Category Archives: Ёмон хулқлар

Бу категорияда ёмон хулқлар билан танишасиз.

Ирқчилик эмас, исломий биродарлик … (Шайх Носир Алий Ғомидий)

Ирқчилик эмас, исломий биродарлик …

 

Хатиб: Шайх Носир Алий Ғомидий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: لاَ عَصَبِيَّةَ بَلْ أُخُوّةٌ إِسْلاَمِيَّةٌ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).

Сўнг …

Мусулмон биродарлар, Ислом дини ифлос ижтимоий касаллик, нобуд қилгувчи вирус, халқларни қирувчи саратонга қарши аёвсиз курашди. Чунки, унинг оқибатлари даҳшатли, натижалари хатарли эди. У ─ ирқчилик, маҳаллийчилик, қабилачилик, миллатчилик, тоифачилик, минтақачилик, мазҳабчилик, ҳизбчилик, жоҳилият наъралари, насаблар билан гердайиш ёки насабларни таҳқирлаш эди.

Ҳой мусулмон, сиз кечаю кундуз ҳайратомуз чақириқларни эшитасиз. Бу чақириқлар ё ҳажв ва ҳақорат ёки фахру гердайиш услубида бўлади: Эй, саудиялик! Эй, мисрлик! Эй, кўрфазлик! Эй, суданлик! Эй, суриялик! Эй, ҳиндистонлик! Эй, покистонлик! Эй, бангладешлик! Эй, явалик! Эй, ғомидлик! Эй, заҳронийлик! Эй, жийзалик! Эй, қасимлик! Эй, наждлик! Эй, ҳижозлик! Эй, қабиладошим! Эй, хазийрлик! Ва бундан бошқа кўплаб лақаблар … Агар бу лақабларни танитиш ва бошқалардан айириб туриш мақсадида айтилса, зарари йўқ. Бироқ, фахрланиш, гердайиш, камситиш ва айблаш учун истеъмол қилинса, жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ ﴾

«Аллоҳ барча—кибр-ҳаволи —мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон: 18);

﴿ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ ﴾

«Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни мўмин кишининг юқорида манъ қилинган фосиқона ишлар би­лан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар» (Ҳужурот: 11).

Ҳой, одамлар!

Ҳой, Одам зурриётлари!

Ислом дини одамлар ўта гумроҳ бўлган даврда келди. Аллоҳ таоло Ислом дини воситасида башариятни зулматлардан нурга, жабру зулмдан адолатга, бузуқ эҳтиқодлардан соғлом эътиқодга, разил ахлоқлардан гўзал ахлоқларга олиб чиқди.

Ислом ўзи келган пайтдаги башариятда мавжуд бўлган айрим олийжанобликлар: мусибатланганга ҳамдардлик, меҳмонга иззат кўрсатиш, мазлумга ёрдам бериш каби қатор хислатларни қувватлади ва уларга рағбатлантирди: «Мен солиҳ ахлоқларни тўкис қилиш учун жўнатилдим» (ал─Адабул Муфрад 273).

Ислом келганида жоҳил халқларнинг қабиҳ одатлари ҳам бор эди. Жоҳилият даврида ботилга асосланган ирқчилик ва қабилачилик хулқи мавжуд эди. Ислом келгач бу ахлоқлардан одамларни нафратлантирди ва ушбу қабиҳ ишни ҳайратомуз шаклда тасвирлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қавмига ноҳақ ишларда ёрдам бермоқчи бўлган одамнинг мисоли қудуққа тушган ва думи билан чиқарилишга ҳаракат қилинаётган туянинг мисолига ўхшайди» (Имом Аҳмад 3801). Бу ҳадиснинг санади саҳиҳдир.

Ҳадиснинг маъноси: мутаассиб одам йиқилиб ботқоқликка тушган ва думидан тортилиб, қутқарила олмаган туя каби ҳалок бўлиб, гуноҳ балчиғига ботади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ноаниқ байроқ остида ирқ учун жанг қилган ёки ирқчиликка чорлаган ёхуд тарафкашликка чақирган одам ўлдирилса, жоҳилият ўлими билан ўлган бўлади» (Имом Муслим ривояти). «Ноаниқ» сўзидан мақсад, йўналиши аниқ бўлмаган, демакдир.

Ҳа, Аллоҳнинг бандалари, Ислом дини келганида қабилалар бир–бирини қиришар, камситишар, ҳамма ўз қабиласи манфаати учун курашар, унинг қувончи билан қувониб, ғазабига қараб аччиқланар эди. Унинг тўғри ёки нотўғри йўлда экани ўз қавми, қабиласи ва минтақасига қараб белгиланарди. Унинг аҳволи шоир айтганидек эди:

Мен Ғузайялик эмасманми,

Адашса адашганман, адашмаса адашмаган!

Лекин Ислом: «Ирқчиликка чорлаган биздан эмас!»─ дея қарорлаштирди, қоидаларни қўйиб, асосларни белгилади. Ислом қўйган қоидалардан бири арабнинг ажамга тақво билангина устунлигидир. Жобир разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ташриқ кунларининг ўртасида Видолашув хутбасини ирод қилдилар ва: «Ҳой одамлар, Роббингиз ягона, бобокалонингиз биттадир! Унутмангиз, арабнинг ажамга, ажамнинг арабга, қизил (танли)нинг қора (танли)га, қора (танли)нинг қизил (танли)га тақво билангина устунлиги бордир. Аллоҳнинг даргоҳида энг ҳурматлироғингиз ─ тақводорроғингиздир. Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!»─ дедилар. Саҳобалар: Ҳа, ё Расулуллоҳ!,─ деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Буни) бу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин!»─ дедилар (Имом Аҳмад 23884). Саҳиҳ ҳадис.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилинган кунда хутба қилдилар ва дедилар: «Ҳой одамлар, Аллоҳ сизлардан жоҳилият кибри ва оталар билан фахрланишни кетказди. Одамлар икки тоифадир: Аллоҳ учун ҳурматли бўлган тақводор ва эҳсонли ҳамда Аллоҳ учун хор ва бахтиқаро фожир. Одамзотнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратди. Аллоҳ айтди:

﴿ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِير ﴾

«Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13)» (Термизий 3270). Ҳасан ҳадис.

Ҳой мусулмонлар, тарафакашлик ва ҳизбчилик жоҳилият хислатларидандир. Бир марта Абу Зарр разияллоҳу анҳу бир йигитни онаси туфайли камситди. Бунинг дараги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борганида: «Ҳой Абу Зарр, сен уни онаси сабабли айбладингми?! Сен жаҳолат бўлган одамсан!»─ деб дашном бердилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, сенда ҳануз жоҳилият даврининг асоратлари қолмиш.

Чунки араблар аждодлари билан фахрланишар ва насабларни камситишар эди. Ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жоҳилият ишининг тўрттаси умматимда бўлади ва уларни тарк қилмайдилар: насаблар билан фахрланиш, насабларни камситиш, юлдузларга қараб ёмғир тилаш ва гўяндалик» (Имом Муслим 2203).

Ислом, диний ришталарни қуриш ва эҳтиқод асосларини ёйишга ҳаракат қилди. Чунки шугина одамлар итоат руҳи билан бирлашадиган алоқа эди. У алоқа қон, насаб, ер, шаҳар, халқ, жинс, ранг, тил, касб, жамоа, тоифа, ҳизб ва жамият алоқаси эмас эди.

Бу эътиқод румлик Суҳайб билан ҳабаш Билолни, форс Салмон билан араб Абу Бакрни ягона байроқ ─ Ислом байроғи остида бирлаштирди ва бунинг оқибатида барча наъра ва ирқчиликлар эриб йўқ бўлди.

Эътиқодли ва иймонли биродарлар, умматнинг мураббий ва йўлбошчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим ва тарбия бериб, барча авлодларнинг энг афзали бўлган ансор ва муҳожирларга: «Ирқчиликни қўйинглар! Чунки у сассиқ нарсадир!»─ дедилар (Имом Бухорий 4905). Бу сассиқ нарса нима эди?! Ансорлардан бирининг: Ҳой, ансорлар!,─ деб чақириши ва бунга жавобан муҳожирнинг: Ҳой, муҳожирлар!,─ деб раддия бериши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни эшитиб: «Жоҳилият чақириқлари нима қилаяпти?!», деб сўрадилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, муҳожирлардан бири ансорлардан бирининг кетига урибди, дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ирқчиликни қўйинглар! Чунки у сассиқ нарсадир!»─ дедилар (Имом Бухорий 4905). Бу ҳадис икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида келтирилган.

Ҳақиқатан ҳам у сассиқ нарсадир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу сассиқлик тугаб, ирқчилик наъралари сўнди ва миллатчилик ифлослиги пардаланди. Ўша пайтдан буён шариатни ижро қилаётган Ислом ўлкаси, мусулмоннинг бепоён давлатига айланди. Эътиқод тарафкашликни, диний ришта эса ирқчиликни эритиб йўқотди. Мусулмоннинг биродарига бўлган алоқаси ўта мустаҳкамлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир─бирингизга ҳасад қилмангиз, бир нарсани олиш нийятида бўлмай, бошқалар учун (молнинг) баҳосини орттирмангиз, бир─бирингиздан нафратланмангиз, бир─бирингизни ташлаб қўймангиз, бировингиз бошқасининг савдоси устига бай очмасин ва эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир: унга зулм қилмас, уни ёрдамсиз ташлаб қўймас ва таҳқирламас! Тақво шу ерда!»─ деб кўкракларига уч марта ишора қилдилар ва: «Кишига мусулмон биродарини таҳқирлаши ёмонлик нуқтаи назаридан етарлидир. Ҳар бир мусулмоннинг мусулмонга қони, моли ва номуси ҳаромдир»─ дедилар (Имом Муслим 6706).

Аллоҳ таоло менинг ва сизларнинг устингиздан баракотларини ёғдирсин …    

Иккинчи хутба

Яратиб, тенг қилган, ўлчаб, ҳидоятлаган Олий Аллоҳга ҳамду санолар, танланган Пайғамбарга, Унинг оиласи, асҳоблари ва издошларига салавоту саломлар бўлсин!

Сўнг …

Мусулмон халқлар ўртасидаги диний биродарлик ─ умматни унга қарши ҳар он ҳушёр турган мунофиқ ва кофир душманларига қарши бирлаштириб, яхлитлаштирадиган мустаҳкам риштадир. Аллоҳ таоло мусулмонлар қалбини бирлаштирганини пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга лутф қилиб, шундай деди:

﴿ هُوَ الَّذِي أَيَّدَكَ بِنَصْرِهِ وَبِالْمُؤْمِنِينَ وَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ لَوْ أَنْفَقْتَ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مَا أَلَّفْتَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَكِنَّ اللَّهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ إِنَّهُ عَزِيزٌ حَكِيم ﴾

«У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган зотдир. Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир» (Анфол: 62, 63).

Аллоҳ таоло бу лутфини барча мусулмонларга: эркагу аёлларга ҳам қилди:

﴿ وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُولَئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيم ﴾

«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 71).

Ҳой Аллоҳнинг бандалари, исломий биродарликдан динимиз душманлари сиқилдалар. «Парчала, ҳукмрон бўласан!» қоидаси асосида умматнинг шавкати ва қудратини йўқотиб, мағлуб қилиб, устидан ҳукмрон бўлишни осонлаштириш учун унинг ришталарини узиб ташлаш ва ўртада парчаланиш омилларини ёйиш учун ҳаракат қилди.

Оммавий ахборот воситалари, ёлғон хабарларни ёйиш, кичик нарсани катта, катта нарсани кичиқ қилиб кўрсатиш ─ бу бобдаги энг ашаддий воситалардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло сақлаган Оммавий ахборот воситаларидан бошқалари, афсуски, вайрон қилувчи кучга айланиб, фитна, нафрат, тарқоқлик ва мусулмонлар ўртасидаги низо оловларини кучайтирмоқда.

Аслида ҳам урушлар оловини ёқадиган ва халқларни паралайдиган кимсалар бо. Аллоҳ таоло уларни тавсифлаб шундай деган:

﴿ كُلَّمَا أَوْقَدُوا نَارًا لِلْحَرْبِ أَطْفَأَهَا اللَّهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الْأَرْضِ فَسَادًا وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ ﴾

«Улар қачон (Сизга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда бузғунчилик қилиб юрурлар. Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас» (Моида: 64).

Ҳозирги кунда сионистлар, ғайри муслим миллатлар, истаклар, адашган идеологиялар ва адашган гуруҳлар мусулмонлар ─ аҳли суннат ва исломий шариатни ҳаётга татбиқ қилиш, тавҳид ва муҳаммадий суннатни ёйиш учун сафарбар бўлган даъватчиларни қоралаш учун жиззаки ҳамла ва маккорона режалар тузишмоқда. Афсуски, душманларнинг бу тузоғига айрим мусулмонлар ҳам тушиб, чўчпчакларни айтиб, давлатлар ва халқлар ўртасида шу режаларни тузган кофирлар манфаати учун тер тўкмоқдалар. Бундай инсонларда ақл ва мусулмоннинг виждони йўқми?! Ҳалокатга олиб борувчи тарафкашликдан огоҳ кимсалар қаерда қолди?! Наҳотки, мусулмонлар орасида бу тирқишни суваб, ихтилофларни йўқотадиган кимса топилмаса?! Ахир:

﴿ إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون ﴾

«Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 10).

Ҳой, мусулмон ва ҳой, муборакли биродар! Тарафкашликдан, жумладан, ирқ, қабила, ҳизб, мазҳаб, футбол жамоаси ва жоҳилий тарафкашликлардан бутунлай воз кечинг! Агар фахрланмоқчи бўлсангиз Ислом дини билан фахрланинг! Ислом дини сизга нисбатан барча нарсадан устун турсин! Ўзингизнинг одамзот ва Аллоҳнинг митти махлуқларидан бири эканингизни ҳеч қачон унутманг!

Агар сиздан: Кимсиз?,─ деб сўралса: Мен мусулмонман!,─ деб жавоб беринг:

﴿ إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون ﴾

«(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» (Фуссилат: 33). Ва айтинг:

﴿ هُوَ سَمَّاكُمْ الْمُسْلِمينَ ﴾

«(Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги мукаддас китобларида) ҳам мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади» (Ҳаж: 78).

Агар кимдан ўрнак олаётганингиз ҳақида савол берилса,

﴿ لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ ﴾

«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21) деб жавоб беринг.

Мазҳабингиз ва йўлингиз ҳақида савол берилса:

﴿ قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ ﴾

««Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» деб айтинг» (Юсуф: 108).

Агар сизни безаб турган либос ҳақида сўрасалар:

﴿ وَلِبَاسُ التَّقْوَى ذَلِكَ خَيْرٌ ﴾

«Тақво либоси (барча либосдан кўра) яхшироқдир»─ деб айтинг (Аъроф: 26).

Агар мақсадингиз ва матлабингиз ҳақида сўрасалар:

﴿ إِنَّا نَطْمَعُ أَنْ يَغْفِرَ لَنَا رَبُّنَا خَطَايَانَا أَنْ كُنَّا أَوَّلَ الْمُؤْمِنِينَ ﴾

«Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз»─ деб айтинг (Шуъаро: 51).

Насабингиз ҳақида савол берилса шундай денг: Салмон Форисий разияллоҳу анҳуга насаби ҳақида савол берилганида:

Отам ─ Исломдир, ундан бошқа отам йўқ,

Одамлар Қайсу Тамим қабиласи билан фахрланса ҳам,─ деб жавоб берган.

Мўъминлар ўртасидаги дўстлик, Ислом ва иймон воситасида бўлади. Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу айтди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Огоҳ бўлингиз! Отамнинг хонадони, яъни фалончилар, менга дўст эмаслар.Менинг дўстларим Аллоҳ ва солиҳ мўъминлардир»─ дея баралла айтганларини эшитганман (Муттафақун алайҳ).

Шундай экан, Аллоҳ таолодан тақво қилиб, охиратдаги ҳолимиз ҳақида фикр юритайлик:

﴿ فَإِذَا نُفِخَ فِي الصُّورِ فَلَا أَنسَابَ بَيْنَهُمْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَتَسَاءلُونَ ﴾

«Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар» (Мўъминун: 101).

Шу боис жоҳилий наъраларга чорлаётган кимсаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг энг саралари бўлмиш саҳобаларга: «Уни қўйинглар! У ─ сассиқ нарсадир!» деган гаплари билан ҳамда: Исломда ирқчилик йўқ, исломий биродарлик бор!, дея раддия берайлик.

Аллоҳнинг бандалари, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар айтингиз! Чунки Роббимиз бизга буни амр қилган:

﴿ إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيماً ﴾

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади!»─ деганлар (Насоий 1297).

Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлмиш Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва Унинг пок оиласига салавот, салом ва баракотлар ёғдир! Аллоҳим, хулафойи рошидийнлар, барча саҳобалар ва уларга яхшилик билан издош бўлганлардан рози бўл!

Аллоҳим, Ислом ва мусулмонларни азиз, ширк ва мушрикларни хор, дин ҳавзасини ҳимоя қил! Уммат ва Ислом динининг душманларини пароканда қил!

Аллоҳим, бизни ўлкамизда хотиржам қил! Диний ва сиёсий раҳбарларимизни ислоҳ айлаб, уларга солиҳ ва самимий инсонларни маслаҳатчи қил! Улардан бузғунчи ва кин сақлаган маслаҳатчиларни йироқ қил!

Аллоҳим, бу Умматни тоат ва ибодат қилганлар азиз, гуноҳкорлар эса хор бўладиган, амру маъруф ва наҳий мункар қилинадиган муҳит сари етакла! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодирсан!

Аллоҳим, мусулмонлар жамиятини барча фаҳшу разолатдан ва мусулмонларга ёт хулқу атвордан тозала!

Аллоҳим, барчамизга самимй тавба қилишни лутф эт!

Аллоҳим, эй Оламлар Робби! Мусулмонларнинг аҳволини ислоҳ эт ва уларни ҳақиқат узра бирлаштир!

Аллоҳим, раҳбарларимиз ва етакчиларимизни ислоҳ айла ва уларни Ислом шариатини татбиқ қилишларида омад бер! Аллоҳим, уларга бандалар ва ўлканинг диний ва дунёвий манфаатлари, дунё ва охиратдаги саодатлари бўлган ишларга муваффақ айла! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодир Зотсан!

Роббимиз, биз ўз жонимизга жабр қилдик! Агар Сен мағфират ва шафқат қилмасанг биз зиёнкорлардан бўламиз!

Аллоҳим, бизни ва биздан илгари бу оламдан иймон билан ўтган мўъмин биродарларимизни мағфират қил ва қалбимизда мўъминлар учун кину адоват қўйма! Дарҳақиқат, Сен меҳрибон ва шафқатлисан!

Роббимиз, Бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар инъом айла ва жаҳаннам оташидан асра!

 


Сигарет ва чилим чекишнинг ҳукми

Сигарет ва чилим чекишнинг ҳукми

Савол: Сигарет ва чилим чекишнинг ҳукми нима?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (Фатво: 8):

Сигарет ва чилимнинг ҳукми – улар таркибида кўплаб ифлослик ва зарарлар бўлгани учун, ҳаром қилинган нарсалар жумласига киради.Аллоҳ таоло бандаларига пок (тоза) нарсаларни мубоҳ қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қилган. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

{ يَسْأَلُونَكَ مَاذَا أُحِلَّ لَهُمْ قُلْ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ }

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар …  ҳалол қилинди» (Моида: 4) деган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тавсифлар экан:

{ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ }

«У пайғамбар (уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради) ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади» (Аъроф: 157) деган.

Чекиладиган барча нарса таркибидаги кўп зарарли туфайли пок нарсалар қаторига эмас, нопок нарсалар қаторига киради ва улар Аллоҳ рухсат берган пок нарса эмасдирлар.

Чекишдан воз кечиш, ундан йироқ туриш, бу борада нафс билан курашиш лозим. Чунки, нафс доимо ёмонликка чорлайди. Мўъмин одам ўзига зарар берадиган бу ва бундан бошқа нопок нарсалардан воз кечиш учун нафси билан жиҳод қилиши керак.

 

Манбаъ: «Мақолалар ва фатволар девони», 7– жилд.

Қарта ва сатранж ўйнашнинг ҳукми

Қарта ва сатранж ўйнашнинг ҳукми

Савол: Қарта ва сатранж ўйнашнинг ҳукми нима?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (Фатво: 7):

Ушбу нарсаларни ўйнаш таъқиқланган. Чунки улар Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсадиган ўйинлардандир. Бу – илм аҳлларига маълумдир. Чунки бу нарсалар яхшиликлардан тўсади, беҳудаликка йўл очади. Ҳатто, буларда икки ўйинчи ўртасида катта ёмонликларга олиб борадиган омил ҳам бор. Баъзида, бу ўйинлар Аллоҳ фарз қилган амалларни қилишдан чалғитади.

 

Манбаъ: «Мақолалар ва фатволар девони», 7– жилд.