Category Archives: Нафосат

Бу бўлимда нафосат ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Эркаклар тилла тақинчоқ тақса ва хина қўйса бўладими?

Савол: Бизнинг Суданда бир одат бор. Биров биринчи марта уйланаётган бўлса унинг ўнг қўлига ипак ип, чўнтагига эса устига чиқарилган тилло ҳилол солиб қўйилади. Тўйидан уч кун илгари эса қўли ва оёқларига хина қўйилади. Бу одатлар яхшими ёки ёмонми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Бу одатлар ботил бўлиб, (шаръий) асоси ва таъсири йўқдир. Эркакларнинг тилла билан безаниши ҳаром бўлиб, жоиз эмасдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  умматининг эркакларига тилла нарсаларни таъқиқлаганлар. Ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир одамнинг қўлида тилла узук кўрганлари ва уни чиқариб, отганлари ҳамда: «Бировингиз жаҳаннам оташини қасд қилиб, уни қўлига оладими?»‒ деганлари вориддир (Имом Муслим 5593). Шунга кўра мазкур тилла ҳилолни тақиш жоиз эмас.

Ипак ипга келсак, уни куёвнинг қўлига бериш орқасида ботил эътиқод бор. У ‒  куёв билан келин ўртасини боғлаш бўлиб, бунинг таъсири йўқдир ва у кичик ширк турига киради. Чунки, у, бу ишини шариат кўрсатмаган бошқа иш учун сабаб қилган ва ҳиссий йўл билан қилмаган бўлади. Зеро бундай қилиш кичик ширкдир.

Қўл ва оёқларга хина қўйиш эса хотин‒қиларнинг иши бўлиб, эркаклар безанадиган нарса эмас.   

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Сочни елкага тушириб қўйиш

Савол: Эркак кишининг сочини елкасига етгунича ёки ундан кўра калтароқ қилиб қўйиши ҳақидаги фикрингиз қандай? Шуни ҳам айтишимиз керакки, айрим ёшлар бундай қилишларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларининг қулоқларининг солинчоқларига қадар узун бўлганини ҳужжат қилишмоқда.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  гоҳида сочларини қўяр ва ҳатто солинчоқларига қадар узайтирар, уни парваришлар: тароқ билан тарар ва ёғлар эдилар. Менимча тароқ билан тарар эдилар. Парваришлаганлари эса аниқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида соч қўйиш халқнинг севимли одатларидан бири бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини ҳаж ёки умрадагина қирдирган эдилар. Ҳозирги кунимизга келиб одамлар бунга одат қилмадилар. Ҳатто, айрим уламолар, обидлар ва бошқалар соч қўйишни одат қилмай, қирдириб юрибдилар. Зеро, сочни қирдириб юришнинг бирон зарари йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам сочининг бир тарафини қирдириб, бошқа тарафига устара теккизмаган болага: «Ё ҳаммасини қириб ол, ёки сочингни ҳеч олма!»− деганлар.

Анави ёшлар сочларини қўйиб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини шундай қўйганлар,− деб айтишсада, айримлари намозни ўқимайдилар. Бу – суннатга очиқ зиддир. Бундан ташқари, сочини ўстириб, соқолини қириб ёхуд шимининг пойчасини тўпиқларидан тушириб юрганини ёда сигарет чекаётганини ва шунга ўхшаш ишларни қилаётганларини кўрасиз.

Менимча, уларни узун соч қўйишга айрим одамларнинг уни ўзларига зийнат қилиб олишлари сабаб бўлмоқда. Уларнинг бу ишларига қарши чиқилмайди. Қарши чиқиладиган нарса эса, унинг буни суннатдан деб айтиб, бошқа муҳим фарзларни қилмаслигидир.

Менинг ёшларга насиҳатим: мақсадингиз, жасадингизни пардозлаш ва қоматларни келиштириш бўлмасин. Мақсадингиз, ахлоқингиз ва диёнатингизни эътиқод, сўз ва амал жиҳатидан тузатиш бўлсин. Ўзингизга зеб бериш учун исрофгарчилик қилманг! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Доимо пойафзал кийиб юришдан наҳий қилар ва гоҳида ялангоёқ юришга ҳам буюрар эдилар».

Бундан ташқари мулойимлик ва нафосат, хотин−қизларнинг ишидир. Шунинг учун бўлса керак, эркакларга ипак матоҳларни кийиш ва тилла тақинчоқларни тақиш ҳаром қилинган бўлса, аёлларга ҳалол қилинган.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Соч қўйиш одатга кўрадир …

Савол: Эркаклар сочларини ўстириб, узун қўйишлари мумкинми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Мен бу ҳақда шундай дейман: Агар соч қўйилса фитнанинг юзага келиш хавфи бўлса, яъни, чиройли йигит соч қўйса ва фитна юзага келиш хавфи бўлса, унга: Сочингни қўйма, қирдир!,‒ деймиз. Агар соч қўйиши оддий бўлиб, фитнага сабаб бўлмаса, тўғриси, бундаги суннат банданинг шаҳридаги урфу одатга риоя қилишидир. Агар ҳамшаҳарлари сочларини қўяётган бўлишса қўйсин, қирдиришса қирдирсин. Чунки сочни қўйиш ёки қўймаслик ‒ одатдир. Шунинг учун бу ишдаги асос банданинг ўз шаҳридаги одатларга, модомики, улар ҳаром эмас экан, риоя қилишидир.

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Соч қўйиш

Савол: Эркакларнинг сочларини узун ўстириб юришларининг ҳукми нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Эркакларнинг сочларини ўстиришлари мубоҳ ишлардан бўлиб, суннат эмасдир. Шунинг учун, эркаклар сочларини ўстиришлари ёки қириб юришлари мумкин. Фақатгина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бир болакайнинг сочининг бир қисми қирилган, бошқа тарафига тиғ теккизилмаганини кўрган пайтларида бундай қилишни таъқиқлаб: «Ё ҳаммасини олинглар ёки ҳаммасини қўйинглар!»‒ деганлар (Абу Довуд 4192).

Модомики, сочни қўйиш мубоҳ ишлардан экан, одам ўзи яшаётган минтақанинг урф‒одатларига қараши керак. Агар улар сочларини қирдириб юришса, улар ичида шуҳратли бўлмаслиги (ажралиб турмаслиги) учун сочларини қирдириши, қирдиришмаса ажралиб турмаслиги учун сочларини қирдирмаслиги лозим. Агар сочини қўйиш ёки қўймасликка эътибор беришмаса ихтиёри ўзида: хоҳласа сочини қирдирсин, хоҳласа қўйсин. Биз бундай пайтда унга бирон нарсанинг: Буниси афал, дея олмаймиз.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Сочни қора рангга бўяшнинг ҳукми

Cуҳандон: Тингловчи эркак сўрамоқда: Фазилатли шайх, сочни қора рангга бўяш ҳаром−ми? Сиздан тушунтириб беришингизни илтимос қиламан.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳа, сочни қора рангга бўяш ҳаромдир.Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқарган тук ҳақида: «У(нинг рангги)ни ўзгартиринглар ва қора рангдан узоқ қилинглар!»− деганлар.

Бинобарин, ривоят санади ҳасан бўлган ҳадис ворид бўлган бўлиб, ундақора ранг билан тукларни бўяш ҳақижа қаттиқ огоҳлантириш келган. Лекин, унинг ўрнига оч жигарранг ҳам бор. Эркак бу билан сочи ва соқолини бўяши ва Аллоҳ ҳаром қилган рангдан беҳожат бўлиши мумкин. Оч жигарранг рангдаги соч яна ҳам чиройли рангда бўлиши мумкин.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.