Category Archives: Масжид аҳкомлари

Бу категорияда масжидларга тааллуқли фатволар билан танишасиз

Масжиддаги тиланчилар

Масжиддаги тиланчилар

Савол:  Талайгина ногирон ва тиланчилар Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром ичида хусусан Сафо ва Марва ўртасида ўтириб, ўтган ҳожи, зиёратчи ва умрачиларга қўлларини узатиб, гадойлик қилишади. Мен масжидларда садақа қилиш жоиз эмаслиги ҳақида эшитган эдим. Саволим шундан иборат: Ҳарам ичида ўтирган ўша гадойларга садақа берилса бўладими? Хусусан Масжидул Ҳаромда, умуман эса масжидларда садақа берилса бўладими? Аллоҳ таоло устингиздан мукофотлар ёғдирсин, бизга тушунтириб берсангизлар.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6651-4):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ масжидларда садақа бериш ҳақида берилган саволга қуйидаги матн билан жавоб берган эди: «Аслида зарурат бўлсагина масжидда ёки масжид ташқарисида гадойлик қилиш мумкин, (бўлмаса йўқ). Агар бировнинг гадойлик қилишга эҳтиёжи бўлиб масжидларда қўл очса ва бошқаларга одамлар орасини елкаларини ушлаб очиб озор бермаса, айтаётган гапларида ростгўй бўлса, ўзининг ҳақиқий ҳолатини ифода этса, гадойлик қилар экан товушини кўтариб одамларга халал бермаса, масалан, имом хутба қилаётган пайтда тинглаётган одамларни чалғитмаса, валлоҳу аълам, гадойлик қилса бўлаверади».

Масжидда садақа беришнинг эса зарари йўқ. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Жарир разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Биз куннинг ўрталарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида эдик. Або ва йўлбарс териларига бурканган яланғоч ва ялангоёқ ҳамда қиличларини суғурган одамлар кириб келдилар. Уларнинг кўпчилиги ва ҳатто барчаси Музар қабиласидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардаги камбағалликни кўргач, юзларининг ранги ўзгарди. Сўнгра ичкари кириб, қайтиб чиқдилар ва Билолни азон айтишга буюрдилар. Билол азон айтиб, иқомат келтиргач намоз ўқидилар ва хутба қилиб:

﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا﴾

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! … Аллоҳ сизларнинг устингиздан нигоҳбондир» (Нисо: 1, 2) ҳамда Ҳашр сурасининг:

﴿اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин!» оятини охиригача ўқидилар (Ҳашр: 18). Биров динори ёки дирҳамини яна бошқа биров бир соъ (тақрибан 3 кг) буғдой ёки хурмосини садақа қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Ёрти хурмо билан бўлса ҳам …» деганлари ривоят қилинади. Ансорлардан бири ҳовучларига сиғмайдиган хумча(да жамғармаси)ни олиб келди. Одамлар (ионаларини) кетма–кет олиб кела бошладилар. Ҳатто мен таом ва кийим уюмларини кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари тилло каби порлаб кетди ва: «Исломда яхши йўлни жорий қилган одамга унинг ва унга ундан кейин амал қилган одамларнинг савоблари ҳеч камайтирилмай берилади. Исломда ёмон йўлни жорий қилган одамга унинг ва ундан кейин унга амал қилган одамларнинг гуноҳлари ҳеч камайтирилмай берилади»– дедилар» (Имом Муслим 2398; Насоий 2554; Имом Аҳмад 19197).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:              Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Масжидлар қурилишида кофирларнинг иштироки

Масжидлар қурилишида кофирларнинг иштироки

Аллоҳнинг ўзигагина ҳамдлар, энг охирги Пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси Фуқаро Авиацияси лойиҳаси мудири тарафидан Бош раис номига 7/ 01/ 1403 йили юборилган 55 сонли мактубини кўриб чиқди. Унинг матни қуйидагича эди: Биз сиз жанобнинг эътиборини мамлакатимиздаги техник таъмир ва ободончилик соҳасидаги энг йирик ширкатлардан бирига қаратмоқчимиз. Биз ўз фаолиятимизни мамлакатимизнинг талайгина тайёрагоҳларида олиб борамиз ва бу ҳақда Фуқаро Авиацияси раҳбарлиги билан шартномаларимиз бор. Маълумингизким, мазкур тайёрагоҳларда намозларни адо этиш учун махсус жойлар ажратилган. Биз эса уларнинг ободончилиги, тозалиги ва зарурат туғилган пайтда жиҳозларининг таъмирлари билан шуғулланишимиз керак. Бу ишлар у жойларнинг электр ёки совутиш ёхуд шунга ўхшаш бошқа ишларига ҳам боғлиқдир.

Биз ўз фаолиятимиз давомида бу ишларни бажариш учун ғайри муслим ишчиар кучидан фойдаланамиз. Кўпинча, масжидалр ичида ҳам баъзи аксиликлар содир бўлади ва мазкур ишчилар шошилинч таъмир учун масжидларга киришга мажбур бўлиб қоладилар. Биз, Тавба сурасида баён қилинанидек, кофирларнинг Масжидул Ҳаромга киришлари ҳаром эканини яхши биламиз:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ فَلَا يَقْرَبُوا الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَذَا وَإِنْ خِفْتُمْ عَيْلَةً فَسَوْفَ يُغْنِيكُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ إِنْ شَاءَ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ﴾

«Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, (улар) бу йилдан сўнг Масжид-ал-Ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа нарсалар тўхтаб қолиши сабабли) камбағалликдан қўрқсангизлар, (билингки) яқинда (Аллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 28).

Биз имкони борича бундай ишларни мусулмон гуруҳлар билан бажаришга ҳаракат қилсакда, уни доим ҳам уддасидан чиқа олмаймиз. Масжидлар ичига шошилинч таъмирлар учун ғайри муслимларнинг киришига ижозат борми? Ҳолбуки, улар муайян ишни қилиш учунгина кирадилар ва шошилинч таъмирларга эҳтиёж туғилиб қолади. Биз ишимизнинг шариат нуқтаи назаридан тўғри эканига ишонч ҳосил қилиш ва ўз эътиқодий вазифаларимизга тўкис риоя қилиш учун сизнинг фатвойингизни кутиб қоламиз.

Қўмита саволни чуқур ўрганиб чиққач қуйидагича жавоб берди:

Масжидлар Аллоҳнинг уйлари бўлиб, Аллоҳни эслаш, Аллоҳга ибодат қилиш, Аллоҳнинг анъаналарини жорий қилиш ҳамда Аллоҳнинг сўзларини олий қилиш учун иншо этилган. Кофирлар эса Аллоҳнинг, Аллоҳнинг дини ва шариатининг ҳамда мусулмонларнинг душманларидир. Шу боис Аллоҳнинг душманларини масжидлар лойиҳасини тузиш, қуриш ёки электр тизимлари ёхуд эшиклари ё санитария жиҳозларини монтаж қилишлари ёда уларнинг бузилганларини тузатишлари ва бошқа ишларини қилишлари жоиз эмасдир. Бу ҳақда Катта Уламолар Ҳайъати кенгаши томонидан қарор қабул қилинган бўлиб, унинг матни қуйидагичадир:

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга, Унинг асҳоблари ва Уни дўст деб ҳисоблаганларга салавоту салмолар бўлсин. Сўнг …

Катта Уламолар Ҳайъати кенгаши Тоиф шаҳрида Уммул Қуро тақвимига кўра 1400 ҳижрий йилнинг 12–21 шавволида бўлиб ўтган ўн олтинчи даврасида Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси раиси жанобларига Умумий Ишлар ва Қурилиш Вазирлиги вакили тарафидан 29/ 06/ 1400 тарихда 2/5334 сонли телеграммада юборилган «Кофирларнинг мусулмонларнинг масжидларига киришлари ва масжид ободончилигида улардан фойдаланиш» ҳақида юборган саволи кўриб чиқилди. Телеграмманинг матни қуйидагича эди: «Сиз жанобларга билдирамизки, таклифни қабул қилган ширкатлардан бири масжидлардан бирининг лойиҳасини бир муҳандисга тайёрлатибди. Бизга келган хабарларга кўра ўша муҳандис ғайри муслим – насроний экан. Биз сизлардан масжид лойиҳаларини ҳаётга татбиқ қилиш ва раҳбарлик ишларини ғайри муслимларга топширилишига шариат томонидан бирон монеълик бор ёки йўқлиги ҳақида тўлақонли жавоб берасизлар деган умиддамиз».

Кенгаш бу мавзуда тайёрланган тадқиқотларни кўздан кечириб, илм аҳлларининг бу ҳақдаги сўзларини тинглади ва бир овоздан кофирларнинг мусулмонлар турганида масжид таъмирларига етакчилик қилишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Араб ярим оролида иккита дин жам бўла олмайди!»– деб айтган васиятларига биноан мамлакатимизнинг дини, хавфсизлиги, барқарорлиги ҳамда қўшни давлатларнинг бошига кофирларнинг яшашларига имконият танигани ва уларга давлат ишларини топширганлари туфайли келган кулфатлардан йироқ тутиш учун, кофирларни Араб ярим оролига олиб келиш жоиз эмаслигига қарор қилди. Чунки масжид лойиҳаларини чизиш ва уларни иншо этишда кофирларнинг хиёнатларидан сақланиш, қийин ишдир. Бундан ташқари, улар мазкур лойиҳаларни черков тарҳида ёки черковга ўхшаш тарҳда чизишлари мумкин. Уларнинг баъзилари шундай қилдилар ҳам. Улар масжид қурилишида ҳам хиёнат қиладилар. Зеро улар Ислом ва унга ишонган мусулмонларнинг душманларидир.

Кенгаш Меҳнат ва Қурилиш ҳамда Ҳаж ва Вақфлар ва давлатнинг бошқа тегишли вазирлик ва муассасаларига бу мавзуда диққатли бўлиш ҳамда масжидлар лойиҳасини чизиш ёки қуриш шартномаларида биронта ҳам ғайри муслим кучидн фойдаланмасликни тавсия этади …  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Кофир ҳукуматлар қуриб берган масжидлар

Кофир ҳукуматлар қуриб берган масжидлар

Савол: Маълумки, биз Филиппинларда христиан ҳукуматининг қўли остида яшаймиз ва у ҳукумат мусулмонлар яшайдиган жойларда масжидлар қурмоқда. Ўзимизнинг томлари шох–шаббалардан бўлсада масжид қуришга кучимиз ета туриб, христианларнинг масжид қуриб беришларига рози бўлишимиз жоизми? Зеро генерал Маркос ҳукумати ўз тавсия ва қарорларига мусулмонларни бўйинсундириш ва сиёсатига мусулмонлар қарши чиқмасликлари учун бу ишларга қўл урмоқда. Бундан ташқари, масжидлар учун сарфланаётган маблағларнинг манбаи ҳам бизга қоронғу: бу маблағлар ҳақиқатан ҳукумат тарафидан берилаяптими ёки хориждаги мусулмон биродарларимиз томонидан берилган ионаларми? Биз сизлардан жавоб беришларингизни умид қилиб қоламиз.    

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1679):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Маълумки, ҳукуматлар билан халқлар ўртасида молиявий, маънавий ва моддий ҳуқуқлар алмашланиб туради. Агар қаламга олганингиздек сизлар христиан давлати фуқаролари бўлсангиз ва Филиппинлар ҳукумати мусулмонлар яшайдиган жойларда масжидлар қураётган бўлса, у ҳукумат фуқароларининг ҳақларини бераяпти ва талаб ҳамда эҳтиёжларини рўёбга чиқариб, фуқаролар амалга ошираётган хизматлар ортидан келган фойда ва даромадлар муқобилига уларнинг диний ва дунёвий ишлардаги қулайликларини ҳаётга жорий қилмоқда. Сизларга нисбатан зиммасидаги масъулиятини адо этгани учун, сизлар ҳукумат қуриб берган масжидларни миннатсиз ва эвазсиз бўлиши шарти билан қабул қилишингиз ва яна бошқа масжид ва исломий мадрасалар қуриб беришини талаб қилишингиз мумкин. Бироқ, бу нарсалар сизларни бошқа моддий ва маънавий манфаатларингизни амалга оширишдан тўсиб қўймаслиги керак.

Эй мусулмонлар жамоати, сизлар исломий масжид, мадраса ва бошқа ўз эҳтиёжларингизни амалга ошириш учун ўзаро ҳамкор бўлишингиз ва ҳукумат мусулмонлар ва бошқа халқлар учун қуриб бераётган масжид, мадраса ва бошқа биноларга мусулмонлар етакчи бўлишига эришишингиз керак. Чунки Аллоҳ таоло:

﴿وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى﴾

«Эзгулик ва тақво асосида ҳамкор бўлингиз!»– деган (Моида: 2).

Давлат тарафидан сарфланаётган маблағнинг манбаъсини билишингиз шарт эмас. Чунки буни текширишни тақозо этишга бирон далил йўқ.         

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Масжидни таҳоратхоналар ҳисобига кенгайтириш

Масжидни таҳоратхоналар ҳисобига кенгайтириш

Савол: Аллоҳнинг ўзигагина ҳамдлар, охирги пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин. Сўнг …

Қўмита Бош раис номига Адолат Вазирлигининг Қозилик ишлари мулозими тарафидан Катта Уламолар Ҳайъатининг Умумий Омонатлар қисмига 5/ 01/ 1400 йилда 25/2 сон билан юборилган сўровни кўриб чиқди. Унда шундай дейилган эди: Сиз жанобларга маълум қиламанки, Шарбатли масжиди намозхонларга торлик қилиб қолди. Унинг шарқ тарафида ҳожатхоналар бўлиб, биз уларни зарурат бўлгани учун масжидга қўшмоқчимиз. Шундай қилишимиз жоизми ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2851):

Агар оммавий манфаат талаб қилса ҳожатхона ва таҳорат олиш жойлари масжид аҳли қўлга киритган жойга кўчирилиб, уларнинг ўрни масжидга намоз ўқиш жойларини кенгайтириш учун қўшилаверилади. Бундай қилишнинг шаръий монеълиги йўқ. Фақатгина, бу ишларни ҳожатхона ва таҳоратхона ўлароқ ишлатилган жойларни яхшилаб тозаланганидан кейингина амалга оширилиши керак.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Масжиднинг остига дўкон қуриш

Масжиднинг остига дўкон қуриш

Савол: Малайзиянинг Фалфалол музофотида кенг ерга қурилган масжид бўлиб, Аллоҳ таоло айрим давлатманд одамларни уни бузиб икки қаватли: юқори қавати ибодат, пастки қавати эса мусулмонларга ижарага бериладиган дўконлар тарҳида қуришга муваффақ қилди. У дўконлардан келган даромадлар масжид эҳтиёжлари учун сарфланади. Шундай қилиш ҳақида шариатнинг ҳукми нима?    

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2156):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Масжид остидаги қаватга масжид эҳтиёжларини қоплаш учун ижарага бериладиган дўконлар қуриш, жоиздир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён