Category Archives: Бенамозлик

Бу категорияда бенамозлик ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Намоз ўқимайман, бироқ намоз ўқиш аҳдим бор

Намоз ўқимайман, бироқ намоз ўқиш аҳдим бор

Савол: Мен намоз ўқимайман, бироқ намоз ўқиш аҳдим бор. Лекин, намоз ўқимоқчи бўлсам гўё олдимда бир тоғ тургандек бўлади-да, намоз ўқиш менга дунёдаги энг оғир ишлардан биридек туюлади. Мен нима қилишим керак? Ҳолбуки ўзим, намоз ўқимаганим учун гуноҳкорликни ҳис этиб, безовтаман.  

Аллома Солиҳ ибн Фавзон алФавзон жавоб беради (Фатво: 42):

Сиздаги бу туйғулар шайтондандир. Сиз уни Аллоҳ таолога берилиш, қатъий ирода ва намозга бўлган рағбат билангина енга оласиз. Аллоҳ сизга ёрдам берсин.

Ҳадис шарифда шундай дейилган: «Агар банда ухласа шайтон унинг пешонасига учта тугун тугади ва: Ухла, сениинг олдингда узоқ кеча бор!,– дейди. Агар мўъмин уйғониб Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Таҳорат қилса иккинчи тугун, намоз ўқиса учинчи тугун ечилиб, хурсанд ва бағрикенг бўлиб тонг оттирдаи. Агар (намозга) турмаса, Аллоҳни зикр қилмаса ва намозни ўқимаса, унинг устида ўша тугунлар қолади ва таъби тирриқ ва ялқов бўлиб тонг оттиради» (Саҳиҳи ҳадис. Имом Бухорий 2/46).

Сиздаги нарса Шайтондан бўлиб, у тоат-ибодатлардан тўсади, ибодатларни хусусан намозни бандага оғир қилиб кўрсатади. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَاسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلاَّ عَلَى الْخَاشِعِينَ، الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلاَقُو رَبِّهِمْ وَأَنَّهُمْ إِلَيْهِ رَاجِعُونَ ﴾

«Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)» (Бақара: 45).

Аллоҳ таоло намоз ўқиш, Аллоҳдан ва Аллоҳ учун қўрқадиган одамлар учун осон ва бошқалар учун эса оғир эканидан дарак берди. Аллоҳ таоло уларга намоз ўқишни осон қилади ва намоз уларнинг қувончи ва қалбларининг неъматига айланади. Ҳолбуки, намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қувончи бўлиб, намоз ўқиганларида роҳатлар ва лаззат олар эдилар. Намоз ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун осон ва қалбининг қувончи эди. Ҳар бир мўъмин иймони ва тақвосига қараб шу сифатларга лойиқ бўла олади. Намоз ўқиш фақатгина мунофиқларга оғир келади, холос. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُواْ إِلَى الصَّلاَةِ قَامُواْ كُسَالَى يُرَآؤُونَ النَّاسَ وَلاَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ إِلاَّ قَلِيلاً ﴾

«Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.— Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир.— Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо: 142);

﴿ وَلاَ يَأْتُونَ الصَّلاَةَ إِلاَّ وَهُمْ كُسَالَى وَلاَ يُنفِقُونَ إِلاَّ وَهُمْ كَارِهُونَ ﴾

«(Қилган инфоқ-эҳсонлари (Аллоҳ даргоҳида) қабул қилинишидан тўсган нарса фақат уларнинг Аллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтирмаганлари), намозга фақат эринган ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳолларидагана инфоқ-эҳсон қилганликларидир» (Тавба: 54).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Мунофиқларга оғирроқ бўлган намозлар – ҳуфтон ва бамдод намозларидир. Агар улардаги (савоблар)ни билишганида эди эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар» (Имом Бухорий 1/160).

Савол бераётган одам, сиз Аллоҳ таолодан ёрдам сўранг, намозни адо этиш ва унга иқбол қилишга ҳарис бўлинг. Ўша пайтда Шайтон сиздан воз кечиб, сизга намоз ўқиш осон бўлади, нафсингиз намозга ўрганади ва, иншааллоҳ, қалбингиз қувончга тўлади ҳамда Аллоҳ таоло таҳорат олиш ва намоз ўқиш пайтида хаёлингизни чулғаган қийинчиликларни кетказади.       

 

Манбаъ: «алМунтақо мин фатаавалФавзан», Намоз китоби, 3 жузъ