Category Archives: Ўлимлар

Бу бўлимда ўлимлар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Жонига суиқасд қилган одамнинг оиласига таъзия билдириш

Жонига суиқасд қилган одамнинг оиласига таъзия билдириш

Савол: Мен, алҳамдулиллаҳ, суданлик мусулмонман. Бир неча йилдир Саудия Арабистони Қироллигида ишлайман. Яқинда қариндошларимдан бирининг ўз жонига суиқасд қилиб ўлгани ҳақида телеграмма олдим. Яъни, у ўзини ўзи ўлдирибди. Аллоҳ бундай гуноҳдан ўзи асрасин!

Буни эшитиш биланоқ унинг Судандаги оиласига таъзия изҳор қилиб ва маййитга Аллоҳдан раҳмат тилаб, телеграмма юбордим. Сўнгра, Бирлашган Араб Амирликларида ишлаётган қариндошларимдан бирига унинг ўлими ва юборган таъзия телеграммам ҳақида хабар бердим. У ўз жонига суиқасд қилган одамга Аллоҳдан раҳмат тилаганим ва оиласига таъзия изҳор этганимдан нафратланиб, менга аччиқ гаплар айтди. Менинг сиздан фатво сўрашимга ундаган савол қуйидагича: Айтингчи, ўз жонига суиқасд қилган одамга Аллоҳдан раҳмат тилаш ва оиласига таъзия билдириш жоизми? (Агар жоиз бўлса) бунга Қуръон ва суннатдан қандай далиллар бор? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 11120):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Мусулмоннинг ўз жонига суиқасд қилиши ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ﴾

«Ўзингизни ҳалокатга отмангиз!» (Бақара: 195);

﴿ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا • وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا وَكَانَ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا ﴾

«Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир» (Нисо: 29, 30).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса, Қиёмат кунида ўша нарса билан азобланади»– деганлари ҳам ривоят қилинган. Бу ҳадисни Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилишган (Имом Бухорий 7/223; Имом Муслим 1/104, 105 (110); Имом Аҳмад 4/33, 34; Доримий 2/192; Табароний 2/72, 73, 74, 75 (1326 – 1338); Байҳақий 8/23, 10/30; Бағавий «Шарҳус суннаҳ» 10,154 (2524)).

Ўз жонига суиқасд қилган одам катта гуноҳларнинг каттасини қилган бўлиб, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади. Бироқ унга Аллоҳдан раҳмат тилаш, дуо қилиш худди оиласи ва қариндошларига таъзия изҳор этиш жоиз бўлганидек, жоиздир. Чунки у, ўзини ўлдириш билан кофир бўлмаган. 

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Қабилаларо низоларда ўлдирилган одам шаҳид ҳисобланадими?

Қабилаларо низоларда ўлдирилган одам шаҳид ҳисобланадими?

Савол: Саудия Арабистони Қироллиги ҳудудида яшаётган қабилаларда ғаройиб одатлар бор. Бу одатлар бир-биридан тубдан фарқ қилсада, ҳозирги кунимизгача давом этиб келмоқда. Қабилалар ўртасида низо бўлиб бирор киши ўлса, шу шахс мансуб бўлган қабиладагилар арзимас баҳоналар билан муаммолар чиқариб, ўртада яна бировларнинг ўлимига сабабчи бўладиларда, у мақтулни ювмай ва кафанламай устидаги кийим–боши билан дафн этадилар ва: «Бу одам шаҳид бўлди!»– дейдилар. Айтингчи, бу одам ҳақиқатан ҳам шаҳид бўлиб ўлган бўладими? Уни шундай усул билан дафн этиш жоизми?     

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5346):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Ўзининг моли ёки жони ёхуд номусини ҳимоя қила туриб ўлдирилган одам фазилат ва савоб нуқтаи назаридан шаҳид ҳисобланади. Бироқ, унга ғазотларда ўлдирилган шаҳид ҳукмини берилмайди. Шу боис уни ювиб, кафанлаб, жаноза намозини ўқилади. Абу Довуд (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Сунан»ида Саид ибн Зайд разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Ким динини мудофаа қилаётганида ўлдирилса – шаҳиддир. Ким қонини ҳимоя қила туриб ўлдирилса – шаҳиддир. Ким молини мудофаа қилаётганида ўлдирилса – шаҳиддир. Ким оиласини мудофаа қилаётганида ўлдирилса – шаҳиддир» (Термизий 1485; Насоий 3558. Термизий бу ҳадисни саҳиҳ деди).

Бундан ташқари Умар разияллоҳу анҳу мазлум ўлароқ ўлдирилди ва уни саҳобалар ювишиб, жаноза намозини ўқидилар. Усмон ва Алий разияллоҳу анҳумолар ҳам мазлум ўлароқ ўлдирилдилар. Уларни ҳам саҳобалар ювиб, жаноза намозларини ўқидилар.      
        Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

Маккадаги номаълум маййит

Маккадаги номаълум маййит

Аллоҳга ҳамду санолар, сўнгги пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин …

Сўнг …

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси ҳурматли Бош раисга Маккаи Мукаррамадаги маҳкамалар йўли билан шаҳар ишлари билан шуғулланадиган бош вакили тарафидан юборилган ва Илмий Тадқиқотлар Идораси тмонидан 14 / 09 / 1407 ҳ. й 3609 рақами билан рўйхатга олинган мактубини кўриб чиқди. Унда қуйидагича савол берилган эди:

Биз Муқаддас Пойтахт Ички Ишлар Бўлими Мудиридан 1542 А. М. С. Ж сонли, 1/ 08 / 1407 ҳ. й тарихли Муқаддас Пойтахт Умумий Вакилига суяк скелетлари ёки қодиқларидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган, эҳроми бўлмаган, мусулмон ёки мусулмон эмаслиги ҳам ноаниқ бўлган жасадларни кафанланганидан сўнгра мусулмонлар қабристонига дафн этилиши ёки этилмаслиги ҳақида фатво сўраб бериш ҳақида мактуб келган. Бу саволга Дафн маросимлари билан шуғулланадиган шаҳар идорасидан 80 сонли ва 27 / 08 / 1407 тарихли мактубида скелети қолган маййитнинг қолган барча жойини сув билан ювилади, кафанланади ва унга жаноза намози ўқилади ва кўмилади, деган жавобнигина олдик. Улар шунигина билар экан. Улар бу масъала ҳақидаги шаръий фатвони бериш учун сиз жанобларига мурожаат этишни тавсия қилдилар.    

Фатво Бериш Доимий Қўмитаси олиб борган тадқиқотлардан сўнгра жавоб беради (Фатво № 10484):

Аввало, агар вафот этган номаълум шахс Маккаи Мукаррамадаги касалхоналарнинг бирида бўлса, унга ювиш, кафанлаш, намоз ўқиш ва мусулмонлар қабирстонига кўмиш каби мусулмонларга муомала қилинганидек муомала қилинади. Чунки сиртдан қаралганда, унинг мусулмон бўлгани учунгина Макка касалхоналарига олиб борилгани маълум бўлади.

Иккинчидан, агар номаълум маййит бошқа касалхоналарда бўлса ва унинг мусулмон эмаслигига далолат қиладиган бирон ҳужжат бўлмаса, унга ҳам биринчи қисмдаги одамлар каби, бу мамлакатда исломий жиҳатларнинг кўплиги ва маййитларга нисбатан эҳтиёт бўлиш кераклиги сабабли мусулмонлардек муомала қилинаверилади.    

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Мусулмон ва кофирларнинг жасадлари аралашиб кетса нима қилиш керак?

Мусулмон ва кофирларнинг жасадлари аралашиб кетса нима қилиш керак?

Савол: Йўл ҳаракати ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи ва йўловчилар ҳалок бўлдилар ва уларнинг қайси бири кофир ва қайсиниси мусулмон эканини ажратиш имкони бўлмаяпти. Уларни ювиш, уларга намоз ўқиб, дафн қилиш қандай бўлади?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 11233-1):

Бу ҳодисада ҳалок бўлганларнинг барчасини «мусулмонлар» дея нийят қилиб ювиб, кафанлаб, жанозаларини ўқиб, дафн қилинаверилади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Йўл ҳаракати ҳодисаларида ўлган одам шаҳидми?

Йўл ҳаракати ҳодисаларида ўлган одам шаҳид бўладими?

Савол: Айрим одамлар йўл ҳаракати ҳодисаларида ҳалок бўлган одамни шаҳиддир ва унга шаҳидлик савоби берилади,– дейдилар. Шу гап тўғрими ёки нотўғрими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7946-3):

Шаҳид бўлганини умид қиламиз. Чунки у, бирон нарса остида қолиб ўлган одамга ўхшайди. Бирон нарсанинг босиб қолиши оқибатида ўлган одамнинг шаҳид (ҳукмида) экани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларида ворид бўлган.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён