Category Archives: Сажда

Бу категорияда сажда ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Қуръон оятларини саждада ўқиш

Қуръон оятларини саждада ўқиш

Савол: Саждада Қуръон оятларини ўқимаслик зарурлигини биламиз. Бироқ, айрим оятлар дуони ўз ичига олади. Масалан:

﴿رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا﴾

«Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин — энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма» (Оли Имрон: 8). Қуръонда келган бундай оятларни саждада ўқишнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7921­3):

Бундай оятларни саждада Қуръон тиловати ўлароқ эмас, дуо ўлароқ ўқишнинг зарари йўқдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Саждадаги дуо

Саждадаги дуо

Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида нима дер эдилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саждада қилган энг афзал дуолари қайси эди?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9424­4):

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждага бош қўйганларида:

«سُبْحَانَ رَبِّيَ الأَعْلَى»

«Буюк Роббимни (мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан) поклайман!» (Имом Аҳмад 5/382, 384, 389, 397; Имом Муслим 772; Абу Довуд 871; Насоий 1008, 1133, 1664, 1665; Термизий 262; Ибн Можа 888; Байҳақий 2/309, 310; Ибн Ҳиббон 2609; Доримий 1/299) ва:

«اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي كُلَّهُ دِقَّهُ وَجُلَّهُ وَأَوَّلَهُ وَآخِرَهُ وَعَلانِيَتَهُ وَسِرَّهُ»

«Аллоҳим, менинг катта ва кичик, аввалги ва охирги, ошкор ва хуфёна гуноҳларимни мағфират қил!» (Имом Муслим 483; Абу Довуд 878; Байҳақий 2/110; Ибн Хузайма 672; Абу Авона 2/186; Ибн Ҳиббон 1931; Таҳовий «Шарҳу маанил осор» 1/234) ҳамда:

«سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ المْلَاَئِكَةِ وَالرُّوحِ»

«Нуқсонлардан пок, Муқаддас, фаришталар ва Руҳ (Жиброил алайҳиссалом)нинг Роббиси!» (Имом Аҳмад 6/35, 94, 115, 148, 176, 193, 200, 244, 266; Имом Муслим 487; Абу Довуд 872; Насоий 1048, 1134; Ибн Ҳиббон 1899; Ибн Хузайма 606; Абдурраззоқ 2884; Байҳақий 2/87, 109; Ибн Шайба 1/250; Таҳовий «Шарҳу маанил осор» 1/234; Абу Авона 2/167) ва:

«سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي»

«Аллоҳим, Роббим! Сени ҳамдларинг билан мушриклар сифатлаётган (нолойиқ) сифатлардан поклайман! Аллоҳим, мени мағфират қил!» (Имом Аҳмад 1/388; 6/43, 49, 100, 190; Имом Бухорий 1/ 199, 193; 5/94; 6/93; Имом Муслим 484; Абу Довуд 877; Насоий 1122, 1123; Ибн Можа 889; Ибн Ҳиббон 1929, 1930, 6412; Ибн Хузайма 605, 847; Байҳақий 2/86, 109; Абдурраззоқ 2878)– дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Банданинг Роббисига энг яқин бўлган пайти сажда қилган маҳалидир. Бас, (саждада) кўп дуо қилинглар!» (Имом Аҳмад 2/421; Имом Муслим 2/49, 50; Абу Довуд 875; Насоий 1/171; Байҳақий 2/110; Абу Авона 2/180)– деганлари ам ворид бўлган.

Ушбу ҳадис ўқилаётган намоз фарз ёки нафл бўлишидан қатъий назар, саждада яхши дуоларни кўп қилиш машруъ эканини кўрсатмоқда.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:              Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Саждада пешона ерга тегсин!

Саждада пешона ерга тегсин!

Савол: Биров намоз ўқиди, бироқ, саждага борганида пешонаси ва бурни ерга тегмади. Буннинг шариатдаги ҳукми нима? Унинг намози тўкис ва равоми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7175­1):

Агар намозхоннинг пешонаси ва бурни, сиз айтганингиздек, саждада ерга тегмаган бўлса, унинг намози ботил-бекордир. Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушуб ҳадислари бор: «Мен етти суяк билан сажда қилишга буюрилдим: пешона, деб бурунларига ишора қилдилар» (Бухорий 1/209; Имом Муслим 2/52; Имом Аҳмад 1/292, 305; Насоий 1/166; Доримий 1/302; Байҳақий 2/103; Абу Авона 2/73, 182; Ибн Жоруд 106).

Саждада пешона ва бурунни ерга теккизиш фарздир. Фақатгина, пешона ва бурунни ерга теккизишга монеъ бўлган шаръий узр бўлсагина, унинг намози раводир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён