Category Archives: Тиловат саждаси

  Бу категорияда Қуръондаги сажда оятларини ўқигач қилинадиган тиловат саждаси ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Тиловат саждасининг ҳукми нима?

Тиловат саждасининг ҳукми нима?

Савол: Тиловат саждасининг ҳукми нима? Унинг саломи борми ёки йўқми? Намозда бўлмаган ва Қуръон тиловат қилаётган одам тиловат саждаси қилганида қандай дуони ўқиши керак? Намозхон намоз асносида қилаётган қироатида суранинг охирида тиловат саждаси бўлса, тиловат саждасини қилганидан сўнг кейинги сурани ўқиши мумкинми ёки бирданига рукуъ қилиши шартми?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7900­ 3):

Тиловат саждасини қилиш – суннатдир. Унда салом бериш шариатда баён қилинмаган. Шунинг учун тиловат саждасини қилган одам салом бермайди. Намозхон ўз намозида Аъроф, Ван-нажм ва Иқроъ сураларининг сўнггидаги тиловат саждасини қилганидан кейин, рукуъдан илгари бошқа сураларни ўқиши мумкин. Агар ўқиса, зарари йўқ. Тиловат саждаси асносида намоз саждасида айтилган дуоларни ўқилади.  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Тиловат саждаси учун такбир айтилди

Тиловат саждаси учун такбир айтилади

Савол: Тиловат саждаси қилиш керак бўлган оятни ўқиган қори саждага кетиш ва саждадан қайтишда такбир айтадими? Ёки саждага кетишдагина такбир айтадими? Саждага кетишдан илгари (намоздагидек) ташаҳҳуд ўқийдими? Тиловат саждасидан кейин салом берадими ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2437­ 2):

Аввало, тиловат саждаси учун кетар экан такбир айтилади. Чунки Абу Довуд (раҳимаҳуллоҳ) «Сунан» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисини ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Қуръонни ўқир ва сажда оятини ўқигач такбир айтиб сажда қилар ва биз ҳам сажда қилар эдик» (Имом Бухорий 2/33, 34; имом Муслим 575; Абу Довуд 1412, 1413; Ҳоким 1/222; Ибн Ҳиббон 2760; Ибн хузайма 557, 558; Байҳақий 2/312, 323, 325; Абдурраззоқ 5911; Бағавий 768).

Саждадан (бошни) кўтараётганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинмагани учун, такбир айтилмайди. Чунки, тиловат саждаси ибодат бўлиб, ибодатлар белгилангандир ва қандай белгиланган бўлса ўшандай қилиниши шартдир. Тиловат саждасида саждага кетишда такбир машруъ бўлса, саждадан бош кўтаришда такбир айтиш машруъ эмасдир. Бироқ, намозда тиловат саждаси қилинадиган бўлса саждага кетишда ҳам, саждадан бошни кўтаришда ҳам такбир айтилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган намоз ҳақида ривоят қилинган ҳадиснинг умумий далиллари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саждага кетиш ва саждадан бош кўтаришда такбир айтган эканликларини ифодаламоқда.

Иккинчидан, тиловат саждасидан сўнгра ташаҳҳуд ўқиб, салом берилмайди. Чунки бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинмаган. (Юқорида айтиб ўтганимиздек), тиловат саждаси ибодатдир ва ибодат белгилангандир. Тиловат саждасини намоздаги ташаҳҳуд ва саломга қиёс қилинмайди.     

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Тиловат саждаси ҳар бир ҳолатда жоиздир

 

 

 

Тиловат саждаси ҳар бир ҳолатда жоиздир

Савол: Кофирнинг ҳасад билан мусулмонга кўз теккиза олмаслиги тўғрими ва агар тўғри бўлса бунинг далили нима? Сажда оятини ўқигач, қандай ҳолатда бўлсам ўшандай, бошим ва баданимни ўрамай, сажда қилишим мумкинми?

Шайх Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Тўғри эмас. Чунки кофир ҳам бошқа одамлар сингари кўз теккизиши мумкин. Чунки, кўз тегиши – ҳақиқатдир.

Тиловат саждасини ҳар қандай ҳолатда, ҳатто боши очиқ бўлса ҳам қилиш мумкин. Чунки бу сажда, намоз ҳукмида эмасдир.