Category Archives: Ҳижоб ва муслималар

Бу категорияда ҳижоб ва муслималар ўртасида ҳижобланиш керка ёки керак эмаслиги ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Эҳромдаги аёлнинг қўлқоп кийиши

Суҳандон: Аллоҳ устингиздан баракаларини ёғдирсин! Тингловчи аёл сўрамоқда: Мен тавоф асносида қўлига қўлқоп кийиб тавоф қилаётган аёлни кўрдим. Унинг (тавофда) қўлқоп кийишининг ҳукми нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Агар қўлқоп кийиб тавоф қилаётган аёлни кўрсангиз унга танбеҳ беришдан илгари: Сиз эҳромдамисиз?,─ деб сўраб кўринг. Агар у: Ҳа,─ деса: Қўқопларни ечинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромлик аёл ҳақида: «Қўлқон киймайди»─ деганлар (Имом Молик «Муваттоъ» 717; Абу Довуд 1827), денг. Агар эҳромда эмаслигини айтса ва қилаётган тавофи нафл бўлса, қўлқоп кийишининг зарари йўқ.

Шу муносабат билан амру маъруф ва наҳий мункар бобида бир нарсага огоҳлантириб қўймоқчиман: Сиз бировни қайтараётган нарсангизнинг мункар эканини аниқ билинг. Чунки, бундан илгари қайтаришингиз шошқалоқликдир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётган пайтларида масжидга кириб келган ва ўтирган одамни: «Намоз ўқидингизми?» деб сўрашдан илгари ўтиришдан қайтармадилар. У: Йўқ, дегач: «Ўрнингиздан туринг ва икки ракаат енгил намоз ўқинг!»─ дедилар (Байҳақий «ас–Сунанул Кубро» 5902). Қилган иши мункар бўлиш эҳтимоли бўлган одам ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тутган йўл қандай экани ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Унинг қилган иши мункар бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг яхши ўрнакдирлар. Аммо бирон кишининг қилган ишига қараб ўз фикрида мункар деб ўйлаш, шошқалоқликдан бошқа нарса эмасдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳажни ҳижоб билан қилдим

Суҳандон: Ҳурматли шайх, мазоҳимийялик тингловчи синглингиз Н. Н. сўрамоқда: Мен бир неча марта ҳаж қилганман ва уларда шаръий ҳижобни тўкис кийган бўлсамда, эҳром таъқиқларидан эканини билганим учун қўлқоп киймаганман ва қўлларимни абонинг остида тутганман. Юзимни эса бутунлай ёпганман. Юзни бутунлай ёпиш таъқиқланганми? Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин, менга тушунтириб берсангиз.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Савол берган аёл айтганидек, эҳромлик пайтда қўлқоп кийишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаганлар ва у, эҳром таъқиқлари қаторига киради. Юзни эса эҳромлик аёл очиқ тутиши керак. Агар атрофида номаҳрам эркаклар бўлса, Оиша разияллоҳу анҳо айтганидек, юзини ёпиши керак. Улар (саҳоба аёллар), олдиларидан уловлик кишилар ўтишса ёки қаршиларидан чиқиб қолишса, юзларини тўсар эдилар. Эркаклар ўтиб кетиши биланоқ юзларини очишар эди. Агар ҳижоби юзига тегиб қолган бўлса, бунинг унинг ҳажига зарари йўқдир. Бу, айрим илм аҳлларининг: Аёл кишининг юзига ҳижоби ─ тўсган нарсаси тегиб турса бўлмайди, деган гапларига хилофдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Кўзларни юпқа парда билан тўсиш

Суҳандон: Тингловчи аёл сўрамоқда: Ҳаж ва умра қилар эканман ниқоб тақсам бўладими? Ниқобдан мақсадим, кўзларимга юпқа парда тақсам бўладими?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Эҳромдаги аёл ниқоб тақмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эҳромдаги аёл ниқоб тақмайди»─ деганлар (Имом Молик «Муваттоъ» 717; Абу Довуд 1827). Агар олдида номаҳрам эркаклар бўлса юзини ниқобдан бошқа нарсалар билан тўсса, зарари йўқ. Балки, бундай ҳолатларда юзини тўсиши вожибдир. Агар тўсаётган нарсаси юзига тегиб турган бўлса ҳам, зарари йўқ. Аёл кишининг эҳромлик пайтида юзини очиши машруъ бўлсада, яқинида номаҳрам эркаклар бўлса юзини тўсиши зарур. У, юзини (ниқобдан бошқа нарса билан) тўсаверади. Ниқоб тақиш эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлагани учун ҳаромдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Эҳромдаги аёл юзини тўссин!

Суҳандон: Аллоҳ таоло устингиздан эҳсонларини ёғдирсин! Миср Жумҳурияти фуқароси ва ҳозирги кунда Саудия Қироллигида истқомат қилаётган тингловчи аёл сўрамоқда: Эҳромдаги аёлнинг ҳар жойда: кўчада, машинада ва Ҳарамнинг ўзида ҳам кўп бўлган эркаклар олдида юзини ёпишининг ҳукми нима? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Эҳромдаги аёл на ниқобланади ва на қўлқоп кияди» деган ҳадисларига қандай амал қилинади? Эҳром пайтида аёл киши юзини очса бўлаверадими?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Эҳромга кирган ва кирмаган аёлларнинг атрофларида номаҳрам эркаклар бор экан, юзларини очишлари мумкин эмас. Эҳромлик пайтда ҳам юзни тўсиш шарт. Оиша разияллоҳу анҳо, (ўз замонасида) аёллар олдиларидан бирон бегона эркак ўтиб қолса юзларини кўриб қолмаслиги учун рўмоллари билан тўсганларини айтиб ўтганлар.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ниқобланишни таъқиқлашларига келсак, тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳожи аёлларга) таъқиқлаганлар. Бироқ аёл кишининг атрофида бегона эркаклар бўлса, ниқобдан бошқа нарса билан юзини тўсиши шарт. Бундай пайтда юзини тўсса, зарар қилмайди.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Эҳромдаги аёл юзига ниқоб тутмайди

Суҳандон: Аллоҳ устингиздан эҳсонларини ёғдирсин! Абҳолик тингловчимиз М. А. А. сўрамоқда: Ҳаж асносида юзни ниқоб билан тўсишнинг ҳукми нима? Мен: «Эҳромдаги аёл ниқобланмайди ва қўлқоп киймайди» деган мазмундаги ҳадисни ўқиган эдим. Яна Оиша разияллоҳу анҳонинг: «Ҳаж мавсумида олдимиздан бирон эркак ўтиб қолса юзимизни тўсар, уларнинг олдидан ўтиб бўлсак юзимизни очар эдик», деганларини ҳам ўқиганман. Бу икки ҳадис ўртасини қандай боғлаймиз? Уларнинг қайси бири тўғри? Агар Оиша разияллоҳу анҳонинг гапларини татбиқ қилмоқчи бўлсак, ушбу кунларда доимо ва кўпинча ҳаж асносида юрганда, намоз ўқиганда эркагу аёллар аралашиб кетадилар. Бундай пайтда аёл киши юзини доим ёпиб юриши керакми ёки нима қилиши керак? Қолаверса, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: «Аёл киши юзини ёпса, қон чиқариши (қўй сўйиши) керак» деган қавли ҳам бор. Буларнинг қайси бири тўғри?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Буларнинг тўғриси ҳадис далолат қилганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотин кишининг ниқоб тақишинин таъқиқлаганлар (Имом Молик «Муваттоъ» 717; Абу Довуд 1828). Эҳромдаги аёлга олдидан эркаклар ўтсин ёки ўтмасин, ниқоб тақиши мутлақ таъқиқланган. Шунга кўра эҳромдаги аёлнинг ҳаж ёки умрада бўлишидан қатъий назар, ниқоб тақиши таъқиқланади. Ниқоб эса хотинларга маълум бўлган нарсадир.

Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳадиси ниқобланишни таъқиқлашга зид эмас. Чунки Оиша разияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги эркаклар хотинлар олдидан ўтганида, эҳромлик аёлларнинг юзларини тўсишлари зарурий ишдир. Чунки, бегона эркаклардан юзни тўсиш фарздир. Шу боис аёл кишининг ниқоб тақиши мутлақ ҳаром эканини айтиб ўтмоқчимиз. Юзини очиши эса афзалдир. Мабодо унга яқин жойдан бирон эркак ўтиб қолса, юзини ниқобдан бошқа нарса билан тўссин.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.