Category Archives: Ҳаж ҳақидаги хутбалар

Бу категорияда ҳаж ҳақидаги хутбалар билан танишасиз.

Ҳаж ўгитлари

Хатиб: Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Арийфий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Асл сарлавҳа: دُرُوسٌ مِنَ الْحَجِّ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам сўраб, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз, тенгги ва ўхшаши бўлмаган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси, элчиси, танлагани, махлуқотларининг сараси, ваҳийсига омонатдори эканига, Уни Аллоҳ таоло оламларга раҳмат, бутун бандалари зарарига ҳужжат қилиб юборган, Унинг воситасида жаҳолатни танитган, бандалари сонини кўпайтирган, кабағалликдан сўнгра бадавлат қилган, парчаларни бирлаштириб, хавфу хатардан омонда сақлаган эканига гувоҳлик бераман.

Шундай экан, Пайғамбаримизга, Унинг пок оиласи ва мунаввар саҳобаларига тақволи зокирлар зикр қилгани ва кечалар кундузларни қувганича Роббимнинг саалвоту саломлари бўлсин.

Аллоҳ таолодан барчамизни Пайғамбаримизнинг солиҳ умматларидан қилиб, Қиёмат куни Унинг гуруҳи орасида жой олишга муяссар қилишини тилаймиз.

Сўнг …

Муҳтарам биродарлар! Шу кунларда ҳожилар ўз ўлкалари ва уйларига соғ саломат, савоблар шодаси билан қайтишларига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таолодан бизларга ва сизларга Ўз марҳамати ва эҳсонларини ёғдириши ҳамда бизни ҳожиларнинг дуолари ижобат бўлишида ўртоқ қилишини сўраймиз.

Муҳтарам биродарлар, Муаззам Каъбани ҳаж қилиш дарсларига назар ташлаш, ҳар бир мусулмон тўхташи керак бўлган ишдир.

Ҳаж – Аллоҳ таолонинг эъзозлашга амр қилган шиорларидан биридир. Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек, ҳажни зикрининг юксалиши учун машруъ қилди: «Каъба тавофи, Сафо ва Марва орасида юриш ҳамда тошларни отиш, Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини барпо қилиш учундир».

Аллоҳ таоло оддий ва ҳаж қурбонликларини тилга олар экан:

﴿ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ ﴾

«Сизларни ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғлашингиз учун …»− деди (Ҳаж: 37). Арафотдан (Муздалифага) тушиш – ифоза ҳақида эса:

﴿ فَإِذَا أَفَضْتُمْ مِنْ عَرَفَاتٍ فَاذْكُرُوا اللَّهَ عِنْدَ الْمَشْعَرِ الْحَرَامِ وَاذْكُرُوهُ كَمَا هَدَاكُمْ ﴾

«Арафотдан тушар экансиз, Аллоҳни Машъарул Ҳаром олдида тилга олингиз. Уни Аллоҳ сизларни ҳидоят қилганидек зикр қилингиз!»− деди (Бақара: 198).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳожиларнинг Арафотдан тушишлари, Муздалифадан кетишлари ва бутун ҳаж ибодатларини тугаллаганларидан сўнгра шундай деди:

﴿ فَإِذَا قَضَيْتُمْ مَنَاسِكَكُمْ فَاذْكُرُوا اللَّهَ كَذِكْرِكُمْ آَبَاءَكُمْ أَوْ أَشَدَّ ذِكْرًا ﴾

«Ҳаж ибодатларингизни тугаллаган бўлсангиз, Аллоҳ таолони ота−онангизни эслагандек, ҳатто, ундан ҳам қаттиқроқ зикр қилингиз!»− деди (Бақара: 200).

Аллоҳ таоло ҳаж ибодатларининг барчасида Аллоҳ таолони зикр қилиш ва Унинг исмини олий қилишга буюрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилган кунларидан буён Каъбутуллоҳга муштоқ эдилар. Шунинг учун асҳоблари билан Каъбани тавоф қилар эканлар, кўзларидан ёшлар оқар, вужудини хушуъ қоплаган эди. Каъбани ҳар томонидан тавоф қилар эканлар, ўзларидан аввал яшаб ўтган пайғамбарларни хотирладилар.

Асли Имом Муслим ривоятида бўлган ва Байҳақий ҳамда Насоий раҳимаҳумаллоҳлар нақл қилган ривоятда шундай дейилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Азрақ водийсидан ўтар эканлар саҳобаларга: «Бу қайси водий?» дея савол бердилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бу Азрақ водийси,− деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аснода ҳаж эҳромига бурканган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Мусо биродаримни ўша водий олдида тизгини хурмо пўстлоғининг толаларидан қилинган ип билан боғланган қизил туя устида турган ҳолида ёлбориб талбия айтаётганини кўргандекман!»− дедилар.

Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тепаликлардан бирининг олдидан ўтар экан, асҳобларига: «Бу қандай тепалик?»− деб сўрадилар. Саҳобалар: Фалон ва фалон тепалик,− деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен шу тепалик устида биродарим Юнуснинг ёлбориб такбир ва талбия айтаётганини кўргандекман!»− дедилар.

Демак, ўша пайғамбарлар муборак жамоатлар билан Каъбани улуғлаб ўтдилар, унинг атрофида тавҳид билан талбиялар айтиб, Иброҳим алаҳийссаломни одамлар ичида чақиришга буюрган Роббимизни эъзозладилар!  Иброҳим алайҳиссалом бу чақириқни етказгач, одамларнинг барчаси – пайғамбару авлиёлар, эркагу хотинлар, каттаю кичиклар, араблару ажамлар, ҳурлару қуллар бу нидо билан талбия айтдилар ва талбия айтиб, муваҳҳид бўлиб, Каъба сари кела бошладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қадим Каъба атрофидан, у ердаги бутун ибодат маконларидан ўтиб борар эканлар: «Мендан (ҳаж) ибодатларингизни олинглар (ўрганинглар)− дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тошларни отар эканлар: Мен отганимдек отинглар!, Арафотда турар эканлар: «Мендан ҳаж ибодатларингизни олинглар (ўрганинглар)− дер эдилар.

Муздалифада тунар эканлар, кечани, узун бўлишига қарамай, Қуръон тиловати ёки таҳажжуд намози билан ўтказмадилар ва: «Мендан ҳаж ибодатларингизни олинглар (ўрганинглар)− дедилар. Агар ухласам: «Мендан ҳаж ибодатларингизни олинглар (ўрганинглар)− дедилар. Агар дуо қилсам: «Мендан ҳаж ибодатларингизни олинглар (ўрганинглар)− дедилар. Агар тавоф қилсам, тош отсам ва қурбонлик сўйсам: «Мендан ҳаж ибодатларингизни олинглар (ўрганинглар)− дедилар. Саҳоба разияллоҳу анҳумларнинг барчаси бу мавзуларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олдилар!

Ҳой мусулмонлар!

Биз ўтган юз йил давомида Ислом умматига, балки, ундан илгари яшаб ўтган қадим халқларга назар ташласак, уларнинг Аллоҳни яктолаб талбия айтиб келганлари ва ҳар бирининг дунёга янги келган кунидагидек гуноҳлардан беғубор бўлишни орзу қилганини кўрамиз.

Биз Арафот тоғида эҳромга бурканиб такбир ва талбия айтган, кўзларидан ёшларни қуйган одамларни кўрдик. Сиз (ҳажда) одамларнинг кўз ёшлари ва қалблар хушусини ошкора кўрасиз. Уларнинг ҳар бири Аллоҳ таолодан тилакда бўлиб, Ундан раҳмат ва мағфират сўрашмоқда. Раҳмат ва мағфиратга эришиш учун эса, банданинг амал қилиши лозим.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалиги замонида ўғли Аблуллоҳ разияллоҳу анҳу билан бирга Арафот тоғида турарди. У йили ҳожилар сони кўпайган, Ҳарам атрофи ва Макканинг ҳар бурчагини тўлдиришган эди. Ҳар қаричда бир ҳожи бор десангиз, муболаға бўлмас эди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Сафо тепалигига чиққанида, ўғли Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу унинг ёнида эди. Рўпарасидаги ҳожилар издиҳомини кўрган Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу: «Отажон, ҳожиларнинг сони нақадар кўп−а?!», деганида отаси Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: «Ўғилчам, жамоатнинг сони кўп. Бироқ, ҳожиларнинг сони оз!»− деди.

Макка шаҳрига келиш учун уловларга минган, талбия айтган ва сафар машаққатларини кўтарган одамларнинг сонлари кўп эканини ўзингиз кўриб турибсиз. Бироқ, мағфират сабабларини қилгач «ҳожи» номига сазовор, онасидан туғилган кунидагидек беғубор кунларига қайтган одамлар сони жуда ҳам оздир!

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг ўз Китобида зикр қилган ҳаждан улкан мақсад нима эканини жуда яхши билган эди. Аллоҳ таоло ҳажни Ҳаж сурасининг илк оятларида зикр қилар экан: «Ҳой, одамлар!» дея хитоб билан бошлади. Аллоҳ таоло нима деди? Эй одамлар, ҳаж қилинглар! Эй одамлар, Арафотда туринглар, Муздалифада тунанглар ва Жамарот тошларини отинглар!,− дедими? Аллоҳ таоло Ҳаж сурасини қайси оятлар билан бошлади? Аллоҳ таоло шундай деди:

﴿ يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ إِنَّ زَلْزَلَةَ السَّاعَةِ شَيْءٌ عَظِيمٌ يَوْمَ تَرَوْنَهَا تَذْهَلُ كُلُّ مُرْضِعَةٍ عَمَّا أَرْضَعَتْ وَتَضَعُ كُلُّ ذَاتِ حَمْلٍ حَمْلَهَا وَتَرَى النَّاسَ سُكَارَى وَمَا هُمْ بِسُكَارَى … ﴾

«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар …» (Ҳаж: 1, 2).

Оятлар Аллоҳ таолони улуғлашда, нафақат одамзот, балки, бутун Коинотнинг Аллоҳга бўлган қуллигини очиқлашда:

﴿ أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يَسْجُدُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ وَالنُّجُومُ وَالْجِبَالُ وَالشَّجَرُ وَالدَّوَابُّ ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми?» (Ҳаж: 18) дея давом этди ва Аллоҳ таоло ибодат турларини эслатди.

Суранинг биринчи ва иккинчи бетларида Аллоҳ таоло ҳаж ҳақида бирон гап айтмади. Оятлар кўнгиллар давоси ва Аллоҳ таолога қул бўлиш қандай бўлишини баён қилгач, одамларни ҳаж қилиш, қурбонлик ҳайвонларни бўғизлаш ва Аллоҳ таолога ҳажда ибодатлар билан яқин бўлишга чақириқ билан давом этди.

Демак, ҳаждан мақсад, ҳаж воситасида қалбингизни тузатишингиздир. Аллоҳ таоло ҳаж қурбонликларини баён қилар экан:

﴿ لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا ﴾

«Аллоҳга қурбонликларнинг гўштлари ва қонлари етиб бормайди», деди (Ҳаж: 37).

Ундай бўлса, қурбонлик бўғизлашдан қандай манфаат бор эди? Буни ҳам Аллоҳ таоло шундай баён қилди:

﴿ وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ ﴾

«Балки Аллоҳга сизлардан тақво етиб боради. Бинобарин, Аллоҳ уларни қилган ҳидояти учун Аллоҳга такбир айтишингиз учун сизларга бўйинсундирди» (Ҳаж: 37).

(Ҳа), Аллоҳ таоло қурбонликдан банданинг Роббисидан тақво қилиши ва бу билан унинг қалбини ислоҳ қилиши, натижада, банда онасидан дунёга келган биринчи кунидагидек бегуноҳ бўлишини мақсад қилди. Зеро банда, мағфират омилларини амалда кўрсатиши керак.

Робийъа ибн Каъб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келар ва Унинг таҳоратига сув қуйиб берар эди. Бу болакай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган кучли муҳаббати туфайли баъзида кўчада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дарвозаси олдида тунар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намози учун таҳоратга сув тайёрламоқчи бўлсалар, уйқусидан уйғонган Робийъа разияллоҳу анҳу ҳозиру нозир бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сувни тайёрлаб, таҳорат асносида уни қуйиб берар эди.

Робийъа разияллоҳу анҳудан ва унинг ҳарислигидан ҳайратланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кунларнинг бирида: «Ҳой Робийъа ибн Каъб, мендан нима тилагинг бор?»− дедилар. Яъни, Мендан хоҳлаган нарсангни сўра!,− дедилар. Бола: Сиздан сўрайми?,− деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳой Робийъа ибн Каъб, мендан нима тилагинг бор?»− дедилар. Робийъа разияллоҳу анҳу: Бир оз тўхтанг, ўйлаб кўрай,− деди. Бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сувни қуяр экан ўйга толди. Чунки, бу – «Мендан тиланг!» деяётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдидаги катта имконият эди. Бундай фурсат яна такрорланмаслиги ҳам мумкин эди. Шунинг учун бола ўйлай бошлади. Аслида, унинг ёшидаги болалардан чопон ёки кўйлак ёхуд таом исташлари оммавийлашган бўлсада, Робийъа разияллоҳу анҳу: Ё Расулуллоҳ, сиздан жаннатда бирга бўлишни сўрайман!,− деди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яна?», яъни: Бошқа, сўрашдан уялган бирон тилагинг ҳам борми?,− деб сўрадилар. Бола: Фақат, шугина!,− деб жавоб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини очиб: Аллоҳим, Робийъа жаннатда мен билан бирга бўлсин!,− дедиларми? (Йўқ), асҳоблари билан бундай муомала қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эмас эди. У, асҳобларини амал қилишга чақирар эди. Шунинг учун Робийъа разияллоҳу анҳуга: «Эй Робийъа ибн Каъб, менга кўп сажда қилиш билан кўмакчи бўл!»− дедилар!!

Эй Робийъа, гўдак бўлсанг ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга севимли ва Унинг дарвозаси олдида тунасанг ҳам, жазирама иссиқларда ўтирсанг ҳам, амал қилишинг керак: «Эй Робийъа ибн Каъб, менга кўп сажда қилиш билан кўмакчи бўл!».

Бу гапларни эшитган Робийъанинг бундан сўнгра фақат руку ва сажда қилганини хаёл қилишингиз мумкин. (Энди), сиз ҳам мағфиратни хоҳлайсизми, амал қилинг!

Сўқмоғидан юрмай, қутилишга интилма чунон,

Қуруқликда чиранса ҳам, кема юрмас ҳеч қачон!

Ҳайсамий ва бошқа муҳаддислар «ҳасан» деган ва Насоий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди».

Саъд разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тоғаси, биринчи бўлиб Ислом динини қабул қилганлардан, (Абу Толиб) дара(сида) қамалда қолганлардан бири, саховатпеша, мурувватли, ҳамиятли ва жасур одам эди.

«Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилсангиз, мени дуолари мустажоб одам қилса!,− деди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша пайт қўлларини кўтариб: Аллоҳим, Саъд тоғамни дуолари мустажоб бўладиган одам қил!, дея олар эдилар. Бироқ, ундай демадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд разияллоҳу анҳуга ўгирилиб разм солдилар ва: «Эй Саъд, озиқ−овқатларингизни (ҳаромдан) пок қилинг, дуолари мустажоб одам бўласиз!»− дедилар.

Бу гаплардан кейин Саъд разияллоҳу анҳу фақатгина ҳалол нарсаларни еди. Айтишларича, уларнинг хонадонида соғин қўй бор эди. Ўша қўй қўшниларининг уйига кириб, уларнинг рухсатисиз ҳовлиларида ўсаётган ўтни еб қўйди. Саъд разияллоҳу анҳу буни эшитгач, ўша ейилган ўтдан яратилган бўлиши мумкин деган эҳтимол билан, оламдан кўз юмгунича мазкур қўйнинг сутидан ичмади!! «Эй Саъд, озиқ−овқатларингизни (ҳаромдан) пок қилинг, дуолари мустажоб одам бўласиз!». У ондан бошлаб Саъд разияллоҳу анҳу дуо қилса, ижобат бўлганини ўз кўзи билан кўрар эди!

Муҳтарам ҳожи ва ҳожи бўлмаган, бироқ дуолари ижобат бўлишини хоҳлаган биродарлар, дуолар қабули учун амал қилиш керак. Аллоҳ таоло мағфират ато этиши учун амал қилиш керак! Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

﴿ وَإِنِّي لَغَفَّارٌ ﴾

«Албатта, Мен гуноҳларни (бутунлай) кечиргувчиман!»− деди (Тоҳа: 82). Бироқ мағфират қилиши учун тўртта шартни эслатди:

﴿ لِمَنْ تَابَ ﴾

«Албатта, Мен тавба қилган кимсанинг»;

﴿ وَآمَنَ ﴾

«ва иймон келтирганнинг»;

Яъни, бировдан ёки доктордан қўрқиб эмас, Аллоҳдан қўрқиб тавба қилган кишининг гуноҳини кечиради. Баъзида пиянисталикдан Аллоҳни улуғлаб воз кечмаган, ҳаёти давомида насиҳат қилинсада қабул қилмаган ва (доктор тарафидан) сизнинг жигарингиз ёки буйракларингизда яллиғланиш бор, дейилганидагина воз кечган одамни ҳам учратамиз. Оят бу одамни назарда тутмаяпти. Чунки, тавба, Аллоҳни қасд қилган одамларгагина насиб этади. Аллоҳ таоло яна:

﴿ وَعَمِلَ صَالِحًا ثُمَّ اهْتَدَى ﴾

«ва солиҳ амал қилиб, ҳидоят топганнинг», деди (Тоҳа: 82).

Яъни, ҳидоят – Тўғри йўлда устивор турган, тоату ибодатдан айрилмаган киши. Бинобарин, Аллоҳ таоло шундай ҳам деган:

﴿ إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا ﴾

«”Роббимиз – Аллоҳдир” деган ва устивор турган кимсалар…» (Фуссилат: 30).

Ҳажи ва солиҳ амалининг мақбул бўлишини умид қилган одам, ҳаж ва солиҳ амални қилишдан аввалги ҳолатидан ҳозирги ҳолати яхши, мабрур ҳажнинг мукофоти эса жаннат эканини ҳис этиши лозим. (Уламолар): Ҳажи қабул бўлган одам, ҳаждан кейинги ҳолати ҳаж қилишдан аввалги ҳолатидан яхшироқ бўлган одамдир,− дедилар. Яъни, ҳаждан сўнгра сиздаги барча нарса (ижобийлик сари) ўзгарган бўлиши керак.

Сизнинг намоз ўқишингиз ўзгариши керак. Биз масжидингиз жамоатидан: Фалончи ҳажга бориб келагинидан кейин ўзгардими?,− деб сўрасак, улар: Ҳа,− дейишса, биз: Қандай қилиб?,− деб сўрасак, улар: Аллоҳ номига онт ичиб айтамизки, бу одам ҳаждан илгари бомдод намозига келмас эди. Ҳажга бориб келганидан кейин жамоатдан айрилмай қолди!,− десалар биз: Ундай бўлса сизнинг ҳажингиз мабрур бўлибди. Чунки сиз, ҳаждан кейин ўзгарибсиз!,− деймиз.

Ҳожининг дўстлари ва молу дунёлари ҳақида сўраймиз. Агар у тирикчилигида ҳалолни, ҳалол дўстни, ҳаром бўлмаган муомаларни излаётган бўлса, бундай одам ҳажининг мабрурлигидан умид қилинса бўлади.

Аммо ҳожининг рафиқаси, фарзандлари ва масжидининг жамоатидан: Фалончи ҳаж қилганидан сўнг ўзгардими?,− деб сўрасангиз улар: Ҳа, ўзгарди,− десалар ва: Қандай ўзгаришлар бор?,− деб сўрасангиз: Бироз қорайибди. Тумов бўлиб қайтди. Бунга майли, аммо, намоз ўқишида ўзгариш йўқ! Унинг ахлоқи, олди−бердилари тузалмади! Томоша қилаётган телеканаллари ўзгармади! Унда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади!− дейишса, биродар, сизнинг Арафотда туришингиз, Муздалифада тунашингиз, тошларни отаётган маҳал шайтонга душманликни эълон қилишдан нима фойда бор эди?! Ахир, сиз у ерда тошлар билан бирга гуноҳларингизни, шайтонга эргашиш, ҳар куни унга итоат этишни ҳам бирга отган эдингиз−ку!  Сизнинг у отишларингиздан нима фойда чиқди?! Улар аъзоларимиз билангина қилиб, қалбимизда таъсири қолмаган ҳаракатлардангина иборатмиди?!

﴿ لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا ﴾

«Аллоҳга қурбонликларнинг гўштлари ва қонлари етиб бормайди» (Ҳаж: 37)(− деймиз).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бизлардан амалларимизни қабул айлашини, қабул айлашини ва яна қабул айлашини, келгусида ўтказган кунларимиздан яна ҳам яхшироқ кунларни насиб этишини, карами ва фазлини ҳар биримизга ёппасига ёғдиришини тилайман.

Бу гапларни айтиб ўзим ва сизлар учун буюк ва азийм Аллоҳга истиғфор айтаман. Сизлар Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан мағфират тиланглар! Аллоҳ – кечиргувчи ва раҳмли Зотдир.

 

Иккинчи хутба

Аллоҳга эҳсонлари учун ҳамдлар, муваффақияти ва лутфи учун шукроналар бўлсин! Мен «Аллоҳни эъзозлаб, шериксиз ва танҳо Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса Унинг розилиги учун чорлаган бандаси ва элчиси» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, унинг оиласи, сафдошлари, дўстлари ҳамда Қиёмат кунигача унинг йўлига эргашган, изидан айрилмаган ва суннатига боамал бўлган барчага салавоту саломларини ёғдирсин!

Аллоҳим, биз Сендан яхшиликларни қилиш, гуноҳлардан воз кечиш, бечора одамларни севишни сўраймиз. Агар бандаларингга бирон фитнани хоҳласанг бизларни расво қилмай ва фитналарга мубтало қилмай жонимизни ол!

Аллоҳим, биз Сендан бахтиёрлар ҳаётини, шаҳидлар ўлимини, тақводорлар билан қайта тирилиш, (жаннатда эса) пайғамбарлар билан суҳбатдош бўлишни тилаймиз!

 

Таржима тарихи: 20. 12. 1436 – 03. 10. 2015

Шодиёна ва мусибат фитналари

Хатиб: Шайх Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳуқайл

Мутаржим: Абу Жаъфар ал−Бухорий

Асл сарлавҳа: فِتَنُ السَّرَّاءِ وَفِتَنُ الضَّرَّاءِ

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Аллоҳ таолога Роббимиз ўзи суйгани ва рози бўлгани қадар муборакли, кўп ва ширин ҳамду санолар бўлсин.

﴿ الحَمْدُ لِلَّـهِ الَّذِي لَمْ يَتَّخِذْ وَلَدًا وَلَمْ يَكُنْ لَهُ شَرِيكٌ فِي المُلْكِ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ وَلِيٌّ مِنَ الذُّلِّ ﴾

«Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқаргувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот – Аллоҳ учундир» (Исро: 111).

Аллоҳ ўта буюк зотдир!

Яхшиликларни ато этгувчи, барака, ҳасанот, инъом ва ҳибаларни кўпайтиргувчи, гуноҳларни мағфират, мусибатларни кушойиш қилгувчи; итоат қилинса савоб бериб, ташаккур айтгувчи, осий бўлинса ҳалим бўлиб, кечиргувчи Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин−ки, махлуқотлари Унинг азамати ва қудратига далолат қилди. Унинг, махлуқотлари устидан жорий қилган ҳамда сиғинишлари ва суюшларини талаб қилган, ишлари бордир.

Биз Унга тўкис неъматлар, офиятлар бергани, мусибатларни бериб устимиздан кўтаргани, балоларни бериб даф қилгани, қайғуларни бериб кушойиш қилгани учун ҳамду санолар айтамиз.

Биз Унга бизлар учун машру қилган ҳаж ибодатлари, бизларга ўргатган аҳком ва шариатлари учун шукроналар айтамиз. Ахир, У бўлмаса залолатга кетар эдик!

﴿ يُبَيِّنُ اللهُ لَكُمْ أَنْ تَضِلُّوا وَاللهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ ﴾

«Адашиб кетмасликларинг учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир» (Нисо: 176).

Мен «Шериксиз, якто Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Эгадорлик, яратиш ва тақдир Унингдир! Ҳар бир нарса Унинг илми доирасидагина бўлади!»− дея гувоҳлик бераман:

﴿ وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ تَقُومَ السَّمَاءُ وَالأَرْضُ بِأَمْرِهِ ﴾

«Унинг оятларидан (яна бири) – осмон ва ер У зотнинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир» (Рум: 25). Аллоҳни мақтовлари билан (мушриклар тавсифлаётган нолойиқ исму сифатлардан) поклайман.

Ва мен: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига; У, ҳажининг мана шундай муаззам кунида халққа хутба қилиб: «Менга қаранглар, сизлар қайси ойни энг ҳурматли деб биласизлар?» деганида халойиқ: У – бу ойимиз эмасми?, деганларида: «Менга қаранглар, сизлар қайси шаҳарни энг ҳурматли деб биласизлар?» деганида халойиқ: У – бу шаҳримиз эмасми?, деганларида: «Менга қаранглар, сизлар қайси кунни энг ҳурматли деб биласизлар?» деганида халойиқ: У – бу кунимиз эмасми?, деганларида: «Аллоҳ –таборака ва таоло− сизларга қонларингизни тўкиш)ни, мулкларингиз(ни тортиб олиш)ни ва номусларингиз(ни таҳқирлаш)ни шу кунингиз, шу шаҳрингиз ва шу ойингиз ҳаромлиги каби ҳаром қилди. Агар ҳаққи билан бўлса мустаснодир. Менга қаранглар, етказдимми?!»− дея уч марта такрорлаганига ва халойиқнинг: Ҳа,− деб жавоб берганига, шунда: «Шўр пешоналар, Мендан кейин бир−бирингизнинг бўйнини чопадиган кофир бўлиб кетманглар!» деганига; Умматга чуқур насиҳатлар қилганига; бизни зарарли нарсалардан огоҳлантириб, фойдали насаларни кўрсатганига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи, асҳоблари ва Қиёмат кунигача давом этадиган йўлдошларига салавоту саломлар ёғдирсин!

Сўнг …

Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга итоат этингиз! Чунки, сиз тақво ўрнашадиган кунларда, фитналар урчиган ва машаққатлар кучайган замонда яшамоқдасиз! Сиз Аллоҳга, Аллоҳнинг ҳимояси, тўғри йўлни кўрсатиши, мадади ва ёрдамига муҳтожсиз!

﴿ يُثَبِّتُ اللهُ الَّذِينَ آمَنُوا بِالقَوْلِ الثَّابِتِ فِي الحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ وَيُضِلُّ اللهُ الظَّالِمِينَ وَيَفْعَلُ اللهُ مَا يَشَاءُ ﴾

«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим: 27).

(( اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ وَلِلَّـهِ الْحَمْدُ ))

«Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Ҳамдлар Аллоҳникидир!».

Аллоҳу акбар! Ҳожилар ҳаж ибодатига киришдилар!

Аллоҳу акбар! Ҳожилар дараю йўлларни тўлдирдилар!

Аллоҳу акбар! Ҳожилар Ер юзининг турли бурчакларидан ташриф буюрдилар!

Аллоҳу акбар! Ҳожилар Ҳарам ва ҳаж ибодатлари адо этиладиган маконлар – Машъарларда ёйилдилар!

Аллоҳу акбар! Ҳожилар Аллоҳнинг ҳаром ва шиорларини улуғладилар!

Аллоҳим, уларнинг ҳажларини мабрур (тўкис савобли), саъйларини ўзинг тарафингдан миннатдор бўлинган, гуноҳларини эса кечирилган гуноҳлардан қил!

Ҳой одамлар, ҳожи биродарларингиз куни кеча Арафот тоғида турдилар ва дуолар билан Аллоҳ таолога ёлбордилар, кўз ёшларини тўкдилар. Қалблари Еру осмонлар Роббисига боғланди. Улар дуо қилиб, тилакларда бўлишар экан, Саховатпеша Аллоҳ нима қилади деб ўйлайсизлар? Улар умидвор бўлиб, Аллоҳни ҳам умидлантиришар экан, мақтовларга лойиқ ва беҳожат бўлган Аллоҳ нима қилади деб ўйлайсизлар? Улар гуноҳларига истиғор айтиб, раҳматидан умидвор эканлар, Раҳийм ва Латиф Аллоҳ нима қилади деб ўйлайсизлар?

Улар Арафот тоғида туриш учун ватанлари ва фарзандларини ташлаб, пулларини сафрлаб, сафар машаққатларини чекиб, хатарларни босиб ўтдилар. Арафотда сочлари тўзғиган, чангларга беланган, ҳокисор бир алфозда Аллоҳга бўлган эҳтиёжлари ва ожизликларини изҳор этиб турдилар.

Сизлар, Аллоҳ таоло уларнинг қўлларини қуруқ қайтаради, деб ўйлайсизларми? Раҳийм бўлган Аллоҳ уларни азоблайди, деб гумон қилаяпсизларми? Йўқ! Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ – Роббимиз уларни ноумид қўймайди! Ҳар бир мўъминнинг, Роббиси ҳақидаги гумони шундай бўлиши керак. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Арафа оқшоми Суфён Саврийнинг олдига келганимда у тиз чўккан, кўзларидан ёшлар қуйилар эди. Мен: Бу жамоат ичидаги энг расво одам ким?,− деб сўраганимда: «“Аллоҳ мени кечирмайди” деб гумонда бўлган одам»− дея жавоб берди.

Кеча ҳожи биродарларингиз Муздалифада тунаб, Машъарул Ҳаромда Аллоҳни зикр қилиб, Унга дуолар билан ёлбордилар. Сўнгра, тошларни отиш учун Минога ўтдилар. Улар, ҳозир, Аллоҳгина биладиган кўпсонли жамоатлар билан Мино сари талбияларни баралла айтиб юриб келмоқдалар. Тошларни отиб бўлгач қурбонликларини сўядилар, сочларини қирадилар, эҳромларини ечадилар ва Каъбани тавоф қиладилар. Аллоҳ таолога ҳаж ибодатлари билан яқин бўлиш нақадар буюк−а! Ўша ерларда кўнгиллар нақадар юмшоқ−а! У кўринишлар нақадар гўзал−а!

(( اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ وَلِلَّـهِ الْحَمْدُ ))

«Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Ҳамдлар Аллоҳникидир!».

Ҳой мусулмонлар, бандаларини шахс ва жамоат шаклида, шодиёналарида шукронали ва қийинчиликларида матонатли бўлишлари учун имтиҳон қилиш − Аллоҳ таолонинг суннати–қонуниятидир. Имтиҳон натижасида уларнинг бу дунёдаги оқибатлари, охиратдаги улкан зафарлари бордир. Бу, ҳар бир замондаги бутун халқлар бошига келган суннатдир:

﴿ وَمَا أَرْسَلْنَا فِي قَرْيَةٍ مِنْ نَبِيٍّ إِلَّا أَخَذْنَا أَهْلَهَا بِالبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ لَعَلَّهُمْ يَضَّرَّعُونَ ثُمَّ بَدَّلْنَا مَكَانَ السَّيِّئَةِ الحَسَنَةَ حَتَّى عَفَوْا وَقَالُوا قَدْ مَسَّ آبَاءَنَا الضَّرَّاءُ وَالسَّرَّاءُ فَأَخَذْنَاهُمْ بَغْتَةً وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ ﴾

«Биз бирон қишлоққа (жойга) пайғамбар юборсак (ва у ердаги одамлар биз юборган пайғамбарга иймон келтиришмаса) албатта унинг аҳлини тавба-тазарру қилишлари учун қашшоқлик ва мусибатлар билан ушлаганмиз. Сўнгра ўша ёмонлик ўрнига яхшиликни (бой-бадавлатлик ва хотиржамликни) алмаштириб қўйдик. Ҳатто кўпайишиб кетганларида ва: «Бундай қийинчилик ва кенгчиликлар ота-боболаримизга ҳам етган (яъни бизнинг динсизлигимизнинг бу ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки дунёнинг тартиби ўзи шунақа — бир танглик келса, бир мўлкўлчилик бўлади)», дейишгач, уларни ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан (бирон бало-ҳалокат билан) ушладик» (Аъроф: 94, 95).

Ҳа, Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло синовни ҳам, офиятни ҳам беради, баъзи нарсаларни тўхтатиб, инъомларини ёғдиради. Аллоҳнинг бутун ишлари раҳмат ва ҳикмат оралиғида ҳаракат қилади. Шодиёна ва мусибат фитналари одамзотнинг фоний дунёдан боқий дунёга ўтиши билангина тугайди. Одамзот шодиёна ва мусибатлар орасида айланиб юрар экан, қўрқув ва қайғулар орасида айланади. Чунки у, шодиёналар ичида бўлса ундан айрилиб қолишдан қўрқади, мусибатлар ичида бўлса унинг бошига мусибат нега келганидан қайғуда бўлади. Одамзот қўрқув ва қайғудан жаннатдагина халос бўлади:

﴿ إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا فَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ أُولَئِكَ أَصْحَابُ الجَنَّةِ خَالِدِينَ فِيهَا جَزَاءً بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ ﴾

«Албатта «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деган, сўнгра (Тўғри йўлда) устивор бўлган зотлар учун хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда мангу қолурлар. (Бу) улар қилиб ўтган амалларининг мукофотидир» (Аҳқоф: 13, 14).

Аллоҳнинг бандалари, биз ҳар тарафдан қўрқув қамраб олган қувончлар ичидамиз. Атрофимиздага кўплаб давлатлардаги биродарларимиз бошига, кушойиш бўладиган замонига қадар, катта мусибатлар келди.

Биз осуда, барқарорликли ва мўлчилик муҳитида яшаб, бошимизга бошқаларнинг бошига келган изтироб, қўрқув ва очарчилик келишидан хавфдамиз. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло кўплаб оятларда осудалик ва тўқчиликни бир−бирига боғлаб келтирган. Зеро барқарорлик шу иккиси билангина амалга ошади:

﴿ أَوَلَمْ نُمَكِّنْ لَهُمْ حَرَمًا آَمِنًا يُجْبَى إِلَيْهِ ثَمَرَاتُ كُلِّ شَيْءٍ رِزْقًا مِنْ لَدُنَّا وَلَكِنَّ أَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ ﴾

«Ахир Биз уларга тинч-осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар» (Қасас: 57).

Осудалик, барқарорлик ва тўқчилик ҳолатлари, шукрона бўлсагина абадий қолади:

﴿ وَلَقَدْ مَكَّنَّاكُمْ فِي الأَرْضِ وَجَعَلْنَا لَكُمْ فِيهَا مَعَايِشَ قَلِيلًا مَا تَشْكُرُونَ ﴾

«Аниқки, Биз сизларни Ерда барқарор этиб, сизлар учун унда тирикчилик воситаларини пайдо қилдик. Камдан-кам шукр қилурсизлар» (Аъроф: 10).

Жумладан, икки куфр: катта куфр ва нонкўрлик, шодиёналарнинг мусибатларга айланиш омилидир:

﴿ وَضَرَبَ اللهُ مَثَلًا قَرْيَةً كَانَتْ آمِنَةً مُطْمَئِنَّةً يَأْتِيهَا رِزْقُهَا رَغَدًا مِنْ كُلِّ مَكَانٍ فَكَفَرَتْ بِأَنْعُمِ اللَّـهِ فَأَذَاقَهَا اللهُ لِبَاسَ الجُوعِ وَالخَوْفِ بِمَا كَانُوا يَصْنَعُونَ ﴾

«Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди» (Наҳл: 112).

Атрофимизга назар ташласак, Роббимизга қилаётган шукронамиз анчагина етарли эмаслигига шоҳид бўламиз. Фитналар бизни ҳар тарафдан ўраб, қўрқув ва очарчилик атрофимизда изғиб юришига қарамай, ичимиздаги гуноҳкорлар гуноҳлари, исрофкунандалар исрофларидан воз кечмаяптилар, дангасалар ибодатларни маромига етказиб қила олмаяптилар. Ҳатто, танамизда, хонадонларимизда, хотинларимиз ва бола−чақаларимизда маъсиятлар, дастурхонимиз, тўйларимиз ва маросимларимизда исрофлар кўпаймоқда. Иш шунга етиб бордики, қайғу ва таъзия маросимларида ҳам ошлар тортилиб, меҳмонлардан ортганлари ахлатларга ташланмоқда!! Биз гўё атрофимизда очликдан, қўшни давлатларда сувда чўкиб, денгизлар ютиб, жасадларини соҳилга уриши учун ўз она юртларидан қочаётган одамларни кўрмаётгандекмиз!

Ўзимиз касаллик ва ваболардан саломат яшаётган бўлсакда, атрофимизда одамлар ўғирланаётганини кўрмаяпмиз. Касаллик юқмаслиги учун эҳтиёт чораларинин кўрсакда, касаллик ва ваболарни тақдир қилган Зотнинг азобу уқубатларидан қўрқмаяпмиз! Аллоҳ макру ҳийлаларидан қанчалар огоҳлантирмасин, ҳали ҳам бепарвомиз! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿ فَلَا يَأْمَنُ مَكْرَ اللَّـهِ إِلَّا القَوْمُ الخَاسِرُونَ ﴾

«Аллоҳнинг макридан зиёнкор халқларгина хотиржам бўладилар» (Аъроф: 99).

Биз мусибатларда қайғуга тушишдан илгари, шодиёнали кунларда қўрқишимиз, қўрқувимиз одамзотдан эмас, Аллоҳдан бўлиши керак. Бу қўрқув бизни (динимизга) амал қилишга ундаши лозим. Биз гуноҳларимиздан қўрқиб тавба қилишимиз, гуноҳлардан воз кечишимиз; итоатлардаги камчиликларимиздан қўрқиб, ибодатларга мудом давом этишимиз; атрофимиздагилар: рафиқалар, фарзандлар, тенгдошлар ва қўшниларнинг гуноҳларидан қўрқиб, уларга амру маъруф, наҳий мункар қилишимиз; тўғри йўлга чорлаш одамларнинг бизда кўришга ўрганишган одатга айланиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло, бир−бирларини назорат қилиб турган халқнинг бошига, уқубатини юбормайди:

﴿ وَمَا كَانَ رَبُّكَ لِيُهْلِكَ القُرَى بِظُلْمٍ وَأَهْلُهَا مُصْلِحُونَ ﴾

«Роббингиз, аҳолиси ислоҳотчи бўлган қавмни (қилишган) зулм(лари) сабабли ҳалок қилмайди» (Ҳуд: 117).

Келинглар, бузғунчилар кемани босиб, ёқиб, денгизга ғарқ қилиши ва пушаймонлик фойда бермай қоладиган вақт келишидан илгари, одамлар ўртасида ислоҳотларни ёяйлик!

Биз ҳануз бепарво ва маъзират лаҳзаларини яшамоқдамиз. (Келинглар), (неъматлар) тугаб кетишидан илгари, уларнинг истеъмолини тузатайлик! Агар неъматлар тугаса бир−биримизни айблаш ёки турли−туман маъзиратларни кўрсатишнинг фойдаси бўлмайди. Аллоҳ таоло:

﴿ فَلَمْ يَكُ يَنْفَعُهُمْ إِيمَانُهُمْ لمَّا رَأَوْا بَأْسَنَا ﴾

«Азобимизни кўрганлари маҳал уларга иймонлари фойда бермади»− дея қоралаган кимсалар қаторида бўлишдан ҳушёр турайлик (Ғофир: 85).

Ҳой биродарлар, биз бир замонлар бирлик, кўнгил ва қалб яхлитлиги, уламоларимизга боғланиш билан яшаган кунларимиз шодиёнали кунларимиз эди. Бироқ, айримларимиз тарафидан содир этилган ва диндан баъзисини олиб, баъзисидан воз кечиш, уни ўзгартиришга ҳаракат қилиш оқибатида бўлинишлар рўй бергач, ўртамизга парчаланиш ва ихтилофлар сироят этди. Жамиятимизда бир−бирига туҳмат ва айблов йўллаш урчиб, турли оқим ва йўлларга айрилдик.

Диёнатдаги айрилиш натижасида қалбу кўнгиллар бўлиниши, келиша олмаслиги ва бир−бирига нафрат қилиш юзага келди. Чунки, ҳақиқий дин – қалбларни бирлаштириб, тарафкашлик ва ирқчиликни йўқ қилади. Аллоҳ таоло умматнинг солиҳ аждодлари ҳақида шундай дейди:

﴿ وَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ لَوْ أَنْفَقْتَ مَا فِي الأَرْضِ جَمِيعًا مَا أَلَّفْتَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَكِنَّ اللهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ إِنَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ ﴾

«Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир» (Анфол: 63).

Аллоҳ уларни дин асосида бирлаштирди. Натижада, уларнинг дўстлик ва душманликлари дин асосида бўлди. Уммат, диёнати бўлингач турли партия ва жамоатларга бўлинди. Уларнинг баъзилари партия учун таассуб қилса, айримлари тоифачилик учун, баъзилари эса шахслар учун тассуб қилиб, шу шахс учун дўстлашиб, душманлашмоқда.

Диёнатнинг парчаланиши оқибатида умматнинг дўстлашиш асоси ҳам парчаланди: қалбу кўнгиллар ўзаро нафратлашиб, кучу қудрати заифлашди ва шавкатлари йўқ бўлиб, душманлари улар устидан масхаромуз салтанатларини қурдилар. Охир оқибат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу Ҳайит куни Минода, бу жамоатдан анчагина кўп ҳожи саҳобалар рўпарасида огоҳлантирган башорат амалга ошди: «Мендан кейин бир−бирингизнинг бўйнини чопадиган кофир бўлиб (диндан) қайтманглар!».

Бизнинг ўз динимизга қайтишга, бирликка, гуноҳларимиздан тавба қилишга, Роббимизни рози қилишга, жонимизни қутқаришга, Умматимизга ёрдам беришга катта эҳтиёжимиз бор. Акси тақдирда, бошимизга бошқаларнинг бошига келган нарса келиши мумкин.

Биз Аллоҳ таолога неъматлар заволи, офиятлар йўқолиши, интиқомининг кутилмаганда келиши, бутун ғазаблари, тубан бахтиқаролик, ёмон қазо, оғир бало ва душманлар ҳақоратидан сиғинамиз!

Биз Аллоҳ таолодан бечораҳол мусулмонлар учун нажот, муваҳҳид бандалари учун зафар, Уммат ва дин душманлари бўлган кофир ва мунофиқлар учун заволни тилаймиз.

Дарҳақиқат, У эшитгувчи ва дуоларни ижобат қилгувчи Зотдир!

Ушбу сўзларни айтиб, ўзим ва сизлар учун Аллоҳ таолодан гуноҳларимиз мағфиратини тилайман.

Иккинчи хутба

Олий мартабали ва Буюк Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! У − яратди, яратганда ҳам бекаму кўст яратди. У – ҳар бир нарсани тақдир қилиб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилди. Барча нарса Унинг ҳузурида муайян ўлчов биландир. Биз Унга ҳамду сано ва шукроналар айтамиз, гуноҳларимиздан тавба қиламиз, истиғфор айтамиз.

Мен: «Шериксиз якто Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ» эканига гувоҳлик бераман.

Аллоҳ бизга Ҳайитни машруъ, қурбонликларимизни ризқ қилиб, бизларни қурбонликларимиз билан Ўзига яқин бўлишга буюрди. Ҳолбуки, уларнинг гўшт ва фойдалари ўзимизга қайтиб, ажру савоблари бизга ёзилади. Роббимиз бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

Мен (яна) «шохдор ва чипор икки қўчқорни «бисмиллаҳ» дея такбирлар билан, оёқларини бўйинларига қўйиб, ўз қўллари билан бўғизлаган» Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига шоҳидман. Аллоҳ таоло Унинг, Унинг оиласи, асҳоблари ва Унга Қиёмат кунигача эргашган мўъминларнинг бошидан салавоту саломлар ёғдирсин!

Сўнг …

Бас, Аллоҳ таолодан ушбу муаззам кунларда тақво қилингиз ва бу кунларни Аллоҳнинг зикри билан обод этингиз! Чунки, Аллоҳ таоло:

﴿ وَاذْكُرُوا اللهَ فِي أَيَّامٍ مَعْدُودَاتٍ ﴾

«Аллоҳни саноқли кунларда зикр қилингиз!» (Бақара: 203) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ташриқ кунлари – ейиш, ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир»− деганлар.

Ҳой мусулмонлар, бу кун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, Аллоҳ таоло ҳузурида энг фазилатли айёмлардан биридир: «Аллоҳ наздидаги энг буюк кун Қурбон ҳайити кунидир. Сўнгра эса Қурбон ҳайитининг иккинчи кунидир» (Абу Довуд ривояти). Шундай экан, сизлар бу кунларни Аллоҳ эъзозлаганидек эъзозланглар:

﴿ ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّـهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى القُلُوبِ ﴾

«Сабаби, ким Аллоҳнинг шиорларини эъзозласа, бу, қалблар тақвосидандир» (Ҳаж: 32).

(( اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ وَلِلَّـهِ الْحَمْدُ ))

«Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Ҳамдлар Аллоҳникидир!».

Ҳой, муслима аёл! Сиз, Аллоҳ таоло осудалик ва барқарорлик ато этган мамлакатда истиқомат қилаяпсиз. Унинг атрофида эса қўрқув ва Аллоҳ таолога сиғиниш, Аллоҳдан мамлакатимиз ва бандаларни ҳимоя қилишини талаб қилаётган таҳлика жараён этмоқда.

Уруш ва фалокатлардан қочиб денгизларда ғарқ бўлган хотин−қизлар ва норасида гўдакларнинг соҳилларга урган жасадлариниг расмлари, бошимизга бошқалар бошига келган фалокатлар келмаслиги учун Аллоҳ таолога тавба−тазарру ва У буюрган ибодатларни қилишимиз учун ибрат ва насиҳатдир.

Аёл эркак учун фитна−жозибадир. Ё эркакни ҳалол нарса билан севинтириб, эркак унинг билан бахтиёр бўлиб, Аллоҳ таолога шукур қилади ва аёл эркакнинг Аллоҳга шукур келтиришига ёрдамчи бўлади ёки эркак аёл билан фитна гирдобига тушади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ وَأَوْلَادِكُمْ عَدُوًّا لَكُمْ فَاحْذَرُوهُمْ ﴾

«Эй мўъминлар, жуфтларингиз ва фарзандларингиз ичида ўзингизга душман бўлганлар бор, улар ҳушёр бўлингиз!» (Тағобун: 14).

Ҳой муслималар, эркакларнинг тоату ибодатларига ёрдамчи бўлиш учун, уларнинг гуноҳкор бўлишларига сабабчи бўлмангиз! Чунки, бугунги кунда оила ва хонадон ишлари хотинлар қўлига ўтди. Рафиқа – эрининг хонадонида раҳбар ва ўз қўли остидагилардан жавобгардир.

Ҳой муслима, хонадонингизни ҳаром нарсалардан тозаланг! Фарзандларингизни Аллоҳдан қўрқув асосида тарбияланг! Уларнинг кўнгилларига Аллоҳ таолонинг севгиси ва итоатини ниҳол қилиб экинг! Ҳақ йўлда бўлишларига чиниқтиринг!

Аллоҳ таоло мусулмонларнинг рафиқалари ва фарзандларини хуфёна ва яширин фитналар шарридан ҳифзу ҳимоясида асрасин! Улар учун рафиқалари ва фарзандларини ислоҳ этсин!

(( اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ وَلِلَّـهِ الْحَمْدُ ))

«Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Ҳамдлар Аллоҳникидир!».

Ҳой мусулмонлар, ҳозир, намоздан кейин чиқиб, қурбонликларингиз билан Аллоҳга яқин бўласизлар. Қурбонликни бўғишлаш вақти ўн учинчи зулҳижжа (ҳайитнинг тўртинчи) куни қуёш ботгунича давом этади. Ўн учинчи кун – Ташриқ кунларининг охирги кунидир.

Бугун оғзингизга олган илк луқмангиз – қурбонлигингиз гўшти бўлсин. Ундан енглар, ҳадя ва садақа қилинглар ва бошқа кунларингиз учун ҳам олиб қўйинглар!

Юзларингизда, Ҳайитингиз сабабли келган севинч ва сурурни намоён қилингиз! Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан йироқ турингиз! Аллоҳ таолога қилган ҳидояти ва ато этган ризқи учун ҳамду санолар айтингиз! Ер куррасининг ҳар ерида қувғинликка учраган ночор илтижо қилганлар ва қувғинга учраган биродарларингизни ҳам унутмангиз: уларга жой берингиз, қоринларини тўйдирингиз, касалларини даволангиз, беваларига ёрдам бериб, етимларини кафолатга олиб, шафқат қанотларингизни ёзингиз ҳамда уларга хос дуоларингизни аямангиз!

Сизлар уларга ёрдам қўлини узтиш билан Роббингизни рози қиласиз, биродарингизга ҳамкор бўласиз, ўзингиздан фалокатларни даф қиласиз, осудалик ва ризқингизни муҳофаза этасиз. Чунки, саховатпешалик балою мусибатларни даф қилади.

(( اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ وَلِلَّـهِ الْحَمْدُ ))

«Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Аллоҳ (ҳар нарсадан) буюкдир! Ҳамдлар Аллоҳникидир!».

Аллоҳ таоло бизга ва бутун муслмонларга барака, иймон, саломатлик ва Исломни мудом қайта берсин, биздан, сиздан ва бутун мусулмонлардан солиҳ амалларини қабул айласин!

﴿  (إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا ﴾

«Аллоҳ ва Аллоҳнинг фаришталари пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтадилар. Эй мўъминлар, (сизлар ҳам) Унга салавоту саломлар йўллангиз!» (Аҳзоб: 56).

 

 

Мақоладаги оятлар таржимасининг аксари Алоуддин Мансурга тегишли.

 


 

Ҳаж ҳам тугади … (Шайх Иброҳим ибн Солиҳ Ужлаан)

Ҳаж ҳам тугади …

Хатиб: Шайх Иброҳим ибн Солиҳ Ужлаан

Мутаржим: Абу Жаъфар ал─Бухорий

Асл сарлавҳа:  وَقَفَاتٌ بَعْدَ الْحَجِّ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча нарсани ўлчаб, ҳар бир нарсадан бохабар бўлган Аллоҳ таолога ҳамдлар, берган неъматларига шукрона бўлсин дея санолар айтаман. Мен: «Ягона ва шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У сувдан одамзотни яратиб, ўрталарида насаб ва қудачиликни жорий қилган Зот» эканига ҳамда: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлиб, уни Роббиси бутун инсониятга огоҳлантирувчи ва узр қилиб юборган ва У Аллоҳ йўлига пинҳона ва ошкора чорлаган» эканига шаҳодат келтираман. Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига юлдузлар сўниб, Ой нурини йўқотгунича салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Эй мўъминлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқингиз ва уни пинҳонаю ошкора кўздан йироқ тутмангиз! Унга бўлган бандачиликни, Уни кўриб тургандек бажо келтирингиз! Чунки сизлар Уни кўрмасангиз, У сизларни кўриб туради:

﴿ وَتَوَكَّلْ عَلَى الْعَزِيزِ الرَّحِيمِ الَّذِي يَرَاكَ حِينَ تَقُومُ وَتَقَلُّبَكَ فِي السَّاجِدِينَ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ﴾

«Ғолиб ва меҳрибон (Аллоҳ)га таваккул қилинг! У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар. Шак-шубҳасиз У эшитгувчи, билгувчи зотдир» (Шуъаро: 217 ─ 220).

Мўъмин биродарлар, фаришталар гувоҳ бўлган ва кўп эслатилган айёмлар ортда қолди. У кунлар мобайнида айрим одамлар гуноҳларнинг мағфирати ва Алломул ғуюбнинг розилиги билан тақдирландилар.

У кунлар ичидаги яхшилик ва эзгуликлари, фойда ва манфаатлари билан ўтиб кетди ва Ҳаж мактаби дарвозаларини ёпди. Энди қайта келмоқчи бўлганлар, умр сафарининг ҳайратомуз иймон саёҳатида янги юз, порлаган руҳ ва оппоқ саҳифа билан келадилар.

Аллоҳнинг меҳмонлари уйларига қайтдилар. Уларнинг тиллари талбияларни такрорлаб, кўзлари ёшларни қуйиб, руҳлари ибодатга ўрганиб қолган эди.

Улар Аллоҳ инъом этган лутфлар, муваффақият ва Каъбани ҳаж қилиш билан шод бўлиб қайтишди:

﴿ قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُون ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир»» (Юнус: 58).

Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлида мусулмон бўлиш учун келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни очиқ чеҳра билан кутиб олди ва Исломга кириши учун қўлларини узатди. Бироқ Амр қўлини мушт қилиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Амр, сенга нима бўлди?»─ дедилар. У: Менинг шартларим бор!,─ деб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қандай шартларинг бор?»─ дедилар. У: Шартим ─ мени кечиришингиздир!,─ деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Амр, Ислом, ҳижрат ва ҳаж ўзларидан аввалги нарса (гуноҳ)ларни ювиб йўқ қилиб ташлашини билмайсанми?!»─ дедилар (Бағавий «Шарҳус суннаҳ» 56).

Ўз ўлкасига қайтар экан ҳажини мукаммал қилган, зиммасидаги масъулиятни адо этган бандага муждалар бўлсин!

Эй ҳожилар, сизларга муждалар бўлсин ва Аллоҳдан умидларингизни узмангиз! Чунки сизлар Буюк Роббингиздан тилакда бўлдингиз, Саховатпеша зотдан умид қилдингиз. Ундан бирон гуноҳ мағфиратсиз қочиб қутила олмайди, У бирон марҳаматни бермай қўймайди! Аллоҳ ҳақида чиройли гумонда бўлингиз! Зеро Аллоҳнинг инъомлари умидларингиздан, эҳсонлари эса тилакларингиздан буюкдир! Амал сиёҳлари билан оқарган амал саҳифаларингизни тўлдирингиз! Ўтган ишларга салавот! Ҳаётингизни янги тонгдан бошлангиз ва унинг қолган қисмида эзгу ишларга бел боғлангиз! Унутмангларки, ҳануз ажал келмаган экан, ибодат тупроғига экин экиш мумкин:

﴿فَإِذَا قَضَيْتُمْ مَنَاسِكَكُمْ فَاذْكُرُوا اللَّهَ كَذِكْرِكُمْ آبَاءَكُمْ أَوْ أَشَدَّ ذِكْرًا﴾

«Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг!» (Бақара: 200).

Аллоҳнинг бандалари!

Ҳаж айёмлари тугагач Ҳаж мактабидан олган айрим дарсларимиз ва ўрганган одатларимизни ёдга олсак, фойдадан холи бўлмаса керак.

Мўъмин биродарлар, Ҳаж мактаби бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишни ўргатди. Чунки ўтган Ҳаж айёмлари мўъминда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига бўлган боғлиқлиқни кучайтиради.

Шу боис ҳожиларнинг ҳажлари пайғамбарона йўлга биноан бўлиши учун интилишлари, сўрашлари ва малолланмасликларига шоҳид бўласиз. Бу йўлни дастуруламал қилган ва ибодати, муомалалари, ташқи ва ички кўриниши, турар─жойи ва саёҳати, уйқуси ва уйғоқлиги, қўйингки, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига яқин бўлиб, ҳаёт йўли қилиб олиш, банда учун катта шарафдир.

Агар банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга лойиқ бўлганидек эргашса, олдида ҳидоят дарвозалари ланг очилади, устидан илоҳий раҳматлар ёғилади:

﴿قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ﴾

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).

Эй мусулмонлар, Ҳаж мактаби бизга амалнинг савоби амал сари энг яхши ундовчи эканини ўргатди. Зеро Роббиси ҳузуридаги савоблар рағбатигина бандани ҳаж йўлидаги машаққатларни чекишга ва аҳлу оиладан йироқлашишга ундади.

Чунки ҳожилар: «Аллоҳ дароҳида мақбул бўлган ҳажнинг мукофоти ─ жаннатдир!» дея тушундилар ва пуллари ва вақтларини сарф этдилар, хотиржам нафс ва рози бўлган қалблари билангина оғирликларни кўтардилар.

Амал савобини ҳис этиш банданинг ҳимматини оширади, танбалликни қувади, мусулмонда ҳаёти давомида солиҳ амалларга бўлган ҳирс ва унга мудом давом этишни кучайтиради.

Шунинг учун ҳам қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини чиндан ҳис этган банда бамдод намозини вақтида ўқийди:

«Офтоб чиқиши ва ботишидан илгари (бамдод ва аср) намоз(ларини) ўқиган кимса жаҳаннамга кирмайди!» (Имом Муслим 1468);

«Сизлар Роббингизни ойдин кечаларда тўлин ойни кўргандек (аниқ) кўрасизлар. Агар офтоб чиқиши ва ботишидан илгари намоз ўқий олсангизлар, ўқинглар!» (Насоий 460).

Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисини қалбига жо қилган банда, садақа қилишдан малолланмайди ва нафси қурумсоқлик қилмайди: «Биров ҳалол тирикчилик билан топган хурмони садақа қилса, Аллоҳ уни ўнг қўли билан олади ва бирингиз тойчоғи ёки урғочи бўталоғини парваришлаганидек парваришлаб ўстиради ва тоғдек ёки ундан кўра каттароқ бўлади» (Имом Муслим 2390).

Иймондош биродарлар, Ҳаж мактаби бизга виждон ва нафсни ихлос, ҳушёрлик ва покдомонлик асосида тарбиялаш ва поклашни ўргатди:

﴿ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ ﴾

«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197).

Шу боис банда ҳажи асносида Роббисини улуғлаб ва ажру савобининг камайишидан қўрқиб, ҳақорат ва арзимас гуноҳлардан ҳам воз кечади. Ҳолбуки, хоҳласа гуноҳ ва хатоларни қила олади. Агар ҳаж ичига кирган бирон ибодат, масалан, тавофни олиб кўрсак, у, банданинг юрагига қўрқув ва покдомонлик асосини солади. Натижада, ҳожи Каъбатуллоҳни тавоф қилар экан, номаҳрамларга ёки ногаҳон очилиб қолган авратларга нигоҳ ташламайди. Уни бунга ундаган нарса Роббининг мақомини улуғлаши ва ибодатини булғашдан қўрқишидир. Ҳажнинг барча ибодатлари ҳожилар қалбида шундай тарбия ва покланишни қолдиради.

Ахир охиратдаги нажот ва зафар нафсни тарбиялаш ва поклаш билан бўлмайдими?!

﴿ قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا ﴾

«Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Шамс: 9, 10).

Ҳаж мактаби бизга итоат асосида бирлашиш эзгуликка кўмакчи эканини ўргатди. Ҳожи ўз кўзлари билан хушудаги қалблар, ёш қуйган кўзлар ва чин ёлборишларни кўрди. Барчанинг Роббиси билан машғул: бировнинг Қуръонни тиловат қилаётгани, бошқасининг дуо қилаётгани, учинчисининг намоз ўқиётгани, тўртинчисининг садақа бераётганига шоҳид бўлди. Бу манзаралар уни улардан таъсирланиш ва улардек бўлишга ундайди.

Атрофидаги одамлар ва дўстлари билан таъсирланиш, одамзотнинг табиатидир. Ўтмишда: «Табиатлар ─ ўғридир» дейилган. Бундан кўра ўз нафсидан гапирмаган Зот ─ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари яна ҳам тўғрироқдир: «Шахс ─ дўстининг динида бўлади. Бировингиз ким билан дўстлашганига қарасин!» (Имом Аҳмад 8398).

Ҳожи биродар, ҳаж қилгач дўсту ёрларингизни бир текшириб кўринг! Мана, сиз иймон таъмини ва устиворлик лаззатини тотдингиз. Иймонли ва устувор инсонларни улардек бўлиш учун қидиринг!

Аллоҳ айёмларингизга барака берсин, бу ердаги дўстлик алоқалари яхшилик учун ва яхши нарсаларда бўлса, унинг ниҳояси нурли минбарлар, бошқача бўлса, бармоқларни пушаймонликдан тишлаш ва ҳасратдир:

﴿ يَا وَيْلَتَى لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَانًا خَلِيلًا لَقَدْ أَضَلَّنِي عَنِ الذِّكْرِ بَعْدَ إِذْ جَاءَنِي وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِلْإِنْسَانِ خَذُولًا ﴾

«Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди, аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир» (Фурқон: 28, 29).

Иймондош биродарлар, Ҳаж мактаби бизга узоқ орзуларга берилмасликни ўргатди. Ҳожи ўз уйидан тоат ибодатларга бардошли бўлиб, Мино ва Арафотда нафсу ҳавосини шаҳватлардан сарҳисоб қилиб, кунларини ўтказди. Чунки у, ушбу айёмларнинг саноқли соатлардан иборат бўлиб, тезда ўтиб кетишини жуда яхши билади.

Ҳожининг ўз умрининг саноқли, бу дунёда туриш эса қисқа эканини билиши қандай яхши! Бу ─ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларга берган тарбиянинг асосидир: «Бу дунёда ғарибдек ёки мусофирдек яша!» (Имом Бухорий 6416; Термизий 2333).

Аллоҳнинг бандалари, бу ─ ҳажнинг маънавий манфаатларидан биридир. Унинг манфаатлари эса бениҳоя кўпдир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَعْلُومَاتٍ ﴾

«Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж: 28).

Аллоҳ таоло менга ва сизларга Қуръон Каримни баракали қилиб, ичидаги оятлари ва Доно Зикр ─ Каломуллоҳ билан фойдалантирсин. Бу гапларни айтиб Аллоҳ таолодан ўзимнинг ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишини тилайман. Бас, сизлар ҳам Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтингиз!

 

Иккинчи хутба

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Зеро Аллоҳ ҳамду саноларга лойиқдир. Салавоту саломлар Унинг танланган бандаси, шу бандасининг оиласи ва асҳобларига бўлсин.

Сўнг …

Иймондош биродарлар!

Мана биз турли қурбат ва ибодатларнинг асосийлари билан тўлиб─тошган фазилатли мавсум билан видолашдик. Бу мавсумдан сўнгра ўзимизга келиб, шундай савол беришимиз керак: Ўтган ушбу айёмларда қилинган ибодатларнинг бизда қандай таъсирлари қолди?

Аллоҳнинг бандалари!

Амалларнинг солиҳ эканининг белгиларидан бири шуки, улар банданинг хомушлиги─ю гапиришида, хулқи─ю муомаласида, нигоҳи─ю тинглашида ўзига хос осорларни қолдиради. Зеро солиҳ амал ─ қилган одам ҳаётида из қолдирмаган одатий ишлардан бири эмас.

Аллоҳнинг бандалари, ўқиган одамни ҳаёсизлик ва гуноҳлардан тўсмаган намознинг қиймати борми?! Тутган одамни ёлғон ва ҳақоратли сўзлардан тийдира олмаган рўзанинг қиймати нима?! Қилган одам миннат ва озорларини қилаверса, берилган садақанинг қиймати нима?! Ибодатларни улуғламай, ҳаром нарсаларни қилишдан қўрқитмаса, қилинган ҳажнинг қиймати қоладими?!

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳасан ривоят силсиласи билан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ушуб ҳадисини ривоят қилади: Бир киши: Ё Расулуллоҳ, фалончи жувоннинг кўп намоз ўқиши, кўп рўза тутиши ва садақалар бериши ҳақида гапирилди. Бироқ у тили билан қўшниларига озор беради,─ деди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ─ жаҳаннамдадир!»─ дедилар. (Ҳалиги) киши: Ё Расулуллоҳ, фалончининг оз рўза тутиши, оз намоз ўқиши ва оз садақа қилиши ҳақида айтилсада, лекин, у ҳўкизлари билан пишлоқ садақа қилиб, қўшниларига тили билан озор бермайди,─ деди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ─ жаннатдадир!»─ дедилар (Имом Аҳмад 9673).

Аллоҳнинг бандалари, солиҳ амалларимизни ҳаётимизда ширинсуҳанлик, сертабассумлик, ўзаро дўстлик ва қариндошлик алоқалари, ғамхўрлик ва эҳсонга айлантирсак қандай яхши бўлар эди. Шу билан Аллоҳга бўлган итоатимизнинг осорларини ҳаётимизда кўринадиган воқеъ ва гувоҳга айлантирар ва Аллоҳ таолонинг боамал тақводор бандалари қаторидан жой олган бўлар эдик.

(Иймондош биродарлар), пайғамбарларнинг энг яхшиси, қиёмат кунидаги порлаган инсонларнинг йўлбошчиси, барча оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга яратгувчиларнинг энг устаси бўлган Роббингиз буюрганидек салавоту саломлар йўллангиз:

﴿ إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا ﴾

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

 

Зулҳижжа ойининг биринчи даҳаси фазилатлари ва қурбонлик аҳкомлари (Шайх Баракот Аҳмад Бану Малҳам)

Зулҳижжа ойининг биринчи даҳаси фазилатлари ва қурбонлик аҳкомлари

Хатиб: Шайх Баракот Аҳмад Бану Малҳам

Мутаржим: Абу Жаъфар ал─Бухорий

Асл сарлавҳа:   فَضْلُ الأَيّامِ الْعَشْرَةِ مِنْ ذِي الْحِجَّةِ وَأَحْكَامُ الأُضْحِيَّةِ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Йўлни баён қилиб кўрсатиб берган, одамларнинг фойдаси ва Аллоҳнинг зарарига ҳужжат қолмаслиги учун пайғамбарларини муждаловчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган, ҳар бир ойга ўз хусусиятини берган, ҳаж ибодатини зулҳижжа ойида қилинадиган қилган, Каъбатуллоҳни қасд этиб ҳаж қилган кимсанинг гуноҳларини афв этган ва такбир садоларини янгратган кимсаларга эса улкан ажру савоблар тайинлаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Мен «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг ҳайбат ва қувонч нуқтаи назаридан пайғамбарлик зийнатларини кийдирган бандаси ва расули» эканига шаҳодат келтираман. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга булутлар кўтарган ва қуйган ёмғирлар оғирлигича салавоту саломлар йўлла!

Аллоҳ таоло Қуръон Каримда шундай деган:

﴿ وَالْفَجْرِ وَلَيَالٍ عَشْرٍ وَالشَّفْعِ وَالْوَتْرِ وَاللَّيْلِ إِذَا يَسْرِ هَلْ فِي ذَلِكَ قَسَمٌ لِّذِي حِجْرٍ ﴾

« Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)! Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Фажр: 1 ─ 5);

﴿ وَلِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنْسَكَاً لِيَذْكُرُوا اسْمَ اللهِ عَلَى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَإِلهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ فَلَهُ أَسْلِمُوا وَبَشِّرِ الْمُخْبِتِينَ ﴾

«Биз (сизлардан аввалги мўмин миллатлардан ҳам) барча миллатга (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйинсунингиз! Итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг!» (Ҳаж: 34).

Алллоҳнинг бандалари унутмангларки, сизлар Аллоҳ таоло пайтини марҳамат, шаънини улуғ қилган айёмдасизлар. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда бу кунларга қасам ичиб шундай деган:

﴿ وَالْفَجْرِ وَلَيَالٍ عَشْرٍ وَالشَّفْعِ وَالْوَتْرِ وَاللَّيْلِ إِذَا يَسْرِ هَلْ فِي ذَلِكَ قَسَمٌ لِّذِي حِجْرٍ ﴾

« Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)! Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Фажр: 1 ─ 5).

Аллоҳниг бандалари, бу кунларни улуғлаш ва турли ибодатлар билан айри тутиш лозим:

﴿ ذَٰلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ ﴾

«(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж: 32).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга шу кунлар – зул-ҳижжанинг ўн кунлари – дан кўра суюкли бўлган солиҳ амал кунлари йўқдир»– дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам-ми?»– деб савол беришганида: «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам. Бироқ, жони ва моли билан чиққан ва уларнинг биронтасини олиб қайтмаган одам бундан мустасно»– деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 969; Термизий «Сунан», ҳадис № 757. Лафз Термизийники). Бошқа ривоятда эса: «У кунлари таҳлил, такбир ва ҳамдларни кўп айтингиз!»─ деганлар.

Бу мазкур айёмларнинг улуғлиги, уларда қилинган солиҳ амалларнинг фазилатларига ҳатто уларнинг Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳам савоблироқ эканига яққол далилдир. Фақатгина бир ҳолат мустасно. Яъни, биров Аллоҳ йўлида моли ва жони билан жиҳод қилиш учун чиққан ва шаҳид бўлиб, моли тортиб олинган ҳамда ундан бирон нарсасини қайтариб келишга қодир бўлмаган (мужоҳиднинг савоби кўпроқдир).

Аллоҳнинг бандалари, «солиҳ амал» ─ Аллоҳ таоло суйган ва рози бўлган сўз ва амалларни ўз ичига олган исм бўлиб, мазкур айёмларнинг барчаси ёки баъзисида тутилган рўза хусусан Арафа кунги рўза, нафл ўқилган намоз, ихтиёрий қилинган садақа, Аллоҳнинг Қуръонини ўқиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни, шу кунларда қилинган Аллоҳнинг итоати, зикри, шукри, Аллоҳга чиройли бандалик, масъулиятларни адо этиш ва таъқиқлардан узоқ бўлишнинг умумий номидир.

Аллоҳнинг бандалари, ушбу айёмларни улуғлаш бир неча сабаблар туфайлидир. Шулардан:

─ Бу кунлар орасида Тарвия куни бордир. Бу ─ ҳожилар Арафа кунида вуқуфда туриш учун тайёрланишадиган зилҳижжанинг саккизинчи кунидир. У куни ҳожилар Маккадан Минога борадилар.

─ Бу кунлар ичида Арафа куни бордир. У ─ Аллоҳ таоло бандаларига раҳмату мағфират билан қарайдиган ва тажжаллий этиб фаришталарига фахрланадиган кундир. У кун ─ гуноҳлар мағфират қилинадиган, гуноҳкорлар жаҳаннамдан озод бўладиган, Арафотда турадиган бандалар билан фахрланиш кунидир. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Оиша разияллоҳу анҳодан ушбу ривоят нақл қилинган: «Арафа куни каби Аллоҳ таоло ҳажаннамдан кўпроқ бандаларни озод қиладиган бошқа кун йўқдир!» (Имом Муслим 3354).

Аллоҳ таоло яқинлашади ва фаришталарига (Арафотдаги ҳожилар билан) фахрланади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло Арафот аҳли билан само аҳлига фахрланади ва уларга: Бандаларимга қаранглар! Ҳузуримга турли тарафлардан сочлари тўзғиб ва чангга беланиб келишибди. Мен сизларни уларни мағфират қилганимга гувоҳ қиламан!,─ дейди» (Ибн Хузайма 2840).

Арафа кунги рўза Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан унинг бултурги ва кейинги йил (гуноҳлари)га каффорат қилишини умид қиламан» деганларидек (бир йиллик гуноҳларга каффоратдир) (Ибн Можа 1740).

Мазкур айёмлар Ислом рукнларини жамлаган бетакрор кунлардир. У кунларда зикр, шаҳодат, эҳсон, тавҳид, рўза, намоз ва ҳаж каби талайгина ибодатлар ва бошқа солиҳ амаллар бордир.

Ҳа, Аллоҳнинг бандалари, бу кунларнинг сони оз бўлсда, яхшилик ва эзгу амаллари кўпдир. Ҳожилар бу кунларда катта савобларга эришсалар, ҳажга кетмаганлар ҳам ҳожиларнинг маросимларига шерик бўлиб, уларнинг савобларидан маҳрум қолишмайди.

Мазкур айёмларда Аллоҳ таолони кўп улуғланади ва Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат кўзи билан қарайди, дуоларини ижобат қилади, диний ва дунёвий ишларини осонлаштиради. Бандалар ушбу муборак кунларда Аллоҳ таолога итоат қилиб, энг бахтиёр онларини яшайдилар.

─ Мазкур айёмлар ичида зулҳижжанинг ўнинчи куни ─ Ҳайит бор. Бу ─ Ҳайит айёмларининг биринчи куни бўлиб, унда қурбонлик бўғизланади. Қурбонлик бўғизлаш боён инсон учун суннати муаккададир. Айрим уламолар эса унинг вожиб эканини таъкидлаганлар. Аллоҳ таоло айтди:

﴿إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг! Албатта сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни беному нишон йўқ бўлиб кетгувчидир) (Кавсар: 1 ─ 3).

Ҳайит куни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳнинг ҳузуридаги энг улуғ кун ─ (Қурбон) ҳайит(и) кунидир» (Имом Аҳмад 19098; Насоий 4083 ).

Биз қурбонлик қилиш ибодати учун шукроналар келтиришимиз лозим. Чунки, қурбонлик қилиш билан Аллоҳ таолога яқин бўламиз. Қурбонлик қилиш ─ бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссалом суннатини жонлантириш, демакдир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қурбонлик қилиш ҳақида сўралганида: «(У) бобокалонингиз Иброҳимнинг ўғлини қурбонлик қилиш билан Аллоҳнинг амрига итоат этмоқчи бўлганидаги суннатидир. Аллоҳ таоло унинг бадалига улкан қурбонликни фидо этди»─ деб жавоб бердилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, қурбонлик қилиш билан бизга қандай савоб бўлади?,─ дейишганида: «Унинг ҳар бир жуни ва юнги учун савоб бўлади»─ дедилар (Ибн Можа ва Байҳақий ривоятлари).

Агар Иброҳим алайҳиссолату вассалом Аллоҳ ризоси учун ўғлини қурбонлик қилмоқчи бўлган бўлса, ундан кўра енгилроқ нарса ─ ҳайвонларни қурбонлик қилишимиз анчагина осондир. Бировимиз эса Аллоҳ таолонинг ўзи ато этган қўй ёки бошқа чорва молларини Аллоҳга яқин бўлиш учун қурбонлик қилишга қурумсоқлик қилмоқда. Ҳолбуки, унинг ҳар йили хонадони учун катта маблағларни сарф этаётганини, қурбонликка келганда эса: Қурбонлик қилсам─ми ёки йўқми? Аслида, қурбонликнинг ҳукми нима?, деб ҳайратга тушгани ва иложи борича қурбонлик қилмаслик учун йўл қидирганига шоҳид бўламиз. Бу ─ шайтоннинг садақа қилдирмаслик учун кириб борадиган даричасидир! Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақа ─ етмишта шайтоннинг асирлигидан чиқиб келади»─ деганлар.

Ҳой Аллоҳнинг бандалари, оилангиз бюджетига қурбонлик пулини ҳам қўшиб қўйинг! У, катта савоблари бўлишига қарамай, арзимас пулга келади. Ундан эса Аллоҳ таолога тақвогина етиб боради. Аллоҳ таоло сизга берган давлат билан Охират диёрини қидиринг!

﴿ لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَٰكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَىٰ مِنْكُمْ كَذَٰلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ ﴾

«Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун (яъни қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Аллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди» (Ҳаж: 37).

Аллоҳнинг бандалари, бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога итоат этиш ва ризосига умидворлик муносабатини эсланглар! Аллоҳ таолога қурбонлик сўйиш, унинг қонини тўкиш ва гўштини садақа қилиш ва ейиш билан яқин бўлинглар! Ахир Аллоҳ таоло шундай демаганми:

﴿وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُم مِّن شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

«(Байтуллоҳда қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун уларни (қурбон қилишда) яхшилик бордир. Бас улар (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз. Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (яъни жон таслим қилганларида), улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар. Шукр қилишларингиз учун Биз уларни (яъни туя-молларни) сизларга бўйсундирдик»?! (Ҳаж: 36).

«Қаноатли киши» ─ тиланчилик қилмайдиган камбағал, «тиланчи» эса гадойдир. Уларга едиринглар! Яъни, қурбонлик сўйишгина эмас балки зикр, тавҳид, шукр, эъзозлаш, ҳидоят неъматига иқрорлик, муҳтарам пайғамбарларимиз Иброҳим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳима ва салламларга издошликдир!

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадис шарифда шундай дейилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамзотнинг Қурбон ҳайити кунида қилган амаллари ичида Аллоҳ учун қон тўкиши каби севимлироғи йўқдир. У қон Қиёмат кунида шоҳлари, туёқлари ва жунлари билан келади. Қон ерга тўкилишидан илгари Аллоҳнинг даргоҳидаги жойини олади. Бас, сизлар қурбонликлар билан севининглар!» (Ибн Можа 3126).

Пулларни қурбонлик учун сарфлаш, уларни садақа учун сарфлашдан кўра фазилатлидир. Шундай экан, Аллоҳ таолога қурбонликнинг энг яхшиси ва афзалини сўйинглар! Зеро қурбонлик, Ҳайит кунидаги энг яхши амалдир.

Аллоҳнинг бандалари, катта савобларни қўлга киритиш ва пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва издош бўлиш учун ўзингиз ва оилангиз номидан қурбонлик қилингиз! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари, хонадони ва Уммати номидан қурбонлик қилган эдилар. Савобдаги шерикликнинг чегараси йўқдир. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун умматлари номидан қурбонлик қилдилар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги саҳоба битта қўйни ўзи ва сони юзтага етган бўлсада оиласи номидан сўяр эди. Ато ибн Ёсир разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида қурбонлик қандай қилинар эди?,─ деб сўрадим. У: Биров битта қўйни ўзи ва оиласи номидан сўяр ва унинг гўштидан ер ва бошқаларни ҳам едирар эди,─ деб жавоб берди (Аллома Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ деган).

Ҳофиз Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Зодул маъод» китобида: «Битта қўйнинг бир киши ва унинг кўпсонли бўлсада оиласи номидан жоиз бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан эди»─ деган.

Аллоҳнинг бандалари, талайгина одамлар ўзлари ва оиласини катта савоблардан маҳрум қилишиб, ўзи ёки фалончи ва фалончилар номидангина ёхуд ўзи ва оиласига бирон ажрни қўймай қурбонлик қилишади. Аслида, ҳамманинг номидан қурбонлик қилиши авлодир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи, оиласи ва уммати номидан қурбонлик қилдилар. Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюргач шохдор қўчқорни қурбонлик учун олиб келинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Оиша, пичоқни беринг!»─ деб: «Уни тошда қайранг!»─ жумласини қўшиб қўйдилар. Мен айтганларини қилдим. Пичоқни олдилар ва қўчқорни ётқизиб: «Аллоҳнинг номи билан (сўяяпман). Аллоҳим, (буни) Муҳаммаддан, Муҳаммаднинг оиласидан ва Муҳаммаднинг умматидан қабул қил!»─ дедилар ва сўйдилар (Имом Муслим 5203).

Аллоҳнинг бандалари, билингларки, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг чорва молларидан, яъни, туя, қорамол ва қўй бўлиши шартдир. Улар шариатда белгиланган муайян ёшга: туя ─ беш ёшга тўлиб олти ёшга ўтаётган, қорамол ─ икки ёшни тўлдириб учинчи ёшга ўтаётган бўлиши шарт. Бу иккисини етти киши шерик бўлиб сўйса уларнинг аждодлари ва кейинги наслларига савоби етаверади. Туя ва қорамолнинг етти киши номидан жоиз эканига Жобир разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадиси дулил бўлади: «Биз Ҳудайбийяда туя ва қорамолни етти киши номидан сўйган эдик» (Ибн Можа 3132).

Бошқа ривоятда эса шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан етти кишини битта туя ва битта қорамолга шерик бўлишга буюрдилар» (Имом Муслим 2999).

Эчки эса бир ёшга тўлиб, иккинчи ёшга ўтаётган, қўй эса олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт.

Қурбонликнинг шартларидан бири унинг нуқсонлардан холи бўлишидир. Унинг чўлоқлиги, кўрлиги, касаллиги ва ўта озғинлиги кўриниб турса, қурбонлик қилишга яроқсиздир. Бароъ ибн Озиб разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамизда ўринларидан туриб: «Тўрт: кўрлиги, касаллиги, чўлоқлиги ва ўта озғин қарилиги кўриниб турган ҳайвонлар қурбонликка яроқсиздир»─ дедилар. Мен: Мен тишида нуқсони бўлганларини ҳам суймайман, десам: «Ёқтирмаганингни қўй, бироқ, уни бошқаларга ҳаром қилма!»─ дедилар (Абу Довуд 2804).

Қубонлик шартларидан бири, унинг шаръан белгиланган пайтда ─ Ҳайит намозини ўқилганидан сўнгра сўйилишидир. Уни сўйиш вақти Таширқ айёмларининг учинчи куни қуёш ботганидан сўнгра ниҳоясига етади. Ҳайит намозидан илгари қурбонлигини сўйган одам, суннатга хилоф иш қилган бўлади ва қурбонлиги бекор кетади. Унинг Ҳайит намозидан сўнгра бошқа қўйни такрор сўйиши шарт бўлади. Чунки Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Жундаб ибн Суфён разияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни нақл қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қурбонлик сўйишларига шоҳид бўлдим. (Ҳайит) намоз(и)ни ўқиб салом бергач, намозларини тугатишдан илгари сўйилган қурбонлик гўштларига кўзлари тушди ва: «Ким намоз ўқишдан ─ ёки: ўқишимиздан ─ илгари қурбонлигини сўйган бўлса, ўрнига бошқасини сўйсин! Ким сўймаган бўлса Аллоҳнинг номи билан сўйсин!»─ дедилар» (Имом Муслим 5176).

Демак, қурбонлик сўйиладиган кунлар тўрт кун: Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч Ташриқ кунларидир. Бу кунларнинг энг афзали Қурбон ҳайити кунидир. Қурбонликни кундузи ва кечаси сўйса ҳам бўлаверсада, кундузи сўйиш афзалдир.

Аллоҳнинг бандалари, қурбонлик қилмоқчи бўлган одамдан талаб қилинган, унга мустаҳаб ва раво бўлган нарсалар қуйидагилардир:

Қурбонлик қилмоқчи бўлган одамнинг, Умму Салама разияллоҳу анҳодан нақл қилинган ҳадисга кўра сочларини қирдириши ёки қисқартириши, тирноқларини олиши таъқиқланади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Зулҳижжанинг) ўн куни кирса ва бировингиз қурбонлик қилмоқчи бўлса сочи ва тирноғини олмасин!» («Шуъабул иймаан» 6950).

Қурбонлик қилмоқчи бўлган одамнинг соч ва тирноқларини олиши макруҳдир. Агар зулҳижжа ойининг ўн кунлиги ичида қурбонлик қилишни нийят қилса, қолган кунлари соч ва тирноқларини олмайди. Нийят қилишдан илгари олган бўлса, гуноҳкор бўлмайди.

Ушбу таъқиқнинг ҳикмати шуки, қурбонлик қилмоқчи бўлган одам ҳожиларга баъзи маросимларда шерик бўлар экан, эҳром таъқиқлари қаторига кирган соч ва тирноқларни олдирмасликка ҳам шерик бўлади. Бу ҳукм қурбонлик қилмоқчи бўлган одамнинг ўзигагина тааллуқли бўлиб, қурбонлик қилаётган одам номларини ёд қилган оиласи ёки қариндошларига тааллуқли эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингиз қурбонлик қилмоқчи бўлса» дедилар. Номларидан қурбонлик қилинаётган одамлар, демадилар. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оиласи номидан ҳам қурбонлик қилдилар ва оила аъзоларига юқоридаги ҳукмни талқин қилганлари нақл қилинмади. Шунга биноан, қурбонлик қилаётган одамнинг оила аъзолари зулҳижжа ойининг ўн кунига киргач сочлари, тирноқлари ва териларининг (ёрилган жойларидаги) ортиқчаларини олишлари мумкин.

Қурбонилк қилмоқчи бўлган одам қассобликни яхши билса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, ҳайвонни ўзи сўйиши суннатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари қурбонликларини ўзлари сўяр эдилар. Зеро бу банданинг Аллоҳга яқинлашиши бўлгани боис, уни ўзи бўғизлаши авлодир. Агар қассобликни яхши билмаса сўйиш пайтида ҳайвоннинг ёнида турсин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (қизлари) Фотима разияллоҳу анҳони қурбонлигини сўйиш онида кузатиб туришга амр қилдилар.

Қурбонликни сўйиш онида Аллоҳнинг исмини айтиш, Расулуллоҳга салавоту саломлар йўллаш, қурбонликни қибла тарафга юзлантириш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган дуони айтиш керак. Қурбонлик сўйган одамнинг ўз қурбонлигининг гўштини ейиши раводир.

Қурбонлик икки турлидир: назр қилинган ва ихтиёрий қурбонликлар.

Аллоҳ учун назр қилган одам қурбонлигининг гўштидан ёки ёғидан ейиши ёхуд унинг жуни, териси, калласи ва юнгидан фойдаланиши ёда сотиши ҳалол эмас. Унинг гўштидан қассобга хизмат ҳақи ўлароқ бермайди. Агар ундан еса ёки сотса ёхуд қассобга хизмат ҳақи ўлароқ берса ёки ундан фойдаланса, ўрнига қийматини бериш ёхуд ўшанча нарсани садақа қилишга зомин бўлади.

Иккинчи ─ ихтиёрий қурбонликдан эса қурбонлик қилган кишининг ейиши жоиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош ўлароқ ейилса суннатдир. Унинг гўштидан сақлаб қўйиш, камбағалларга садақа қилиш, фойдаланиш мумкин бўлсада, ундан қисман бўлсада гўшт ёки ёғ ёхуд жун ёда юнг ё тери ёки калла ўлароқ сотиш мутлақо таъқиқланган. Қассобга ундан сўйгани ёки терисини шилгани учун хизмат ҳақи ўлароқ бирон нарса берилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий разияллоҳу анҳуга: «Унинг эгар жабдуқлари ва ёпинчиғини садақа қилинг ва ун(инг гўшти)дан қассобга хизмат ҳаққи берманг »─ деганлар.

Бу таъқиқ унинг гўштларини сотишга ҳам тааллуқлидир. Агар қурбонлик гўштини сотса ёки қассобга хизмат ҳаққи ўлароқ берса, зомин бўлади. Бу ─ нархини бериш ёки сотганича нарсани садақа қилишдир.

Қурбонликни уч қисмга бўлиш: учдан бирини ейиш ва келгуси кунлар учун сақлаш, учдан бирини садақа қилиш ва учдан бирини ҳадя қилиш мустаҳабдир. Сиз ундан садақа қилиб ажру савобни олишингиз ва еб йўқ қилишингиз мумкин.

Ҳанбалий уламоларнинг айтишича, ўлиб кетган қариндошларингиз номидан ҳам қурбонилк қилишингиз мумкин. Бу ─ шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ қувватлаган қавлдир. Чунки у, садақадир. Маййит номидан садақа қилиш эса, ижмоъ билан жоиздир. Агар рўза, намоз ҳамда тана ва молиявий ибодат ҳисобланган ҳажни маййит номидан қилиш жоиз экан, қурбонлик қилиш ҳам жоиздир. Чунки қурбонлик, диндаги ҳукм ва манзилат нуқтаи назаридан Аллоҳга яқин бўлишга анча яқиндир.

 

Иккинчи хутба

Аллоҳнинг бандалари, қурбонлик сўйишни машруъ қилиш ҳикматларидан бири, Аллоҳ таолога амрларига итоат қилиш, жумладан, қон чиқариш билан яқин бўлишдир. Шунинг учун ҳам, барча уламолар қавлига биноан, қурбонликни сўйиш унинг нархини садақа қилишдан кўра афзалдир. Қурбонлик нақадар қиммат, семиз ва тўкис бўлар экан, афзал бўлаверади. Шунинг боис саҳобалар қурбонликларини семиртиришар эди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ига илова ўлароқ келтирган осорда Яҳё ибн Саид раҳимаҳуллоҳ: Мен Абу Умома ибн Саҳл разияллоҳу анҳунинг: Биз Мадинада қурбонликларимизни семиртирар эдик. Барча мусулмонлар ҳам шундай қилишар эди,─ деганлари эшитганман,─ деди.

Қурбонликни машруъ қилиш ҳикматларидан яна бири, бандаликни бажо келтиришга тарбиялаш, бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссолату вассалом суннатини жонлантиришдир. Чунки у, тушида ўғли Исмоилни қурбонлик қилаётганини кўрди. Пайғамбарларнинг туши ҳақиқат ва чиндир. Уни ижро этиш лозим. Шундай қилиб, инсон Аллоҳ йўлида жон, мол ва фарзандни фидо қилишни ўрганди:

﴿ فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الـمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللهُ مِنَ الصَّابِرِينَ

«Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншо Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан»» (Соффат: 102).

Қурбонликни машруъ қилишнинг ҳикматларидан яна бири, ундан ейиш билан нафс ва оилага боёнлик, одамларга едириш, камбағалларга садақа қилиш ва уларни ҳам бир дам бўлсада гадойликка бўлган ҳожатларини бароридан келтиришдир. Қийматини бермай ўзининг қурбонлик қилиши, одамларга шунча имкониятлар беради.

Қурбонликни машруъ қилишнинг бошқа ҳикмати эса, Аллоҳ таолонинг неъматларига пулу қурбонлик билан шукроналар келтиришдир. Қон чиқариш эса, Аллоҳ таолога неъматлари учун шукрона келтириш воситаларидан биридир. Бу ─ Аллоҳ таолонинг тавҳидини эълон қилиш ва исмини тилга олиш билан бўлади. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَلِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنْسَكًا لِيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَإِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ فَلَهُ أَسْلِمُوا وَبَشِّرِ الْمُخْبِتِينَ

«Биз (сизлардан аввалги мўмин миллатлардан ҳам) барча миллатга (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйинсунингиз! Итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг!» (Ҳаж: 34).

Буларни ёддан чиқармангиз!

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин!

 


Фазилатли айёмлар ва қурбонлик (Шайх Сулаймон ибн Ҳамад Авда)

Фазилатли айёмлар ва қурбонлик

Хатиб: Шайх Сулаймон ибн Ҳамад Авда

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: الأَيَّامُ الْفَاضِلَةُ وَالأَضَاحِي

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга ва бошқа барча анбиёю расулларга салавоту саломлар йўлласин.

Аллоҳниг бандалари, Аллоҳдан тақво қилингиз ва Аллоҳнинг маросимларини улуғлангиз! Чунки Аллоҳнинг маросимларини улуғлаш, қалбларнинг тақвосидан даракдир. Ҳой мусулмон, дунёйинг учун шу дунёда қоладиган даражада, охират учун ҳам охиратда қоладиган даражада амал қилинг! Бўшашманг, чунки олдингиздан ўлим яқинлашмоқда, касалликлар дарвоза қоқмоқда, ишларингиз вақтингизни олмоқда, замоннинг мусибатлари кутмаган чоғингизда келмоқда! Буларнинг барчасидан Аллоҳдан мадад сўраб, солиҳ амалларни қилишга ошиқиб, фазилатли айёмларни ғанимат бўлишини тилабгина қутилишингиз мумкин. Сиз зулҳижжа ойининг ярми тугаб, қолган ярми ҳам тезлик билан ўтиб бораётган биринчи даҳасининг фазилатларини жуда яхши биласиз. Бу кунлар ғофилларнинг эслашини, мудроқ уйқу асирларининг уйғонишларини кутиб турмайди!

Ҳой тани–жони соғ ва боён ҳаёт кечирсада ҳажга боришга иккиланиб турган одам, Аллоҳга суянинг ва жиддий ҳаракат қилинг! Ҳануз фурсатлар қўлдан кетмади. Тўкис қилинган ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқ. Ҳой бу фазилатли кунларда хайру ҳасанот қилишга дангасалик қилаётган одам, бой берилган савобларни қўлга киритинг! Ўзингиз учун солиҳ амаллар қилинг! Жаннат сари ҳиммат жўшар экан, ғайратли одамлар учун ҳали имконият фурсати кўп!

Ҳой қурбонлик қилмоқчи бўлган банда, сиз қурбонлик учун олдиндан нийят қилишингиз ва ҳиммат камарини боғлашингиз керак. Агар қурбонлик қилишга нийят қилган бўлсангиз сочларингиз ва тирноқларингизни олманг! Нийят қилишдан илгари олинган бўлса, зарари йўқ. Чунки қурбонлик сўйишга нийят қилинган бўлса, зулҳижжа ойи кириши биланоқ сочлар ва бадандан бирон нарсани олмаслик керак.

Ҳой мусулмон, бу даҳада ёки унинг баъзи кунларида рўза тутишга муваффақ бўлмаган бўлсангиз, Арафа куни рўза тутишни унутманг! Чунки у рўзанинг «олдинги ва кейинги» икки йилнинг гуноҳларига каффорот бўлиш фазилати бор. Буни саҳиҳ ҳадисларида айтилган.

Бу кунда Аллоҳнинг неъматларига эришилади ва Аллоҳ кўплаб бандаларини жаҳаннамдан озод этади. Имом Муслим «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ таолонинг бандаларини Арафа кунида жаҳаннамдан кўп озод қилганича бошқа кун йўқдир» деганлари нақл қилинган (Имом Муслим 3354).

Арафа куни рўза тутишга, дуо, зикр ва Қуръон тиловати билан Аллоҳга илтижо қилишга ҳарис бўлинг. Чунки, у кун бир йилда бир мартагина келади!

Ҳой мусулмон, Қурбон ҳайити айёми Аллоҳ кунларининг энг улуғидир. Бугунги кунда унинг улуғлигини одамларнинг кўплари билмаяптилар. Ҳолбуки, айрим уламолар Арафа кунини йилнинг энг фазилатли айёми эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳнинг даргоҳидаги энг улуғ айём Қурбон ҳайити ва ундан кейингиси эса Қурбон ҳайитининг иккинчи кунидир» ҳадисига таяниб айтмоқдалар (Абу Довуд 1767; Ҳоким «Мустадрак» 7522).

Қурбон ҳайитининг иккинчи куни зулҳижжа ойининг ўн биринчи куни бўлиб, ҳожилар у куни Минога жойлашадилар. Мусулмон ҳожи бўлсин ёки бўлмасин, у куннниг фазилатидан баҳраманд бўлсин.

Қурбон ҳайити куни ҳожи бўлмаган мусулмон ғусл қилсин, хушбўйлансин ва ҳайит намозини ўқишга борсин. Уни ўқишда лоқайдлик қилмасин. Ҳайит намози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган суннати муаккададир. Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ каби айрим уламолар уни вожиб ҳам деганлар ва бунга Аллоҳ таолонинг:

﴿فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ﴾

«Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик қил!» (Кавсар: 2) оятини ҳужжат қилганлар.

Ҳайит намозига барча хотин–қизлар ҳатто ҳоизалар ҳам чиқадилар ва ҳоизалар намозгоҳдан четда турадилар.

Намозгоҳга чиқиб то қайтмагунча ва ўз қурбонлигинниг гўштидан емагунича бирон луқмани оғизга олмаслик ҳам, суннатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозгоҳдан қайтиб, сўйган қурбонлигининг гўштидан емагунларича оғизларига бирон луқмани олмас эдилар. Сиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олинг! Бу кунларда Ташриқ кунларининг охиригача такбир айтишга ҳарис бўлинг! Чунки Аллоҳ таоло:

﴿وَاذْكُرُوا اللَّهَ فِي أَيَّامٍ مَعْدُودَاتٍ﴾

«Аллоҳни саноқли кунларда зикр қилинглар!»– деган (Бақара: 203).

Ҳайит кунлари қариндошларингиз, қўшниларингиз ва дўстларингиз ҳолидан хабар олинг. У ҳам солиҳ амаллардан бири бўлиб, дўстлик, бирлик ва муҳаббат омилидир. Мискинларга шафқатли бўлиб, муҳтожларга садақалар беринг.

Ҳой мусулмонлар, қурбонликнинг ҳам катта савоблари бор. У бобокалонимиз Иброҳим, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳима ва салламларнинг суннати бўлиб, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида машруълиги баён қилинган:

﴿إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ • فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ • إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الأَبْتَرُ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг! Албатта сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни беному нишон йўқ бўлиб кетгувчидир)!» (Кавсар: 1–3).

﴿وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ﴾

«(Байтуллоҳда қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун уларни (қурбон қилишда) яхшилик бордир» (Ҳаж: 36).

Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккита шохдор ола қўчқорни ўз қўллари билан Аллоҳнинг исмини айтиб сўйганлари ва такбир айтганларини ривоят қилдилар.

Қурбонлик ҳақида, гарчи айрим илм аҳллари заиф деган бўлсаларда, ушбу ҳадис ворид бўлган: «Одамзотнинг Қурбон ҳайити куни қон оқизишидан кўра Аллоҳ таолога суюклироқ бўлган бошқа бирон амал қилмайди. У қурбонлиги Қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қон эса ерга тўкилишдан илгари Аллоҳнинг ҳузуридага мақомга тушади. Бас, нийятингизни чиройли қилингиз!» (Термизий 1493).

Ҳой қурбонлик сўяётган одам, жонлиқни бўғизлар экан нийятингизни тузатинг! Агар кучингиз етса энг яхши ҳайвонни қурбонлик қилинг! Аллоҳ учун ўзингиз учун жўмардлик қиладиган нарсаларни танланг! Сиз, Урва ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳнинг фарзандларига қилган васиятини унутманг! Имом Молик раҳимаҳуллоҳ «Муваттоъ»да саҳиҳ санад билан Урва раҳимаҳуллоҳнинг ўз фарзандларига шундай деганини ривоят қилади: «Ўғилларим! Бировингиз ҳурматли одам учун совға қилишни хоҳламаган нарсани қурбонлик қилмасин! Чунки Аллоҳ таоло ҳурматлиларнинг энг ҳурматлисидир ва ўзи учун танланишга лойиқ бўлган Зотдир!» (Имом Молик 850, 1412).

Халқ ичидаги ҳурматли одамларга эҳтиром кўрсатиб, улуғланади. (Аллоҳни нега улуғламайлик!).

Мусулмон биродарлар, битта қурбонликнинг хонадон бошлиғи ва оила аъзоларининг барчаси номидан жоизлиги ва унинг савоби нийят қилинган бўлса ўликлару тирикларга етиб бориши Аллоҳ таолонинг фазли, раҳмати ва Ислом динининг қулайликларидандир. Сизлар қурбонлик қилар экан мақтанманглар! Имом Молик ва Термизий раҳимаҳумаллоҳлар Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳунинг шундай деганини ривоят қилдилар: «Биз Мадинада битта қўйни қурбонлик қилар эдик. Уни хонадон бошлиғи ўзи ва оиласи номидан бўғизлар эди. Кейин эса одамлар қурбонликлари билан мақтана бошладилар ва қурбонлик мақтанчоқликка айланди» (Имом Молик 1770). Термизий мазкур ҳадисни «ҳасан саҳиҳ» деди. Уламолар наздида шунга амал қилинади. Бу Имом Аҳмад ва Исҳоқ раҳимаҳумаллоҳларнинг қавлидир. Баъзилар бу Имом Молик, Лайс, Авзоъий ва бошқалар (раҳимаҳумуллоҳ)нинг қавли эканини айтганлар. Яъни, битта қўйнинг савоби бир кишидан кўра кўпроқ одамга етиб бориши мумкин.

Ҳатто Ислом динининг қулайликларидан яна бири шуки, қилишга рағбати бўла туриб қурбонлик топа олмаган одамнинг савоби Аллоҳга ҳаволадир. Сизлар Абу Довуд ва Насоий раҳимаҳумаллоҳлар саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан нақл қилган ушбу ҳадис ҳақида тафаккур қилинглар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Қурбон ҳайитини Аллоҳ таоло шу уммат учун берган байрам қилишга буюрилдим»– дедилар. Биров: Ё Расулуллоҳ, ўзимга бировдан сутидан муваққат фойдаланиш учун олган урғочи туя ва совлиқ қўйдан бошқа бирон ҳайвонни топа олмасам, уни қурбонлик қилсам бўлаверадими?,– деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ. Лекин сочинг, тирноғинг, мўйлабинг ва аврат тукларингни олсанг, ўша Аллоҳнинг даргоҳида қурбонлигингнинг тўкислиги бўлади»– дедилар» (Насоий 4365).

Аллоҳнинг бандалари, қурбонликни сўйиш вақтига эҳтиёт бўлинглар! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилиб, аввал Ҳайит намозини ўқинглар, сўнграгина қурбонликларингни бўғизланглар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кунимизда илк ўлароқ намоз ўқиймиз ва намоздан қайтиб (қурбонлигимизни) сўямиз. Ким шундай қилса суннатга мувофиқ қилибди. Ким (намоздан) илгари қурбонлик қилган бўлса, у сўйган ҳайвони қурбонлик эмас, фақатгина оиласи учун сўйган гўштдир»– деганлар (Имом Аҳмад 18504, 18715).

Айрим уламолар: «Қурбонликни Ҳайит куни Қуёш чиқиб, Ҳайит намози ўқилгудек замон ўтгач уч кун давомида, Ташриқ кунлари тугагунича, кеча ва кундузнинг хоҳлаган пайтида қилиниши мумкин»– дедилар.

Аузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.

﴿وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ﴾

«(Байтуллоҳда қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун уларни (қурбон қилишда) яхшилик бордир. Бас улар (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз. Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (яъни жон таслим қилганларида), улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар. Шукр қилишларингиз учун Биз уларни (яъни туя-молларни) сизларга бўйсундирдик. Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун (яъни қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Аллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга хушхабар беринг» (Ҳаж: 36, 37).

 

Иккинчи хутба

Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мен: «Солиҳларнинг дўсти бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва элчиси ҳамда тақволилар имоми ва одамзотнинг саййиди» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳим, Пайғамбаримиз ва бошқа барча пайғамбарларга салавоту саломлар йўлла.

Мусулмонлар жамоати, одамнинг эркак ёки хотин киши бўлишидан қатъий назар, қурбонлигини ўз қўллари билан бўғизлаши суннатдир. Сўяр экан: Бисмиллаҳ! Аллоҳу акбар! Аллоҳим, бу фалончи номидан,– дейди ва ўзининг ёки қурбонликка шерик бўлган одамнинг номини тилга олади. Бу – ҳадоят Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган ишдир.

Агар ўзи яхши сўя олмаса сўяётган қассоб олдида туради. Агар ўзи сафарда бўлса, бирон кишини сўйиш учун ўзидан вакил қилади.

Пичоқни қайраб ўткирлаш, жонлиқни чап томони билан қиблага қаратиб ётқизиш, сўяётган одамнинг ҳайвоннинг бўйнини ўнг оёғи билан босиб: «Бисмиллаҳ! Аллоҳу акбар!» дегач: «Аллоҳим, бу Сендан келди ва Сенга қайтади! Аллоҳим, буни мендан худди халилинг Иброҳимдан қабул қилганингдек қабул қил!»– дейди. Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ: «Қурбонликни ўнг томони билан ётқизган ва чап оёғини унинг бўйнига қўйган одам, суннатни билмаган ҳамда ўзи ва ҳайвонни қийнаган одамдир!»– деган («Мажмуъу фатаваа Ибн Таймийя» 26/310).

Туяни эса чап оёғини тушовлаб, қолган учта оёғи устида тик турган пайтида сўйилади. Уни ётқизиб сўйган одам ҳам суннатга хилоф иш қилган бўлади. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Абу Довуд раҳимаҳумуллоҳлар Зиёд ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳнинг ушбу осорини ривоят қилишди: «Мен Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг сўйиш учун туясини чўктирган одам олдига бориб: Уни тургизиб тушовла(б сўй). Шундай қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидир» деганини кўрганман» (Имом Бухорий 1713; Имом Муслим 3255; Абу Довуд 1770).

Қурбонликдан ейиш, инъом ва садақа қилиш ҳам, суннатдир. Уламолар: Қурбонлик гўшти ва терисини сотиш жоиз эмас. Унинг гўштидан қассобга хизмат ҳақи ўлароқ берилмайди. Қассобга ҳизмат ҳаққини бошқа нарсадан берилади,– деганлар.

Аллоҳнинг бандалари, оддий ва ҳаж қурбонликларингизнинг ёшларига катта эътибор берингиз. Чунки, қурбонлик учун (энг кичиги) беш ёшлик туя, икки ёшлик қорамол, бир ёшлик қўй ва эчки яроқлидир. Айрим уламолар олти ойлик қўйларни ҳам раво кўрганлар.

Қурбонликка яроқсиз қиладиган айблардан сақланингиз! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўртта (ҳайвон) қурбонликка яроқсиздир: кўрлиги билиниб турган, касаллиги аниқ, чўлоқлиги кўриниб турган ва ўта озғин ҳайвон» (Насоий 4369; Ибн Можа 3144).

Бошқа бир ривоятда: «Ўта ориқ» дейилган (Имом Молик «Муваттоъ» 633; Байҳақий «Сунан» 18879). Ҳадиснинг ровийси Бароъ разияллоҳу анҳу: Ёши кичик бўлган ҳайвонни қурбонлик қилишни ёқтирмайман, деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёқтирмаган нарсангни қўй ва уни одамларга ҳаром қилма!»– дедилар (Абу Довуд 2804).

Илм аҳллари бунга қулоқ ва шоҳларининг кўп қисми ёки уст (пардасимон) қисми бўлмаган, олд тишлари (умуман) йўқ, кўр, ўтлоқда юрсада ўт емаган ва баданининг кўп жойи қўтир бўлган ҳайвонларни ҳам киритдилар.

Аллоҳнинг бандалари, енглар ва сизларни боён қилган, сизларга сўядиган, ейдиган ҳайвонларни тайёрлаб, бўйинсундириб берган Аллоҳга шукр қилинглар! Қурбонликни сўяр экан қалбингизга Аллоҳнинг тақвосини жо қилингларки, Аллоҳга қурбонликларингизнинг гўшту қонлари эмас, сизлардаги тақво етиб боради… Ибодатлар фиқҳини ўрганиш масъулият бўлсада, буни кўплаб одамлар билмайдилар. Боз устига Аллоҳ бандаларининг озгинасигина шукроналар келтиради.

Ушбу фазилатли айёмларда Аллоҳ таолони зикр қилиш, Аллоҳ чизган чизиқлардан чиқмаслик ҳам Аллоҳга шукр қилиш, демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ташриқ кунлари ҳақида: «(Улар) ейиш, ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир» деганлар (Имом Аҳмад 20748). Бунинг иккита фойдаси бор: Биринчиси: Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтганидек, ушбу ҳадисда Ҳайит кунлари ейиш ва ичиш Аллоҳни зикр қилиш ва Унга ибодат қилишга ёрдамчидир. Бу ҳам, неъматларга шукр қилиш тамомидандир … Аллоҳнинг неъматларидан Аллоҳга осий бўлиш учун фойдаланган одам, Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилибди ва уни нонкўрликка айлантирибди. Қуйидаги байтларда ифодалангани каби у неъматни, ундан тортиб олинса бўлаверади:

Неъмат ичра бўлсанг ҳаққини бил.

Зеро гуноҳ неъматларни йўқ қилади.

Мудом Аллоҳ учун қилгин шукрона,

Шукрона интиқомни йўқ қилади.

Иккинчи фойда эса, Ташриқ кунлари нафл рўзаларни тутиш жоиз эмас. Чунки бу кунлар, аҳли Исломнинг шодиёнасидир. Ҳолбуки, ҳадисда ҳам: «Арафа, Ҳайит ва Ташриқ кунлари – биз аҳли Исломнинг байрамидир» дейилган (Абу Довуд 2421; Термизий 773; Насоий 3004).

Аллоҳим, мусулмонларнинг ҳаж қилишларига имконият ярат ва рўзадорлар, қурбонлик қилганлар ва Аллоҳга яқин бўлишни истаган барчанинг ибодатларини қабул айла! Омийн!