Category Archives: Намоз одоблари

Бу категорияда намоз одоблари ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Намозга шошилиб боришнинг ҳукми

Намозга шошилиб боришнинг ҳукми

Савол: Намоз ёки бошқа, ҳаж каби диний ибодатларни адо этиш учун шошилишнинг ҳукмини, Қуръон ва ҳадисдаги далиллари билан тушунтириб берсангиз? Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатли ишлар ёки диний ибодатларни адо этиш учун босилган ҳар бир қадам учун ҳасанот берилиши ёки уларнинг садақа эканини ифодалаган сўзлари ҳам бор. Бу ҳукм ҳаж ибодатини адо этишга ҳам тўғри келадими? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 879-2):

Яхшилик учун одим отиш ва ҳаракат қилиш ҳақида умумий, баъзи яхшиликлар учун юриб бориш ҳақида эса хусусий насслар ворид бўлган. Шулардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:

{ إِنَّا نَحْنُ نُحْيِي الْمَوْتَى وَنَكْتُبُ مَا قَدَّمُوا وَآثَارَهُمْ وَكُلَّ شَيْءٍ أحْصَيْنَاهُ فِي إِمَامٍ مُبِينٍ }

«Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг қилган амалларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни Лавҳ-ул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз» (Ёсин: 12).

Бу оят намоз учун масжидларга, Аллоҳ йўлидаги жиҳод учун жанг майдонларига бориш, шаръий билим олиш, қариндошлар билан алоқа қилиш учун одим отиш билан савоб ёзилишини умумий тарзда ифодаламоқда. Бундан ташқари одамнинг ўзидан кейин қолдирган вақфлари, илмий китоблари, солиҳ фарзандлари ва улардан бошқа ўлимидан сўнгра бошқалар фойдаланиши мумкин бўлган нарсаларга ҳам умумий ҳукмни ифодалайди.

Ворид бўлган оятлардан бири мужоҳидлар ҳақида бўлиб, унда шундай дейилади:

{ مَا كَانَ لِأَهْلِ الْمَدِينَةِ وَمَنْ حَوْلَهُمْ مِنَ الْأَعْرَابِ أَنْ يَتَخَلَّفُوا عَنْ رَسُولِ اللَّهِ وَلَا يَرْغَبُوا بِأَنْفُسِهِمْ عَنْ نَفْسِهِ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ لَا يُصِيبُهُمْ ظَمَأٌ وَلَا نَصَبٌ وَلَا مَخْمَصَةٌ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلَا يَطَئُونَ مَوْطِئًا يَغِيظُ الْكُفَّارَ وَلَا يَنَالُونَ مِنْ عَدُوٍّ نَيْلًا إِلَّا كُتِبَ لَهُمْ بِهِ عَمَلٌ صَالِحٌ إِنَّ اللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ }

«Мадина аҳолиси ва уларнинг атрофларидаги аъробийлар учун (жиҳодга чиқмай) Аллоҳнинг пайғамбаридан қолишлари ва Ундан юз ўгириб ўзлари билан овора бўлишлари жоиз эмас эди. Зеро, Аллоҳ йўлида уларга бирон ташналик, машаққат, очлик етса ва кофирларни ғазаблантирадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зиён етказсалар, албатта улар учун бу ишлари сабабли, яхши амал ёзилур. Зотан, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларнинг амалларини зое қилмас» (Тавба: 120).

Аллоҳ таолонинг жума намози учун бориш ва ундаги хутба ва зикрларни эшитиш ҳақидаги оят эса ушбудир:

{ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ }

«Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жумъа: 9).

Имом Бухорий «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини нақл қилди: «Салама уруғи турар-жойларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ жойга кўчиб ўтмоқчи бўлди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни хоҳламадилар ва: «Босган одимларингиз ёзилишини хоҳламайсизларми?»– дедилар» (Имом Бухорий 1/158; Имом Муслим 1/462; Ибн Можа 1/257).

Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) «одимлар»дан мақсад «Масжид сари босилган қадамлар» эканини таъкидлади.

Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу тарафидан ривоят қилинган ушбу ҳадисларни ҳам нақл қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ масжидга борган ёки қайтган одамга ҳар бир бориб, қайтгани сайин жаннатда манзил тайёрлаб қўяди»– дедилар» (Имом Бухорий 1/159; Имом Муслим 1/463; Имом Аҳмад 2/509);

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози(нинг савоби), хонадони ва дўконида ўқиган намози(нинг савоби)га (қараганда) йигирма беш даража ортиқдир. Сабаби, у таҳорат қилади, таҳорат қилганида ҳам чиройли таҳорат қилади. Сўнгра масжидга отланади. У (масжидга) намоз (ўқиш) учунгина чиқади. Унинг босган ҳар бир қадами билан (битта) мақоми кўтарилса, (битта) хатоси ўчирилади. Агар намоз ўқиса ва модомики намозгоҳида турса, фаришталар унга: «Аллоҳим унинг гуноҳларини мағфират қил ва уни раҳмат қил!»– деб истиғфор айтишади. Бировингиз модомики намозни кутар экан, у, намоздадир!» (Имом Бухорий 1/157; Имом Муслим 1/450; Абу Довуд 1/53; Насоий 2/103; Термизий 1/421; Ибн Можа 1/258).

Имом Муслим «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини нақл қилди: «Аллоҳ таоло (шаръий) билим олиш учун йўлга тушган одамга жаннат сари йўлни енгил қилиб қўяди» (Имом Муслим 4/2074; Термизий 5/47).

Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Видолашув ҳажи ҳақидаги ривоят орасида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажидан сўнгра Танъимдан умра қилган Оиша разияллоҳу анҳога айтган ушбу ҳадислари бор: «(Чеккан) машаққат ва (сарфлаган) маблағингизга қараб ажрлар берилади» (Имом Бухорий 2/201; Имом Муслим 2/877).

Мазкур насслар яхшиликни ёки яхшиликка восита бўлган нарсаларни қилган одамга савоб берилишини ҳамда савобларнинг пиёда юриш ёки машинада келиш каби чекилган машаққат ва сарфланган маблағларга, макон ва замоннинг шарафи, ихлос, қалб ҳушёрлиги ва хушуънинг фарқлилигига қараб фарқли бўлишини кўрсатмоқда.

Хуллас, воситаларга ҳам яхшилик ёки ёмонлик, гуноҳ ёки савобни, мақсадларга берилганидек берилади. Шунга кўра, олисдан келаётган одамнинг ҳаж ёки умраси учун нақлиёт воситаларидан фойдаланиши, ҳаж ва умрасини пиёда қилишдан кўра афзалдир. Чунки шугина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг турмуш тарзига мувофиқдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:

{ لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ }

«Сизларга Аллоҳнинг Расулида чиройли ўрнак бордир»– деган (Аҳзоб: 21)   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:     Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:              Абдуллоҳ ибн Ғудайён