш қиз ва ҳой эркак, рўза тутаётган миллионлаб ёшлар, қизлар ва болалар каби бардошли бўлинг, улардан ўрнак олинг ва ҳеч бўлмаса улардан уялинг!!

Рамазон ойида рўза тутмаётган одам рамазон ойига тор даричадан боқади ва: «Рамазон менга кундузлари ейиш ва ичишнигина ҳаром қилади ва чекишдан тўхтатади!»– деб ўйлайди. Бу – дунё ҳаётини юзакигина биладиган ва охиратдан ғофил бўлган дунё аҳлининг дунёқарашидир.

Ҳой мўъмин! Сиз Аллоҳнинг раббоний қули бўлинг! Сиз Аллоҳнинг муборак ойини раббоний ва хушуъли мўъминлар каби кутиб оладиган, Аллоҳнинг анъаналарини, Аллоҳники бўлган барча нарсаларни, Аллоҳ танлаган ва амр қилган ибодатларни улуғлайдиган банда бўлинг! Рамазон ойини Аллоҳ таоло танлади. Аллоҳ замонларни яратди ва унинг кунлари ичидан Арафа ва жума кунларини, ойлари ичидан эса рамазонни танлади. Рамазон ойи – буюк ойдир. Чунки уни Аллоҳ таоло танлади ва биз учун унинг улуғ бўлишини хоҳлади!! Хўш, биз Аллоҳнинг биз учун танлаган нарсаларига рози бўлиб, уни  қабул қилишга тайёрмизми?!

Ҳой Аллоҳнинг бандалари, бу ойни Аллоҳ сизлар учун танлади ва сизлар уни қабул қилинглар! Аллоҳ сизлар учун танлаган ойни кутиб олинглар! Аллоҳ таолонинг бу ойни биз учун танлагани ҳақида тафаккур қилиш, бизни бу ойни улуғлаш ва қадрлашга ундайди:

﴿ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ﴾

«(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж: 32). Демак, рамазон Аллоҳнинг танлови ва ибодатларидан биридир. Бу, садоқатли мўъмин бандани ушбу ойни улуғлаш ва уни Аллоҳнинг раббоний бандалари каби кутиб оладиган қилиб қўяди.

Ҳой мўъмин, Аллоҳнинг Аллоҳга дуч келишга ишонган, Аллоҳнинг буюк ойини қувонч билан кутиб оладиган раббоний бандаси бўлинг! Наҳотки, сиз Роббимиз азза ва жалланинг ушбу оятларини эшитмаган бўлсангиз:

﴿قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир»» (Юнус: 58)?!

Рамазон – мўъмин банда қувонадиган Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. Мўъмин учун икки қувонч бўлиб, у ўткинчи дунёдан ва ўткинчи дунёнинг тўпланган ўткинчи матоҳларидан кўра яхшироқдир.

Ҳой мўъмин! Аллоҳга дуч келишга ишонган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатидан суннату ҳидоятларига эргашиш билан умид қилган, рамазон наҳорини Аллоҳдан савоб олиш ва Аллоҳнинг розилилига эришиш мақсадида рўзадор ўтказадиган раббоний банда бўлинг: «Ким рамазон рўзасини иймон билан ва савоб умидида тутса, унинг ўтмиш гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Бухорий 2014; Имом Муслим 1817); «У ўз шаҳвати, таоми ва ичимликларини Мен учун тарк қилади!» (Имом Молик «Муваттоъ» 542).

Ҳа, Холиқимиз, Меҳрибонимиз ва қайтажагимиз Аллоҳ учун рамазон ойида рўза тутамиз! Аллоҳ учун рамазон рўзасининг машаққатларини кўтарамиз! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳавзидан ҳеч ҳам чанқатмайдиган бир қултум сув ичиш учун кундузлари ташналикка сабр қиламиз! Рамазон наҳоридаги очлик, қийинчилик, жазирама иссиққа Роббимиз Аршининг соясида ундан бошқа соя бўлмайдиган кунда жой берилиши учун бардошли бўламиз!

Ҳой мўъмин, рамазон ойида ғамингизни рамазонни раббоний кутиб оладиган кишилардек: Рамазонда нима қиламан? Рамазонга нималар бера оламан? Унинг наҳори ва тунларида қандай ибодатлар қиламан? Солиҳ амалларим ва ҳасанотларимни қандай кўпайтираман? Бу рамазонни ўтган йилги рамазондан қандай фарқли қила оламан? Ҳаётим ва иймонимни қандай янгилайман? Аллоҳга бўлган алоқамни қандай кучайтириб, Аллоҳни қандай рози қила оламан?,– дея раббоний қилинг!

Ҳой мўъмин, мен бу йилги рамазонни ўзингизгина кутиб олмаётганингни сезиб турибман. Чунки рамазонни Ер аҳли сингари Само аҳли ҳам кутиб олмоқда. Ахир сиз Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саҳиҳ» китобида айтган ушбу ҳадисни эшитмаганмисиз: «Рамазон келса Само дарвозалари очилади ва жаҳаннам дарвозалари қулфланади»?! (Имом Муслим 2547). Аллоҳу акбар! Осмонларда ҳам рамазон ойининг келиши билан шодиёна бўлиб, уни раббоний кутиб олинар экан. Шундай экан бизлар ҳам Ер юзида рамазон ойини раббоний кутиб олмайликми?!  

Шу гапларни айтиб Аллоҳ таолодан менинг ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишини сўрайман.

 

Иккинчи хутба

Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, омонатдор пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Биродарлар, рамазонни раббоний кутиб олиш учун тавбани янгилаш ва истиғфорни таъкидлаш лозим.

Аллоҳнинг бандалари, орадан ўн бир ой елиб ўтди. Аллоҳ билади, бу давр мобайнида қанчадан–қанча гуноҳларни орқамизга юкладик, қанча хатолар билан саҳифаларимизни қорайтирдик. Кеча ва кундузларимиз балки камчилигу нуқсонлар билан ўтгандир. –Ҳолбуки, барча одамзот хатодан холи эмас– Келинглар, ушбу муборак баракот ва тавбалар ойи кириб келган экан, биз ҳам истиғфору тавбалар билан раббоний бандалар қаторида бўлиб, Аллоҳ таолонинг ушбу ойини Аллоҳга:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحاً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим: 8) – дея қилган нидосига ижобат ўлароқ тавба қилиб кутиб олайлик! Истиғфор айтишга, ташна ва ҳайрон одамларнинг интилишидек берилайлик! Тавбаларни қабул қилгувчи, Меҳрибон, Мағфирати ва Эҳсони кенг Зот саҳиҳ ҳадис қудсийда шундай дейди: «Ҳой одам фарзанди, модомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор бўлсанг, сенинг қилган барча гуноҳларингни эътибор бермай мағфират қиламан. Ҳой одам фарзанди, агар хатоларинг осмоннинг бўғзига етса ва сен мендан кечиришимни сўрасанг, (қанчалигига) эътибор бермай уларни кечираман» (Термизий 3885).

(Ҳой Аллоҳнинг бандаси), сиз солиҳ инсонлардан бири бўлган Язид Раққоший раҳимаҳуллоҳнинг ўзига хитоб қилиб: «Ҳой Язид, ҳолингга войлар бўлсин! Ўлганингдан кейин сенинг номингдан ким намоз ўқиб, ким рўза тутади ва сендан Роббингни ким рози қилади?!»– деганини ҳам ёддан чиқарманг!


 

 

Ҳижрий тарихнинг бошланиши, уни тарк этишнинг хатари ҳамда муҳаррам ойи ва унинг ўнинчи куни – ошуронинг фазилати (Доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ)

 

Ҳижрий тарихнинг бошланиши, уни тарк этишнинг хатари ҳамда муҳаррам ойи ва унинг ўнинчи куни – ошуронинг фазилати


Хатиб:
Доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Асл сарлавҳа: مبدأ التاريخ الهجري وخطورة تركه – فضل المحرم وعاشوراء   

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَولاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزَاً عَظِيمَاً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).

Сўнг …

Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан амрлари ва таъқиқларига итоат этиш билан лойиқ бўлганидек қўрқинглар! Чунки бу, Аллоҳ таолонинг аввалгию охиргиларга қилган амридир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَلَقَدْ وَصَّيْنَا الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَإِيَّاكُمْ أَنِ اتَّقُوا اللَّهَ﴾

«Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик» (Нисо: 131).

Ҳой мўъминлар, Аллоҳ таоло қуёш ва ойни, сон-саноқсиз ҳикмат ва манфаатлар билан эса кеча ва кундузни яратди. Аллоҳ таоло буни муқаддас Қуръонининг бир неча жойида таъкидлаб ўтди. Шу ҳикмат ва фойдалардан бири уларнинг алмашиши, бир-бирининг кетидан келиши, ўз манзилларидаги ҳаракатларига қараб йиллар, ҳисоблар, фасллар ва буржларнинг сонини одамларнинг аниқлашларидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿وَجَعَلْنَا اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ آيَتَيْنِ فَمَحَوْنَا آيَةَ اللَّيْلِ وَجَعَلْنَا آيَةَ النَّهَارِ مُبْصِرَةً لِتَبْتَغُوا فَضْلاً مِنْ رَبِّكُمْ وَلِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ وَكُلَّ شَيْءٍ فَصَّلْنَاهُ تَفْصِيلاً﴾

«Биз кеча ва кундузни (ўзимизнинг қудрати илоҳиямизни кўрсатиб турадиган) икки белги — аломат қилиб қўйдик. (Ҳеч нарса) кўринмас қоронғиликни кечанинг аломати қилдик. Кундуз аломатини эса, Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Ва биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйганмиз (яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқе бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир)» (Исро: 12);

﴿هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاءً وَالْقَمَرَ نُوراً وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللَّهُ ذَلِكَ إِلَّا بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الْآياتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ ﴾

«У (Аллоҳ) қуёшни зиё сочгувчи, ойни ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган зотдир. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ бу (борлиқни) ҳақ (Қонун ва мақсад) билан яратди. У зот биладиган қавм учун Ўз оятларини муфассал баён қилур» (Юнус: 5);

﴿يَسْأَلونَكَ عَنِ الْأَهِلَّةِ قُلْ هِيَ مَوَاقِيتُ لِلنَّاسِ وَالْحَج﴾

«Сиздан ойлар ҳақида сўрашади.

И з о ҳ. Яъни, «Ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўриниб, сўнгра катталаша боради. Ниҳоят тўлиб, доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашиб, охири дастлабки ҳолига қайтади. Бунинг сири нимада?» — деб сўрашади.

Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир.

И з о ҳ. Ойнинг ўзгариб — янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар» (Бақара: 189).  

Аллоҳ таоло йил ва ойларни ҳилолнинг ҳаракати ва бир манзилдан иккинчисига ўтишидан ўрганадиган қилиб қўйди. Бу – Аллоҳнинг бандаларига берган неъмати ва раҳматидир. Чунки бу аломатнинг самода пайдо бўлиши ҳар томондан кўриниб, ҳисоб ва ўлчовларга эҳтиёж қўймайди. Уни қуёш ҳаракатининг акси ўлароқ, катта ва кичик, олим, шаҳарлигу қишлоқликларнинг барчаси билади. Қуёш ҳаракатини билиш ҳисоб-китобга эҳтиёж туғдиради. Бу эса анча қийин ва мураккабдир. Чунки ҳисоблашни инсонлар ичидан озгина одамлар билади, холос. Қуёшнинг ҳаракати ғайб иш бўлиб, кўринмайди. Ислом шариати Аллоҳ таоло айтганидек:

﴿وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَج﴾

«ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78);

﴿مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ حَرَج﴾

«Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди» (Моида: 6);

﴿يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ﴾

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185) қулайлик ва осонликка асослангани боис, одамларнинг ибодатларига тааллуқли шаръий ҳисобни ҳилолнинг ҳаракатига асослади ва айтди:

﴿يَسْأَلونَكَ عَنِ الْأَهِلَّةِ قُلْ هِيَ مَوَاقِيتُ لِلنَّاسِ وَالْحَجِّ﴾

«Сиздан ойлар ҳақида сўрашади.

И з о ҳ. Яъни, «Ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўриниб, сўнгра катталаша боради. Ниҳоят тўлиб, доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашиб, охири дастлабки ҳолига қайтади. Бунинг сири нимада?» — деб сўрашади.

Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир.

И з о ҳ. Ойнинг ўзгариб — янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар» (Бақара: 189).

Одамлар ушбу буюк мўъжизани тепаларидаги осмонда кўрадилар. Ҳилол илк кунларида кичик ҳолатда кўриниб каттая бошлайди, ойнинг ярмига келгач тўлади. Сўнгра кичрайишга бошлаб, ойнинг охирига бориб кўздан ғойиб бўлади. Одамлар шунга қараб рўза, ҳаж, закот, каффорот ва бошқа фарз ва суннат ибодатларнинг вақтини белгилашади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз на ҳисоб ва на ёзишни билган саводсиз умматмиз. Ойлар шундай ва шундай бўлади»– дедилар (Имом Бухорий 1913; Имом Муслим 2563). Яъни, гоҳида ойлар йигирма тўққиз, гоҳида эса ўттиз кун бўлади,– дедилар. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «(Рамазон) ой(и) йигирма тўққиз кун бўлади. У(нинг ҳилоли)ни кўрмай туриб рўза тутманглар! Агар (ҳаво) булутли бўлса саноқни ўттиз қилиб тугалланглар!» (Имом Бухорий 1907; Насоий 2138).

Аллоҳ таоло рўзани бошлаш ва тугатишдаги манбаъ ўлароқ ҳилолни кўриш ҳамда ҳилолнинг ибодатлардаги ўрнини, барча пайғамбарлар олиб келган шариат қилиб қўйди. Бироқ яҳудий ва насронийлар буни ўзгартириб ташладилар.

Ҳой мўъминлар, араблар жоҳилият даврларида ўз кунлари ва йилларини содир бўлган катта ҳодиса ва воқеъаларга қараб белгилар эдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниг ҳаёти, Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг халифалиги ва Умар разияллоҳу анҳу халифалигининг илк даврларигача давом этди.

Халифалик кенгайиб, мусулмонлар тарих ҳақида баҳс бошлашгач, ҳижратдан кейинги ўн олтинчи ёки ўн еттинчи йилда Умар разияллоҳу анҳу мусулмонларни тўплаб, тарихни қайси ҳодисадан сўнгра бошлаш ҳақида маслаҳат қилди. Тўпланганларнинг айримлари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилган кунларидан» дейишса, бошқалари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этган кунларидан»– дедилар. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган кунидан бошлаймиз!»– деди. Бунга ҳамма рози бўлди.

Сўнгра улар йил қайси ойдан бошланиши ҳақида ҳам маслаҳат қилдилар ва Аллоҳнинг муҳаррам ойи йилнинг биринчи ойи эканига рози бўлишди. Айрим уламолар: «Саҳобалар тарихни ҳижрат билан бошлашни Аллоҳ таолонинг ушбу:

(لَمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَنْ تَقُومَ فِيهِ)

«Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ» (Тавба: 108) ояти сабабли қарорлаштирганлар»– дедилар.

Тақвим мавзуси ўша кундан то бизнинг кунларимизгача ўзгаршсиз қолди. Ислом уммати бошқа ишларда ҳам бошқа миллат ва элатлардан имтиёз билан ажралиб турганидек, тақвимда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага қилган ҳижратлари билан тарихларини бошладилар.

Дунё турганича фахр-ла турар,

Нурли тарихимиз ҳижратдан бошлар ..      

Уммат кучсизлашиб, танбаллик ва ожизлик юқиб, мустамлакачи душманлар ва уларнинг мунофиқ хоинлари ҳукмрон бўлгач, Умматни бутунлай парчалаб ташладилар. Жумладан, унинг шахсиятининг белгиларини, исломий-арабий-ҳижрий тарих ажралиб турадиган аломатларини бекор қилдилар. Натижада Ислом умматининг кўплаб ўғлонлари ва қизлари ҳамда давлатлари ўзгарди ва исломий-ҳижрий тарих муомаладан чиқарилди. Насроний Европа тарихи халқлар ичига ёйилди. Бу ўзгаришга талайгина бузғунчиликлар эргашди:

– Ислом уммати ўзининг тарихи, қаҳрамонликлари, аждоди, маданияти ва шарафидан айрилди. Маълумки, Ислом уммати ўз келажагини қуриши ва ҳаётини тузатиши учун Ўз тарихини ўрганиб билиши ва тарихини билишига қараб шахсиятини улуғвор қилиши, ўтмишига тааллуқли нарсаларни англаб етиши, уни бошқаларга тушунтира олиши, Умматнинг ғояси ва шу ғояга етиш йўлларини билиши керак. Ўз тарихидан айрилган Уммат, илдизлари ерга чуқур кирмаган ва елвизакка ҳам учиб кетадиган умматдир. Шу боис мушрик кофирлар ва секулярист мунофиқлар каби душманлар, мусулмонларни тарихларидан ажратиш учун кенг кўламли ҳаракатларни амалга оширдилар. Буларнинг энг ёрқин намуналаридан бири, исломий-ҳижрий тарихни йўқ қилиб ташладилар.

– Европа тарихига асосланиб, уни Уммат ҳаёти ва муомалаларида асос қилиб олиш, кўплаб ибодат анъаналари ва шариат аломатларининг йўқолишига олиб келди. Масалан, мусулмон банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутишга рағбатлантирган «Оппоқ кунлар»ни, Аллоҳ таоло мўъминларга ҳурматлаш ва улуғлашларини фарз қилган «ҳаром ойлар»ни, ҳаж қилинадиган «ҳаж ойлари» ва бошқа ибодат ойларини билмай қолди.

– Кунларни насроний-милодий тарих билан белгилаб, уни асос қилиб олиш, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган кофирларга ўхшаш, уларга тақлид қилиш ва қарам бўлиб қолиш гуноҳи азимига мубтало қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

﴿لا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ عَمَّا جَاءَكَ مِنَ الْحَقِّ﴾

«Сизга ҳақиқат келганидан сўнг уларнинг хоҳишларига эргашмангиз!» (Моида: 48);

﴿وَلا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَالْمُنَافِقِينَ﴾

«Кофир ва мунофиқларга итоат этмангиз!» (Аҳзоб: 1, 41)– деган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«Ким бир қавмга ўхшаган бўлса, бас, у улардан биридир!» (Абу Довуд 4033; Баззор 2966);

«Бошқаларга ўхшаган киши биздан эмасдир: яҳудий ва насронийларга ўхшамангиз!» (Термизий 2695).

Уламолар, Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!, ойларни ажам исмлар билан номлашни таъқиқлаганлар. Бу ҳақда муфассирлар имомларининг бири Мужоҳид ва Имом Аҳмад (раҳимаҳумаллоҳ)лардан ривоятлар бор. Шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Одамларнинг исмлари ва тарих сингари ойларни ажам номлар билан аташ – таъқиқланган. Хусусан, маъноларини билмаган пайтда. Агар маъноларини билса ёки билмаса, Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ)нинг қавлига кўра, макруҳдир».

Кунларни милодий-насроний тарих билан белгилаш бирон эҳтиёж бўлса ва ҳижрий тақвимга тобеъ ўлароқгина мумкиндир. Бас, шундай экан, Умматингизнинг шахсият аломатларини муҳофаза қилишга ҳарис бўлингиз! Яҳудий, насроний, мунофиқлар ва секуляристлар каби Аллоҳнинг душманларига ўхшаб қолишдан сақланингиз! Чунки, Аллоҳ таоло бундан жуда қаттиқ огоҳлантирган:

﴿وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ مِنْكُمْ فَإِنَّهُ مِنْهُمْ﴾

«Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51).  

 

Иккинчи хутба

Сўнг …

Ҳой мўъминлар, Аллоҳ таоло шундай деди:

﴿وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً﴾

«У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир» (Фурқон: 62).

Аллоҳ таоло кеча ва кундузни бир-бирини бирин-кетин босиб ўтадиган қилиб қўйди. Уларнинг ҳар бири иккинчисини босиб ўтади. (Нима учун?).

﴿لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَّرَ﴾

«Эслаб ибрат оладиган киши учун!» (Фурқон: 62). Яъни, шу кеча ва кундузларни амалсиз ўтказганини эслайдиган киши учун.

Азиз биродарлар, агар қисқа бир замон ҳамда кеча ва кундузнинг тинмай такрорланавериши шундай бўлса, ойлар ва йилларнинг такрорланавериши ибрат олиш, эслаш ва тафаккур қилишга сабаб бўлмайдими?! Ҳа, Аллоҳга қасамки, бу – бизни Аллоҳ таолога тавба қилишимизга, қўлдан бой берган нарсаларимизни қайтариб олишга чорловдир. Зеро, амаллар – хотимага кўрадир.

Сен: Гуноҳларни кечирсин!, дея ибрат,

Кўзда ёш-ла қилмоқдасан надомат.

Янги йилга кирмоқдасан тавба ила

Шояд, ювсанг гуноҳларни шу ила!

Ҳой мўъминлар, сизлар Аллоҳ таоло улуғлаган ва ўзига изофа қилган шарафли ойда турибсизлар! Бу ойнинг ҳурматини жойига келтиринглар! Чунки у, Аллоҳ ҳаром қилган ойлардан биридир:

﴿مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ﴾

«Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36).

Аллоҳнинг бандалари, бу ойда солиҳ амаллар қилишга, хусусан, рўза тутишга шошилинглар! Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон ойидан кейинги рўзаларнинг энг афзали сизлар Муҳаррам деб атаган Аллоҳнинг ойи(нинг рўзасидир)»– дедилар (Байҳақий «Сунанул Кубро» 4847; Доримий 1757, 1798).

Ҳаром ойи муборак бир баракат,

Унда рўза тутиш савобли суннат!

Муҳаррам ойида кўплаб рўза тутинглар! Агар кўп тутишга кучингиз етмаса, ошуро – ўнинчи куннинг рўзасини тутинглар. Чунки унинг фазилати буюк ва ҳурмати кўҳнадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни давомий тутар, уни тутишга қасд қилар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ошуро рўзаси ҳақида сўралганида: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу кун – ошуро куни ва бу ой яъни рамазон кунлари рўзасини афзал кўрганларидек фазилатли бўлган бошқа кунинг рўзасини қасд қилганларини кўрмадим»– деб жавоб берган эди (Имом Бухорий 1867).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро кунининг рўзасини тутишга рағбатлантирар ва буюрар эдилар. Абу Қатода разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ошуро кунидаги рўза ҳақида савол берилганида: «У – ўтган йил(нинг гуноҳлари)га каффорот бўлади»– деб жавоб бердилар»– деди (Имом Муслим 2804; Имом Аҳмад 22590).

Бу куни рўза тутишнинг сабаби ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келгани маҳал яҳудийларнинг ошуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва: «Бу нима?»– деб сўрадилар. Яҳудийлар: Бу – яхши кундир. Аллоҳ унда Мусо ва Исроил ўғилларини душманларидан қутқарди. Шунинг учун Мусо бу кунда рўза тутди,– дедилар. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизлардан кўра Мусога (эргашишга) лойиқроқман»– деб рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар» Имом Бухорий (3397) ва Имом Муслим ривояти.

Бу кунда Аллоҳ таоло дўстлари ва суюклиларини азиз, Ўзи ва Расули алайҳиссаломнинг душманларини хор қилди. Шунинг учун ҳам, биз шу куни Аллоҳ таолонинг берган ушбу неъматига шукрона ўлароқ рўза тутамиз. Мусо алайҳиссаломга берилган ғалаба биз – Ислом уммати учун берилган ғалабадир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿إِنَّ هَذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ﴾

«(Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!» (Анбиё: 92).

Шундай экан, «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!» деган, Аллоҳнинг тавҳидини амалга оширган, Унинг пайғамбарларини тасдиқлаган ва Аллоҳга чорлаган ҳар бир киши ўртамизда олис масофалар ва узоқ замонлар бўлишига қарамай бизнинг бир парчамиздир ва биз ҳам унинг бир парчасимиз!

﴿إِنَّ هَذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ﴾

«(Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!» (Анбиё: 92).

Жаҳондаги энг буюк тоғутга қарши берилган ушбу буюк ғалабани хотирлаш билан, даъватлар қийноқ, кураш ва қувғинлар билан мағлуб бўлмаслиги, зулмнинг оқибати даҳшатли экани ҳамда Аллоҳ таоло Ўзининг дини, Китоби ва дўстларига ёрдам беришини дунёга яна бир бор эълон қиламиз.

Аллоҳга қасамки, даъватлар ҳеч қачон қийноқлар билан мағлуб бўлмайди ва бунга тарихда мисоллар кўпдир!

Ҳой мусулмонлар, шариатингиздаги очиқ аломатлардан бири Аллоҳнинг душманларига мухолифлик ва уларга ўхшамасликдир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий, насроний ва бошқа кофирларга катта ва кичик ишларда, жумладан ошуро рўзасини тутишда мухолиф бўлишга ҳарис эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро куни рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга амр этганларида, одамлар: Ё Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади-ку?!, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга жавобан: «Иншааллоҳ, келгуси йилда рўза тутсам тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман»– дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгуси йил кирмасдан вафот этдилар» (Имом Муслим 2722; Абу Довуд 2447).

Ҳой мўъминлар, Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътибор берганидек, муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутингиз!  

 

 

                                                  

 

 

Рўза тутинглар, шояд тақволи бўларсиз! (Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ Ҳумайд)

Рўза тутинглар, шояд тақволи бўларсиз!

Асл сарлавҳа: صُومُوا لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

Хатиб: Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ Ҳумайд, Масжидул Ҳаром имоми ва хатиби

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَولاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزَاً عَظِيمَاً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг …).

Ҳой одамлар, мен сизларга ва ўзимга Аллоҳдан тақво қилишни васият қиламан. Чунки иззат ва шараф тақвода, саодат ва олийлик эса таводорлардадир.

Ҳой мусулмонлар, тақво туганмас бойлик, бебаҳо гавҳар, дунё ва охират яхшилигидир:

﴿وَتَزَوَّدُواْ فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى﴾

«Ва таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқиш – тақводир» (Бақара: 197).

Амалларнинг қабул бўлиши тақвога боғлиқдир:

﴿إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ﴾

«Аллоҳ тақводорлардангина амалларни қабул қилади» (Моида: 27).

Савоб ва мағфиратлар тақво учунгина ваъда қилинган:

﴿وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يُكَفّرْ عَنْهُ سَيّئَـاتِهِ وَيُعْظِمْ لَهُ أَجْراً﴾

«Ким Аллоҳдан қўрқса унинг ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва унинг ажр-мукофотини улуғ қилур» (Талоқ: 5).

Тақво аҳли охиратда ҳам, бу дунёда ҳам юксак мақомларда бўладилар:

﴿تِلْكَ الدَّارُ الآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لا يُرِيدُونَ عُلُوّاً فِي الأَرْضِ وَلا فَسَاداً وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ﴾

«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас: 83).

Афсуски, кейинги вақтлар ва моддий асрларда одамлар қалбига ғафлат кийимлари кийдирилиб, кўзларини қалин пардалар тўсиб, тўғри йўлдан айрилдилар. Одамларнинг обрўлари ва салтанатлари ҳақида яхши гумонда бўлина бошлади. Натижада, уларнинг тасаввуридаги бахтиқаро – дунёси оз бўлган ва ризқи чекланган одам бўлиб қолди. Аллоҳга қасамки, бу ўта қаттиқ ғафлат ва ўлчовларни ҳеч ҳам билмасликдир:

﴿وَلا تَمُدَّنَّ عَيْنَيْكَ إِلَى مَا مَتَّعْنَا بِهِ أَزْوَاجاً مِنْهُمْ زَهْرَةَ الْحَيَاةِ الدُّنيَا لِنَفْتِنَهُمْ فِيهِ وَرِزْقُ رَبِّكَ خَيْرٌ وَأَبْقَى • وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لا نَسْأَلُكَ رِزْقاً نَحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى﴾

«Сиз кўзларингиз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган — ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир. Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Оқибат-жаннат аҳли тақвоникидир» (Тоҳа: 131, 132).

Ҳа, азиз биродарлар, тақводорлар бу дунёда тоат ва ибодатлар, охиратда эса жаннатдаги юксак мақомлар билан севинган одамлардир.

Ҳой мусулмонлар, шунинг учун ҳам: «Сизларга муборакли ва шояд тақволи бўларсиз дея рўзаси фарз қилинган ой келди!»– дейилади.

Дўстлар, рўза тутишдан мақсад – Аллоҳ таолодан тақво қилишдир. Бу тақвода эса Аллоҳдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, оз нарсага қаноат, охиратга тайёргарлик мужассам бўлиши шарт. Яъни, бу тақво чин тақво бўлиб, рўзадор гуноҳ қилиб қўйишдан қўрқиб нафсининг истакларидан воз кечади. Гарчи Исломнинг фарзлари, аҳкомлари, буйруқ ва таъқиқларининг барчаси тақво йўли бўлсада, рўза билан тақво ўртасидаги алоқа ўта ҳайратлидир.

Дўстлар, инсоннинг кўз, қулоқ, қўл, тил, қорин, таносил аъзоси ва қалбнинг ортида уларнинг пойдевори ва ҳокими туради.

Қалб ибодатни Аллоҳ учунгина қилса, Аллоҳга бўйинсунса, Аллоҳ учун ҳаракат қилса, Аллоҳга муножот қилиш билан таскин топса: ширкка қўл урмаса, бидъатлардан сақланса ва гуноҳлардан пок бўлса рўза тутган ва тақво қилган бўлади. Бундай қалб истак ва хоҳишни, гумон ва зулмни, адоват ва нафратни, гина ва ҳасадни, баҳс ва жанжални қабул қилмайди. Ҳолбуки, улар қалбни вайрон қиладиган, шахслар ва халқларни ҳалок қилган иллатлардан ҳисобланиб, тақволи қалб уларни рад этади, унинг тутган рўзаси эса улардан узоқлаштиради.

Рўзадорнинг қалби Аллоҳга қуллик билан бўйинсунади, итоат ва ижобат билан таслим бўлади, амр ва таъқиқларга мужассам бўлган шариатни ижро этишга берилади. Бу қуллик Аллоҳ учун холис бўлиб, уни на шаҳват ва на шубҳа оғдира олади. Хавфсизлик ва тамаъгирлик унга таъсирини ўтказа олмайди. Чунки унинг қалби – кучли ва тақволи қалб бўлиб, ўқиган намози, тутган рўзаси, қилган ибодатлари, қўйингки, ҳаёти ва мамоти Аллоҳ учунгина бўлади. Чунки, «Ким рамазон (рўзаси)ни иймон ва савоб умидида тутса унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади».

Қалб тузалса узвлар ҳам тузалиб, Аллоҳга лойиқ бўлганидек итоат этади, гуноҳлардан тийилади. Ошқозонга бирон нарса тушмайди. Чунки Аллоҳ учун ейиш ва ичишдан воз кечиш – нафсни истаклардан тўсадиган олий тақво, Роббисининг амрларини маҳкам ушлаб, қайтариқларидан воз кечадиган мустаҳкам иродадир.

Узвларини ёмонлик ва озор беришдан тўсиш учун танасини озиқ оғирлигидан маҳрум қилган одам, ҳидоятда ва тақво узрадир. Ҳолбуки, оз ейиш шаҳватни сусайтириб, шайтон васвасаларидан йироқлаштиради. Маълумки, шайтон одам фарзандининг қон томирларида юради.

Тўймай овқатланиш узвларга ибодат қилишни осон қилади, қалбни юмшатади, кўз ёшларини оқизади ва шайтонни қувади. Аллоҳ динингизни ҳимоя қилиб, тақвойингизни зиёда қилсин, анави заиф инсонлардаги масхаромуз ҳаракатларга бир нигоҳ ташланг: улар кундузлари оч юриб, кечалари қоринларини тўйдирадилар. Улар жўшган лаззат олдида мағлуб бўлиб, қутурган шаҳватларга асир бўлмоқдалар. Айтингчи, ширин таомлар ва турфа дастурхонлар билан тақво амалга ошадими? Уларнинг озгина қисмигина очларни тўйдириб, кам даромадли оилаларга ёрдам қўлини узатади. Ҳа, уларнинг озгинасигина кўз ёшларини артиб, мушкилларни аритади. Хўш, у бериб тақво ҳосил қилдими ёки қандай қилиб берди?!! Берар экан нимадан қўрқди?!! Айтингчи, рамазонни исрофга айлантириб, ўз мақсадидан йироқлаштирган ким?!! Улар – рўза тутиб очлик ва томирлари тоқат қила олмайдиган даражадаги ташналикдан бошқа нарсани мукофот қилиб олмаган бечоралардир!!

Бундай масхарабозларда қандай тақво ва қандай мужодала ҳисси бўлиши мумкин?!! Улар – иродалари қоринларининг очлиги олдида сўнган, қоринни ўта тўйдириш бағритошликни келтириб чиқариб меҳрсиз қилган ва ялқовга айланган инсонлардир!!

Ҳой овқат еб, кийим кийишдан нарига ўтмаган, қийматлар жанггида бир неча лаҳзаларгагина чидай олган инсонлар, сизлар ўтираверинглар! Чунки сизлар тақводорлар иззатини яшай олмайсизлар, шаҳидлар ва Аллоҳ йўлида курашаётганлар мақомига эриша олмайсизлар!!

Аллоҳу акбар! Рўза тақвони синаш ва мусулмон ейиш ва ичишини Аллоҳ розилиги учун тарк қилиши учунгина фарз қилинди: «(Аллоҳ таоло айтди): Рўза Мен учундир ва Мен ўзим уни тақдирлайман!».

Бу масъаланинг қоринга тааллуқли қисми бўлса, бош ва у ичига олган нарсалар ҳақида нима дейишимиз мумкин?! Биров ёлғон гапиришдан тўхтамаса ва ёлғон ишларни қилиб юрса қандай рўза тутган ва қандай тақволи бўлган бўлади?!! Унинг тутган рўзасидан олган «мукофоти» очлик ва ташналик, тунги ибодатларидан олган насибаси эса бедорликдан бошқа нарса бўлмайди. Унинг қулоғи ва кўзларидаги тақво қаерда?! Беҳуда ишлар, мишмишлар, мусиқа товушлари, ҳаёсиз расмлар, шаҳвоний ҳикоялар, кундузлари уйқу, тунлари беҳуда нарсалар билан бедорлик, хунук ишлар, ёмон муомалалар, масъулиятсизлик, кўнгил очиш учун саъю ҳаракат, жиддий ҳаёт ва ибодат учун эса танбаллик …

Биродарлар! Сизларнинг бу ойингиз тақво ойи бўлиб, нафсни сарҳисоб қилиш мавсуми ва рақобатнинг кенг майдонидир. Бу ойда нафслар ичкаридан тозаланади, қалблар холиқига яқинлашади, жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд қилинади, эзгулик ва савоб омиллари кўпаяди.  

Бу ой – раҳмат, мағфират ва жаҳаннамдан қутилиш ойидир. Шундай экан, ибодатларга берилинг, тақводан озиқланинг, жаннат уфорида жавлон уринг, ибодатларга бел боғланг!

Тақволи рўзадорлар мудом рўза тутадилар, намоз ўқийдилар, Қуръонни тиловат қиладилар, зикр қиладилар, қариндошлари билан алоқада бўладилар, эҳсон қиладилар, солиҳ амалларга муккасидан кетадилар. Шундай экан, ҳаётингиз давомида яхшиликларни изланг, Роббингизнинг марҳаматидан қуруқ қолманг! Чунки, сизларнинг яхшироғингиз умри узоқ ва амллари солиҳ бўлганингиз, бадбахтингиз эса умри узоқ ва қилган амаллари ёмон бўлганингиздир!

Ҳой рўзадор тақволилар! Қариндош ва қўшниларингиз ичидаги бечораҳол ва биродарларингиз ичидаги ғариб инсонларни топиб, уларга иона ва ёрдам қилиш, қалбларига қувонч киритиш, Роббингизнинг сизларга берган ризқида уларни ҳам ўртоқ қилишни унутманг! Очларнинг очлиги, муҳтожларнинг муҳтожлиги, жабрдийдаларнинг мусибатлари, муҳожирларнинг ғурбати ва қийинчиликларини ёддан чиқарманг!  

Тақво ва сарҳисоб ойида сўроқланглар: Ўзи тўқ ётиб, атрофи очларга тўлган ва уларнинг ҳолидан хабар олмаган одам рўза тутган ҳисобланадими?!! Атрофида мусибатланган мўъмин қалблар бўлсада, кучи ета туриб уларнинг қалбига сурур кирита олмаган одам бу ойнинг ҳаққини берган бўладими?!!

Ҳой мусулмонлар, рўзани лойиқ бўлганидек тутинглар, шояд тақволи бўларсизлар! Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у билан биргадир! Аллоҳ бирга бўлган банда билан эса мағлуб бўлмайдиган жамоат, ухламайдиган соқчи ва адашмайдиган йўл кўрсатувчи бўлади. Ҳой Аллоҳнинг бандаси, Аллоҳ сен билан бирга экан кимдан қўрқасан?! Аллоҳ сенинг устингда экан, кимдан умид қиласан!!

Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمْ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ • أَيَّاماً مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْراً فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنتُمْ تَعْلَمُونَ • شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنْ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمْ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمْ الْيُسْرَ وَلا يُرِيدُ بِكُمْ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ﴾

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 183 – 185).

 

Иккинчи хутба

Рўзани қалқон ва жаннат сари элтувчи омил қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Мен Аллоҳга ҳамду санолар йўллаб, шукроналар айтаман. Чунки У энг яхши йўл ва энг мустаҳкам суннатга бизни йўллади. Мен: «Шериксиз, ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, саййидимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса Унинг бандаси ва Расули бўлиб, уни бизга Ўз тарафидан марҳамат ва лутф қилиб юборган» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи, саҳобалари, тобиинлар ва уларга яхшилик билан Қиёмат кунигача издош бўлганларга салавот, салом ва баракалар йўлла!

Сўнг …

Ҳой одамлар, Аллоҳдан тақво қилинглар! Чунки ойлар, йиллар, кечалар ва кундузлар амал маҳали ва ажал онлари ҳисобланиб, тез ўтиб кетади ва тез тугайди. Улар Аллоҳнинг кунлари бўлиб, уларни Аллоҳ яратган, вужудга келтирган, айримларини бошқалардан кўра фазилатли қилган. Қайси кун бўлмасин бандаларнинг Аллоҳ учун қилишлари керак бўлган итоат вазифаси ва латиф шаббодаси борки, у Аллоҳ хоҳлаган бандага Аллоҳнинг фазлу марҳаматини олиб боради. Ҳолбуки, Аллоҳ раҳмли ва мағфират қилгувчи Зотдир. 

Олдингизда буюк ой, фазилатли кун ва шарофатли тунлар бор. Уларни яхши ўтказингиз, амал қилиш учун белларни маҳкам боғлангиз! Сизнинг салафингиз бу ойда ортиқча овқат ва ичимликлар учун эмас, балки, тоат-ибодат, эҳсон ва саховат учун тайёргарлик кўришар эди. Улар Роббилари ҳузурида обид ва итоатгўй, дўстлари олдида сахий ва жўмард эдилар. Бу бобдаги ўрнак – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. У, рамазон ойида бошқа ойлардагидан кўра ўта жўмардга айланар, бошқа ойларда тиришмаган нарсаларига бу ойда қаттиқ ғайрат кўрсатар: бу ойнинг тунларини ибодатлар билан бедор ўтказар, оиласини уйғотар, жинсий муошаратдан йироқ турарди. Мана шу – тақво йўлидир. Мана шу – кутиб олиш тарддудидир. Шундай экан, сизлар амал ва эҳсон қилинглар ва қилган амалларингиз ортидан келажак савоблар билан қувонинглар!