Category Archives: Жаноза намози

Бу категорияда жаноза намозига тааллуқли фатволар билан танишасиз.

Бенамозларга жаноза ўқиш

Cуҳандон: Аллоҳ бошингиздан баракаларни ёғдирсин! Суриянинг Дайруз−Зуридан тингловчи Муҳаммад Тоҳа сўрамоқда: Фазилатли шайх, гуноҳкорларга жаноза намозини ўқиш жоизми? Масалан, биров бенамозлик билан ёки рамазон рўзасини тутмай ўлган бўлса? Илтимос, тушунтириб берсангиз.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Гуноҳкор осийларга жаноза намозини ўқиш жоиздир. Ҳатто, улар бошқалардан кўра жаноза намозига муҳтождирлар. Чунки жаноза намози, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига биноан, улар учун шафоатдир: «Бирон мусулмон оламдан ўтса ва унинг жанозасига Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаган қирқ киши турса, Аллоҳ уларни унга шафоатчи қилади» (Имом Аҳмад 2509).

Осийлар Аллоҳ даргоҳида мағфиарт ва раҳматла йўғрилган дуо билан шафоат қиладиган шафоатчиларга муҳтождирлар. Дуогўй: «Аллоҳим, уни мағфират қил, кечир, унга раҳматлар ёғдир, офият бер, эҳтиром макони насиб эт! Унинг кирадиган жойини кенг қил! Уни сув, қор ва дўллар билан юв ҳамда гуноҳларидан оппоқ кийим кирлардан тозаланганидек покла! Аллоҳим, унинг маконини (бу дунёдаги) маконидан хайрлироқ маконга, оиласини (бу дунёдаги) оиласидан кўра яхшироқ оилага, жуфтини (бу дунёдаги) жуфтидан кўра яхшироқ жуфтга алиштир! Аллоҳим, уни жаннатга кирит, қабр ва жаҳаннам азобларидан асра! Унинг қабрини кенг, нурафшон қил!»− дейди.

Мазкур дуо ижобат бўлса, маййит учун кўп яхшиликлар бўлади.

Савол берган одам бенамоз ва рамазон рўзасини тутмаган одамларни мисол ўлароқ келтирибди. Унинг бу иккисини мисол ўлароқ келтириши яхши бўлибди. Рамазон ойи рўзасини тутмаган одам, мусулмонликдан чиқмаган осийлардан биридир. Бенамоз эса, илм аҳллариниг қувватли қавлларига кўра, Ислом миллатидан чиққан муртаддир. Мусулмонлардан бирининг унга жаноза намози ўқиши, жоиз эмасдир. Чунки, Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

﴿ وَلا تُصَلِّ عَلَى أَحَدٍ مِنْهُمْ مَاتَ أَبَدًا وَلا تَقُمْ عَلَى قَبْرِهِ إِنَّهُمْ كَفَرُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَمَاتُوا وَهُمْ فَاسِقُونَ

«Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар»− деган (Тавба: 84). Зеро жаноза намози маййит учун дуо ва истиғфордир. Аллоҳ таоло эса:

﴿ مَا كَانَ لِلنَّبِيِّ وَالَّذِينَ آمَنُوا أَنْ يَسْتَغْفِرُوا لِلْمُشْرِكِينَ وَلَوْ كَانُوا أُوْلِي قُرْبَى مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُمْ أَصْحَابُ الْجَحِيمِ

«На пайғамбар ва на бу мўминлар — агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир»− деган (Тавба: 113).

Муртаднинг муртадлиги Қуръон ва суннат билан исботланган экан, илмдан бохабар одамга унинг жаҳаннам аҳлидан экани аниқ бўлади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни вақтида ўқимайдиган одамнинг Қиёмат кунида куфр сардорлари − Фиръавн, Ҳомон, Қорун ва Умайя ибн Халаф билан бирга жамланишидан дарак бердилар. Аллоҳ асрасин!

Бинобарин, бенамозни “осий”лар қаторида мисол ўлароқ келтириш, қувватли қавлга кўра, тўғри эмас. Балки, бенамоз − муртад кофир экани ҳамда буни билган одамнинг унга жаноза намози ўқиши жоиз эмаслигини, таъкидлашимиз лозим.

Бундан ташқари бенамоз−муртад эканини билган қариндошларининг, унинг жасадини жаноза намозини ўқишлари учун мусулмонлар олдига келтиришлари ҳам жоиз эмас. Агар шундай қилсалар, бу ишлари билан мусулмонларга нисбатан қаллоблик қилган бўладилар. Яна, бенамозлик билан ўлган бўлса, унга қариндошларининг раҳмату мағфират тилаб дуо қилишлари ҳам жоиз эмас.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Катта ва кичик ёшдаги маййитларга жаноза ўқиш

Cуҳандон: Аллоҳ сизни яхши нарсалар билан мукофотласин! Абу Аҳмад сўрамоқда: Агар биттадан ортиқ эркак ва гўдак маййитларга жаноза намозини ўқисак, дуоларни қандай ўқилади?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Аввало, (жаноза намозидаги) умумий дуони ўқийсиз. Сўнгра эса, балоғат ёшига етган, ундан кейин эса балоғат ёшига етмаганларга хос дуони ўқийсиз.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Иккинчи куни жаноза ўқидим …

Сухандон: Тингловчилардан бири шундай савол билан мурожаат этмоқда: Фарзандлари билан саҳрода яшайдиган онам вафот этди. Ишларим сабабли вафот этган куни кела олмадим. Ўлим хабарини эшитишим биланоқ йўлга чиқдим ва келганимда унинг бир кун илгари дафн қилинганини ўргандим. Онамнинг қабрига бориб салом бердим ва жаноза намозини ўқидим. Дафннинг иккинчи куни ўқиган ушбу жаноза намозим равоми?

 Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Раво. Одам маййитга дафндан илгари жаноза ўқимаган бўлса, қабри устида жаноза намозини ўқиши мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, тунда вафот этиб қабрига қўйилган ва тириклигида масжидда фаррошлик қилган ва ўлими ҳақида хабар берилмаган одамнинг қабри бошида жаноза намозини ўқиган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга унинг қабрини кўрсатинглар!»– дедилар. Саҳоблара унинг қабрини кўрсатишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза намозини ўқидилар. Бироқ, қабр бошида намоз ўқиш таъқиқланган пайтда жаноза намозинин ўқилмайди. Чунки, жаноза намозини намоз ўқиш таъқиқланган пайтда ўқишга чорлаган бирон омил йўқ. Бинобарин, унинг жаноза намозини таъқиқланган пайт чиққанидан кейин ҳам ўқиса бўлаверади.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Хотин-қизлар жаноза намозида иштирок этадими?

Хотин-қизлар жаноза намозида иштирок этадими?

Савол: Хотин кишининг жаноза намозида эркаклар билан бирга туриши ҳалолми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7916-4):

Хотин-қизларнинг жаноза ва бошқа намозларда бир сафда туришлари жоиз эмас. Уларнинг жаноза намозида иштирок этишлари жоиз бўлсада, сафлари худди бошқа намозларда бўлгани каби, эркаклар сафининг орқасида бўлади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Жанозада хотин кишининг иштироки

Жанозада хотин кишининг иштироки

Савол: Хотин киши эркаклар билан бирга жаноза намозида иштирок этиши мумкинми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1752-9):

Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида машруъ ва баён қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса суннатларида кўрсатиб берган ибодатлар, эркак ва хотин-қизларларга омдир. Уларни эркаклар ёки хотин-қизларга тааллуқли экани айрилган бўлсагина, у ибодатлар ё эркаклар ёки хотин-қизлар учун хос бўлади. Хотин-қизлар кўпинча уй ишлари билан банд бўлганлари учун ҳам, хитоблар эркакларга қаратилган бўлади. Шу боис, жаноза ўқиш учун хотин-қизлардан бошқа ҳеч ким бўлмаса жанозани хотинлар ўқиб, фарз бўлган вазифани адо этадилар. Ривоят қилинишича, Оиша разияллоҳу анҳо Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуни жанозасини ўқиш учун олдиларига олиб келишга буюрдилар. Биронта саҳоба унинг бу ишини қайтарганини эшитмадик. Бу шунга далолат қиладики, хотин киши жаноза намозини ўқишда эркак кишига шерик бўла олади. Бирон сабаби бўлса, хотин кишининг ўзи ҳам, худди эркак киши каби, жаноза ўқиб қўйиши мумкин. Бироқ, улар жаноза ва бошқа намозларни эркаклар билан бирга ўқишар экан, тортган сафлари эркаклар сафининг орқасида бўлади.

Хотин-қизларнинг эркаклар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жаноза намозини ўқиганликлари ворид бўлган. Шундай бўлсада, хотин-қизлар дафн этишда иштирок эта олмайдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга буни таъқиқлаганлар.       

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд