Category Archives: Жанозадан олдинги ишлар

Бу категорияда жаноза намозидан олдинги ишлар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Маййитни хатна қилиш жоизми?

Маййитни хатна қилиш жоизми?

Савол: Чақалоқ хатна қилишдан илгари вафот этса, уни ўлганидан кейин хатна қилиш керакми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3055-5):

Хатна қилиш вақти ўтгани учун, хатна қилинмайди. Хатнани чақалоқнинг тириклик вақтида қилинади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Тилла тиши бор инсон вафот этди …

Тилла тиши бор инсон вафот этди …

Савол: Тилла тиши бўлган одам вафот этди. Унинг тилла тишларини чиқариб олиш керакми ёки йўқми? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3784-2):

Агар бошқа тишларга зарар бермай чиқариб олиш имконияти бўлса, мулк ҳимояси ва меросхўрлар манфаати учун уни чиқариб олиш мумкин. Акси тақдирда, уни ўз ҳолида қолдиришнинг зарари йўқ.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Маййитнинг тилла тиши

Маййитнинг тилла тиши

Савол: Бандачиликни бажо келтирган одамнинг тилла тиши бўлса, бу унга зарар берадими ёки йўқми?   

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1136-1):

Агар вафот этган одамнинг тилла тишлари бўлса, унинг ўшандай қолишида зарар йўқ. Бироқ, тилла тишларни дафнидан илгари маййитга зарар бермай чиқариб олиш имкони бўлса ва уни чиқариб олинса ҳам зарари йўқ. Бироқ, дафн қилинганидан сўнгра қабрни очиб тишларни чиқариб олиш мумкин эмас.

Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) тилла тиш қўйилган одамнинг бу тишларини бошқа тишларга зарар бермайдиган бўлса чиқариб олиш жоизлигини айтган. Агар уни чиқариш асносида бошқа тишлар ҳам чиқадиган бўлса тиш, ўз ҳолича қолади. Уни чиқариб олинмайди. 

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Мунийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Маййитнинг молидан сарф қилиш

Маййитнинг молидан сарф қилиш

Савол: Жанозага ишлатилаётган пуллар, хусусан, уй эгасининг пуллари ҳақида уламоларнинг фикрлари қандай? Баъзи уламолардан эшитишимга қараганда, ворислар мулкига айлангани боис, маййитнинг молидан сарф қилиш ҳаром эмиш?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7912-3):

Агар сиз кафан пули, ғассол, гўрков ва маййитни кўтариб олиб борган одамнинг хизмат ҳақларини назарда тутаётган бўлсангиз, бунга маййит молидан сарф қилишнинг зарари йўқ. Балки булар маййит молини сарф қилишнинг энг олдида туради.

Агар саволингиздан мақсад, таъзияга келганлар ва турли маросимларни ўтказиш учун сарфланаётган пулларни назарда тутаётган бўлсангиз, булар на маййитнинг ва на бошқаларининг молларидан сарфланиши жоиз бўлмаган ишлардир.Аммо қўшни ёки қариндошларнинг маййит аҳлига таом юборишлари – мастаҳабдир. Чунки, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаъфар ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг вафот этгани ҳақидаги хабар келганида, ўз оиласига Жаъфар разияллоҳу анҳунинг хонадонига овқат пишириб чиқаришни буюрдилар ва: «Уларнинг бошига машғул қиладиган иш тушди!»– дедилар» (Насоий 3773; Имом Аҳмад 6/372).   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Маййитни дафнга тайёрлаш

Маййитни дафнга тайёрлаш

Савол: Банда вафот этса уни дафнга қандай тайёрлаймиз? Уни мозорга жим олиб борамизми ёки зикр ва қироат қилишимиз керакми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2634-1):

Агар мусулмоннинг руҳи чиқиш вақти келса уни қибла тарафга юзлантирилади. Вафот этса кўзларини юмдириб, ҳаққига дуо қилинади. Унинг олдида фақатигна яхшиликларни тилга олинади. Чунки Умму Салама разияллоҳу анҳодан Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Абу Салама вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келиб унинг очиқ қолган кўзларини юмдирдилар ва: «Руҳ олинганида кўзлар унга тикилиб қолади!»– дедилар. Абу Саламанинг оиласи фарёд чека бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақатгина яхшиликни тилга олинглар.Чунки, фаришталар сизлар айтган гапга: Омийн!, дейдилар»– деб: «Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қил ва мақомини ҳидоятланган ва (Сенга) яқин бўлганлар қаторида юксалт! Унга ортидан қолганларга ўринбосар қил! Эй Оламларнинг Робби, бизни ва уни мағфират қил, қабрини кенг ва мунаввар айла!»– дедилар» (Имом Муслим 920; Имом Аҳмад 6/297; Абу Довуд 3118; Ибн Ҳиббон 7041; Абу Яъло 7030; Табароний 712; Байҳақий 3/384; Бағавий 1468).

Сўнгра маййитнинг ияги, совуганидан сўнгра оғзи очиқ қолмаслиги учун, боғланади. Кийимларини ечиб, бутун баданини бирон кийим билан ўралади. Ҳиди келиб қолмаслиги учун уни тезроқ дафн қилиш мустаҳаб бўлиб, уни ювиш учун киндиги билан тиззаси ораси ўралиб, ечинтирилади. Маййитни ювишда ғассолга ёрдамчи бўладиган одамларгина ҳозир бўлади.

Маййитнинг зиммасида бўлган қарзини тезроқ узиш, савобидан фойдаланиши учун васиятини амалга ошириш, машруъ ҳисобланади. Маййитни учта оқ рангдаги матоҳ билан кафанланиб, сўнгра намоз ўқиб, мусулмонлар қабристонига дафн этилади. Дафн этилганидан кейин эса маййит ҳаққига мағфират сўраб дуо қилинади.

Қабристонга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Унинг тўғри йўлдаги халифалари ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик билан гувоҳлик берган илк асрлардаги имомларнинг суннатларига амал қилган ҳолда,  зикр ёки Қуръон тиловати билан эмас, сукут билан олиб борилади.     

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд