Category Archives: Маййит учун дуо ва садақалар

Бу категорияда маййит учун дуо ва садақалар қилиш ёки қилмаслик ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Аллоҳнинг даргоҳига кўчди, деса бўладими?

Аллоҳнинг даргоҳига кўчди, деса бўладими?

Савол: Кўпинча, оламдан ўтган одам ҳақида: «У Аллоҳнинг даргоҳига кўчди!», дейилади. Шундай дейиш жоизми?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради (Фатво: 17):

Менимча бундай дейишнинг зарари йўқ. Шунингдек, «Роббисининг олдига кетди» ёки «Роббисининг раҳматига кетди» деб айтишнинг ҳам зарари йўқ. Бу бир мусулмон учун яхшиликни умид қилиш ва у ҳақда яхши гумонда бўлиш, демакдир. Чунки ўлимидан кейин биродарларининг мусулмон ҳақида яхши гумонда бўлиши, унга осонлик бўлиши учун солиҳ дуолар қилиши, унинг яхшилик жиҳатларини тилга олиб, хато ва камчиликларидан оғиз юмиши мустаҳабдир. Шояд Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини қабул қилиб, маййитни мағфират қилар.

Одамларнинг «Аллоҳнинг ёнида» дейишларидан мақсадлари «Унинг руҳи кўчиб, самога кўтарилди» маъносидадир. Чунки фаришталар мўъминларнинг руҳларини олиб кўтариладилар ва само дарвозалари очилади. Шундан сўнг у руҳлар Аллоҳ хоҳлаганидек Аллоҳнинг ёнида бўлишади. Валлоҳу аълам.     

 

Манбаъ: «ал-Фатаваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 2 жузъ.

Маййит номидан намоз ўқилса бўладими?

Маййит номидан намоз ўқилса бўладими?

Савол: Гоҳида намоз ўқиб, кўп пайтлари намоз ўқимаган одам вафот этса, унинг номидан намоз ўқилса бўладими? Агар намоз ўқиш жоиз бўлмаса унинг номидан садақа қилинса ёки унга Қуръон ўқилса фойда қиладими? Маййит ўзи ташлаб кетган нарсалари ичидан нималардан фойдаланиши мумкин?

Аллома Солиҳ Фавзон ал–Фавзон жавоб беради (Фатво № 143):

Биринчидан, бирон кишининг номидан намоз ўқилмайди. Яъни биров бировнинг номидан намоз ўқимайди. Чунки намоз бадан ибодати бўлиб, на тирик ва на ўлик номидан бирон  ўқимайди.

Иккинчидан, намозни қасддан тарк этган ва ўлгунича ўқимаган одам, Аллоҳ сақласин, кофир бўлиб, мусулмонларнинг унга раҳмат тилаши, дуо қилиши, унинг номидан садақа бериши жоиз эмас. Чунки у, кофир бўлиб ўлгандир.

Маййитга ўлимидан кейин етиб борадиган амаллар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам вафот этса учта амали: жорий садақа ёки фойдаланиладиган илм ёхуд дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан бошқа барча амаллари тўхтайди»– деганлар (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Муслим 3/1255).

Бу ишлар(нинг савоби) маййитга етиб боради. Агар маййит ўлимидан илгари эзгулик йўлида бирон вақф қилган ва унинг ўлимидан кейин вақфи давом этаётган бўлса, шу вақф тургани мобайнида савоби маййитга етиб бораверади. Шунингдек, одам фойдали шаръий билимлардан биронтасини ўргатиб қўйган бўлса ва ўқувчилар бу билимни одамларга етказишаётган бўлишса, унинг одам ўлиб кетганидан кейин ҳам савоби етаверади. Чунки у фойдали нарсани ўргатгандир. Бундан ташқари одамлар фойдаланадиган асарлар ёзган бўлса, бу ҳам фойдали илм ҳисобланиб, бу асарлардан одамлар фойдаланишган муддат давомида савоби маййитга етиб бораверади.

Шунингдек, бирон фойдали китобни нашр қилдириб, уни мусулмонларга вақф қилдирган бўлса ёки Қуръон Каримни бостириб вақф қилдирган бўлса, буларнинг барчаси инсонга ўлимидан кейин фойда берадиган илм ҳисобланади ва қилган меҳнатларининг Аллоҳ даргоҳидаги ажру савоблари етиб тураверади.

Маййитга ўлимидан кейин хайрли дуолар қиладиган ўғил–қизларининг дуолари Аллоҳ тарафидан ижобат қилинса, буларнинг ажру савоблари ҳам етиб боради.

Маййит номидан садақа қилиш ҳам шунга менгзайди. Чунки маййит номидан садақа қилишнинг савоби етиб бориши ва унга фойда бериши, (осорларда) нақл қилинган. Айрим илм аҳллари: Мусулмон қилган ва савобини бағишлаган ҳар қандай ибодатнинг савоби тириклар ёки маййитларга етиб бораверади, деганлар.

Шунингдек, ҳажнинг ҳам маййитга фойдаси борлиги ҳақида далиллар бор. Шу билан унинг зиммасидаги фарз соқит бўлса, нафл ҳаж бўлса фойда бераверади. Ҳаж, садақа, дуо ва вақфларнинг барчасининг савоблари, одамга ўлимидан кейин етиб бораверади.      

 

Манбаъ: «ал–Мунтақо мин фатаавал Фавзаан», 2 жузъ.

Маййитга намоз ўқиб бағишлаш

Маййитга намоз ўқиб бағишлаш

Савол: Онам вафот этди. У ҳеч намоз ўқимас эди. Мен намоз ўқиб, унга бағишласам бўладими?

Аллома Солиҳ ибн Фавзон алФавзон жавоб беради (Фатво: 45):

Агар савол берган синглимизнинг онаси ақли заиф ёки намозни ўргатадиган одами бўлмагани боис намозни ўқимаган бўлса, унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Агар оқила ва олдида намозни ўргатадиган, намозга йўллайдиган ва намозини тўғрилаб турадиган бирон кимса бўла туриб намоз ва Ислом қонунларидан воз кечган бўлса, у мусулмон бўлиб ўлмабди. Унга ўқилган намоз фойда бермайди. Чунки, биров учун бошқа биров намоз ўқимайди.

Валлоҳу аълам.

 

Манбаъ: «алМунтақо мин фатаавалФавзан», Намоз китоби, 3 жузъ

Маййит номидан рамазонда ош тортиш

Маййит номидан рамазонда ош тортиш

Савол: Айрим одамлар рамазон ойида ҳар бир маййитлари номидан алоҳида таом пишириб, едирадилар. Шундай қилиш жоизми ёки йўқми? Буни бизга далиллар билан тушунтириб берсангиз?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4969-1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Мусулмон маййитлар номидан садақа қилиш машруъ бўлиб, унинг уларга нафи тегиши шаръан таъкидланган. Бу, аҳли суннат мазҳабидир. Бироқ, садақа қилишнинг белгиланган вақти йўқдир. Мусулмон ўзининг маййити номидан қачон бўлса садақа қилиши мумкин ва унинг маййитга нафи тегаверади. Рамазон ойи ва зулҳижжанинг биринчи ўн куни каби фазилатли кунларда садақа қилиш, афзалдир.    

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Маййитнинг учи, еттиси ва қирқи …

Маййитнинг учи, еттиси ва қирқи …

Савол: Маййитга ўлимининг учинчи ёки еттинчи ёхуд қирқинчи кунларида садақа қилинса бўладими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4966-2):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Маййит учун садақа қилиш мутлақ жоиздир. Яъни, ўлимининг учинчи, еттинчи ёки қирқинчи кунларини қасд қилмай садақа қилиш, жоиздир. Чунки садақа қилиш суннатда ворид бўлган бўлсада, ўлимидан кейин муйян кунни қасд қилиб садақа қилиш нақл қилинмаган.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён