Category Archives: Қуръон ва илмлари

  Бу категорияда Қуръон ва Қуръонга тааллуқли илмлар ҳақидаги хутбалар билан танишасиз.

Қуръон Азийм ҳақлари (Шайх доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ)

 

2008-10-21 

Қуръон Азиймнинг ҳақлари

 Хатиб: Шайх Доктор Холид ибн Абдуллоҳ ал-Муслиҳ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

 

Биринчи хутба

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).)

Сўнг …

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Ҳой Қуръон Уммати, бу – Ҳаким Китобингизнинг тавсифларидир. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда унинг кўплаб тавсифларини зикр қилди ва бу тавсифларда Қуръоннинг вазифаси, масъулияти, амали ва ҳақларини баён қилди.

Ҳой мўъминлар, у тавсифлардан бири шуки, Аллоҳ Қуръонни «руҳ» деб тавсифлади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни — Қуръонни ва на иймонни (яъни унинг ҳақиқат-моҳиятини) бил­гувчи эдингиз» (Шўро: 52).  

Бас, Қуръон Карим тақводорлар қалбини жонлантирадиган руҳдир. Аллоҳга қасамки, қанча-қанча руҳи ва ҳаёти бўлмаган (тирик) мурдалар бор эдики, Аллоҳ уларни Қуръон руҳи билан қайта жонлантирди. Аллоҳ таоло айтди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни — Қуръонни ва на иймонни (яъни унинг ҳақиқат-моҳиятини) бил­гувчи эдингиз» (Шўро: 52);

«Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?!» (Анъом: 122).

Ҳой мўъминлар, Роббингизнинг Китобидан қалбларингиз ҳаётини изланглар! Қуръон руҳидек ширин ва баркамол ҳаёт йўқдир!

Аллоҳнинг бандалари!

Қуръон Азиймнинг сифатларидан бири – нурдир. Аллоҳ таоло айтди:

«Бас, сизлар Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва Биз нозил қилган Нурга — Куръонга иймон келтиринглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Тағобун: 8);

«Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилар ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарар ва уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилар» (Моида: 15, 16).

Аллоҳнинг бандалари, Қуръон – мўъминларнинг қалблари ёришадиган, тақволи йўловчиларнинг йўллари ёритиладиган нурдир. Бу (нур) – Қуръонни маҳкам ушлаган, унинг буйруқларига риоя қилган ва таъқиқларини қилмаган одамлар учунгинадир.

Ҳой мўъминлар, Қурон Азиймнинг васфларидан бири – фурқон (айирувчи)дир. Аллоҳ таоло айтди: «Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1).

Ҳа, Қуръон ҳақиқат билан ботил, ҳидоят билан залолат, тўғрилик билан қинғирлик, очиқлик билан кўрлик ўртасини айирувчидир. Қуръон – айирувчидирки, унда Аллоҳ таоло солиҳ мўъминлар билан  фожир кофирлар ўртасини айирди. Аллоҳнинг бандалари, мўъминларнинг сифатлари билан безаниш, фосиқ ва кофирларнинг сифатларидан узоқ бўлишга тиришингиз!

Ҳой мўъминлар, Қуръон Азиймнинг васфларидан бири – унинг мўъминлар учун мавъиза-панд-насиҳат, шифо, ҳидоят ва раҳматлигидир. Аллоҳ таоло айтди: «Эй инсонлар, сизларга Роббингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди» (Юнус: 57).

Аллоҳнинг бандалари, Қуръон — қалби бўлган ёки гувоҳ бўла туриб қулоқ осган одамлар учун катта панду-насиҳатдир. У – қалблардаги офат ва касалликларга шифодир. Аллоҳнинг Китобида шубҳа ва шаҳват касалликларига шифо бордир.

Аллоҳнинг Китоби уни ушлаган одамларга ҳидоят ва раҳмат бўлиб, уни тўғри йўл – Сиротум-Мустақиймга йўллаб, (ҳаётнинг) соғлом дастур(и)ни кўрсатади ва мўъминлар йўлини баён қилади.

Ҳой, мўъминлар!

Булар – Аллоҳ таоло Қуръон Азиймни тавсифлаган баъзи сифатлар, холос. Ушбу буюк сифатлар Аллоҳ таоло Ер аҳли учун охирги китоб қилган муқаддас Қуръоннинг нақадар буюк эканини баён қилмоқда. Зеро Қуръон нафақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, балки бутун пайғамбарларга берилган мўъжизаларнинг энг буюгидир. Тартиби фасоҳатли инсонларни лол қолдирган, маънолари балоғат усталарини ҳайратга туширган ва олимлар қалбини асир олган Қуръон Азийм каби китоб, бошқа бирон пайғамбарга берилмаган! Қуйидаги оятларни айтган Роббимиз нақадар ҳақли: «Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб-Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Роббиларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари – баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар – мойил бўлар. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хохлаган кишиларни ҳидоят қилар. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас» (Зумар: 23).

 

Иккинчи хутба

(Аллоҳга ҳамдлар ва Унинг охирги пайғамбари Муҳаммад, Унинг оиласи, саҳобалари ва Унинг йўлида Қиёмат кунигача издош бўлганларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин).

Сўнг …

Ҳой, мўъминлар!

Бу Қуръон Азиймнинг талайгина ҳуқуқлари ва саноқсиз масъулиятлари бор. Сизлар Аллоҳдан қўрқингиз ва унинг ҳақ ва масъулиятларини бажо келтирингиз. Азиз мўъминлар, Қуръоннинг ҳақларидан бири – у билан фахрланиш – қувонишнинг фарзлигидир. Аллоҳнинг Китоби, фахрланиш керак бўлган нарсаларнинг энг яхшисидир. Аллоҳ таоло айтди: «Эй инсонлар, сизларга Роббингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, Ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 57, 58).

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида шундай деди: ««Аллоҳнинг фазли» – Қуръон, «раҳмати» эса – сизларни Қуръон аҳлидан қилишидир»– деди.

Аллоҳнинг бандалари, бу қувончнинг тақозоси – Қуръонни улуғлаш, уни бошқа китоблардан афзал кўришдир. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Қуръон – одамлар жамлаган дунё матолари ва зийнатларининг энг яхшисидир.

Ҳой мўъминлар, Қуръон Азиймнинг ҳақларидан бири, уни тиловат қилишдир. Аллоҳ таоло айтди: «Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб, Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берар. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)» (Фотир: 29, 30).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръонни ўқинглар! Чунки у Қиёмат кунида ўз эгаларига (ўқиганларга) шафоатчи – ҳомий бўлиб келади» (Абу Умома Боҳилий ривояти, Имом Муслим «Китабу солатил-мусаафирийн ва қосруҳа», ҳадис № 804).

Ҳой мўъминлар, Қуръонни доим ва кўп тиловат қилингиз. Чунки Қуръон тиловати қалбларни жилолайди, тозалайди, поклайди ва инсонни яхшиликлар қилишга ундаб, ёмонликлар қилишдан тўсади ва барча махлуқлар Роббисининг даргоҳидаги неъматларга рағбатлантиради.

Ҳой мўъминлар, ушбу Буюк Қуръон ва Очиқ баён қилгувчи Фурқоннинг ҳақларидан бири, унинг маънолари ҳақида тафаккур қилишдир. Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир» (Сод: 29)– деди.

Аллоҳ Қуръон ҳақида тафаккур қилишдан юз ўгирган кимсаларни мазаммат қилиб шундай деди: «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?!» (Муҳаммад: 24).

Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг Буюк Китоби ҳақида тафаккур қилинглар! Қуръонни тиловат қилган ва эшитган пайтларида хотирини жам қилиб, Қуръоннинг Аллоҳнинг Ўз пайғамбарига қилган хитоби эканини ҳис этган одамгина Қуръондан фойда олиши мумкин. Айрим салаф олимларининг бир оятни такрор-такрор ўқиб, у ҳақида тафаккур қилиш билан бир кечани бедор ўтказгани нақл қилинган.

Ҳой мўъминлар, Қуръон Азиймнинг ҳақларидан бири – уни улуғлаш ва ҳурматлашдир. Чунки у – Буюк ва Улуғ Роббимиз – Аллоҳнинг каломидир. Уламолар Қуръон Азиймни улуғлаш ва ҳимоялаш фарз эканига ижмоъ-қарор қилдилар. Қуръонни енгил санаган ёки Қуръон ва ё Қуръондаги бирон оят устидан масхара қилган одам, мусулмонлар ижмоъси билан, кофирдир. Шунинг учун, ҳой Аллоҳнинг бандалари, Қуръонни улуғлангиз ва уни пасткашларнинг разил ўйинларидан ҳимоя қилингиз!

Аллоҳнинг бандалари, Қуръон Азиймнинг ҳақларидан бири – пок-таҳоратли одамнинг ушлаши, жунуб одамнинг ўқимаслиги, Қуръонга орқаси билан турмаслик ёки унга оёқ узатмаслик ва таҳқирланмайдиган жойга қўйишдир. Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг Китобини ҳурмат қилинглар: «Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлади» (Ҳаж: 32).

Ҳой мўъминлар, Қуръон Азийм ҳақларидан бири – Уни, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саламга амр қилганидек, маҳкам ушлашдир: «Бас, сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани — Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта сиз Тўғри йўлдадирсиз» (Зухруф: 43).

Қуръонни маҳкам ушлаш – Унга, Унинг ҳалол ва ҳаромига эргашиш, бўйинсуниш, Унинг ҳукмларига мурожаат этиш ва Унинг бирон нарсасига кофир бўлмаслик, демакдир. Зеро Аллоҳ таоло: «(Эй инсонлар), сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз…!» (Аъроф: 3)– деган.

Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинглар ва Роббингиз Китобини асарлари амалларингиз, сўзларингиз ва ахлоқингизда кўринадиган даражада садоқат билан маҳкам ушлангиз! Қуръонга тиловат, ёд олиш, тафаккур, ўрганиш ва амал қилиш билан яқинлашингиз! Ҳой мўъминлар, барчангиз Аллоҳнинг арқони – Қуръонга маҳкам ёпишингиз!