Category Archives: Намоз ва қибла

Бу категорияда қибла ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Сўқир одам қиблани қандай белгилайди?

Сўқир одам қиблани қандай белгилайди?

Савол: Қиблани тайинлашда аъмо одам нима қилади? Аъмо қиблани билмаса ва қиблани кўрсатиб берадиган одам бўлмаса, нима қилиши керак?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

У аъмо уй эгаси бўлса деворларни ушлаб қиблани топади. Акси тақдирда, ўша ерда турган одамлардан сўрайди. Агар атрофида биронта одам бўлмаса бир тарафни қасд қилади ва гумони кучли бўлган тарафга қараб намозини ўқийверади. Агар қиблани топишда хато қилган бўлса, сафарга чиқиб қиблани топа олмай бир тарафни қасд қилган ва кейин хато қилгани маълум бўлган бўлсада намозини қайтариб ўқимаган одамдек, намозини қайтариб ўқимайди. Валлоҳу аълам.    

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.

Машина, поезд, учоқ ва чорпо ҳайвонларни минган одам қандай намоз ўқийди?

Машина, поезд, учоқ ва чорпо ҳайвонларни минган одам қандай намоз ўқийди?

Савол: Сафарга чиққан одам ўз жони ёки молига зарар етишидан қўрқадиган бўлса, фарз намозларини ўтирган машина, поезд, учоқлар ичида ва ҳайвон уловлар устида ўқиши жоизми? Бундай одам уловлар кетаётган томонга қараб ўқиши керакми ёки қибла тарафга қараб ўқиши шартми? Ёхуд фақат намозни бошлашда қиблага йўналиб, кейин эса улов йўналишига қараб ўқиса бўладими? Агар саволимизнинг жавоби «ўқиса бўлади» бўлса ва хавф бўлмаган пайтларда машина баъзи жойларда қисқа ҳордиқ учун тўхтаганида намоз ўқиш учун кетилса, машина намозхонни кутмай кетиб қолиши, натижада, йўловчи ўзини қийин аҳволга тушириши ёки, тушиб қолгач ёнида кетиш учун пули бўлмаслиги мумкин. (Бундай пайтда қандай намоз ўқиш керак?).   

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1375 – 2):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар йўловчи машина ёки поезд ёхуд учоқ ё чорпо уловга минган бўлса ва фарз намозни ўқиш учун тушганида ўз жонига жабр бўлиши хавфида бўлса ёки намоз ўқиши мумкин бўлган жойга етиб боргунича намознинг вақти чиқиб кетишини аниқ билса, Аллоҳнинг қуйидаги оятларининг умумий маъноларига кўра, ўз имкониятига қараб намозини ўқийверади:

(لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا)

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286);

(فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ)

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16);

(وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ)

«(Ва Аллоҳ) бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).

Аммо йўловчининг мазкур уловлар кетаётган томонга қараб намоз ўқиши ёки давомий суратда қибла тарафга йўналиши ёки намознинг бошидагина қибла тарафга йўналиб кейин бошқа тарафларга йўналиши, буларнинг барчаси унинг имкониятига қарабдир. Агар буларнинг барчасига ҳам қодир бўлмаса, юқорида айтиб ўтилган далилларга кўра, Аллоҳ таолодан имкони борича қўрқиб (намоз ўқийверсин). Бу айтганларимиз фарз намози ҳақида эди.

Нафл намозларни адо этишда эса, кенг имкониятлар бор. Мусулмоннинг саволда айтиб ўтилган уловларда, гарчи баъзи жойларда тушса ҳам, шу уловлар йўналган тарафга қараб намоз ўқиши раводир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловлари устида улови кетаётган тарафга қараб намоз ўқийверар эдилар. Бироқ, (ҳаж ёки умра қилиш учун кетар экан) эҳром кийган пайтида йўлда давом этар экан, намоз ўқиш учун қибла тарафга йўналиши афзалдир.  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:              Абдуллоҳ ибн Манийъ

Қибла қайси тараф эканини билмадим?

Қибла қайси тараф эканини билмадим?

Савол: Учқиқ ёки кемага минган ёхуд қибла тараф қаер эканини кўрсатиб берадиган одам бўлмаган хорижий мамлакатларнинг биронтасида бўлсам ва ўз ижтиҳодим билан қибланинг бир тараф эканига қатъий ишонч ҳосил қилиб, (у томонга қараб намоз ўқисам), намоз вақти чиққанидан сўнгра қибладан хабардор бўлган киши тарафидан менинг йўналган қиблам нотўғри эканини ўргансам, мен нима қилишим керак?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9229-1):

Агар намозхон қиблани қасд қилишда ижтиҳод қилган ва намоз ўқиган, сўнгра қилган ижтиҳоди хато экани маълум бўлган бўлса, унинг ўқиган намози раводир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Каъбани ким қурган?

Каъбани ким қурган?

Савол: Каъбанинг мусулмонлар қалбидаги ўрни қандай ва унинг аҳамияти нима? Уни нима учун қурилган? Уни ким қурган? Ҳозирги кундаги Каъба ўзининг ҳақиқий шаклидами? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3056-4, 5):

Каъбаи Мушаррафа – мусулмонларнинг ҳар намоз ўқиган пайтларида, Аллоҳнинг қуйидаги оятдаги амрига биноан, йўналишадиган қибласидир:

﴿قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنْتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ﴾

«Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжид-ал-Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз!» (Бақара: 144).

Каъба – Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилида айттирган ва Ўзи нозил қилган амрига биноан мусулмонлар ҳаж ва умраларида, ибодатларини атрофида адо этишлари учун белгилаб қўйган жойдир

﴿وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ﴾

«… ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж: 29).

Каъбани Иброҳим халилуллоҳ ўз ўғли Исмоил билан бирга қурган. У иккиси ва пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин. Буни Аллоҳ таоло қуйидаги оятида баён қилган:

﴿وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنْتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ﴾

«Эсланг: Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитгувчи, билгувчисан!»  (Бақара: 127).

Улардан кейин эса Каъбани бир неча марта қайта тикланган.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:     Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён