Category Archives: Жамоат намози

Бу категорияда жамоат намози ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Бамдод намозидан кеч қолиш оғир гуноҳдир

Бамдод намозидан кеч қолиш оғир гуноҳдир

Савол: Биров бамдоддан бошқа барча намозларни ўз вақтида ўқийди. Бамдодни эса уйқудан уйғонганида ўқийди. Бамдодни жамаот билан масжидда ўқимайди. Шундай қилиши жоизми? Сиздан мазкур одам ҳаққига бамдод намозига туришга ва бошқа диний вазифаларни адо этишига муваффақият бериши учун Аллоҳга дуо қилишингизни сўраймиз.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Бу, кўплаб одамлар мубтало бўлган балодир. Уларнинг кўплари тунларни ойнаи жаҳон ёки бошқа нарсаларни томоша қилиб ўтказадилар ва бамдод вақти келганида эса донг қотиб, намозга тура олмайдилар. Бу – мусулмон қилиши жоиз бўлмаган оғир гуноҳдир. Агар инсон бунга қасд қилса, қалтис хатардир. Чунки, айрим уламолар намозни ўз вақтида ўқимасликни қасд қилган одамни кофир бўлади деганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз билан у (мушрик ва кофир)лар ўртасидаги аҳд – намоздир. Ким намозни ўқимаса кофир бўлибди»– деганлар (Бу ҳадисни Имом Аҳмад ва тўрт «Сунан» ҳадислар девони муаллифлари ҳам саҳиҳ санад билан Бурайда ибн Хусойб разияллоҳу анҳудан нақл қилишган. Имом Аҳмад 22428; Термизий 2621).

Бу ва бундан бошқа тунларини бедор ўтказаётган одамлар Аллоҳдан тақво қилишлари, эрта ётиб, эрта туришлари ва бамдод намозини одамлар билан бирга ўқишга шошилишлари керак. Ўзининг дунёвий ишлари учун уйқудан туриб, намозни кечиктириб, уни қуёш чиққанидан сўнгра ўқиш оғир гуноҳ бўлади. Бундай одамга адаб бериш, жазолаш ва тавбага чақириш керак. Агар тавба қилса яхши, акси тақдирда қатл қилиш керак. Давлат арбоблари ундан тавба қилишни талаб этадилар. Агар у тавба қилса яхши, акси тақдирда, уламоларнинг фарқли кўришларига кўра, ё қатл этилади ёки бошқа жазо берилади.

Хуллас, бу – оғир гуноҳ бўлиб, унга кўплаб мусулмонлар мубтало бўлганлар. Унинг сабаблари – бедорлик ва эрта ухлашга лоқайдликдир. Намоз вақти келганида бундай одамлар ўликдек донг қотиб, уйқуларидан уйғона олмайдилар. Бу, улар учун узр бўла олмайди. Улар Аллоҳдан қўрқишлари, ухлашга шошилишлари, бамдоднинг азони пайтида чаладиган соатлардан ёки уларни уйғотиб қўядиган уйдаги ёки ташқаридаги одамлардан  фойдаланишлари ва намозни жамоат билан (масжидда) ўқишлари керак. Уларнинг намозни уйларида ўқиш ҳақлари йўқдир. Қуёш чиққанидан кейин намоз ўқиш мункар ва гуноҳ бўлиб, унга жим туриш яхши эмас. Балки улар барвақт туришлари ва масжидларда жамоат билан намоз ўқишлари керак. Намозни жамоатдан кечикиб, ўз вақтида бўлсада уйларида ўқишлари мумкин эмас. Намозни қуёш кўтарилгунича кечиктиришлари ҳам жоиз эмас. Бу яна ҳам қаттиқ, оғир ва қабиҳ гуноҳдир. Аллоҳ таолодан тан соғлиги ва хотиржамлик, савол берган кишига ва бошқаларга тавфиқ ва ҳидоят тилаймиз.

 

Манбаъ: «Турли фатво ва мақолалар девони», 12 жузъ.

Уйда хотинига имом бўлиб намоз ўқиса …

Уйда хотинига имом бўлиб намоз ўқиса …

Саудия Арабистони Қироллиги Янбуул Баҳр шаҳридан А. М. А.: Агар намозхон масжиддаги жамоат намозига етиша олмаган бўлса, ўзининг уйида хотинига имом бўлиб намоз ўқиса, унга шу қилган иши билан жамоат намозининг фазли ва ажри бериладими? Аллоҳ умрингизда тоат ибодат қилишга мадад берсин, саволимга жавоб берсангиз.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Мўъмин Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига биноан намозни масжидда жамоат билан ўқишга шошилиши керак:

﴿حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ﴾

«Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!» (Бақара: 238);

﴿وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَارْكَعُوا مَعَ الرَّاكِعِينَ﴾

«Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг» (Бақара: 43);

﴿قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ • الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ﴾

«Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир» (Мўъминун: 1,2);

﴿وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَوَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ • أُولَئِكَ هُمُ الْوَارِثُونَ • الَّذِينَ يَرِثُونَ الْفِرْدَوْسَ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ﴾

«Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар» (Мўъминун: 9 – 11).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Азонни эшитиб унга келмаган одамнинг (шаръий) узри бўлмас экан намози йўқдир (ёлғиз ўқиган намози намоз эмасдир)»– деганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан бу узр ҳақида сўралганида: «Касаллик ва хатар»– деб жавоб берган. (Бу ҳадисни Дору Қутний ривоят қилган ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган. Уни Ҳоким (раҳимаҳуллоҳ) ҳам саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Ибн Можа 793).

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ушбу ривояти бор: «Кўзи сўқир одам келиб: Ё Расулуллоҳ, менинг масжидга олиб келадиган йўлбошчим йўқ. Уйимда намоз ўқишимга рухсат борми?,– деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Намозга чақирган азонни эшитасанми?»– дедилар. У одам: Ҳа,– дегач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, ижобат қил!»– дедилар» (Имом Муслим 653, 850, 1044; Насоий 841).   

Бу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Агар биров жамоат намозига узрли бўлгани боис етиша олмаса ва уйида хотинига имом бўлиб намоз ўқиса, бунинг зарари йўқ ва унга жамоат ажри берилиши умиди бор. Бироқ, хотини сафда унинг ёнида эмас, орқада туриши керак.

 

Манбаъ: «Турли фатво ва мақолалар девони», 12 жузъ.  

Касалхонада жамоат намози ўқилади

Касалхонада жамоат намози ўқилади

Савол: Масжид яқин бўлишига қарамай касалхонада бир неча жамоат намоз ўқийди. Улар яқиндаги масжидга боришлари керакми ёки намозни касалхона ичида мана шундай жамоатлар билан ўқишлари жоизми?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Бу масъалага аниқлик киритиш керак. Касалхонада мутлақ туриш керак бўлган қоровул ва бошқа ходимлар ёки масжидга боришга кучи етмайдиган беморларга масжидга чиқишлари вожиб эмас. Улар ўз жойларида ўзлари билан намоз ўқишга қодир бўлган одамлар билан жамоат бўлиб намоз ўқийверадилар. Аммо, масжидга боришга кучи етадиган бошқа одамлар эса, шаръий далилларга амал қилиб, масжидда намоз ўқишлари керак. У далиллардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: «Азонни эшитиб унга келмаган одамнинг (шаръий) узри бўлмас экан намози йўқдир (ёлғиз ўқиган намози намоз эмасдир)». Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан бу узр ҳақида сўралганида: «Касаллик ва хатар»– деб жавоб берган. (Бу ҳадисни Дору Қутний ривоят қилган ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган. Уни Ҳоким (раҳимаҳуллоҳ) ҳам саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Ибн Можа 793).

 

Манбаъ: «Турли фатво ва мақолалар девони», 12 жузъ.

Қишлоқ масжидидан олисда яшаймиз

Қишлоқ масжидидан олисда яшаймиз

Савол: Биз қишлоқ масжидидан олисда яшасакда, ўзимизнинг намозхонамизда жамоат бўлиб намоз ўқиймиз. Биз масжидга бормасак бўлаверадими?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Агар сизлар азон товушини овоз кучайтиргичсиз оддий овоз билан эшитадиган бўлсангизлар, масжид яқин бўлгани учун у ерга бориб, намозни ўша жойда ўқишингиз керак бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Азонни эшитиб унга келмаган одамнинг (шаръий) узри бўлмас экан намози йўқдир (ёлғиз ўқиган намози намоз эмасдир)»– дедилар (Ибн Можа 793).

«Кўзи сўқир одам келиб: Ё Расулуллоҳ, менинг масжидга олиб келадиган йўлбошчим йўқ. Уйимда намоз ўқишимга рухсат борми?,– деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Намозга чақирган азонни эшитасанми?»– дедилар. У одам: Ҳа,– дегач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, ижобат қил!»– дедилар» (Имом Муслим 653, 850, 1044; Насоий 841).

Агар азонни эшитиб, боришга кучингиз етса, намозни масжидда жамоат билан ўқишингиз керак бўлади. Агар масжид олис ва сизлар боришга қийналсангиз ёки бемор ёхуд кекса бўлсангиз ёда шунга ўхшаш узрли бўлсангиз, Аллоҳ таолонинг:

﴿فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ﴾

«Кучингиз етганича Аллоҳдан тақво қилингиз!» (Тағобун: 16) оятига биноан ўз турар–жойларингизда намоз ўқисангиз бўлаверади.

Хуллас, сассизлик пайтида оддий товушни эшитадиган масофада бўлсангиз намозни жамоат билан ўқишингиз ва шошилишингиз зарур. Бироқ урфга кўра масжидда олисда жойлашган бўлиб, сизларга бориш машаққат туғдирса ва азонни эшитмасангизлар, ўз турар–жойларингизда намоз ўқисангиз зарари йўқдир.

 

Манбаъ: «Турли фатво ва мақолалар девони», 12 жузъ.

 

Иш жойида намоз ўқиш

Иш жойида намоз ўқиш

Саудия Арабистони Расс шаҳридан А. М.: Биз давлат идорасида ишлаётган ўттиз мулозиммиз. Айримларимиз мудирнинг хонаси орқасида жойлашган ерда жамоат бўлиб намоз ўқиймиз. Аммо бошқа бир гуруҳимиз биз билан бирга намоз ўқимай, иш жойимиздан 300 метрча узоқликда жойлашган масжидда намоз ўқийдилар. Буларнинг қайси бири тўғри: намозхонада намоз ўқишимизми ёки масжиддаги жамоат билан намоз ўқишимизми? Шуни ҳам айтишимиз керакки, мудирга бу ҳақда айтилганида у: «Мулозимлар масжидга намоз ўқиш учун кетсалар, ишларига қайтишда кечикиб қолишлари мумкин»– деди. Аллоҳ устингиздан яхши мукофотлар ёғдирсин, бизга фатво берсангиз.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Сизга ўхшаган одамлар намозларни масжидларда мусулмон биродарлари билан бирга ўқишлари керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Азонни эшитиб унга келмаган одамнинг (шаръий) узри бўлмас экан намози йўқдир (ёлғиз ўқиган намози намоз эмасдир)»– дедилар (Ибн Можа 793).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан: «Узр нима?»– деб сўралганида: «Хатар ёки касаллик» деб жавоб берган эди. Бу ҳадисни Ибн Можа, Дору Қутний, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким (раҳимаҳумуллоҳ)лар Имом Муслим шартига кўра саҳиҳ санад билан ривоят қилдилар.

«Кўзи сўқир одам келиб: Ё Расулуллоҳ, менинг масжидга олиб келадиган йўлбошчим йўқ. Уйимда намоз ўқишимга рухсат борми?,– деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Намозга чақирган азонни эшитасанми?»– дедилар. У одам: Ҳа,– дегач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, ижобат қил!»– дедилар» (Имом Муслим 653, 850, 1044; Насоий 841).

Бу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўпдир. Аллоҳ таоло барчани Ўзи рози бўладиган нарсаларга муваффақ айласин.

 

Манбаъ: «Турли фатво ва мақолалар девони», 12 жузъ.