Category Archives: Намоз ва кийим

Бу категорияда намоздаги кийиниш ҳақидаги фатволар билан танишасиз

Жонли махлуқотлар расми бўлган кийимларни кийиш – ҳаромдир

Жонли махлуқотлар расми бўлган кийимларни кийиш – ҳаромдир

Савол: Бугунги кунда болалар учун ишлаб чиқарилган кийимларда расмлар бор. Мазкур кийимлардаги расм ва сурат (фото)ларнинг ҳукми нима?

Шайх аллома Солиҳ Фавзон жавоб беради:

Одам, ҳайвон ва қушлар каби жонли махлуқотларнинг расм ва суратлари бўлган кийим-кечакларни сотиб олиш ҳаромдир. Чунки, расм чизишни таъқиқлаган ва бунга қаттиқ жазоларни ваъда қилган ҳадисларга кўра, расм чизиш ва расмларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рассомларни лаънатлаган ва уларнинг Қиёмат кунида одамлар ичида энг қаттиқ жазоланишларининг хабарини бердилар (Имом Бухорий 5498, 5644; Имом Муслим 3936, 3943, 3944 ва «Риёзус-солиҳийн» 2/202).

Демак, (жонли нарсаларнинг) расм(и) бўлган кийимларни кийиш ёки уларни кичик ёшдаги болаларга кийдириш мумкин эмас. Алҳамдулиллаҳ, расмсиз кийимлар ҳам кўп бўлиб, уларни кийдириш лозим.    

 

         Манбаъ: Шайх Солиҳ Фавзон «ал –Мунтақо», фатво № 505.

Салла билан ўқилган битта намоз, салласиз ўқилган қирқта намоздан кўра яхшироқми?

Салла билан ўқилган битта намоз, салласиз ўқилган қирқта намоздан кўра яхшироқми?

Иорданиялик Муҳаммад Аҳмад: Мен бир йилдан кўпроқ вақт илгари бир биродарнинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Салла билан ўқилган битта намоз салласиз ўқилган қирқта намоздан кўра яхшироқ»– деганлар» деб айтганини эшитган эдим. Айтингчи, бу айтилган жумла ҳадисми ёки йўқми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Бу ҳадис – ботил, мавзуъ (сохта) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан тўқилган ҳадисдир. Чунки салла ўраш, бошқа кийимларни кийиш каби одамларнинг одатидир. Агар салла ўрайдиган одамлар орасида яшаётган бўлсангиз, сиз ҳам салла ўраб олинг. Агар салла ўрамай ғутра (араб эркакларининг бошларига ташлаб оладиган рўмоли) ташлаб олишган бўлса, сиз ҳам ғутра ташлаб олинг. Агар яланг бош юришадиган бўлсалар, улар каби яланг бош юринг.

Салла – шариат тарафидан ўраш талаб қилинган кийимлардан эмас. Балки у, одамлар ўртасида жорий бўлган одатлардандир. Банда одамлар ўртасида ҳаром экани шариат тарафидан белгиланган кийимлардан бошқасини кийишга буюрилгандир. Чунки, агар банда одамлар одатига мухолиф бўлган тарзда кийиниб юрса, унинг бу кийими шуҳрат кийими ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса, шуҳрат кийимини кийишни таъқиқлаганлар. Бундан, бошқа юртларга борган мусофирнинг кийиниши истисно қилинади. Чунки, (маҳаллий) одамлар унинг мусофир эканини билишади ва унинг бундай кийиниши маҳаллий кийинишларига зид бўллишидан ҳайратланишмайди. Масалан, бизнинг мамлакатимизда, хусусан, Макка ва Мадинада турли ўлкалардан келган мусофирлар ўз миллий кийимлари билан юрадилар.Уларнинг бундай юришларидан шу ерлик бирон кимса ҳайратланмайди. Хуллас, савол берган кишининг саволига қайтсак: У ишора қилган ҳадис – ботил, сохта ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан тўқилган ҳадисдир.

Иккинчидан, шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, салла ўраш суннат эмас. Балки у, одам яшаётган жамиятдаги одатга боғлиқ кийинишдир. Агар одамлар салла ўраб юришса салла ўраб юради, салла ўрамай юришса саллани ўрамайди. Одамнинг, модомики шариат тарафидан таъқиқланмаган экан, кийинишда одамлар одатига кўра кийиниши суннатдир. Агар таъқиқланган бўлса, ўша одамлар ҳам, сиз ҳам уни кийишдан воз кечишингиз керак. Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтганимдек, мусофир бошқа юртларда ўзининг миллий кийимини кийиб юрса ва унинг мусофирлиги маълум бўлса, бунинг бирон зарари йўқ. Унга нисбатан бундай кийиниб юриш шуҳрат ҳисобланмайди.

        Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Инсон ёки ҳайвон расми бўлган кийимда намоз ўқиш

 

Инсон ёки ҳайвон расми бўлган кийимда намоз ўқиш

Савол: Инсон ва ҳайвон расми бўлган кийимда намоз ўқиш жоизми? Аллоҳнинг исми ёзилган кийим билан ҳожатхонага кирилса бўладими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5611 – 2):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Инсон, ҳайвон, парранда ва чорва ҳайвонлари каби руҳи (жони) бўлган махлуқларнинг расми туширилган кийимларда намоз ўқиш жоиз эмас. Бундан ташқари намоздан бошқа пайтларда ҳам мусулмоннинг ундай кийимларни кийиши мумкин эмас. Бироқ, жонли махлуқотлар расми туширилган кийимда, унинг шаръий ҳукмини била туриб намоз ўқиган одамнинг намози, раводир.

Аллоҳнинг исмини кийимларга ёзиш таъқиқланади. Аллоҳ таолонинг исмларини таҳқирламаслик учун, ҳожатхонага Унинг исми ёзилгн бирон нарса билан кириш макруҳдир. Агар шундай киришга мажбур бўлиб қолса, у ҳолат мустаснодир.  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:      Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

 

 

Чўнтагидаги расмлар билан намоз ўқиш

 

Чўнтагидаги расмлар билан намоз ўқиш

Савол: Намозхоннинг чўнтагида кўпинча таъқиқланган (жонли махлуқотлар) расмлар(и) туширилган пуллар, шахсий гувоҳномалар ва бошқа расм ёпиштирилган ҳужжатлар бўлади. Шундай ҳолатда ўқиган намозларим ва бошқаларнинг намозларининг ҳукми нима бўлади?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3932 – 2):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Чўнтагида пуллари, расмлари ёпиштирилган гувоҳномалар солинган катмонлари ва бошқа нарсалар бўлган ҳолатида намоз ўқиган намозхонга бирон жазо йўқ ва унинг намози раводир. Чунки у одам, бунга «мажбур қолган» одам ҳукмидадир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

 

 

Шаҳримиздаги ёшлар бош кийим киймай намоз ўқишади

 

Шаҳримиздаги ёшлар бош кийим киймай намоз ўқишади

Савол: Шаҳримизда ёшлардан уюшган бир жамоат пайдо бўлди. Улар намозни жамоат билан, бироқ, ялангбош ўқишади ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз учун бош кийим киймас эдилар» дейишади. (Айтингчи), бош кийим кийишнинг шаръий ҳукми нима? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4143 – 1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Эркак кишининг намозда бошини ёпиши фарз эмас. Бу мавзуда йўл кенгдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:      Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён