Category Archives: Одоб ва ахлоқ

  Бу категориядаа одоб ва ахлоқлар ҳақидаги хутбалар билан танишасиз.

Разиллик нуқтаси (Шайх Юсуф ибн Муҳаммад Давс)

Разиллик нуқтаси

Хатиб: Шайх Юсуф ибн Муҳаммад Давс

Мутаржим: Абу Жаъфар ал−Бухорий

Асл сарлавҳа: الْخَطُّ الْمُهِينُ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Биринчи хутба

Барча нарсага хилқатини бериб ҳидоятлаган буюк ва олий Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, бунинг оқибатида улардан айримлари ҳидоятланиб, айримлари адашди. Мен «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлиб, озорланса сабр, зафар қозонса шукр қилган, ҳужжатни барпо қилиб, йўлни ёритган» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан тақво қилингиз ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашингиз! Унутмангизки, тақво барча яхшиликларнинг йўли ва ҳар нажотнинг дарвозасидир:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ ﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳтаоло Қуръон Каримда бир хабар ва бир воқеъани ибрат, тафаккур, нарсалар ҳақиқатига ва нарсаларнинг Роббул оламийн наздидаги қийматига назар ташлаш учун бизга ҳикоя қилиб берди. Ҳолбуки, ўшалар − нажот ва қутилиш, саодат ва хотиржамлик ҳақидаги ҳақиқий ўлчовлар бўлиб, Ер юзидаги ҳар бир инсон унинг учун ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло:

﴿فَخَرَجَ عَلَى قَوْمِهِ فِي زِينَتِهِ ﴾

«(Қорун) қавми ҳузурига зийнатлари билан чиқди»− деди (Қасас: 79).

Мен сизларни боёнлик ва давлатмандлик бу кишини қандай зийнатлар билан чиққанини хаёл қилишингиз учун ташлаб қўяй:

﴿مَا إِنَّ مَفَاتِحَهُ لَتَنُوءُ بِالْعُصْبَةِ أُولِي الْقُوَّةِ ﴾

«Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлиқ қиладиган нарсаларни ато этган эдик»− деди (Қасас: 76). Унинг хазинасининг калитларини паҳлавонлар ҳам осонлик билан кўтариша олмас − қийналишар эди. Калитлари шунчалар мўъжиза бўлган хазина қанча бўлиши мумкин, нима дейсиз?!

Ҳой иймон ва Қуръон эгалари, ушбу манзарадан сўнг Қоруннинг шуҳрати чор атрофга ёйилди ва тарихга ҳам кирди. Бироқ, у худди Фиръавн ва Ҳомон каби тарихнинг энг хунук дарвозасидан кириб, Қиёмат кунигача Аллоҳ таолонинг муқаддас Китобида мазаммат, хорлик, инкор ва нонкўрлик мангулиги билан зикр қилинди. Роббимиз Аллоҳ таоло шундай деди:

﴿وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا مُوسَى بِآيَاتِنَا وَسُلْطَانٍ مُبِينٍ إِلَى فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَقَارُونَ فَقَالُوا سَاحِرٌ كَذَّابٌ ﴾

«Аниқки, Биз Мусони, Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга юборганимизда, улар «(Бу Мусо) ёлғончи сеҳргардир», дедилар» (Ғофир: 23, 24).

Шундай қилиб, Қорун, Қиёмат кунигача молу давлати ибодат қилишига монеълик қилган барча инсон учун пешво бўлиб қолди. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ҳақида сўз юритар эканлар: «Ким у (намоз)ларни ўз вақтида ўқиса (улар) унга Қиёмат кунида нур, ҳужжат ва нажот бўладилар. Ким уларни ўз вақтида ўқимаса унга нур, ҳужжат ва нажот бўлмайди. У (одам), Қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ва Убай ибн Халаф билан бирга бўлади»− дедилар (Имом Аҳмад 6576). Аллоҳнинг ўзи бизга мададкор бўлсин!

Аллоҳнинг бандалари! Қоруннинг таржимаи ҳолига назар ташлар эканмиз, унинг бундай хунук пастлашликка қандай етиб борганини кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло айтди:

﴿إِنَّ قَارُونَ كَانَ مِنْ قَوْمِ مُوسَى ﴾

«Дарҳақиқат, Қорун – Мусонинг қавмидан эди»− деди (Қасас: 76).

Қоруннинг Мусо алайҳиссаломнинг қавмдоши, илк мусулмонлардан бири ва унга яқинликдан фойдаланган бўлиши мумкин, деган фаразни ҳам олиб келади. Ахир у:

﴿رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنزَلْتَ إِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ ﴾

«Парвардигорим, мен Ўзинг мен учун нима яхшилик (яъни ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман»− демаганмиди?! (Қасас: 24). Ҳолбуки, яхшиликларни Латиф ва Хабардор бўлган Аллоҳгина бермайдими?! Аллоҳ таоло:

﴿إِن تَكْفُرُواْ أَنتُمْ وَمَن فِي الأَرْضِ جَمِيعًا فَإِنَّ اللّهَ لَغَنِيٌّ حَمِيدٌ ﴾

«Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсалар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) беҳожат, ҳамду сано эгасидир»− демаганмиди?! (Иброҳим: 8).

Кофир бўлган одам бахтиқаро, шукрона келтирган−миннатдор бўлган одам эса бахтиёрдир. Талайгина одамлар борки, атрофларида мавжуд бўлган олим, солиҳ, фозил, тажрибали ва хайирсевар инсонлардан истифода этмай, пуч хаёллар уммонида сузиб юрадилар. Қорун ҳам Мусо алайҳиссаломдан истифода этиш ўрнига, унинг ва қавмининг ҳуқуқларига тажовуз қилди. Аллоҳ таоло буни:

﴿فَبَغَى عَلَيْهِمْ ﴾

«… ва уларга тажовуз қилди!» дея тасвирлади (Қасас: 76). Яъни, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилди, уларга қарши чиқди ва мутакаббирлик тўнини кийди. Тажовузларнинг энг каттаси – динга тажовуз, Аллоҳнинг динига қарши кураш, мусулмонлар, мусулмон пешволар ва даъватчиларни масхара қилишдир. Қорун, мана шундай аянчли кунларда молу давлатини одамларни фитнага солиш ва уларни Аллоҳнинг динидан тўсиш учун ишлата бошлади. Аллоҳнинг бандалари, Қорун унутган ёки бошқалар тарафидан унга унуттирилган нарса шу эдики, унинг бутун давлати, фаровонлиги ва имкониятлари Аллоҳ таоло тарафидан келар эди. Ахир Роббимиз:

﴿وَآتَيْنَاهُ مِنَ الْكُنُوزِ ﴾

«Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлиқ қиладиган нарсаларни ато этган эдик» демаганмиди?! (Қасас: 76). Бундан ташқари, атрофидаги олимлар ҳам унга шундай дейишган эди:

﴿وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ ﴾

«Ўшанда қавмдошлари унга: «Ховлиқмагин, Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас. Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму-зўравонлик билан) бузғунчилик килишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас», дедилар» (Қасас: 77).

Қорун эса уларга манқуртларча, ғурур ва ғафлат билан мутакббирона ва баралла:

﴿قَالَ إِنَّمَا أُوتِيتُهُ عَلَى عِلْمٍ عِندِي ﴾

«У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди» деган эди (Қасас: 78).

Бечора! У, Аллоҳнинг тақдири ёзилган ва ғолиб эканини унутди. У, ғофил эди. Эътиқодининг бузуқлиги боис молу мулкини билак кучи, истеъдоди ва тажрибаси билан топганини тушунди. Замондошларимиз ичида ҳам шунга ўхшаш ғофилларнинг сони оз эмас. Аллоҳ бизнинг мададкоримиз бўлсин!.

Кунларнинг бирида Қорун қавмдошлари ҳузурига зийнатлари, гўзаллиги ва ҳайратомуз кўринишида чиқиб келди. Унинг гўзаллиги, кийиниши, нишонлари ва бошқа нарсалари билан қавмдошлари фитнага тушиб, иккига бўлинишди. Уларнинг бир қисми дунё ҳаётини хоҳлаган ва уларнинг дунёбинликлари нақадар экани ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган эди:

﴿قَالَ الَّذِينَ يُرِيدُونَ الْحَيَاةَ الدُّنيَا يَا لَيْتَ لَنَا مِثْلَ مَا أُوتِيَ قَارُونُ إِنَّهُ لَذُو حَظٍّ عَظِيمٍ ﴾

«Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эх, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат у улуғ насиба эгасидир», дедилар» (Қасас: 79).                                   

Бундай одамларнинг сони озмунча эмас. Улар оқибатини аниқ билмай, давлатманд ва боён одамларнинг қасрлари ва мансабларига ҳасад ва умид кўзи билан боқадилар. Албатта, одамзотнингўзи учун бирон яхшиликни орзу қилиши ёмон нарса эмас. Бироқ, у − яхшилик, Аллоҳ таолони улуғлаш ва шукрона орзуси бўлиши керак.

Иккинчи қисм одамлар эса:

﴿وَقَالَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَيْلَكُمْ ثَوَابُ اللَّهِ خَيْرٌ لِّمَنْ آمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا وَلَا يُلَقَّاهَا إِلَّا الصَّابِرُونَ ﴾

«Илм-маъфират ато этилган кишилар эса: «Ўлим бўлсин сизларга! Иймон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! У (савобга) фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришурлар», дедилар» дедилар (Қасас: 80).

Ажабо, айрим замондошларимиз Қорунни ўша гўзаллик ва боёнлиги билан кўришса нима қилган бўлар эдилар?!

Ҳой мўъминлар, ҳар замон ва маконда илм аҳллари ичида Аллоҳнинг амрини амалга оширган, ёрдамсиз ташлаган ва мухолиф бўлганлар Аллоҳнинг амри келгунича зарар бера олмайдиган, одамларга насиҳатгўй, дунёнинг арзимас эканлигини тушунтирадиган, шаҳватлардан огоҳлантирадиган ва шубҳаларнинг асл моҳиятини очиб ташлайдиган одамлар гуруҳи мавжуд бўлади. Улар − Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғарибларга муждалар бўлсин!» деган пайтларида саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, ғариблар кимлар?,деб савол берганларида: «Улар – кўпсонли ёмон одамлар ичида яшаган, уларга итоатлисидан кўра итоатсизи кўп бўлган солиҳ одамлардир»− дея назар тутган ғариблардир (Имом Аҳмад 6650).

Сўнгра, ўткинчи лаҳзаларда, унинг эрта ва кечида ҳаддидан ошиб зулм қилган, (Аллоҳнинг таълимотларидан) воз кечиб кибр отига минган Қорунга исломий даъват етиб боргач, муқаррар натижа келди:

﴿فَخَسَفْنَا بِهِ وَبِدَارِهِ الْأَرْضَ فَمَا كَانَ لَهُ مِن فِئَةٍ يَنصُرُونَهُ مِن دُونِ اللَّهِ وَمَا كَانَ مِنَ المُنتَصِرِينَ ﴾

«Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) ютдирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ёрдам берадиган ўзга бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи хам ғолиблардан бўлмади» (Қасас: 81). Аллоҳнинг амри билан, Қорунни қилган гуноҳлари эвазига Ер ютди:

﴿فَكُلًّا أَخَذْنَا بِذَنبِهِ فَمِنْهُم مَّنْ أَرْسَلْنَا عَلَيْهِ حَاصِبًا وَمِنْهُم مَّنْ أَخَذَتْهُ الصَّيْحَةُ وَمِنْهُم مَّنْ خَسَفْنَا بِهِ الْأَرْضَ وَمِنْهُم مَّنْ أَغْرَقْنَا وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيَظْلِمَهُمْ وَلَكِن كَانُوا أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ ﴾

«Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга ютдирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар» (Анкабут: 40).

Қорун гўё бу дунёга келмагандек, Ернинг қорнига кирди. Бу, унинг одамларга қилган ғурури ва кибри бадалига берилган жазо эди. Аллоҳ таоло уни Ернинг устига эмас, остига мажбурлаб киритди. Чунки унинг қилмиши зўравонлик, ғурур ва бошқа ёмон ишлар эди.

(Шундай экан), дунёлари кўр қилиб, Аллоҳнинг махлуқлари, камбағаллар ва бечораларга манмансираган, одамлар устидан кулаётган кўплаб замондошларимиз, ўзларини кутаётган даҳшатли хотималаридан қўрқмайдиларми?!

Қорунни Ер ютгач, дунёбин одамлар шундай дедилар:

﴿وَأَصْبَحَ الَّذِينَ تَمَنَّوْا مَكَانَهُ بِالْأَمْسِ يَقُولُونَ وَيْكَأَنَّ اللَّهَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاء مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَوْلَا أَن مَّنَّ اللَّهُ عَلَيْنَا لَخَسَفَ بِنَا وَيْكَأَنَّهُ لَا يُفْلِحُ الْكَافِرُونَ ﴾

«Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилган кимсалар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб (Ўзи хоҳлаган бандаларининг ризқини) танг қилиб берар экан-да. Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (ерга) ютдирган бўлур эди. Воажаб, кофир бўлган кимсалар нажот топмас экан-да», деб қолдилар» (Қасас: 82).

Улар ўз кўзлари билан кўрган маҳалларида ҳар нарсани англаб етдилар. Бироқ, эй Аллоҳнинг бандалари, мўъминнинг қалби ҳушёрдир ва таъсирланиш учун жазоларни кутмайди. Аксинча, ҳаётини Қуръон дастури билан ҳамоҳанг давом эттиради. Мўъмин, Қуръон оятларини ўқийди, улар ҳақида тафаккур қилади ва билим олади. Демак, бойлик – Аллоҳга бўлган муҳаббатга, камбағаллик эса Аллоҳнинг бандасини хорлаган эканига ҳужжат бўла олмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿فَأَمَّا الْإِنسَانُ إِذَا مَا ابْتَلَاهُ رَبُّهُ فَأَكْرَمَهُ وَنَعَّمَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَكْرَمَنِ وَأَمَّا إِذَا مَا ابْتَلَاهُ فَقَدَرَ عَلَيْهِ رِزْقَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَهَانَنِ ﴾

«Бас, энди инсон қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол: «Парвардигорим (иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилди», дер. Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дер» (Фажр: 15, 16).

Аллоҳ таоло одамлар кўнглидаги бу шубҳага раддия бериб:

﴿كَلَّا ﴾

«Ҳеч қачон!» деди.

Бинобарин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай деганлар: «Аллоҳ ўртангизда ризқингизни бўлганидек, ахлоқларингизни ҳам бўлиб қўйган. Аллоҳ азза ва жалла дунёни суйган ва суймаган бандаларига ҳам бераверсада, динни фақатгина суйган бандасига беради. Аллоҳ таоло кимга динни берган бўлса, албатта уни суйгандир!» (Имом Аҳмад 3672).

Аллоҳу акбар! Бу, қандай меъёр ва қандай буюклик! Буни бахтиёрликлари, дунёдорликлари ва ишбилармонликлари учун дунёни эмас, Аллоҳни улуғлаш, Аллоҳнинг муҳаббати ва Аллоҳнинг динига риоя қилишни меъёр қилиб олмаган ҳар қандай ҳушёр оқил ва тирик қалб эгалари тушуна олади. Бу – оқил инсон топса ҳам, топа олмаса ҳам безовта бўладиган энг буюк нарсадир.

Сизлар эшитган бу гапларни айтиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўрайман. Шундай экан, сизлар ҳам мағфират сўранглар!

Иккинчи хутба

Аллоҳга олий мартабасида ҳамду санолар, расули ва сара бандасига салавоту саломлар бўлсин!

Сўнг …

Аллоҳнинг бандалари! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг бойликларига кўра бир неча синфга бўлинишларини айтиб бердилар. Улар (қуйидагилардир):

«Аллоҳ мулк берган бўлса ҳам, билим бермаган (одам). У, мулкида билимсиз тентираб, Роббисидан тақво қилмай тасарруф этади, қариндош−уруғлари билан алоқа қилмайди ва унда Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билмайди. Бу – энг ёмон мақомдир» (Имом Аҳмад 18194, Термизий 2325).

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боёнлик ҳаётини яшамаган, мутакаббирлик қилмаган бўлсада, қилмаган иши учун сарҳисоб қилинадиган ажойиб камбағал синфни ҳам зикр қилдилар. Улар, ўзлариниг бойликлари билан манмансираган юқоридаги одамлар сингари гуноҳкордирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига қулоқ солинглар: «Аллоҳ билим берган бироқ бойлик бермаган ва чин юракдан: Агар менинг бойлигим бўлса эди, фалончидек амал қилардим, дея нийят қилган банда. У ўз нийяти биландир ва ҳар иккаласининг ажру савоби бир хилдир» (Имом Аҳмад 18194, Термизий 2325).

Демак, нийят ўта муҳим нарсадир. Аллоҳнинг бандалари, шу боис, барчамиз ҳар бир ишимизда Аллоҳга бўлган нийятимизни янгилашимиз керак!

Сўнгра, Аллоҳ таоло Қорун ҳикоясини охират аҳлининг сифатларини баён қилиш билан тугаллади:

﴿تِلْكَ الدَّارُ الْآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لَا يُرِيدُونَ عُلُوًّا فِي الْأَرْضِ وَلَا فَسَادًا وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ ﴾

«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас: 83). Бу:

﴿وَقَالَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَيْلَكُمْ ثَوَابُ اللَّهِ خَيْرٌ لِّمَنْ آمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا ﴾

«Илм-маъфират ато этилган кишилар: «Ўлим бўлсин сизларга! Иймон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! …» деб айтган каломининг таъкидидир (Қасас: 80).

Молдор ва мансабдор кимсалар ўтиб кетдилар ва улардан кейингилар ҳам ўтиб кетадилар. Фақатгина, тақво қолади. Тақвогина, одамзотнинг Охират ва Аллоҳ таолога дуч келиш учун тайёрлаган ҳақиқий зоди−таъминотидир.

Ҳой Аллоҳнинг бандалари, хутбамни халифалик замонида Машриқу Мағрибга ҳукм қилган Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳунинг ҳаёти билан тугатмоқчиман. У ўлим тўшагида ётар экан, ҳузурига амакиваччаси Маслама ибн Абдулмалик раҳимаҳуллоҳ кириб келди ва: Ҳой амирулмўъминийн, бирон нарса қолдирмай камбағал ўлароқ ташлаб кетаётганингиз кўпсонли фарзандларингизга васият қилмайсизми?,− деди. Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу унга жавобан: Уларга васият қилиш учун ўзим бирон нарсага эга бўлишим керак−ку?! Ёки сиз менга фарзандларим учун мусулмонлар молидан васият қилишимни таклиф қилаяпсизми? Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мен уларнинг молидан бирон нарсани бермайман! Болаларим икки кишидан бири бўладилар: ё солиҳ одам бўладилар ва Аллоҳ уларни ўз паноҳига олади, ёки, солиҳ бўлмайдилар ва мен уларга гуноҳ ишларда ёрдамчи бўладиган нарсани ташлаб кетмайман!,− деди. Сўнгра фарзандларига боқиб, уларнинг эгнидаги оҳори тўкилган эски кийимларини силаб, ёшга тўлган кўзлари билан болаларининг юзларига боқди ва: Фарзандларим! Отангизга икки нарсадан бирини танлаш ихтиёри берилди: ё сизлар боён бўлиб, оталарингиз жаҳаннамга кириши, ёки, сизлар камбағал бўлиб, оталарингиз жаннатга кириши керак эди. Болаларим, Аллоҳ сизларни ўз паноҳида асраб, ризқларини берсин! Мен ишларингизни Аллоҳга топширдим. У солиҳ инсонларга йўл кўрсатувчидир!− деб, оила аъзоларига: Менинг олдимдан чиқинглар!,− деди. Улар чиқа бошлашди. Эшик олдида ўтирган амакиваччаси Маслама ибн Абдулмалик ва синглиси – солиҳа жувон Фотима раҳимаҳумаллоҳлар Умар ибн Абулазиз разияллоҳу анҳунинг фаришталарни назарда тутиб: Инсу жинга ўхшамаган юзлар, хуш келдингиз!,− деб:

﴿تِلْكَ الدَّارُ الْآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لَا يُرِيدُونَ عُلُوًّا فِي الْأَرْضِ وَلَا فَسَادًا وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ ﴾

«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас: 83) оятини ўқиганини эшитдилар.

Аллоҳу акбар!

Аллоҳнинг бандалари, дунёнинг ўтиши тез, заволи эса ундан тез! У билан ғофил ва манмансираган одамларгина ғурурланишади! Шундай экан, Аллоҳим, дунёнинг биз учун катта қайғу, билимимиз ғояси ва оқибатимизни жаҳаннам қилма ҳамда диёримиз ва қароргоҳимизни жаннат қил!

 

Ирқчилик эмас, исломий биродарлик … (Шайх Носир Алий Ғомидий)

Ирқчилик эмас, исломий биродарлик …

 

Хатиб: Шайх Носир Алий Ғомидий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: لاَ عَصَبِيَّةَ بَلْ أُخُوّةٌ إِسْلاَمِيَّةٌ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).

Сўнг …

Мусулмон биродарлар, Ислом дини ифлос ижтимоий касаллик, нобуд қилгувчи вирус, халқларни қирувчи саратонга қарши аёвсиз курашди. Чунки, унинг оқибатлари даҳшатли, натижалари хатарли эди. У ─ ирқчилик, маҳаллийчилик, қабилачилик, миллатчилик, тоифачилик, минтақачилик, мазҳабчилик, ҳизбчилик, жоҳилият наъралари, насаблар билан гердайиш ёки насабларни таҳқирлаш эди.

Ҳой мусулмон, сиз кечаю кундуз ҳайратомуз чақириқларни эшитасиз. Бу чақириқлар ё ҳажв ва ҳақорат ёки фахру гердайиш услубида бўлади: Эй, саудиялик! Эй, мисрлик! Эй, кўрфазлик! Эй, суданлик! Эй, суриялик! Эй, ҳиндистонлик! Эй, покистонлик! Эй, бангладешлик! Эй, явалик! Эй, ғомидлик! Эй, заҳронийлик! Эй, жийзалик! Эй, қасимлик! Эй, наждлик! Эй, ҳижозлик! Эй, қабиладошим! Эй, хазийрлик! Ва бундан бошқа кўплаб лақаблар … Агар бу лақабларни танитиш ва бошқалардан айириб туриш мақсадида айтилса, зарари йўқ. Бироқ, фахрланиш, гердайиш, камситиш ва айблаш учун истеъмол қилинса, жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ ﴾

«Аллоҳ барча—кибр-ҳаволи —мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон: 18);

﴿ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ ﴾

«Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни мўмин кишининг юқорида манъ қилинган фосиқона ишлар би­лан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар» (Ҳужурот: 11).

Ҳой, одамлар!

Ҳой, Одам зурриётлари!

Ислом дини одамлар ўта гумроҳ бўлган даврда келди. Аллоҳ таоло Ислом дини воситасида башариятни зулматлардан нурга, жабру зулмдан адолатга, бузуқ эҳтиқодлардан соғлом эътиқодга, разил ахлоқлардан гўзал ахлоқларга олиб чиқди.

Ислом ўзи келган пайтдаги башариятда мавжуд бўлган айрим олийжанобликлар: мусибатланганга ҳамдардлик, меҳмонга иззат кўрсатиш, мазлумга ёрдам бериш каби қатор хислатларни қувватлади ва уларга рағбатлантирди: «Мен солиҳ ахлоқларни тўкис қилиш учун жўнатилдим» (ал─Адабул Муфрад 273).

Ислом келганида жоҳил халқларнинг қабиҳ одатлари ҳам бор эди. Жоҳилият даврида ботилга асосланган ирқчилик ва қабилачилик хулқи мавжуд эди. Ислом келгач бу ахлоқлардан одамларни нафратлантирди ва ушбу қабиҳ ишни ҳайратомуз шаклда тасвирлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қавмига ноҳақ ишларда ёрдам бермоқчи бўлган одамнинг мисоли қудуққа тушган ва думи билан чиқарилишга ҳаракат қилинаётган туянинг мисолига ўхшайди» (Имом Аҳмад 3801). Бу ҳадиснинг санади саҳиҳдир.

Ҳадиснинг маъноси: мутаассиб одам йиқилиб ботқоқликка тушган ва думидан тортилиб, қутқарила олмаган туя каби ҳалок бўлиб, гуноҳ балчиғига ботади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ноаниқ байроқ остида ирқ учун жанг қилган ёки ирқчиликка чорлаган ёхуд тарафкашликка чақирган одам ўлдирилса, жоҳилият ўлими билан ўлган бўлади» (Имом Муслим ривояти). «Ноаниқ» сўзидан мақсад, йўналиши аниқ бўлмаган, демакдир.

Ҳа, Аллоҳнинг бандалари, Ислом дини келганида қабилалар бир–бирини қиришар, камситишар, ҳамма ўз қабиласи манфаати учун курашар, унинг қувончи билан қувониб, ғазабига қараб аччиқланар эди. Унинг тўғри ёки нотўғри йўлда экани ўз қавми, қабиласи ва минтақасига қараб белгиланарди. Унинг аҳволи шоир айтганидек эди:

Мен Ғузайялик эмасманми,

Адашса адашганман, адашмаса адашмаган!

Лекин Ислом: «Ирқчиликка чорлаган биздан эмас!»─ дея қарорлаштирди, қоидаларни қўйиб, асосларни белгилади. Ислом қўйган қоидалардан бири арабнинг ажамга тақво билангина устунлигидир. Жобир разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ташриқ кунларининг ўртасида Видолашув хутбасини ирод қилдилар ва: «Ҳой одамлар, Роббингиз ягона, бобокалонингиз биттадир! Унутмангиз, арабнинг ажамга, ажамнинг арабга, қизил (танли)нинг қора (танли)га, қора (танли)нинг қизил (танли)га тақво билангина устунлиги бордир. Аллоҳнинг даргоҳида энг ҳурматлироғингиз ─ тақводорроғингиздир. Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!»─ дедилар. Саҳобалар: Ҳа, ё Расулуллоҳ!,─ деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Буни) бу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин!»─ дедилар (Имом Аҳмад 23884). Саҳиҳ ҳадис.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилинган кунда хутба қилдилар ва дедилар: «Ҳой одамлар, Аллоҳ сизлардан жоҳилият кибри ва оталар билан фахрланишни кетказди. Одамлар икки тоифадир: Аллоҳ учун ҳурматли бўлган тақводор ва эҳсонли ҳамда Аллоҳ учун хор ва бахтиқаро фожир. Одамзотнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратди. Аллоҳ айтди:

﴿ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِير ﴾

«Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13)» (Термизий 3270). Ҳасан ҳадис.

Ҳой мусулмонлар, тарафакашлик ва ҳизбчилик жоҳилият хислатларидандир. Бир марта Абу Зарр разияллоҳу анҳу бир йигитни онаси туфайли камситди. Бунинг дараги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борганида: «Ҳой Абу Зарр, сен уни онаси сабабли айбладингми?! Сен жаҳолат бўлган одамсан!»─ деб дашном бердилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, сенда ҳануз жоҳилият даврининг асоратлари қолмиш.

Чунки араблар аждодлари билан фахрланишар ва насабларни камситишар эди. Ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жоҳилият ишининг тўрттаси умматимда бўлади ва уларни тарк қилмайдилар: насаблар билан фахрланиш, насабларни камситиш, юлдузларга қараб ёмғир тилаш ва гўяндалик» (Имом Муслим 2203).

Ислом, диний ришталарни қуриш ва эҳтиқод асосларини ёйишга ҳаракат қилди. Чунки шугина одамлар итоат руҳи билан бирлашадиган алоқа эди. У алоқа қон, насаб, ер, шаҳар, халқ, жинс, ранг, тил, касб, жамоа, тоифа, ҳизб ва жамият алоқаси эмас эди.

Бу эътиқод румлик Суҳайб билан ҳабаш Билолни, форс Салмон билан араб Абу Бакрни ягона байроқ ─ Ислом байроғи остида бирлаштирди ва бунинг оқибатида барча наъра ва ирқчиликлар эриб йўқ бўлди.

Эътиқодли ва иймонли биродарлар, умматнинг мураббий ва йўлбошчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим ва тарбия бериб, барча авлодларнинг энг афзали бўлган ансор ва муҳожирларга: «Ирқчиликни қўйинглар! Чунки у сассиқ нарсадир!»─ дедилар (Имом Бухорий 4905). Бу сассиқ нарса нима эди?! Ансорлардан бирининг: Ҳой, ансорлар!,─ деб чақириши ва бунга жавобан муҳожирнинг: Ҳой, муҳожирлар!,─ деб раддия бериши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни эшитиб: «Жоҳилият чақириқлари нима қилаяпти?!», деб сўрадилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, муҳожирлардан бири ансорлардан бирининг кетига урибди, дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ирқчиликни қўйинглар! Чунки у сассиқ нарсадир!»─ дедилар (Имом Бухорий 4905). Бу ҳадис икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида келтирилган.

Ҳақиқатан ҳам у сассиқ нарсадир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу сассиқлик тугаб, ирқчилик наъралари сўнди ва миллатчилик ифлослиги пардаланди. Ўша пайтдан буён шариатни ижро қилаётган Ислом ўлкаси, мусулмоннинг бепоён давлатига айланди. Эътиқод тарафкашликни, диний ришта эса ирқчиликни эритиб йўқотди. Мусулмоннинг биродарига бўлган алоқаси ўта мустаҳкамлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир─бирингизга ҳасад қилмангиз, бир нарсани олиш нийятида бўлмай, бошқалар учун (молнинг) баҳосини орттирмангиз, бир─бирингиздан нафратланмангиз, бир─бирингизни ташлаб қўймангиз, бировингиз бошқасининг савдоси устига бай очмасин ва эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир: унга зулм қилмас, уни ёрдамсиз ташлаб қўймас ва таҳқирламас! Тақво шу ерда!»─ деб кўкракларига уч марта ишора қилдилар ва: «Кишига мусулмон биродарини таҳқирлаши ёмонлик нуқтаи назаридан етарлидир. Ҳар бир мусулмоннинг мусулмонга қони, моли ва номуси ҳаромдир»─ дедилар (Имом Муслим 6706).

Аллоҳ таоло менинг ва сизларнинг устингиздан баракотларини ёғдирсин …    

Иккинчи хутба

Яратиб, тенг қилган, ўлчаб, ҳидоятлаган Олий Аллоҳга ҳамду санолар, танланган Пайғамбарга, Унинг оиласи, асҳоблари ва издошларига салавоту саломлар бўлсин!

Сўнг …

Мусулмон халқлар ўртасидаги диний биродарлик ─ умматни унга қарши ҳар он ҳушёр турган мунофиқ ва кофир душманларига қарши бирлаштириб, яхлитлаштирадиган мустаҳкам риштадир. Аллоҳ таоло мусулмонлар қалбини бирлаштирганини пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга лутф қилиб, шундай деди:

﴿ هُوَ الَّذِي أَيَّدَكَ بِنَصْرِهِ وَبِالْمُؤْمِنِينَ وَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ لَوْ أَنْفَقْتَ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مَا أَلَّفْتَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَكِنَّ اللَّهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ إِنَّهُ عَزِيزٌ حَكِيم ﴾

«У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган зотдир. Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир» (Анфол: 62, 63).

Аллоҳ таоло бу лутфини барча мусулмонларга: эркагу аёлларга ҳам қилди:

﴿ وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُولَئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيم ﴾

«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 71).

Ҳой Аллоҳнинг бандалари, исломий биродарликдан динимиз душманлари сиқилдалар. «Парчала, ҳукмрон бўласан!» қоидаси асосида умматнинг шавкати ва қудратини йўқотиб, мағлуб қилиб, устидан ҳукмрон бўлишни осонлаштириш учун унинг ришталарини узиб ташлаш ва ўртада парчаланиш омилларини ёйиш учун ҳаракат қилди.

Оммавий ахборот воситалари, ёлғон хабарларни ёйиш, кичик нарсани катта, катта нарсани кичиқ қилиб кўрсатиш ─ бу бобдаги энг ашаддий воситалардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло сақлаган Оммавий ахборот воситаларидан бошқалари, афсуски, вайрон қилувчи кучга айланиб, фитна, нафрат, тарқоқлик ва мусулмонлар ўртасидаги низо оловларини кучайтирмоқда.

Аслида ҳам урушлар оловини ёқадиган ва халқларни паралайдиган кимсалар бо. Аллоҳ таоло уларни тавсифлаб шундай деган:

﴿ كُلَّمَا أَوْقَدُوا نَارًا لِلْحَرْبِ أَطْفَأَهَا اللَّهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الْأَرْضِ فَسَادًا وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ ﴾

«Улар қачон (Сизга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда бузғунчилик қилиб юрурлар. Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас» (Моида: 64).

Ҳозирги кунда сионистлар, ғайри муслим миллатлар, истаклар, адашган идеологиялар ва адашган гуруҳлар мусулмонлар ─ аҳли суннат ва исломий шариатни ҳаётга татбиқ қилиш, тавҳид ва муҳаммадий суннатни ёйиш учун сафарбар бўлган даъватчиларни қоралаш учун жиззаки ҳамла ва маккорона режалар тузишмоқда. Афсуски, душманларнинг бу тузоғига айрим мусулмонлар ҳам тушиб, чўчпчакларни айтиб, давлатлар ва халқлар ўртасида шу режаларни тузган кофирлар манфаати учун тер тўкмоқдалар. Бундай инсонларда ақл ва мусулмоннинг виждони йўқми?! Ҳалокатга олиб борувчи тарафкашликдан огоҳ кимсалар қаерда қолди?! Наҳотки, мусулмонлар орасида бу тирқишни суваб, ихтилофларни йўқотадиган кимса топилмаса?! Ахир:

﴿ إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون ﴾

«Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 10).

Ҳой, мусулмон ва ҳой, муборакли биродар! Тарафкашликдан, жумладан, ирқ, қабила, ҳизб, мазҳаб, футбол жамоаси ва жоҳилий тарафкашликлардан бутунлай воз кечинг! Агар фахрланмоқчи бўлсангиз Ислом дини билан фахрланинг! Ислом дини сизга нисбатан барча нарсадан устун турсин! Ўзингизнинг одамзот ва Аллоҳнинг митти махлуқларидан бири эканингизни ҳеч қачон унутманг!

Агар сиздан: Кимсиз?,─ деб сўралса: Мен мусулмонман!,─ деб жавоб беринг:

﴿ إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون ﴾

«(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» (Фуссилат: 33). Ва айтинг:

﴿ هُوَ سَمَّاكُمْ الْمُسْلِمينَ ﴾

«(Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги мукаддас китобларида) ҳам мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади» (Ҳаж: 78).

Агар кимдан ўрнак олаётганингиз ҳақида савол берилса,

﴿ لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ ﴾

«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21) деб жавоб беринг.

Мазҳабингиз ва йўлингиз ҳақида савол берилса:

﴿ قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ ﴾

««Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» деб айтинг» (Юсуф: 108).

Агар сизни безаб турган либос ҳақида сўрасалар:

﴿ وَلِبَاسُ التَّقْوَى ذَلِكَ خَيْرٌ ﴾

«Тақво либоси (барча либосдан кўра) яхшироқдир»─ деб айтинг (Аъроф: 26).

Агар мақсадингиз ва матлабингиз ҳақида сўрасалар:

﴿ إِنَّا نَطْمَعُ أَنْ يَغْفِرَ لَنَا رَبُّنَا خَطَايَانَا أَنْ كُنَّا أَوَّلَ الْمُؤْمِنِينَ ﴾

«Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз»─ деб айтинг (Шуъаро: 51).

Насабингиз ҳақида савол берилса шундай денг: Салмон Форисий разияллоҳу анҳуга насаби ҳақида савол берилганида:

Отам ─ Исломдир, ундан бошқа отам йўқ,

Одамлар Қайсу Тамим қабиласи билан фахрланса ҳам,─ деб жавоб берган.

Мўъминлар ўртасидаги дўстлик, Ислом ва иймон воситасида бўлади. Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу айтди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Огоҳ бўлингиз! Отамнинг хонадони, яъни фалончилар, менга дўст эмаслар.Менинг дўстларим Аллоҳ ва солиҳ мўъминлардир»─ дея баралла айтганларини эшитганман (Муттафақун алайҳ).

Шундай экан, Аллоҳ таолодан тақво қилиб, охиратдаги ҳолимиз ҳақида фикр юритайлик:

﴿ فَإِذَا نُفِخَ فِي الصُّورِ فَلَا أَنسَابَ بَيْنَهُمْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَتَسَاءلُونَ ﴾

«Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар» (Мўъминун: 101).

Шу боис жоҳилий наъраларга чорлаётган кимсаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг энг саралари бўлмиш саҳобаларга: «Уни қўйинглар! У ─ сассиқ нарсадир!» деган гаплари билан ҳамда: Исломда ирқчилик йўқ, исломий биродарлик бор!, дея раддия берайлик.

Аллоҳнинг бандалари, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар айтингиз! Чунки Роббимиз бизга буни амр қилган:

﴿ إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيماً ﴾

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади!»─ деганлар (Насоий 1297).

Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлмиш Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва Унинг пок оиласига салавот, салом ва баракотлар ёғдир! Аллоҳим, хулафойи рошидийнлар, барча саҳобалар ва уларга яхшилик билан издош бўлганлардан рози бўл!

Аллоҳим, Ислом ва мусулмонларни азиз, ширк ва мушрикларни хор, дин ҳавзасини ҳимоя қил! Уммат ва Ислом динининг душманларини пароканда қил!

Аллоҳим, бизни ўлкамизда хотиржам қил! Диний ва сиёсий раҳбарларимизни ислоҳ айлаб, уларга солиҳ ва самимий инсонларни маслаҳатчи қил! Улардан бузғунчи ва кин сақлаган маслаҳатчиларни йироқ қил!

Аллоҳим, бу Умматни тоат ва ибодат қилганлар азиз, гуноҳкорлар эса хор бўладиган, амру маъруф ва наҳий мункар қилинадиган муҳит сари етакла! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодирсан!

Аллоҳим, мусулмонлар жамиятини барча фаҳшу разолатдан ва мусулмонларга ёт хулқу атвордан тозала!

Аллоҳим, барчамизга самимй тавба қилишни лутф эт!

Аллоҳим, эй Оламлар Робби! Мусулмонларнинг аҳволини ислоҳ эт ва уларни ҳақиқат узра бирлаштир!

Аллоҳим, раҳбарларимиз ва етакчиларимизни ислоҳ айла ва уларни Ислом шариатини татбиқ қилишларида омад бер! Аллоҳим, уларга бандалар ва ўлканинг диний ва дунёвий манфаатлари, дунё ва охиратдаги саодатлари бўлган ишларга муваффақ айла! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодир Зотсан!

Роббимиз, биз ўз жонимизга жабр қилдик! Агар Сен мағфират ва шафқат қилмасанг биз зиёнкорлардан бўламиз!

Аллоҳим, бизни ва биздан илгари бу оламдан иймон билан ўтган мўъмин биродарларимизни мағфират қил ва қалбимизда мўъминлар учун кину адоват қўйма! Дарҳақиқат, Сен меҳрибон ва шафқатлисан!

Роббимиз, Бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар инъом айла ва жаҳаннам оташидан асра!

 


Чақимчиликнинг хатари (Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд)

Чақимчиликнинг хатари

Хатиб: Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд, Масжидул Ҳаром имоми ва хатиби

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: خُطُورَةُ النَّمِيمَةِ


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, У, илтижо қилганларни умидларидан кўпроқ нарсаларга етказади, тилаган кимсаларга тилакларидан кўра кўпроқ неъматларни ато этади. Мен тавба–тазарруъ қилганларга афву мағфирати ва қабулини дариғ тутмайдиган Аллоҳга ҳамду санолар айтаман ва «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига» Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган бандадек гувоҳлик бераман. Ҳамда «Саййидимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлиб, ҳидоят йўлларини кўрсатган, динни асос ва фуруъотлари билан етказган» эканига шаҳодат келтираман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг Роббиларининг шариатини камоли ва шомиллиги билан барпо қилишган оиласи ва асҳобларига ҳамда улардан сўнгра уларга эргашган тобиинларга кўплаб салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Ҳой мусулмонлар, сизларга ва ўзимга Аллоҳ таолодан тақво қилишни тавсия этаман. Бас, Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, Аллоҳдан қўрқинглар! Жамиятдаги ўзгаришлар ибратларга тўладир. Умрингиз тугашидан илгари нажотингиз ҳақида ўйланинг! Ўтган кунлар авлодидан ибрат олинг! Мозорда ётганлардан ҳолини сўранг! Оқил – оқибатларни кузатган инсондир. Ёшлигида ўлмаган одам, ўлим тузоқларига қариганида тушади. Бу дунёда қолганларга ўлиб кетганлар аччиқ ибратдир.

Ҳой Аллоҳнинг бандаси, яхшилик қилмоқчи бўлсангиз шошилинг! Чунки кунлар ўтиши билан, ўлим умр арқонини битта–битта ечмоқда. Охиратдан қайтишнинг имкони бўлмаганидек, нафсу ҳаво мастлигидан ҳам қутилиш осон эмас.

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُلْهِكُمْ أَمْوَالُكُمْ وَلَا أَوْلَادُكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَأُولَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ • وَأَنْفِقُوا مِنْ مَا رَزَقْنَاكُمْ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ فَيَقُولَ رَبِّ لَوْلَا أَخَّرْتَنِي إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ فَأَصَّدَّقَ وَأَكُنْ مِنَ الصَّالِحِينَ • وَلَنْ يُؤَخِّرَ اللَّهُ نَفْسًا إِذَا جَاءَ أَجَلُهَا وَاللَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ﴾

«Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргучи кимсалардир! Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам», деб қолишдан илгари — Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун: 9 – 11).

Ҳой мусулмонлар, бир оғир ва хатарли касаллик бўлиб, унинг дастидан фасодлар урчиди, юраклар қон йиғлади, жигарлар тирналди, қариндошлик боғлари узилди, бегуноҳ инсонлар ўлдирилди, хотинлар талоқ қўйилди, покдомон аёлларга туҳмат қилинди, номуслар тўкилди, оилалар парчаланди, уйлар хонавайрон бўлди, ҳатто, фитналар олов олди, шахс, жамият, ўлка ва минтақа даражасида наъралар кўтарилиб алоқалар бузилди, бадгумонлик кўпайди. Бу касалиик «ижодкорлари» сулҳга ўрин, дўстликка макон қолдиришмади.

Бу касаллик – қалб учун хатарли, тил учун офат ва жамият учун вабодир. Асримиз ўзининг матбуоти, коммуникацияси ва нақлиётлари билан унинг ёйилиши, таъсирининг кучайишига катта ёрдам берди. Аллоҳнинг бандалари, бу касаллик қайси касаллик эканини биласизларми? У, гап ташиш – чақимчилик касалидир. Яъни, одамлар ўртасини бузиш мақсадида гап ташиш, гина уруғларини экиш, адоватни кучайтиришдир.

Чақимчилик – хиёнатнинг боши ва ёмонликнинг пойдеворидир:

﴿وَلَا تُطِعْ كُلَّ حَلَّافٍ مَهِينٍ • هَمَّازٍ مَشَّاءٍ بِنَمِيمٍ • مَنَّاعٍ لِلْخَيْرِ مُعْتَدٍ أَثِيمٍ • عُتُلٍّ بَعْدَ ذَلِكَ زَنِيمٍ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни манъ қилгувчи — бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-хароми кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10 – 13).

Кетма–кет саналган сифатлар … Бу хислатларнинг бири иккинчисидан баттар … Қасамхўр … У, кўп онт ичади. Чунки унинг ўзи кўнглида ишончсиз ва одамлар ҳам ундан доимо шубҳаланишади. Унга ишонишмайди. У кўринишидан салобатли турсада, аслида тубан ва пасткашдир. Чунки у, ўзини кўнглида ҳурмат қилмайди ва бошқаларни қадрламайди. Обрўли, давлатманд ва олифта инсон бўлсада, тубанлик – ички кечинмадир.

Ғийбатчи–ю, гап ташувчи … Турган жойидан масхара қилади, тили ва ишоралари билан киноя қилиб, ғийбатдан бош кўтармайди.

Жўмард, севги улашувчи бўлиши у ёқда турсин, ўзидаги ва бошқалардаги яхшиликларга бахиллик қилади … Ҳақиқат, адолат ва инсоф чегараларидан тажовуз қилиб ўтади. Ҳаром ишларни қилиб, маъсиятлар ботқоғида юради.

Қўпол, бағритош, одамлар суймаган … Марҳамати кинояли, сохта меҳрибон.

Бенасаб–ҳароми, одамларни қийнаш, ёмонлик ва адоват уруғларини экишни суйган садист …

Азизлар, чақимчи икки юзли бўлиб, буларга биринчи, уларга иккинчи юзи билан қарайди. Вазият ва манфаатларга қараб буқаламунлик қилади. Уни ҳар бир ҳаракатига ичидаги нафрат, адоват, разил ва бадбахт инсонларга ўртоқлик ёки одамлар оғзидан тушмаслик ёхуд одамларни обрўсини тўкиш билан ўтиришларни «зийнатлаш» ёда ўзи тилга олган одамлар бошига ёмонлик келишини хоҳлашгина ундайди.

Чақимчи ўзини унутади ва бошқаларнинг айбини ахтаради. Уларда яхшиликни кўрса жим туради, ёмонликни кўрса ошкора қилади. Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кўрмаса, ёлғонлар отига минади. Ёлғонлар оти эса «Шундай дейишаяпти!»дан бошқа нарса эмасдир! Бу қандай ёмон от–а!

Чақимчилар – бошқаларнинг дунёси учун динларини, Аллоҳнинг ғазаби эвазига одамларнинг розиликларини сотиб олган, одамларни ҳоли жонига қўймай Аллоҳдан қўрқмаган, Умматнинг бошига келаётган балоларга, омонатнинг йўқолишига, номусларнинг булғанишига лоқайд бўлган инсонлардир.

Чақимчининг тили ширин ва қалби оташ бўлиб, бир соат ичида сеҳргар бир йилда қила олмаган бузғунчиликларни қилади. У, на салобатни ва на мурувватни билади. Шунинг учун ҳам гуноҳ, маъсият ва хатолар юкини кўтариб юради. Шу боис ҳам ҳадисда: «Чақимчи жаннатга кирмайди»– деб бежиз айтилмаган. Бу – Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисдир (Имом Муслим 303: Имом Аҳмад 23714).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кунларнинг бирида) икки қабрнинг олдидан ўтдилар ва: «Бу иккиси азобланаётган бўлсаларда, катта гуноҳлар сабабли азобланмаяптилар», (Ўша лаҳзада ваҳий келгач эса): «Ҳа, у катта гуноҳдир. Улардан бири чақимчилик қилар эди. Бошқаси эса бавли (сийдиги)дан эҳтиёт бўлмас эди»– дедилар (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий 218).

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ««Азаҳ» нима эканини биласизларми? У, одамлар ўртасида айтилган чақимчиликдир!» деганлар (Имом Муслим 6802).

Бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилган: «Қиёмат кунида Аллоҳнинг даргоҳида одамларнинг энг ёмони у (одам)га бир юзи, бу (одам)га бошқа юзи билан борадиган иккиюзламачи эканини кўрасиз» (Имом Бухорий 6058; Имом Муслим 6615).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Чақимчи – одамларнинг энг бадбахтидир»– деган.

Ислом Уммати чақимчилик ҳаром эканига ижмоъ қилган. Шу боис, чақимчилик – гуноҳи азим ва катта гуноҳларнинг каттароғидандир. Ҳадисда бу ҳақда: «Аллоҳ бандаларининг энг ёмонроғи – чақимчилар: дўстлар ўртасини бузганлар ва бегуноҳ инсонларга зино айбини ёпиштирмоқчи бўлганлардир», дейилган (Имом Аҳмад 18027).

Биродарлар, чақимчилик ёлғон, ҳасад ва мунофиқликка асосланади ва у, тубан хорликдир. Унга унинг қабоҳат, мазаммат ва ёмонлик экани кифоядир.

Чақимчилик фазилатлар заракунандаси бўлиб, ўзаро алоқаларни емиради. У тил, ёзув, шакл, ишора ва имолар билан амалга ошади.

Биродарлар, чақимчилик оилалар ва эру хотин ўртасига кириб, обод хонадонларда ёнғинлар келтириб чиқаради. Обрўли оилалардаги алоқаларни бузади, кўнгилларни емиради, қариндошлик алоқаларини узади. Давлат мулозимлари, масъуллари ва ишбилармонлар орасига кириб зиёнлар келтиради, лойиқ бўлган молиявий ва хизмат ваколатларига путур етказади.

Давлат арбоблари, эътиборли кишилар ва олимлар динга лоқайд, омонатга эътибори йўқ, одамларни Аллоҳнинг ғазаби билан рози қиладиган кимсалар билан бирга ўтиришдан эҳтиёт бўлсинлар! Бундай жаноблар ўзларига етказилаётган ёки айтилаётган хабарларни синчиклаб текширсинлар. Акси тақдирда, тамаъгирлар кўпайиб, бегуноҳ инсонлар бошига мусибатлар келади, бечора халқнинг моли ноҳақ ейилади.

Ўта диққат қилиниши керак бўлган мавзу эса, оммавий ахборот воситалари тарқатаётган ва журналистлар: «Фалончи айтди», «Фалончи хабар берди», «Фалончи кўрди!» дея ёзаётган нарсалардан эҳтиёт бўлиш керак. Айрим матбуот органлари ҳамда маълумот ва ижтимоий тармоқлар амалга ошираётган ва «Иловалар», «Таҳрирлар», «Хабарлар», «Таъқиблар» ва «Ҳодисалар» рукни остида ёзилаётган мақолалар чақимчилик, воқеъаларни бевосита ёки билвосита қоралаш ва масхаралаш билан фитна ёнилғисига айлантириш, минтақавий, мазҳаб ва сиёсий наъраларни чеки бўлмаган гумону ёлғонлар билан қўзғашдан бошқа нарса эмасдир.

Курашлар, фитналар, тангликлар ва миш–мишлар кўпайган пайтда ишлар чигаллашади ва фитна олови кучаяди. Бундай пайтларда эҳтиёт чораларини кўриш лозим. Чақимчилик руҳидаги бундай гап ва иловаларнинг, Ер куррасининг чот атрофига бир лаҳзада етиб боришини билишингизнинг ўзи кифоядир. Ҳолбуки, золимона қоида: «Ғоялар воситаларни оқламоқда», демоқда. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!

Мусулмонлар жамоати, чақув олиб келинган ёки чақимчининг ҳузурида ўтирган ёки эшитган одам, чақимчини тасдиқламаслиги керак. Чунки, чақимчи фосиқ одамдир. Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда шундай деган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ﴾

«Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот: 6). Бундан ташқари чақимчиликдан нафратланиш шарт. Чунки у, катта гуноҳларнинг каттароғи қаторига киради.

Яхшиси, мусулмон мусулмон ҳақида гап ташилганида у ҳақида ёмон гумонда бўлмаслиги, ўзи бирон гапни эшитса ёки бирон хабар етиб келса, жосуслик қилиб текширмаслиги керак. Чунки у ҳам ўзи эшитган ёки етиб келган хабарларни айтиш билан, чақимчилар қаторига кириб қолишдан сақлансин! Булардан аввал ҳам, кейин ҳам, Аллоҳдан тақво қилсин. Чақимчига ҳикмат ва чиройли намуналар билан раддия берсин. Чунки, чақимчилик гуноҳи азим ва унинг осорлари таҳликалидир. Мусулмон ўз дўстларига насиҳатгўй, муҳаббатли ва шафқатли инсондир. У, ўрталарни тузатади, бирлаштиради, муҳаббат ҳукмронлиги учун ҳаракат қилади, тарқоқликдан узоқ ва нафратдан йироқ бўлади.

Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, эҳтиёт бўлинглар, хабарларни текшириб кўринглар! Шошилманглар! Кечиринглар, афв қилинглар! Аллоҳнинг ҳукмларига қулоқ солиб, уларни ҳаётга татбиқ этинглар! 

Бир киши Алий разияллоҳу анҳуга бировни чақди. Алий разияллоҳу анҳу унга: «Ҳой сен, агар рост гапираётган бўлсанг сендан нафратланамиз! Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, жазолаймиз! Агар хоҳласанг, кечирамиз!»– деди. У одам: «Амирулмўъминин, мени кечиринг!»– деди.

Бир киши Миср волийсига Лайс ибн Саъд раҳимаҳуллоҳни чақди. Ҳузурига Лайс раҳимаҳуллоҳ кириб келганида волий: «Бу одам сиз ҳаққингизда фалон ва фалон нарсаларни етказди!»– деди. Лайс раҳимаҳуллоҳ: «Аллоҳ амиримизни ислоҳ қилсин! Сизга хабар етказган одамдан сўраб кўрсангиз: Агар у етказган хабарда бизга омонат қўйилган вазифани бажармаганимиз ётган бўлса, биздан хабарни қабул қилмаслигингиз керак. Агар у ҳаққимизда ёлғон гапирган бўлса, ундан хабарларни қабул қилмаслигингиз лозим»– деб жавоб берди. Буни эшитган волий: «Абу Ҳорис, тўғри айтдингиз!»– деди.

Биров: «Фалончи сиз ҳаққингизда ундай–бундай, деди» деганида Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ: «Шайтон сендан бошқа хабарчини топа олмадими?!»– деб танбеҳ берди.

Хуллас, Аллоҳнинг бандалари, бу қабиҳ иллат кўнгли пок ва хабарсиз бўлган қанча–қанча бегуноҳлар бошига мусибатлар олиб келди, молу–мулкларни талон–тарож қилди, инсонларни ўлимга маҳкум этди, оилаларни пароканда қилди, олиму уламоларнинг бошини еди, ватанлардан жудо қилди, боадаб солиҳ инсонларга доғ туширди, фарзандлар ва оналарни оилалари ва қариндошларидан айирди, ризқлардан маҳрум этди, ўртада бирон жиноят йўқ экан нафақалардан маҳрум қолдирди, бошларига кутилмаган мусибатлар келди. Уларнинг барчаси – чақув қурбони бўлишди!

Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, унутмангларки, Аллоҳ таолонинг бандасига берган беадад неъматлари борки, буларга эга бўла туриб Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан бошқаларга берган неъматларга ҳасад қилинмайди. Аллоҳ таоло бу билан уни инсонлар орқасидан гап етказишдан ва ёмон гаплардан сақлайди. Балолардан қутулмоқчи бўлган одам камгап бўлсин, бировларнинг сирларини очмасин ва ҳар кимнинг ҳам гапларини қабул қилавермасин.

Аъузу билла минаш шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

﴿وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ • الَّذِي جَمَعَ مَالًا وَعَدَّدَهُ • يَحْسَبُ أَنَّ مَالَهُ أَخْلَدَهُ • كَلَّا لَيُنْبَذَنَّ فِي الْحُطَمَةِ • وَمَا أَدْرَاكَ مَا الْحُطَمَةُ • نَارُ اللَّهِ الْمُوقَدَةُ • الَّتِي تَطَّلِعُ عَلَى الْأَفْئِدَةِ • إِنَّهَا عَلَيْهِمْ مُؤْصَدَةٌ • فِي عَمَدٍ مُمَدَّدَةٍ﴾

«Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) буҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай. Ки, у (топган) мол-дунёси ўзини мангу (ўлмайдиган) қилиб қўйган, деб ўйлаган ҳолида (фақат) мол тўплаган ва ўша (мол-дунё)ни ҳисоб-китоб қилиб (бирон савобли ишга сарфламасдан) юрган кимсадир. Йўқ, (унинг бу ҳисоб-китоби бекордир)! Қасамки, албатта у чил-парчин қилгувчи (дўзах)га ташланур! (Эй инсон), чил-парчин қилгувчи нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?! (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур! Албатта (у кофирлар) узундан-узун устунларга (занжирлар билан) боғлаб қўйилган ҳолларида олов уларнинг устида қопланиб қолгувчидир (яъни, на улар жаҳаннам қаъридан қутулиб чиқа олурлар ва на улар нафас олишлари учун бир ютум тоза ҳаво кирур)!» (Ҳумаза: 1 – 9).

Аллоҳ таоло Қуръон Карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳидоятини менга ва сизларга фойдали қилсин! Мен бу гапларимни айтиб, ўзим ва сизлар учун Аллоҳ таолодан хато ва гуноҳларимизни мағфират қилишини тилайман. Бас, сизлар ҳам Аллоҳга тавба–ю истиғфор қилингларки, гуноҳларингизни мағфират қилсин. Зеро У, мағфират қилгувчи меҳрибон Зотдир.

 

Иккинчи хутба

Ҳамду саноларга лойиқ бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мен Унга ҳамду санолар ва берган барча неъматлари учун шукроналар айтаман ҳамда: «Ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг тенгги йўқ. У, Эшитувчи ва Кўриб тургувчидир. Пайғамбаримиз ва саййидимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса Аллоҳнинг жаннатдан муждалагувчи, жаҳаннамдан огоҳлантирувчи бандаси ва расули ҳамда порлаган чироқдир» дея гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг қадрли оиласи, буюк шараф эгаси бўлмиш асҳоблари,  уларга яхшилик билан эргашган издошларига ва Ҳақ йўлда юрганларга кўпдан–кўп салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Ҳой мусулмон, йўқлигингизда сизни ҳимоя қилган, айблашга йўл қўймаган ва сизга яхшиликларни раво кўрган одамгина сизнинг ҳақиқий дўстингиздир! Чақимчига итоат қилган одам, дўстдан айрилган одамдир. Сизни мақтаб чақимчилик қилган одам, ёмонлаб ҳам чақимчилик қилиши мумкин. Сизга бировларнинг ҳақоратини етказган одам, бировларга сизнинг номингиздан ҳам ҳақорат етказган одамдир. Чақимчининг сўзларини жим тинглаган одам, чақимчидан баттар одамдир. Унинг сизга етказган хабари тўғри бўлсада, сизни ҳақорат қилишга журъатли бўлган инсондир.

Чақимчи кимнинг номидан гап олиб келган бўлса, ўша одам сизнинг кечиришингиз ва афв этишингизга лойиқ одамдир. Чунки, унинг ўзи сизга юзингизга ҳақорат қилмади, сўкмади. Сизларга бу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси кифоядир: «Биров Менга асҳобларимдан биронтаси ҳақида (ёмон гап) ташимасин. Чунки Мен, ҳузурингизга самимийлик билан чиқишни хоҳлайман!» (Имом Аҳмад: 3759; Абу Довуд 4860; Термизий 4270).

Оқил инсон чақимчилар берган хабарларни текшириб кўради ҳамда оқил ва доно инсонларга нолойиқ ишлардан йироқ бўлади. Чунки фикрлаб ва ўйлаб кўрсангиз, чақимчининг асл мақсади сизга етказилаётган хабар эмас, хабарнинг манбаи бўлган одамдир. Шунинг учун ҳам, маломат ҳаққингизда гапирган одамга эмас, сизга чаққан одамгадир!

Уммуд Дардоъ разияллоҳу анҳога: «Биров сизни (халифа) Абдулмалик ибн Марвон ҳузурида айблади»– деганида: «Агар бизда бўлмаган нарсалар билан айбланган бўлсак, бизники бўлмаган нарсаларда оқланибмиз–да»– деган эди.

Бировга биродаридан чақув олиб келинса, ўша лаҳзада биродарига дашном бериши мумкин. Бироқ кечирим сўраса, афв этсин. Ўшандагина, дўстлари уни йўқлигида ҳимоя қилишга интилашади, йўқлигига сабр этишади. Зеро баъзи пайтларда жиноятчига шафқат қилиш дашном ҳисобланса, кечириш паҳлавонларнинг ахлоқидир.

Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, Ислом биродарлиги ва иймон ришталарини муҳофаза қилингиз! Гуноҳдан саломат ва дўстлар севгисини сақлаб қолмоқчи бўлган одам, бировларнинг бошқалар ҳақидаги гапларини қабул қилмасин. Чунки одамлар бировларни бошқаларнинг гаплари билан ё севган, ёки улардан нафрат этганлар–да, айтилган чақувларга ишонганларидан пушаймон бўлганлар.

Аллоҳ таоло ушбу бебаҳо оятни айтган:

﴿إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا﴾

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Аллоҳим, банданг ва элчинг бўлмиш сара Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг покдомон оиласи ва мўъминлар онаси бўлмиш рафиқаларига салавот, салом ва баракаларингни ёғдир! Аллоҳим, ҳой жўмардларнинг жўмарди! Тўғри йўлда юрган тўрт имом–халифа: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алийлар, барча саҳобалар, тобиинлар, Қиёматгача уларга издош бўлганлардан ҳамда улар билан бирга биздан, Ўз афвинг, караминг, жўмардлигинг ва эҳсонинг билан рози бўл!   

                                                              

Ҳақиқатга қайтамизми ёки …? (Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Басрий)

Ҳақиқатга қайтамизми ёки …?

Хатиб: Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Басрий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: أَنَرْجِعُ لِلْحَقِّ أَمْ نَتَامَادَى فِي الْبَاطِلِ؟

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

 (Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً﴾

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – дин ниқоби остида янги пайдо бўлганлари, дин ниқоби остида янги пайдо бўлган ҳар бир нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).

Сўнг …

Ҳой одамлар сизларга ва ўзимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия этаман:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَتَّقُوا اللهَ يَجعَلْ لَكُم فُرقَانًا وَيُكَفِّرْ عَنكُم سَيِّئَاتِكُم وَيَغفِرْ لَكُم وَاللهُ ذُو الفَضلِ العَظِيمِ﴾

«Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур ва ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Анфол: 28).

Ҳой мусулмонлар, инсон ҳаётида хатонинг содир бўлиши бўлиб турадиган ва рад этилмайдиган ҳодисадир. Чунки инсонлар, бегуноҳ ва буюрилган ишларнигина қиладиган Аллоҳга яқин фаришталар ёхуд маъсум ва пок пайғамбарлар ҳам эмасдирлар.

Ҳеч бир инсон нақадар олий мартаба эгаси бўлмасин, ўзининг гуноҳсиз маъсум ўлароқ танита олмайди. Билими, тақвоси ва гўзал ахлоқи нақадар етук бўлмасин, бирон киши ўзини маъсум ва хатосиз эканини иддао эта олмайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Барча одам фарзанди хато қилгувчидир. Хато қилгувчиларнинг энг яхшироғи тавба қилгувчилардир»– деган пайтларида тўғри айтганлар (Термизий 2423; Ибн Можа 4241).

Демак, хато ва тойилишларнинг бўлиши муқаррардир. Шунинг учун ҳам ҳақиқий хато – хатодан воз кечмаслик, тойилишда давом этиш, камчиликни тан олмаслик, ботил нарсалар билан ўзини мудофаа қилиш ва ёлғон бўлсада баҳоналар билан қийинчиликларни кўтаришдир.

Тўғриликка қайтишни ўзи учун нуқсон ёки қадр тушишлиги дея ҳисоблаш, одамларни қийнаётган жабр ва балойи азиймдир. Шунинг учун ҳам яхшиликлар кўтарилиб, баракалар тортиб олинмоқда, унинг ортидан бало ва мусибатлар ёғилмоқда, ўртадаги дўстлик алоқалари узилмоқда.

Бу ишнинг хатари ва эгасига бўлган ёмон таъсирини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ таоло бидъатидан воз кечмагунича бидъатчининг тавбасини тўсиб қўйди» ҳадисини эшитишимиз кифоядир (Байҳақий «Шуъабул иймаан» 9457). Роббимиз азза ва жалла наҳорнинг хатокори тавба қилиши учун кечаси, кечанинг хатокори тавба қилиши учун кундузи қўлларини очадиган Раҳмли, Мағфиратли ва Тавбаларни қабул қилгувчи Суюкли Зот бидъатчининг тавбаларини тўсиб қўйди ва қабул қилмади! Нега?! Чунки, бидъатчи ўзининг бидъатига мафтун ва уни тинмай қилади, бидъатининг тойилиш эканини эътироф этмай, хатосини такрорлайверади. Ҳатто ўзини: Тўғри йўлдаман,– деб кўриб, Сиротум Мустақимда эканини ҳис этади.

Ҳой мусулмонлар, нега ўз хатоларимизга эътироф этиб, ундан ўша заҳоти қайтмаймиз?! Кирларини ювиб ташлаш учун нега ундан воз кечмаймиз?! Хатоларни қилгач, нега уни оқлаш учун баҳоналар қидирамиз?! Нега хатоларда давом этиш учун, заифлигини билсак ҳам ҳужжатлар излаймиз?!

Буларни кибр, манмансираш, ғурур ва ўжарлигимиз учун қилаяпмизми?! Наҳотки, бобокалонимиз ва момомизнинг –алайҳимассолату вассалом–хато қилганлари ва хатоларига иқрор бўлганларини ҳамда Аллоҳ таолонинг уларни афв этганини, Иблис алайҳил–лаънаҳ эса осийлик қилгач манмансирагани учун Аллоҳ унга Қиёмат кунигача ёғиладиган лаънатини юборгани, Иблисни жаҳаннам аҳлининг пешвоси ва йўлбошчиси қилиб қўйганини унутган бўлсак?!

Жамиятда кейинги йилларда кенг тарқалган иллатлардан бири, бировнинг билмай ёки унутиб ёхуд заифлиги ёда табиатидан келиб чиқиб ҳатто қасддан ва ўжарлик билан хато ишга қўл уриб, кейин уни ўзгартмай ёки ундан қайтмай, хатосини ўзидаги бор имкониятлар билан оқлашга ҳаракат қилиши, ўзининг Тўғри Йўлдан оғган, муқаррар вазифаси Тўғри Йўлга ва изланиши керак бўлган ҳақиқатга қайтиш  эканига эътибор бермаслигидир.

Агар биз ушбу ёмон кўринишнинг сабабларини қидириб, бу хатарли иллатни даволамоқчи бўлсак, хилма–хил сабабларни ҳамда Аллоҳ таолонинг Қуръони ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида Аллоҳ муваффақ қилган киши учун муносиб ечимни топган бўламиз.

Шу сабаблардан: имон заифлиги, тасаввур бузуқлиги, савобларга интилмаслик ва оқибатлар ҳақида етарли ўйланмасликдир. Ўзини яхши таниган, заифлиги ва ожизлигини тан олган мўъминнинг тавба қилиши, хатосидан воз кечиши, ўзидан содир бўлган камчилик учун кечирим сўраши, Аллоҳ таолонинг эса унинг тавбаларини қабул қилиши, бошқаларнинг уни кечириши, кўнгилларнинг унга нисбатан ғаш бўлмаслиги, чунки кечирим сўраши одамлар кўнглида пайдо бўлган нафратни ювиб юбориши мумкин.

Агар мўъмин ўз залолати ва тойилишида давом этса, ёмонликлари кўпайиб урчиши, натижада қалбига зулм қилиб, қалбининг қорайиши, у билан бошқалар ўртасидаги масофанинг узоқлашиши ва бундан нафрат, адоват ва гиналарнинг туғилиши, қайғу аламлар, руҳий касалликлар, безовталиклар, турмушдаги оғирликлар вужудга келиши мумкин.

Банданинг агар тавба қилса Аллоҳ тавбасини қабул қилиши ва ёмонлик қилган одамнинг хатоларини яхшиликка айлантириб, мақомларини кўтариши, хатосидан қайтса қалби сайқалланиши, Аллоҳ таоло кимга авфни марҳамат қилса уни азиз қилиши, ким Аллоҳ учун мутавозеъ бўлса Аллоҳнинг мартабасини кўтаришига бўлган иймони орифларнинг қалбини тавба қилиш, кечирим сўраш ва хатода мудом қолмаслик учун шошилишга ундайди.

Хатодан воз кечмаслик сабабларидан бири, айрим одамларнинг баҳс, хусумат, узоқ ўжарлик ва майда гапликка, ботил нарсалар билан ишонтиришга «усталиклари»дир. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

﴿وَكَانَ الإِنسَانُ أَكثَرَ شَيءٍ جَدَلاً﴾

«Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилгувчидир»– деган (Каҳф: 54).

Бундай сифатларнинг кўпайишида жамиятнинг ҳам катта роли бор. Чунки одамлар ҳужжатлик одамдан ҳайратда қоладилар, қаттиқ жанжал қилган шахсларни мақтайдилар ва бундай одамлар бошқаларга озор беришдан илгари ўзларига жабр қилганликларини унутадилар.

Ҳолбуки бундай одамларни Аллоҳ ёмон кўрди:

﴿وَمِنَ النَّاسِ مَن يُعجِبُكَ قَولُهُ في الحَيَاةِ الدُّنيَا وَيُشهِدُ اللهَ عَلَى مَا في قَلبِهِ وَهُوَ أَلَدُّ الخِصَامِ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради» (Бақара: 204). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ундай одамларни мазаммат қилиб: «Бир қавм ҳидоятдан сўнгра жанжал–тўполон қилганларидан кеийнгина адашдилар»– дедилар ва:

﴿مَا ضَرَبُوهُ لَكَ إِلاَّ جَدَلاً﴾

«Улар (бу мисолни) сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар»– оятини ўқидилар (Зухруф: 58) ва: «Одамларнинг Аллоҳга энг ёмонроғи хусуматчи жанжалкашидир»– дедилар (Термизий 3176; Ибн Можа 47).

Икки киши ўртасида кўп жанжал бўлиб, уларнинг муаммолари кучаяди, вазиятлари ёмонлашади ва ишлар чигаллашади. Аслида эса жанжал ва тўполон, тортишув ва баҳс ўрнига хатоларни тан олиб кечирим сўрашга ошиқиш, ўзининг фойдасига бўлмаса ҳам ҳаққа шоҳид бўлиш, бу иллат учун фойдали доридир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿يَا أَيُّهَا الََّذِينَ آَمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ بِالقِسطِ شُهَدَاءَ للهُِ وَلَو عَلَى أَنفُسِكُم أَوِ الوَالِدَينِ وَالأَقرَبِينَ إِن يَكُنْ غَنِيًّا أَو فَقِيرًا فَاللهُ أَولى بهمَا فَلا تَتَّبِعُوا الهَوَى أَن تَعدِلُوا وَإِن تَلوُوا أَو تُعرِضُوا فَإِنََّ اللهَ كَانَ بما تَعمَلُونَ خَبِيرًا﴾

«Эй мўминлар, адолат билан тургувчи ҳамда ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси ҳавога эргашиб кетманглар. Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир» (Нисо: 135).

Хатода мудом қолиш ва ҳақиқатни рад этиш омили – кибр ва манмансирашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатга қалбида хардал уруғича кибри бўлган одам кира олмайди»– дедилар. Биров: Биров кийими ва пойафзали чиройли бўлишини хоҳлайди. (Бу ҳам кибрми?),– деганида: «Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни суяди. Кибр эса ҳақиқатни қабул қилмаслик ва одамларни камситиш»– дея жавоб бердилар (Имом Муслим 131).

«Ҳақиқатни қабул қилмаслик» – ҳақиқатни рад этиш ва унга эътироф этмаслик, «одамларни камситиш» эса, уларни таҳқирлашдир. Мутакаббир – ўз фикрига ўжар ва мутассиб одам бўлиб, ўзидан бошқасининг гапини, гарчи тўғри ва фойдали бўлсада, қабул қилмайди.

Камтар одамнинг камтарлиги эса бошқаларнинг фикрларини тўғри бўлган пайтида қабул қилиш, қадрлаш ва олқишлашга чорлайди. Чунки камтар одам ўзини муқаддаслаштириб, хатодан маъсум эканини иддао этмайди. У ўз хато ва айбларини яшириш учун бошқаларнинг фикрларини камситмайди. Балки унинг ҳаётида шундай бекатлар ҳам борки, у бу бекатларда ўзини сарҳисоб қилади, хатоларини тузатади. Чунки у қилаётган хатосида мудом қолиш ва нафсу ҳавоси ортидан сарсон бўлишни хоҳламайди.

Ҳой мусулмонлар, Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Хато ва ботил нарсаларда мудом қолманглар! Зарарингизга бўлса ҳам, ҳақиқатга қайтинглар ва уни афзал кўринглар! Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ للهِ شُهَدَاءَ بِالقِسطِ وَلا يَجرِمَنَّكُم شَنَآنُ قَومٍ عَلَى أَلاَّ تَعدِلُوا اعدِلُوا هُوَ أَقرَبُ لِلتَّقوَى وَاتَّقُوا اللهَ إِنَّ اللهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعمَلُونَ﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат — гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адо­лат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Моида: 8).

 

Иккинчи хутба

Сўнг …

Бас, Аллоҳдан тақво қилиб, Унга итоат қилингиз ва осийлик қилмангиз! Унутмангизки, ғазаб пайтида оқилона ва фикр билан ҳаракат қилмаслик, инсу жин шайтонлар васвасаси билан ҳаракат қилиш, тилга сўкиниш ва ҳақоратлашгача эрк бериш, энг хунук ва уятсиз жумлаларни талаффуз қилиш – хатонинг кучайиши ва унда мудомлик омилидир.

Ғазабнинг кучи баъзида айрим одамларни аччиқлари кетгач хижолат бўладиган ишларни қилишга мажбурлайди. Вақт ўтгани учун унинг оқибатларини осонлик билан тузата олмайди. Чунки у талайгина кўнгилларни оғритган, улар ҳам бунга қарши ғазаб отини минишган бўлади. Ҳар икки тараф ҳам бир–биридан қолишмайди. Ишлар чигаллашиб, пасткашлик давом этаверади. Орадан узоқ вақт ўтганидан ҳатто икки тараф бир–бирларининг обрўларини тўкканлари ҳамда шараф ва маблағларни сарф этилганидан кейингина, ишлар ўз йўлига тушади.

Айрим ижтимоий ва қабилавий урфу одатлар ҳам ишларни чигаллаштириб, қўни–қўшни, хеш–ақраболарни ҳам муаммолар ичига тортади. Ўрталаридаги яқинлик йироқлашиб, кичик нарсалар каттаяди.

Кошки, хатокор одам Шайтондан Аллоҳ сиғинса ва кечирим сўраш учун ошиқса шайтон узоқлашар, кўнгиллардаги гина ва кудуратлар йўқолар эди. Сулаймон ибн Сурад разияллоҳу анҳу айтади: «Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида бир–бирини ҳақорат қила бошлади. Улардан бири ғазабланиб, юзлари қизарди ва томирлари бўртиб чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга боқиб: «Мен бир сўзни биламанки. Агар бу уни айтса аччиғи кетади: Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм ((Аллоҳ ҳузуридан) тошбўрон қилиб қувилган Шайтондан Аллоҳга сиғинаман!)»– дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим (4726) ривоятлари).

Огоҳ бўлинглар ва Аллоҳдан тақво қилинглар! Ғазаб ва манмансирашдан сақланиб, камтар ва ҳаққа мойил бўлинглар! Чунки тўғрилик ва ҳақиқатга қайтиш хато ва ботилда мудом қолишдан кўра яхшироқдир!      

                                                               

Исломга амал қилиш ва одамларнинг баҳоси (Шайх Аднон Хатотиба)

Исломга амал қилиш ва одамларнинг баҳоси

Хатиб: Шайх Аднон Хатотиба

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: قَدْرُ الإِلْتِزَامِ وَقِيمَةُ الإِنْسَانِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман ҳамда ўзимга ва сизларга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия этаман.

Сўнг …

Бундан бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  саҳиҳ ҳадисларида: «Одамларга бир замон келадики, биров ҳақида: Бу қандай паҳлавон! Бу қандай зариф! Бу қандай оқил!, дейилади. Аслида, унинг қалбида хардал уруғича иймон бўлмайди!»– деган эдилар.

Бу қандай паҳлавон! Бу қандай оқил! Лекин унинг қалбида хардал уруғича иймон бўлмайди… Бу ҳадисда одамларнинг мезони Аллоҳ таолонинг мезонидан бутунлай фарқли эканини уқтирилмоқда. Бировга: Бу қандай зариф одам! Бу қандай ақлли одам!,– деб мақтовлар айтилиб, одамлар орасида одамлар мезонига кўра обрўси баланд бўлсада, Аллоҳ таолонинг мезонида унинг ҳеч қандай қадри бўлмаслиги мумкин! Ҳа, ҳеч қандай! Аллоҳнинг шариатига амал қилмаган инсоннинг қандай қиймати бўлиши мумкин?!

Мўъмин биродарлар! Келинглар, Аллоҳнинг мезонига қулоқ солайлик. У, шариатга риоя қилишни пасткашлик деб ҳисоблаётган одам ҳақида нималар деяпти? Аллоҳ таоло:

﴿وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ الَّذِي آتَيْنَاهُ آيَاتِنَا فَانْسَلَخَ مِنْهَا﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди»– демоқда (Аъроф: 157).

Бу одам Аллоҳ таолога итоат этган ва шариатга қилган риояси туфайли Аллоҳ унга билим ва динни ато этган, мартабасини ва обрўсини кўтарган эди. Бироқ бу риояли инсон устига фитна тўфонлари ва дунё оғулари ёпирилиб, дунёга берилди ва аста–аста шариатга амал қилишдан йироқлаша бошлади: Аллоҳга ибодат қилишдан бош товлаб, шаҳватларини қибла қилиб олди. Ҳатто иш шу даражага етиб бордики, у диндорлик ва динга амал қилиш кийимини устидан чиқарди. Кунимиздаги кўплаб мусулмонлар каби дунё ботқоғига ботди. Унинг Аллоҳ ҳузуридаги обрўси нима бўлди?!

Энди унинг Аллоҳнинг тарозисидаги ўлчови нима бўлди? Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:

﴿وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ الَّذِي آتَيْنَاهُ آيَاتِنَا فَانْسَلَخَ مِنْهَا فَأَتْبَعَهُ الشَّيْطَانُ فَكَانَ مِنَ الْغَاوِينَ • وَلَوْ شِئْنَا لَرَفَعْنَاهُ بِهَا وَلَكِنَّهُ أَخْلَدَ إِلَى الْأَرْضِ وَاتَّبَعَ هَوَاهُ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ الْكَلْبِ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди. Агар хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у Ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади» (Аъроф: 175, 176).

Во ажаб! Агар бу ҳолат ҳақида бир фикр юритиб кўрсак, унинг нақадар ачинарли манзара эканига шоҳид бўламиз. Шариатга қатъий риоя қилгач «раббоний инсон» таърифига сазовор бўлганидан кейин Аллоҳ таоло уни «итдек» дея тавсифлаяпти. Ҳа, «итдек» деб!!

Бу – одамлар учун очиқ мактуб бўлсин: Аллоҳ таоло бандаларига эътиборсиз эмас ва уларга хушомад қилмайди! Аллоҳнинг мезони ягона ва устивор бўлиб, барчани бир хил ўлчайди. Ким Ислом шариатига амал қилса Аллоҳнинг мезонида унга ҳурмат бор. Ким шариатни орқасига отса, Аллоҳ ҳам уни ҳайвонлар рўйхатига киритади ва ким бўлишидан қатъий назар, унинг ҳурмати қолмайди.

Ҳа, дўстлар, шариатга амал қилмаган масъул одамнинг қандай қиймати қолади? Қандай қиймати? Кучли санад билан Имом Аҳмад ривоят қилган Аллоҳнинг мезони – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида шундай дейилган: «Ўнбоши амирни Қиёмат кунида кишанланган ҳолатида олиб келинади. (Унинг кишанларини қилган) адолат(и) ечади ёки (қилган) жабру зулму ҳалокатга улоқтиради» (Имом Аҳмад 2283, 9570).

Одамлар мулозимларнинг қадрини мансаби ёки тахти туфайли кўтарадилар. Аллоҳ таолонинг мезони эса одамларникидан бутунлай фарқли бўлгани учун, бу мансабдорга мансабида қилган адолати ва Аллоҳдан қўрққанига қараб баҳо беради. Акси тақдирда унинг Аллоҳ даргоҳида на қадри ва на ҳурмати қолади. Уни одамлар нақадар улуғлаб ва унга нақдаар хушомад қилсалар ҳам, жаҳаннам уни кутиб туради. Уни жаҳаннамга қўлларини бўйнига кишанлаб олиб келинади. Унга қилган адолат ва тақвосидан бошқа нарсаси наф бермайди.

Биродарлар, билимига риоя қилмайдиган толиби илм ёки муаллимнинг қандай қадри бўлиши мумкин? Риоя қилинмайдиган бўлса қўлга киритилган диплом – шаҳодатнома–ю, уларни олган одамларнинг қиймати нима? Ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таолонинг мезони қуйидагича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳим, мен сендан фойдасиз билимдан паноҳ сўрайман!,– дер эдилар» (Имом Муслим 7081);

«Ким Аллоҳ учун билим олса–ю, уни дунёвий матоҳлардан бирини қўлга киритиш учун ўрганса, Қиёмат кунида жаннатнинг ҳидини ҳам кўрмайди» (Аб Довуд 3666; Ибн Можа 252).

Ҳар биримиз билим олиб, дипломларни қўлга киритмоқдамиз. Балки биримиз дипломлик устоз бўлар ва унинг халқ назари ва тарозисида ўзига хос ўрни бўлар. Балки улар унинг илмий мартабаси билан ҳайратланишар. Бироқ, Аллоҳнинг мезони билими фойда бермаган, илмий ва ижтимоий ҳаётида Аллоҳдан тақво қилмаган бу одам дипломи бўлса ҳам, унга дини, намози, тақвоси ва омонатдорлиги Тўғри Йўлда бўлмаганига гувоҳлик беришини кўрсатмоқда. Чунки бундай беамал олим, мударрис, ўқувчи ва дипломи бўлганлар, юкларни кўтариб олган эшакка ўхшайдилар. Уларни жаҳаннам кутмоқда. Ҳолбуки, жаҳаннам бошқалардан кўра улар учун лойиқроқдир. Зеро илм аҳллари бошқалардан кўра Аллоҳдан тақво қилишга лойиқроқдирлар. 

Биродарлар, амалига риоя қилмаган мулозим, савдогар ва ишчининг қиймати нима? Ҳадисда келганидек, Аллоҳ таолонинг мезони шундай демоқда: «Ким битта фарз намозни қасддан тарк қилар экан, ундан Аллоҳнинг зиммаси бекор бўлади» (Имом Аҳмад 22128);

«Ким аср намозини тарк қилса, (қилган) амал(лар)и бекор бўлади» (Имом Бухорий 553; Имом Аҳмад 23009).

Ҳой мулозим ва ҳой савдогар, сиз одамлар назарида севимли, ҳамма сизнинг ўрнингизда бўлишни хоҳлаган, сизга мақтовлар ёғдираётган одам бўлишингиз мумкин. Бироқ, Аллоҳнинг мезонида қолдирганингиз битта фарз сабабли асфала софилийнга равона бўлаверасиз. Агар сиз мулозимлар ёки савдогарнинг каттаси бўлсангизу намозни тарк қилсангиз ёки қаллоб бўлсангиз ёхуд ҳаром есангиз, Аллоҳнинг мезонидаги ҳолингиз ҳақида нима дея оласиз?!

Биродарлар, нозу неъмат ва ўйин–кулгу билан машғул бўлганларнинг қадри нима? Улар охиратлари ҳисобига лаззатлар ва шаҳватлар оламига ғарқ бўлмоқдалар ҳамда дунё билан тўйгунларича фойдаланаяптилар! Ҳадисда келганидек, Аллоҳнинг мезонида уларнинг қиймати нима бўлар экан? Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат кунида дўзахийлар орасидан дунё неъматларидан энг лаззатланган одамни олиб келиниб, жаҳаннамга бир солинади ва: Ҳой одам фарзанди, (яратилганингдан буён) биронта яхшилик кўрдингми? Сенга бирон марта неъмат берилдими?,– деб сўралади. У: Аллоҳга қасамки, йўқ, Роббим,– деб жавоб беради» (Имом Муслим 5021).

Жаҳаннамга бир марта солиш унинг хотирасидан ҳаёти давомида кўрган маишат ва лаззатлар оламини унуттиради. У лаззатлар, шаҳватлар, фестиваллар, лагерлар, денгиз соҳиллари, меҳмонхоналар, ширин уйқу ва ўйин–кулгуларнинг биронтасини эслай олмайди. Буларнинг барчаси одамларнинг назарида «маза» ва юзлардаги кулгу бўлсада, Аллоҳнинг мезонида сариқ чақага ҳам арзимайди.

Эй оқил мўъмин ва мўъмина, менинг ёки сизнинг олган билимимизга амал қилмасак қийматимиз нима бўлади? Ҳолбуки, Аллоҳнинг ҳаққи рост мезони:

﴿أُولَئِكَ كَالأنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ أُولَئِكَ هُمُ الْغَافِلُونَ﴾

«Улар чорва ҳайвонлари кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорва ҳайвонлардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир»– демоқда (Аъроф: 179).

Эй инсон, бу дунёда хоҳлаганингдек подшоҳ ёки қул, мулозим ёки ишчи, бой ёки камбағал, олим ёки жоҳил, обрўли ёки обрўсиз бўл, бироқ, Аллоҳнинг шариатига амал қилмагунингча Аллоҳнинг даргоҳида қадринг бўлмайди! Аллоҳнинг шариатини улуғламагунингча Аллоҳ сенга эътибор бермайди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: «Қиёмат кунида семиз ва савлатли одамни олиб келинади. Аллоҳнинг даргоҳида унинг оғирлиги пашшанинг қанотича ҳам келмайди!!»– дедилар ва:

﴿فَلاَ نُقِيمُ لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَزْنًا﴾

«Бас, Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермасмиз!» оятини ўқидилар (Каҳф: 105) (Имом Бухорий 4452; Имом Муслим 7222). Ҳа, бир бутун пашшанинг эмас, пашшанинг қанотича қадри бўлмайди! (Бунга эътибор беринг).

Биродарлар, буларнинг акси ўлароқ, динга риоя қилинган пайтда инсоннинг қадри қандай бўлади? Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида риоячи банда ҳаётида рўй берган ва унга берилган қадр ҳақидаги ҳодисага қулоқ берайлик: Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абу Барзадан нақл қилади: «Жангларнинг бирида иштирок этган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло талайгина ўлжа насиб этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: Орангизда йўқолган бирон киши борми?,– деб сўрадилар. Улар: Ҳа, фалончи, фалончи ва фалончини топа олмаяпмиз,– деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Орангизда йўқолган бирон киши борми?,– деб сўрадилар. Улар: Ҳа, фалончи, фалончи ва фалончини топа олмаяпмиз,– деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Орангизда йўқолган бирон киши борми?,– деб сўрадилар. Улар: Йўқ,– деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мен Жулайбибни топа олмаяпман. Уни қидиринглар!,– дедилар. Уни ўликлар ичидан қидира бошладилар ва етти жасад орасидан топдилар. Душманлар уни уларни ўлдирганидан кейин ўлдиришган эди. Унинг жасадини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб келинганида: Буни улардан етти кишинин ўлдирганидан кейин ўлдирдилар. Мен унданман ва у мендандир! Бу мендандир ва мен унданман!,– дедилар» (Имом Муслим 4519).

Бу – Аллоҳнинг шариатига амал қилган инсоннинг қадридир ва мартабасидир. Уни одамлар билмасалар ҳам, оламлар Роббиси билиб турган эди. Унга одамлар қадр қилмасалар ҳам, одамлар Роббиси қадр қилган эди. Унга дунё аҳли этибор қилмаган бўлса ҳам, жаннат аҳли эътибор қилган эди. Унга бу фоний дунёнинг бирон мартабаси берилмаган бўлса ҳам, мангу охиратда олий мақом берилди.

Ҳой шариатга риоя қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош бўлган инсон, фитналар бўлишига қарамай йўлингдан воз кечма ва қанчалар оғир бўлмасин сабр қил!

Ҳой тўғри йўлдаги йигит, дунёнинг ўткинчи жозибалари ва расво шаҳватларига қарамай ўз йўлингда сабр қил! Ҳой ҳижобли ва Оиша ҳамда Фотима разияллоҳу анҳумолар севган қиз, фитналар кўпайган бир замонда иффатли бўлиб, эзгу ишлардан айрилма! Ҳой шариатга риоя қилаётганлар, сизларнинг бу замон ва кунингиз сабр куни, сабрли эркаклар ва сабрли хотин–қизлар кунидир! Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта башоратлар қилганлар. Келинглар ва унга қулоқ солинглар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизлардан кейин сабр кунлари келади. У кунги сабр (кафтда) чўғни ушлаш каби (оғир) бўлади. У кунларда амал қилган одамга ўшандай амални қилган эллик кишининг савоби берилади,– дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, улардан бўлган эллик кишинингми?,– деб савол беришганида: Сизлардан бўлган эллик кишининг,– деб жавоб бердилар» (Абу Довуд 4341; Ибн Можа 4014).

Ҳой, шариатга амал қилаётганлар! Ҳой, Аллоҳга ибодат қилаётганлар! Бу дунёда бошқалар эмас, сизлар Аллоҳнинг назари тушаётган бандаларсиз. Агар сизлар бўлмасангиз эди, Аллоҳ таоло одамзоднинг барчасини қириб ташларди. Сизларнинг тавҳидингиз, саждангиз, ислоҳотларингиз ва даъватларингиз бўлмаса эди, Аллоҳ таоло тонгнинг ёришиши ва қуёшнинг балқишига ижозат бермас эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Солиҳ инсонлар бирин–кетин кетаверадилар. (Охири) арпа ва хурмонинг ёмонларидек ёмонлари қоладилар ва Аллоҳ уларга ҳеч эътибор бермайди»– дедилар (Имом Бухорий 6434).  

Шунинг учун Ер юзида муваҳҳид ва солиҳ инсонлар қолмаганида, Қиёматнинг даҳшатли довуллари эса бошлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида нақл қилганидек шундай деганлар: «Ер юзида «Аллоҳ! Аллоҳ!» деб тилга олинмаганида Қиёмат қоим бўлади!» (Имом Муслим 392).

Шариатга амал қилаётган мултазимлар, Аллоҳдан яна ҳам қўрқсинлар! Аллоҳ уларни ўз паноҳида асрайди ва марҳаматларини зиёда қилади. Ҳой инсон, ҳақиқат улар билан бирга ва сен ҳам уларнинг карвонига қўшил!

 

Иккинчи хутба

Барча оламлар Роббисига ҳамдлар, омонатдор Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Ҳой, шариатга амал қилаётган Уммат! Ҳой, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам издошлари! Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Унинг даъвати ва умматининиг кўмакчиларисиз! Сиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уммат ичида уриб турадиган тирик юрак, Уммат ҳаётидаги зулматлар, туҳмат ва ноаниқликларни ёритадиган сочилган нур, дея башорат берган кимсаларсиз!

Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим ичида бир тоифа ҳақиқат узра қолади» деб тавсифлаган одамларсиз (Имом Бухорий 7311). Ҳа, ҳақиқат узра ҳақиқатни ушлаб қоладилар ва ҳақиқатгагина ёрдам берадилар. Тарих давомида яшаб ўтган ҳақиқат издошлари Ислом ва Ислом пайғамбарига қарши айтилган барча асоссиз сўз ва миш–мишларга қарши курашиб келганлар.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг издошлари ҳақиқат чақириғига қарши оғуларини сочиб, Уммат ичидаги даъватчиларга қўллари ва тилларидаги гина–адоватлари билан Ислом оқимини тўхтатиш ва даъватчилар фаолиятини фалж қилиш учун қасддан озор бераётган ғаламислар қаршилиги олдида сабот билан турибдилар.

Зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўз издошларини: «Уларни ташлаб қўйган ва озор берган кимсалар уларга зарар етказа олмайдилар», деб таърифладилар. Улар ботилни даф қилиб, ҳақни ҳимоя қиладилар ва ғаламислар нафратланса ҳам малол олмай ва чарчоқни ҳис этмай йўлларида давом этаверадилар. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар йўлида амал билан даъват қилаётган даъватчилар ўз йўлларида Роббиларига ишониб, динларига амал қилиб устивор давом этаверадилар.

Аллоҳим, эй оламлар Робби! Амалларимизни солиҳ, Ўзинг учун холис қил ва уларда бошқалар учун насиба қўйма!