Category Archives: Намоз вақтлари

Бу категорияда намоз вақтларига тааллуқли фатволар билан танишасиз.

Голландияда қандай намоз ўқиймиз?

Голландияда қандай намоз ўқиймиз?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2769):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Қўмита раисимизга Голландиядаги Мусулмон Талабалар Уюшмаси Бош Секретари тамонидан юборилган ва Катта Уламолар Ҳайъатининг Оммавий Омонатлар бўлимидан Қўмитага тақдим этилган ҳамда матни қуйида илова қилинаётган мактубни кўриб чиқди:

«Биз сиз жаноблардан шом, ҳуфтон ва бамдод намозлари, рамазон ойининг биринчи куни ва Рамазон ҳайити кунларини белгилаш ҳақида қониқарли фатво беришингизни умид қиламиз. Чунки Европанинг шимоли ва Шимолий Қутбга яқин ўлкаларда қуёшнинг чиқиш ва ботиш ҳаракатлари, исломий шарқ мамлакатларидаги ботиш ва чиқишларидан тубдан фарқ қилади. Бу, қизил ва оқ шафақнинг йўқолиш вақтига боғлиқ ҳодисадир. Оқ шафақ ёзда бутун кечани қоплагудек даражада узун бўлиб, ҳуфтон намози ва субҳи содиқнинг вақтини белгилаб олиш қийин бўлади».

Қўмита бунга шундай жавоб беради: Саудия Арабистони Қироллиги Катта Уламолар Ҳайъати сизларнинг мамлакатларингизга ўхшаган давлатларда намоз вақтлари ва рамазон ойининг ҳар кунги тонгги ва оқшомининг бошланишини белгилаш учун баёнот эълон қилган ва унинг мазмуни қуйидагичадир:

Узоқ тадқиқот, баҳс ва мунозаралардан сўнг мажлис қуйидаги қарорларни олди:

Аввало, кеча ва кундуз тонгнинг отиши ва қуёшнинг ботиши билан ажралиб турадиган, кундузлари ёз ойларида узун, қишда эса калта бўлган давлатларда истиқомат қилаётган одамлар беш вақт намозни Аллоҳ таоло оятининг умумий маъноларига кўра ўзининг шаръий вақтларида ўқийдилар:

﴿أَقِمِ الصَّلاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَى غَسَقِ اللَّيْلِ وَقُرْآنَ الْفَجْرِ إِنَّ قُرْآنَ الْفَجْرِ كَانَ مَشْهُودًا﴾

«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир» (Исро: 78);

﴿إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا﴾

«Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103).

Бу ҳақда Бурайда разияллоҳу анҳунинг ушбу ривояти ҳам воhbд бўлган: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намознинг вақти ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Биз билан шу икки кунда намоз ўқинг!»,– дедилар. Қуёш оғгач Билолга буюрдилар ва у азон айтди. Яна буюрдилар ва пешин намози учун иқомат айтди. Сўнгра яна буюрдилар қуёш кўтарилган ва оппоқ нур сочиб турган пайтида аср намозига азон айтди. Сўнгра амр қилдилар ва Билол шом намозига қуёш (уфқда) ғойиб бўлганида иқомат айтди. Сўнгра буюрдилар шафақ (уфқда) ғойиб бўлганида ҳуфтон намози учун иқомат айтди. Сўнгра буюрдилар ва Билол субҳи содиқ бўлганида бамдод намози учун иқомат айтди. Иккинчи куни эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга пешин намозини кечиктиришни буюрди ва у кечиктирди. – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (жазирама иссиқларда) пешин намозини кечиктириб ўқишни севар эдилар – Аср намозини қуёш кўтарилиб турган, бироқ кечагисидан кўра кечроқ замонда ўқидилар. Шом намозини шафақ (уфқда) йўқ бўлишидан бир оз аввал, ҳуфтон намозини эса кечанинг учдан бири кетгач, бамдод намозини (уфқ) сарғайган пайтда ўқидилар ва: «Намознинг вақтлари ҳақида сўраган одам қани?»– деб сўрадилар. Сўраган киши: Менман!, дегач: «Намозларингизнинг вақти шу кўрган (икки) вақтларингиз орасидадир»– дедилар» (Имом Муслим 613; Имом Аҳмад 3/351; Термизий 152; Насоий 1/207).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилади: «Пешин намозининг вақти қуёш оғганидан одамнинг сояси ўзининг бўйига тенг келгунича, аср намозининг вақти қуёш сарғайгунича, шом намозининг вақти шафақ йўқолгунича, ҳуфтон намозининг вақти ўртасининг ярмигача, бамдод намозининг вақти субҳи содиқдан қуёш чиққунигачадир. Агар қуёш балқаётган бўлса, намоз ўқишдан тўхта. Чунки у, шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқади» (Имом Муслим ривояти (612); Насоий 522; Абу Довуд 396; Имом Аҳмад 2/210).

Беш вақт намозни лафз ва амал билан белгилаш ҳақида келган бошқа ҳадислар ҳам талайгина. Шундай бўлишига қарамай, модомики намоз вақтлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилган аломатлар билан кузатиладиган бўлса, мазкур ҳадислар кунларнинг узун ёки калта, кечаларнинг узун ёки қисқа эканининг ўртасини айирмади. Булар, намозларнинг вақтини белгилаш учундир.

Рамазон ойи рўзасининг вақтларини белгилаш учун эса, балоғат ёшига етганлар, модомики турар–жойларида йигирма тўрт соат давомида кундузлари кечаларидан ажралиб турадиган бўлса, субҳи содиқдан то қуёш ботгунича ейиш, ичиш ва бошқа – рўзани бузадиган нарсалардан сақланишлари керак. Шунингдек, уларга қисқа бўлсада кечалари ёйишлари, ичишлари ва жинсий алоқа қилишлари ҳалол бўлади. Чунки Ислом шариатининг ҳукмлари барча давлатларда ҳам омдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿وَكُلُوا وَاشْرَبُوا حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الْأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الْأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّوا الصِّيَامَ إِلَى اللَّيْلِ﴾

«Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).

Кундузлари узун бўлгани боис рўзасини тугаллаш имкони бўлмаган ёки ишончли ва тажрибали докторнинг тавсияси ёки тажриба ёхуд аломатлари билан оғриган ёхуд гумонига рўза тутса ҳалок бўлиши ёки қаттиқ касал бўлиши ёхуд касаллигининг кучайиши ёда кеч тузалиши устун келган бўлган одам рўзасини очаверади ва тутишга кучи етадиган кунларда қазосини тутиб беради. Аллоҳ таоло айтди:

﴿فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ﴾

«Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади» (Бақара: 185);

﴿لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا﴾

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286);

﴿وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ﴾

«… ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).

Иккинчидан, ёзлари қуёш ботмайдиган ва қишлари қуёш балқмайдиган ёки, масалан, кундузлари ва кечалари олти ойдан давом этадиган ўлкаларда яшаётган одамлар ҳам йигирма тўрт соат давомида беш маҳал намоз ўқишлари, намознинг вақтларини ўзларига энг яқин бўлган ва кундузлари кечаларидан ажралиб турадиган давлатлардаги намоз вақтларига кўра белгилашлари фарздир. Чунки, Исро ва Меърож ҳодисаси баён қилинган ҳадисда Аллоҳ талонинг бу Умматга бир кеча ва кундузда эллик маҳал намоз ўқишни фарз қилгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эса тинмай намоз вақтларини камайтиришни сўраганлари ва Аллоҳ таолонинг: «Ҳой Муҳаммад, улар бир кеча ва кундузда беш маҳалдир ва ҳар бир намозга ўн баробар (савоб)и бўлиб, эллик маҳал бўлади»– дегани нақл қилинган (Имом Бухорий 3035; Имом Муслим 162; Термизий 3346; Насоий 448; Имом Аҳмад 3/149). 

Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг ҳадисида эса шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига наждлик, сочлари тўзғиган бир одам келди. Бизнинг унинг ғўлдираган товушидан ҳеч нарсани тушунмадик. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашиб, Ислом дини ҳақида сўроқлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Бир кеча ва кундузда беш маҳал намоз ўқиш»– дедилар. У одам: Менга улардан бошқаси борми?,– деб савол берган эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ. Фақатгина нафл ўқисанг (майли)»– дедилар» (Имом Бухорий 46; Имом Муслим 11; Насоий 5028; Абу Довуд 391; Имом Аҳмад 1/162; Имом Молик 425; Доримий 1578).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан эса ушбу ҳадис ворид бўлган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон нарса ҳақида сўрашимизга таъқиқ қўйилган эди. Шунинг учун доно саҳройилар келиб савол беришларини ва биз улардан фойдаланишни севар эдик. Бир куни бир саҳройи келиб: Ҳой Муҳаммад, ҳузуримизга элчинг келиб, Аллоҳ сени пайғамбар қилиб юборган эканини гумон қилди,– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри айтибди»– дедилар. Саҳройи: Элчингнинг айтишича, биз бир кеча ва кундузда беш вақт намоз ўқишимиз керакк эмиш?,– деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри айтибди»– дедилар. Саҳройи: Сенга буларни Аллоҳ буюрдими?,– деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа»,– деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий 63; Имом Муслим 12; Термизий 619; Насоий 2091; Ибн Можа 1402; Имом Аҳмад 3/168; Доримий 650).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига Масиҳуд Дажжол ҳақида гапирганларида саҳобаларнинг шундай савол берганлари собитдир: У (Масиҳуд Дажжол) Ер юзида қанча қолади?. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қирқ кун. Улардан бир куни сизларнинг йилингизга, бир куни ойингизга, бир куни жумангизга (ҳафтангизга), бошқа кунлари эса кунларингизга тенгдир»– деб жавоб бердилар. – Ё Расулуллоҳ, бир йилга тенг бўлган кунда бир кунлик намозни ўқисак етарлими?,– деб савол беришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, уни ўлчаб олинглар!»– деб жавоб бердилар (Имом Муслим 2937; Термизий 2240; Абу Довуд 4321; Ибн Можа 4075; Имом Аҳмад 4/182).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир йилга тенг кунни бир кун дея ҳисобламадилар. Балки, ҳар йигирма тўрт соат ичида беш вақт намоз ўқишни таъкидладилар. Шунинг учун уларни ўз юртларидаги оддий кун вақтлари орасидаги замонга кўра намоз вақтларига бўлишни буюрдилар.

Намоз вақтларини белгилаш ҳақида сўралган давлат мусулмонлари ўзларига энг яқин бўлган ва кундузлари кечаларидан ажралиб турадиган ҳамда йигирма тўрт соат ичида беш вақт намознинг белгиланган шаръий вақти аниқ билинадиган мамлакатларга қараб ўз намозларининг вақтларини тайинлаб олишлари керак.

Шунингдек, уларнинг рамазон ойи рўзасини тутишлари фарздир. Улар рўзаларини қачон бошлашни белгилаб олишлари, рамазон ойининиг бошланиши, ниҳояси, ҳар куни оғизни бекитиш ва очиш вақтларини юқорида ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масиҳуд Дажжол ҳадисида айтиб ўтган ва намоз вақтларини қандай белгилашлари лозимлигини кўрсатиб берганларидек, ўзларига энг яқин бўлган ва йигирма тўрт соат ичида кеча ва кундуз ажралиб турадиган давлатдаги субҳи содиқнинг бошланиши ва қуёшнинг ботишига қараб белгилаб оладилар. Зеро, рўза тутиш билан намоз вақтлари ўртасида фарқ йўқдир.   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Ғусл қилай деса намоз вақти тугайди …

Ғусл қилай деса намоз вақти тугайди …

Савол: Биров уйқудан уйғонса жунуб бўлибди. Ғусл қилай деса бамдод намозининг вақти тугайди. Бу одам таяммум қилиши мумкинми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради (Фатво № 192):

Бу ҳолатдаги одам намознинг вақти чиқиб кетса ҳам ғусл қилиб, намоз ўқийди. Чунки ухлаб қолган одамнинг намоз вақтидаги ҳаққи, уйғонган пайтидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намоздан ухлаб қолган ёки намозни унутган одам, хотирлагани маҳал ўқисин»– деганлар. Сиз ҳам уйғонганингизда гўё намоз вақти энди киргандек бўлади. Шунинг учун ғусл қилинг ва намоздан аввалги фарзларни бажо келтириб, сўнгра намозни ўқинг.  

 

        Манбаъ: «Фатво ва рисолалар девони», 11 жилд.

Ўрта намоз, намозларнинг қайси бири?

 

Ўрта намоз, намозларнинг қайси бири?

Савол: Ўрта намоз, намозларнинг қайси биридир?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 581 – 5):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Илм аҳллари ўрта намозни тайинлашда: аср намозими, пешин намозими, шом намозими ёки ҳуфтон намозими ёхуд беш вақт намозлардан биронтасими, бу ҳақда ихтилофли фикрлар билдирдилар. Бу фикрларнинг ечимга энг яқинроғи, Имом Бухорий ва Имом Муслим (раҳимаҳумаллоҳ)ларнинг «Саҳиҳ»ларида ривоят қилинган ҳадисга кўра, аср намозидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«(Мушриклар) бизни қуёш ботгунича ўрта намозни ўқишдан чалғитдилар» (Имом Бухорий 2773; Имом Муслим 627; Термизий 2984; Насоий 473; Абу Довуд 409; Ибн Можа 684; Имом Аҳмад 1/152; Доримий 1232);

«(Мушриклар) бизни қуёш ботгунича ўрта намоз – аср намозини ўқишдан чалғитдилар» (Имом Бухорий 2773; Имом Муслим 627; Термизий 2984; Насоий 473; Абу Довуд 409; Ибн Можа 684; Имом Аҳмад 1/152; Доримий 1232).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Манийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

 

 

Ишчи бўлгани боис ҳуфтон намозини вақтидан эрта ўқиш

 

Ишчи бўлгани боис ҳуфтон намозини вақтидан эрта ўқиш

Савол: Биров фабрикада ишлагани ва яхшироқ ором олиши ва эрталаб ишга эртароқ кетиши учун ҳуфтон намозининг белгиланган вақтидан олдинроқ ўқиши жоизми? Бундан ташқари, ишга эртароқ чиқиш илинжида уйида бамдод намозининг суннати ва фарзини шариатда тайинланган вақтидан эртароқ ўқиши равоми? Чунки унинг уйдан чиққач йўлда ва фабрикада намоз ўқиш имкони йўқдир.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4805 – 1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Мусулмоннинг эрталаб бамдод намозидан илгари ишга кетиш баҳонаси билан ором олиши учун барвақт ухлаш илинжида ҳуфтон намозини ўз вақтидан эрта ўқиши жоиз эмас. Унинг дам олиш ва ишига ўз вақтида кетиш учун эртароқ ётиши, ҳуфтон намозини шариатда белгиланган пайтидан илгари ўқишига узр бўла олмайди. Шунингдек, бамдод намозининг фарз ва суннатини ўз вақтидан олдин ўқиши ҳам жоиз эмас. Уларни субҳи содиқ киришидан илгари ўқиган одамнинг бу намозлари бекор бўлиб, мусулмонлар ижмоъсига кўра у намозларини қайта ўқиб олиши керак. Бундан ташқари, вақтидан илгари ўқиган бамдод суннатини ҳам такрор ўқиши шарт.

Мазкур одамнинг йўлда ёки фабрикада намоз ўқиш имкониятининг бўлмаслиги ҳар икки намозни ёки улардан бирини ўз вақтидан илгари ўқиши учун омил бўла олмайди. Балки у одам беш вақт намозни, гарчи айрим дунёвий ишларга улгура олмаса ҳам, ўз вақтида ўқиши фарздир.   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:      Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

 

 

Олдин ғусл қилиш керак …

 

Олдин ғусл қилиш керак …

Савол: Уйқусидан жунуб ҳолатида уйғонган ва ғусл қилмоқчи бўлса намоз вақти ўтиб кетиши мумкин бўлган одам, намоз вақтини таҳоратдан муқаддам қўйиши керакми ёки таҳоратни намоз вақтидан муқаддам қўйиши керакми? Яъни у, ғусл қилиб намозининг қазосини ўқиши керакми ёки қуёш чиқишидан илгари (ғуслсиз) намозини ўқиши керакми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6606 – 6):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Мазкур одам, гарчи қуёш чиқаётган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларининг умумий маъноларига кўра, ғусл қилиб, кейин намозини ўқийди:

«Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз» (Модиа: 6);

«Намоздан ухлаб қолган ёки намозни унутган одам, уни эслаган пайтида ўқисин!» (Имом Бухорий 572, Имом Муслим 684, Термизий 178, Насоий 614, Абу Довуд 442, Ибн Можа 695, Имом Аҳмад 3/269, Доримий 1229).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд