Category Archives: Пайғамбарлар ҳақидаги хутбалар

Бу категорияда Пайғамбарлар ҳақидаги хутбаларбилан танишасиз.

Юнус алайҳис-солату вас-салом (Шайх Иброҳим ибн Солиҳ Ужлаан)

 

Юнус алайҳис-солату вас-салом

 

Хатиб: Шайх Иброҳим ибн Солиҳ Ужлаан

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа: يونس عليه السلام

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَولاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزَاً عَظِيمَاً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг …).

Ҳой мусулмонлар жамоати, қисса ёки ҳикоялар сабабли ҳаяжонлар жўшади, уларни қулоқлар диққат билан эшитади, кўнгиллар юмшайди. Шунинг учун ҳам қиссалар Қуръон Каримнинг талайгина сура ва оятларида кенг ўрин олган:

﴿نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ أَحْسَنَ الْقَصَصِ بِمَا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ هَذَا الْقُرْآنَ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз» (Юсуф: 3);

﴿فَاقْصُصِ الْقَصَصَ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾

«Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг» (Аъроф: 176).

Ҳой Қуръон аҳли, Қуръон қиссалари Қуръон мавъизаларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло буни қалбларимиз билан ҳис этишга амр қилган:

﴿فَذَكِّرْ بِالْقُرْآَنِ مَنْ يَخَافُ وَعِيدِ﴾

«Бас, ушбу Қуръон билан Менинг (кофирларни азоб-уқубатга гирифтор қилиш ҳақидаги) ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг!» (Қоф: 45).

Мўъмин биродарлар, келинглар, ғайб хабарлари ва сараланган пайғамбарлик мактабларидан бири билан ҳажми кичик бироқ ичи ибратлар билан тўла бўлган қисса олдида бир оз тўхтайлик:

﴿ لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ﴾

«Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир» (Юсуф: 111).

Биз ҳурматли пайғамбар, Зуннун – балиқ соҳиби Юнус ибн Матто алайҳис-солату вас-салом алайҳиссалом қиссаси олдида тўтаймиз. Аллоҳ таоло ундан рози бўлди, пайғамбар қилиб танлади ва уни расуллик мақомига кўтарди:

﴿وَإِنَّ يُونُسَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ﴾

«Дарҳақиқат, Юнус расуллардан эди» (Соффат: 139).

Айрим уламолар: «Ийсо ибн Марям ва Юнус ибн Маттодан бошқа бирон пайғамбар онасига нисбатланмади»– дедилар.

Аллоҳ таоло Юнус алайҳис-солату вас-саломни ўз шаҳри – Ироқда, Дажла дарёсининг чап соҳилида жойлашган Нийнавога пайғамбар қилиб юборди. Нийнаво у пайтларда Ассирия давлатининг пойтахти эди. Унинг ўз даврида тарихий шуҳрати бўлган бўлсада, ҳозирги кунда харобаларигина қолган, холос.

У шаҳарнинг аҳолиси юз мингта ёки ундан кўра бир оз ошиқроқ бўлиб, будавий эдилар. Мурдаларга тилакда бўлишар ва хурофотларга ишонишар эди. Юнус алайҳис-солату вас-салом улар ичида Роббисининг пайғомини етказиш учун даъват қилиб, ичларида йўқолиб кетган тавҳид таълимотларини янгилашга киришди. Тавба қилиб, Аллоҳни яктолашса берилажак савобларга рағбатлантириб, кофир ва мушрик бўлсалар бошларига келадиган Аллоҳнинг бало ва азобларидан огоҳлантирди. Юнус алайҳис-солату вас-салом улар ичида Аллоҳ хоҳлаган замонгача насиҳат ва ислоҳот қилишга тиришиб қолди.

Халқи Юнус алайҳис-солату вас-саломга итоат этмас ва унинг чақириқларига рад жавобини берар эди. Юнус алайҳис-солату вас-салом ўз даъватига ишонгани ва қониққани учун ҳам, халқининг қилган итоатсизлигига ғазабланди ва аччиғи шу даражага етдики, Аллоҳ таоло унинг ҳолатини шундай ифодалади:

﴿وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا﴾

«Зуннун — Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб …» (Анбиё: 87). Юнус алайҳис-солату вас-салом Аллоҳ таоло рухсат беришидан илгари шаҳри – Нийнавони ташлаб чиқиб кетди.

Аслида, ҳар бир пайғамбар ҳижрат қилиш амри келмагунича ўз жойида даъватини давом эттириши керак. Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳижрат қилишни суйган ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳижрат қилишга тавсия этса: «Шошилманг! Мен (ҳам) Роббиминнг менга рухсат беришини кутиб турибман!»– деган ва кейинроқ Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг олдига севинчли хабар билан келиб: «Менга ҳижрат қилишга буйруқ берилди!»– деган эдилар.

Юнус алайҳис-солату вас-салом ўз қавми орасидан чиқиб кетишга шошилди ва Роббиси шу чиқиши билан унга зиён бермаслигини тушунди:

﴿وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَنْ لَنْ نَقْدِرَ عَلَيْهِ﴾

«Зуннун — Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган …» (Анбиё: 87).

Бу солиҳ банда денгиз томон кета бошлади. У, оқибати нима бўлишидан ҳануз бехабар эди. Денгиз соҳилига етиб келгач кемага чиқмоқчи бўлган талайгина йўловчиларни кўрди ва улар билан бирга кемага минди:

﴿إِذْ أَبَقَ إِلَى الْفُلْكِ الْمَشْحُونِ﴾

«(Эсланг, у (ўз қавмидан ғазабланиб, Парвардигорининг изнисиз қишлоғидан чиқиб), (одамлар билан)) тўла бўлган кемага қараб қочган эди» (Соффаат: 140).

Кема Аллоҳнинг амри билан жойидан қўзғалиб, суза бошлади. Денгизнинг ўртасига келганида тўлқинлар ва шамоллар кучайиб, кема ва кемадаги йўловчилар бешик каби тебрана бошладилар. Кеманинг эгалари бало бошларига келгани ва ҳалокат яқин эканига ишонч ҳосил қилдилар.

Шундай фожиали ва ҳалокатли онда кема эгалари тўпланиб, бу ҳалокатдан қутилиш ҳақида маслаҳат қилдилар. Маслаҳатдан сўнгра кеманинг юки озайиши учун йўловчилардан бирини денгизга отишга қарор қилдилар. Чунки кўпчиликнинг ҳалокати олдида баъзи одамларнинг ҳалокати анчагина енгил бўлар ва бошқалар қутилиб қолар эдилар. Улар бунинг учун адолатли йўлни топдилар ва қуръа ташладилар. Йўловчиларнинг барчаси ўзининг номига қуръа чиқишини хоҳламас эди.

Қуръани ташладилар. Қуръа ўз шаҳридан ғазаб билан чиққан ва Роббиси зиён бермаслигига ишонган муҳтарам пайғамбар – Юнус алайҳис-солату вас-саломга чиқди. Қуръани иккинчи марта ташладилар. Яна унга чиқди. Учинчи марта ташладилар. Яна унга чиқди!

﴿ فَسَاهَمَ فَكَانَ مِنَ الْمُدْحَضِينَ﴾

«Бас (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач» (Соффат: 141) муҳтарам пайғамбарни пўртана ҳолатидаги денгизга улоқтиришдан бошқа чоралари қолмади.

Юнус алайҳис-солату вас-салом мавжланиб турган денгиз ичида ўзининг номаълум тақдири ва кутилган таҳлика билан юзма–юз қолди. Бу – Аллоҳдан бошқа бирон кимса йўл кўрсата олмайдиган ва нажот бермайдиган ҳалокат эди.

Солиҳ банда денгиз ўртасига ташланди ва у тўлқинлар гирдобида қолди. Уни мавжланиб турган ҳаяжонли денгиз ютди. Кўп вақт ўтмай уни наҳанг балиқ – кит иккинчи марта ютди:

﴿فَالْتَقَمَهُ الْحُوتُ وَهُوَ مُلِيمٌ﴾

«Бас уни (Парвардигорининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди» (Соффат: 142).

Наҳанг балиқ Аллоҳнинг пайғамбарини ютди ва Юнус алайҳис-солату вас-салом унинг оғзидан кириб, меъдасига тушди. Ҳалок бўлиш эҳтимоли яна ҳам кучайди. У ерда на ёруғлик ва на ҳаво, на овқат ва на сув бор эди. Аллоҳга қасамки, бу – ҳақиқатан мусибатлар ичидаги мусибат, зулматлар ичидаги қоронғулик эди. Шундай пайтда солиҳ пайғамбар ўзининг нидоларини эшитадиган ва музтарга ёрдам берадиган Роббисини эслади ва юракдан отилиб тилида янграган жумлалар билан ёлборди. У қийналиб турган пайтида Аллоҳга нидо қилиб, шу жумлаларни такрорлади:

﴿لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ﴾

«Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим» (Анбиё: 87).

Бу жумлалар тавҳид, қуллик, улуғлаш ва эътирофни ифодалайди: «Сендан бошқа илоҳ йўқдир!». Бу – Ягона ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳни яктолаш ва улуғлашдир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло – барҳақ Подшоҳ бўлиб, Ундан ўзга парвардигор ва маъбуд йўқдир. Банданинг Аллоҳнинг ибодат қилинишга лойиқ эканига эътироф этиши ва эътиқод қилиши билан  Роббисига қилган нидоси ва Унга яқинлашиши нақадар буюк–а!!

Солиҳ банда Роббисини (мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан) поклади, улуғлади:

﴿سُبْحَانَكَ﴾

«Эй пок Парвардигор!». Сўнгра, Роббисига тавозуда бўлиб, ўз хатоси, камчиликлари ва шошқалоқлигига эътироф этди:

﴿إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ﴾

«Дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим». Бу қисқа жумлада дуонинг ижобат – мақбул бўлиш омилларининг барчаси жам бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Зуннуннинг наҳанг қорнида:

﴿لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ﴾

«Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим» дея қилган дуоси билан мусулмон қайси нарсада дуо қилса, Аллоҳ уни ижобат қилади»– дедилар (Ҳоким 1862, 1863; Термизий 3845. Аллома Албоний бу ҳадисни «саҳиҳ» деган).

Дудоқларда пичралган улуғлаш, эътироф жумласи ва дуо ва шикоят билан ёлборишдан кейин Аллоҳ бандаси билан бирга бўлди ва қийналган ва мусибатдаги одамга Аллоҳнинг раҳматлари ёғилди.

Денгизлар тубидан келган ушбу нидони товушларни эшитадиган Зот эшитди. Бу мусибатли онни ғайбларни кўра оладиган ва қуруқлигу сувдаги барча нарсадан ҳатто шохлардан тўкилган япроқлардан, ер остидаги уруғдан бохабар бўлган ҳамда нам ва қуруқ барча нарсани Ўз Китобига ёзиб қўйган Зот кўрди.

Бу коф ва нун билан (яъни: ўзбек тилидаги таржимаси «Бўл!» бўлган арабча «Кун!» сўзи назарда тутилмоқда) Коинотни бошқарадиган Аллоҳнинг амри билан солиҳ пайғамбарни ўлимга олиб борадиган сабаблар тўхтади. Чунки Аллоҳ таоло Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг наҳанг қорнида, ҳомила она қорнида яшаганидек, яшашини хоҳлади.

Юнус алайҳис-солату вас-салом бу зулматли жойда бир муддат қолди. Айримлар Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг наҳанг қорнида ўтказган кунлари қирқ кун, айримлар эса йигирма кун, баъзилар уч кун деган бўлсалар, бошқалар наҳангнинг Юнус алайҳис-солату вас-саломни чошгоҳда ютган бўлса ҳуфтон пайти отиб чиқарганини айтдилар. Бу гапларнинг барчаси соғлом далил бўлмаган ва ижтиҳод билан айтилган гаплардир. Бунинг тўғрисини Аллоҳгина билади. Хуллас, Юнус алайҳис-солату вас-салом наҳанг қорнида анчагина қолиб кетди. Бунга наҳанг қорнидан чиққанидан кейинги ранги рўйи ва танасининг ўзгаргани далолат қилмоқда.

Солиҳ пайғамбар мусибати онида тасбиҳ айтди, муножот ва дуолар қилди. Охири, Аллоҳнинг неъмати ва раҳмати келди. Наҳанг уни дарахтлари бўлмаган ялангликка отди:

﴿لَوْلَا أَنْ تَدَارَكَهُ نِعْمَةٌ مِنْ رَبِّهِ لَنُبِذَ بِالْعَرَاءِ وَهُوَ مَذْمُومٌ﴾

«Агар унга Парвардигори томонидан бўлган неъмат-марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолда улоқтирилган бўлур эди (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди)» (Қалам: 49).

Юнус ибн Матто алайҳис-солату вас-салом наҳанг қорнидан ҳамду санолар айтиб чиқди. Аллоҳ таоло унга наҳанг қорнидан чиққанидан кейин янги ҳаётни берди: унинг ҳоли наҳанг қорнига кирган пайтдагисидан фарқли, соғлиги бузилган, танаси ўзгарган ва териси юпқалашган эди:

﴿فَنَبَذْنَاهُ بِالْعَرَاءِ وَهُوَ سَقِيمٌ﴾

«Бас Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик» (Соффат: 145).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтди: «Юнус алайҳис-солату вас-салом (наҳанг қорнидан) патлари бўлмаган полопон каби чиқди. Шундан кейин унга Аллоҳнинг неъмати ва раҳмати ёғилиб кела бошлади: Аллоҳ таоло унинг олдида ошқовоқ ўсимлигини ўстириб чиқарди. Ошқовоқнинг майин япроқлари Юнус алайҳис-солату вас-салом танасиги соя берар, қуёшнинг ҳарорати ва ҳавонинг қуруқлигидан тўсиб турар эди».

Касаллигидан тузалиб соғайгач, Юнус алайҳис-солату вас-салом ғазаб билан ташлаб кетган қавми олдига қайтди ва ўзининг биринчи вазифасини тугаллашга киришди. Уларни Ислом динига чорлади ва бутун қавм иймон келтирди. Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг қайтиши ва даъвати қавми учун раҳмат ва барака бўлди. Нийнаво халқи бошқа халқлар ичида пайғамбарига барчаси иймон келтирган ягона халқ бўлди:

﴿وَأَرْسَلْنَاهُ إِلَى مِائَةِ أَلْفٍ أَوْ يَزِيدُونَ • فَآمَنُوا فَمَتَّعْنَاهُمْ إِلَى حِينٍ﴾

«Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик. Бас улар (Юнусга) иймон келтирдилар. Сўнг Биз уларни (маълум) бир муддатгача (яъни ажаллари битгунча ҳаёт неъматидан) баҳраманд этдик» (Соффат: 147, 148).

Уларнинг бу иймонлари бошларига келган балонинг кушойиш бўлишига сабабчи бўлди:

﴿ فَلَوْلَا كَانَتْ قَرْيَةٌ آمَنَتْ فَنَفَعَهَا إِيمَانُهَا إِلَّا قَوْمَ يُونُسَ لَمَّا آمَنُوا كَشَفْنَا عَنْهُمْ عَذَابَ الْخِزْيِ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَمَتَّعْنَاهُمْ إِلَى حِينٍ﴾

«Қани энди (биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азоб­ни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик.

И з о ҳ. Юнус пайғамбар ўз қавмини иймон келтириб, Аллоҳнинг динига киришга даъват қилганларида иймон келтиришмагач, уларни бошларига тушажак азоб билан қўрқитиб, ўзлари улар орасидан чиқиб кетадилар. Пайғамбарлари кетганидан кейин Аллоҳнинг азоби яқинлашиб қолганини сезган қавм тавба-тазарру қила бошлайди. Шунда Аллоҳ таоло сидқидилдан қилган тавбаларини қабул қилиб, уларни азобдан халос этади» (Юнус: 98).

Аллоҳ таоло менга ва сизларга Қуръон Каримни баракали қилсин …

 

Иккинчи хутба

Барча Оламлар Робби, Раҳмон ва Раҳийм, Қиёмат кунининг Подшоҳи бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбарларнинг энг шарафлиси бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва бутун саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Мўъмин биродарлар, Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг қиссасида ибрат, насиҳат, дарс ва тўхталишлар бор. Улардан:

– Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг қутулиши ва мусибатининг кушойиши Қуръон Каримда очиқ баён қилинган ҳолатда келди:

﴿فَلَوْلَا أَنَّهُ كَانَ مِنَ الْمُسَبِّحِينَ • لَلَبِثَ فِي بَطْنِهِ إِلَى يَوْمِ يُبْعَثُونَ﴾

«Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунларигача (яъни қиёматгача) қолиб кетган (яъни ҳалок бўлган) бўлур эди» (Соффат: 143, 144).

Юнус алайҳис-солату вас-салом наҳанг қорнидагина тасбиҳ айтмади, балки, унинг ҳаёти тасбиҳ, тоат ва ибодатдан иборат эди. Унинг наҳанг қорнидаги тасбиҳи аввалги ҳаётидаги тасбиҳнинг давоми эди, холос.

– Банданинг фаровонлик замонида қилган солиҳ амаллари қийналган кунларида асқотади ва Аллоҳнинг ёрдами билан мушкилларининг осон бўлиши, қийинчиликларининг кушойиш бўлишига сабаб бўлади. Бунинг тасдиқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидир: «Аллоҳни фаровонликда тани, У сени қийинчиликда танийди» (Табароний 11394; Ҳоким 6303; Байҳақий «Шуъабул иймон» 1043, 1099).

Юнус алайҳис-солату вас-салом Роббисини фаровонлик даврида таниди ва Роббиси ҳам уни қийналган пайтида дуо қилганида таниди. Бунга муқобил ўлароқ, Фиръавн қийналган пайтида – ғарқ бўлаётганида Роббисини таниди ва унга дуо қилди. Хўш, жавоб нима бўлди?! Жиброил алайҳиссалом шошилиб ерга тушди. Фиръавнни қутқариш учун эмас!! Балки, раҳм қидгувчиларнинг раҳм қилгувчироғи бўлган Аллоҳнинг раҳмати тегмаслиги учун, денгиз тубидаги лойлардан олиб Фиръавннинг оғзига солиш учун шошилди!!

– Иймон фитналардан олиб чиқади ва у, бало ва машаққатлардан қутилиш омилидир. Аллоҳ таоло пайғамбари Юнус алайҳис-солату вас-саломни мусибатидан қутқарди ва ваъдалар берди:

﴿وَكَذَلِكَ نُنْجِي الْمُؤْمِنِينَ﴾

«Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё: 88).

Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг қавми иймон келтиргач бу иймон улардан кутилган ёмон азобнинг даф бўлишига сабаб бўлди:

﴿إِلَّا قَوْمَ يُونُسَ لَمَّا آمَنُوا كَشَفْنَا عَنْهُمْ عَذَابَ الْخِزْيِ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا﴾

«Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик» (Юнус: 98).

– Тасбиҳ айтиб ибодат қилишнинг аҳамияти, унинг мусибатни даф қилиш, ғамларни кушойиш қилиш омили экани.

Буни Зикрул Ҳакийм баён қилди:

﴿وَلَقَدْ نَعْلَمُ أَنَّكَ يَضِيقُ صَدْرُكَ بِمَا يَقُولُونَ • فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَكُنْ مِنَ السَّاجِدِينَ﴾

«Шак-шубҳасиз, Биз улар (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз. Бас, сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)» (Ҳижр: 97, 98);

﴿ فَاصْبِرْ عَلَى مَا يَقُولُونَ وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ وَقَبْلَ غُرُوبِهَا﴾

«Бас (эй Мухаммад), улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан У зотни покланг – намоз ўқинг!» (Тоҳа: 130).

– Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг қиссасида барча даъватчи, мураббий, ислоҳотчи ва ота учун, қилаётган даъвати ва йўлланмаларида сиқилмаслиги ва ноумид бўлмаслигига чақириқ бор.

Чунки бу солиҳ пайғамбар даъватига салбий муносабатда бўлган халқига аччиқланиб кетган бўлса, яна қайтиб келди ва ўзининг биринчи вазифасини келган жойидан давом эттирди. Натижа ўлароқ эса, қавмнинг барчаси иймон келтиришди.

Бунда даъват, насиҳат ва йўллашлар бир марта билан тугалланмаслиги, балки, бир ва бир неча марта давом эттирилиши кераклигига ишорат ва далолатлар бор. Чунки оғиздан чиққан қуруқ гапнинг таъсири бўлмаслиги мумкин. Бироқ, сабр ва садқидиллик натижасида Аллоҳ таоло насиҳатомуз гаплар учун қулфланган дилларни очади.

– Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг қиссасида дарслар бор: балоларга сабрли бўлиш банданинг Роббиси ҳузуридаги ва одамлар ўртасидаги мақомини кўтаради. Аллоҳ таоло Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг шуҳратини имтиҳон қилганидан сўнггина машҳур қилди. Унинг атрофига қавми тўпланиб, иймон келтиришди ва даъватини тасдиқлаб, унинг шариати асосида юришди. Пайғамбарлар издошларининг кўплиги – уларнинг фазилатларидан биридир.

– Юнус алайҳис-солату вас-саломнинг қиссасида машҳур усул қоидаси: «Катта зарарнинг олдини олиш учун кичик зарарни қилиш»га ҳужжат бор.

Кемадагилар кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун озчиликни денгизга улоқтирдилар. Агар чиндан ҳам зарар келиши аниқ бўлса, оз зарарларни қилиш мумкин. Зеро, кемадагиларнинг катта зиёни, барчаларининг ҳалокати эди.

Аллоҳнинг бандалари, бу – солиҳ киши ва пайғамбар Юнус ибн Матто алайҳис-солату вас-саломнинг қиссаси ва бу қиссанинг ибратлари ва ишоратларидир. Аллоҳ таолодан бизларни пайғамбарларининг йўлларидан юргизиши, улар қаторида қайта жон ато этиши ва уларнинг издошларидан бири бўлишга муваффақ қилишини тилайман.

Сизлар, пайғамбарларнинг энг мукаррами ва оламларнинг энг яхшиси бўлган Омонатдор Пайғамбарга Аллоҳ буюрганидек салавоту саломлар айтингиз:

﴿إِنَّ اللَّهَ وَمَلاَئِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا﴾

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).