Category Archives: Муслиманинг китоблари

Бу категорияда муслималарга мўлжалланган китоблар билант танишасиз.

Даъват соҳибаси бўлинг!

 

Даъват соҳибаси бўлинг!

 

Нашрга тайёрлаган: www.muslimat.net   

Мутаржима: Солиҳа Толиб

Асл сарлавҳа: كُونِي دَاعِيَةً

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

Ислом умматини бошқалардан афзал қилиб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин:

﴿كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ

«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110). Ва бу умматнинг шахсиятлари ҳолини бошқалардан имтиёзли қилган Аллоҳга мақтовлар бўлсин:

﴿وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ

«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар» (Тавба: 71). Аллоҳ Ўз изни билан Аллоҳга даъват қилувчи ва нурли чироқ қилиб қилиб юборган пайғамбарига саловот ва саломлар бўлсин.

Аммо баъд…

Аллоҳга даъват мавзуси энг улуғ ибодатлардан ва энг улкан вазифалардан саналади. Пайғамбарлар ҳам шу вазифа устида юборилдилар, уларнинг издошлари ҳам шу ишга қоим бўлдилар, шу билан дин ва дунё иши ислоҳ бўлди.

 Бу мавзу кўп бора ўртага ташланган ва мен бу борада бирон янгиликни ўртага олиб чиқаяпман деб даъво қилмайман. Бор-йўғи мен ушбу мавзуда сўзланган сўзларни мухтасар ибораларда жамлашга ва тарқоқ сўзларни тушунтириб берувчи изоҳлар билан тартиблашга ҳаракат қилдим. Ушбу рисолада келтирадиган сўзларимиз қалбларни даъватга қўзғотишини, даъват ишида содир бўлаётган хатолар барҳам топишини ва хато қилишимиз мумкин бўлган нарсалардан сақланишимизни умид қилиб қоламиз.

 

Даъват соҳибаси бўлинг!

Бу хитоб кимга қаратилган?

У уй бекасига, мактабдаги муаллимага, ишхонадаги хизматчи аёлга ва умуман жамиятнинг ҳар бир аёл аъзосига қаратилган. Даъват тарихига назар ташлаган киши фардий (якка тартибдаги) даъватлар самарали натижа берганини кўради. Пайғамбарлар, олимлар, ислоҳотчилар фақат якка ҳолатда иш олиб борганлар ва даъватлари ғолиб муваффақиятли бўлиб, ижобий самаралари кенг ёйилган.

Шайх Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Модомики Аллоҳга ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» шаҳодатига даъват қилиш ҳар бир инсонга фарз бўлар экан, ҳар ким ўз иқтидорига яраша даъват қилиши вожибдир. Олим кишининг масъулияти бошқалардан кўра кучлироқ. Бадани, қўли, моли, обрўси ёки сўзи билан даъватга қодир кишининг масъулияти шу нарсаларга қодир бўлмаган кишининг масъулиятидан улканроқ туради. Аллоҳ таоло айтади:

﴿فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16). Бир оғиз сўз билан бўлса-да, динга ёрдам кўрсатган кишини Аллоҳ раҳматига олсин. Банда бу динга даъват қилишга қодир бўлиб туриб, унга беэътибор бўлишида ҳалокат бордир».

Бу сўзлар билан баъзи кишиларнинг зеҳнларига ўрнашиб қолган нотўғри фикрларни кетказмоқчимизки, улар  даъват ишида якка ҳолатда иш олиб бориш имкониятлар бириккан ижтимоий иш каби самара бериши мумкин эмас, деб ўйлайдилар.

Аксинча, сиз бир ўзингиз, уйингизда туриб ҳам даъватчи бўлишингиз мумкин.

Даъват соҳибаси бўлинг!

Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَاللَّهُ يَدْعُو إِلَى دَارِ السَّلَامِ

«Аллоҳ тинчлик диёри —жаннатга даъват қилур» (Юнус: 25).

«Лисанул-араб» (луғат китоби) муаллифи айтади: «Аллоҳнинг махлуқотларига бўлган даъвати-чақириғи худди бир киши тўй қилиб, зиёфат тайёрлаб одамларни чақирганига ўхшайди».

Тинчлик диёри – жаннатдир.

Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ шу оят тафсирида айтади: «Аллоҳ таоло тинчлик диёрига чақириқни, қизиқтириш ва тарғибни барча бандаларига ом қилди».

 

Ким даъватчи бўла олади?

«Лисанул-араб» (луғат китоби) муаллифи айтади: «Даъватчилар одамларни ҳидоят ёки залолат байъатига чақирадиган кишилардир. Даъват соҳиби деб одамларни бирор динга ёки бидъатга чақираётган кишига айтилади».

Демак, даъват қиламиз, даъватчимиз деймиз, лекин нимага даъват қиламиз, нима учун, қачон, қаерда, қандай, кимни даъват қиламиз?

Бу саволларнинг жавобидан англашиладики, биз одамларни ҳидоят байъатига даъват қиляпмизми ёки залолатгами? Биз динга даъват қилувчилармизми ёки бидъатга?

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳнинг даъватчилари, дейиш уларни Аллоҳга нисбатлаб хослаш учундир. Яъни, улар Аллоҳнинг хос даъватчилари бўлиб, одамларни Аллоҳнинг динига, ибодатига, маърифатига, муҳаббатига даъват қиладилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг бандалари орасидаги хос кишилардир ва Аллоҳ ҳузурида энг афзал манзилат эгаси ва энг эътиборли кишилардир».

Энди юқоридаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз, шунда масалага ойдинлик кирса ажаб эмас.

 

Биринчидан: Нима учун даъват қиламиз?

1. Аллоҳга даъват қилувчининг ажри улкан бўлгани учун даъват қиламиз.

Даъватчига бериладиган ушбу ажр кўп далиллар билан зикр қилинган. Жумладан:

  • Даъватчи одамлар орасида энг чиройли сўзловчи кишидир.

﴿وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِمَّنْ دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ﴾

 «(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?»(Фуссилат: 33).

  • Даъватчига унга эргашган кишининг ажрича ажр ҳосил бўлади. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бировни бир яхшиликка йўллаб қўйса, унга ўша (яхшилик)ни қилувчисининг ажрича ажр бордир», деганлар. (Имом Муслим (№1893) ривояти).
  • Даъватчига вафотидан кейин ҳам ажр узилмай давом этади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан» (Имом Муслим ривояти). Бир фикрлаб ва таққослаб кўринг! Биз ўтган олимларимиз ва даъватчиларимиз номларини ҳар вақт эсласак  ёки китобларини ўқисак ё илмларидан фойдалансак, уларга Аллоҳнинг раҳматини сўраймиз, бунинг муқобилида ўзимизнинг ўтиб кетган қариндошларимиз ва яқинларимизни ҳам кўпинча унутиб қўямиз. Ўйлаб кўринг, қанчадан қанча толиби илмлар «Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ, Ибн Қаййим ғафароллоҳу лаҳ» дейдилар, хос яқинларимизга эса ўзимиздан бошқа биров раҳмат сўрамайди.

Даъват соҳибаси бўлинг…

 

2. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мендан биргина оят бўлса ҳам етказинглар» деган буйруқларига амал қилиш учун даъват қиламиз.

Даъват пайғамбарларга (уларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин) эргашиш йўлидир. Аллоҳ Таоло айтди:

﴿قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ﴾

 «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108).

Шайх Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ Таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди: «Одамларга айтинг, бу менинг йўлим, яъни мен унга чақираётган йўл бўлиб, Аллоҳга олиб борувчи ва унинг улуғлик диёрига элтувчи, ҳақни билиш, унга амал қилиш ҳамда уни ҳамма нарсадан афзал кўришни, динни шериксиз ва ягона Аллоҳга холис қилишни ўз ичига олган йўлдир».

Даъват соҳибаси бўлинг…

 

3. Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида  маъзур бўлиш учун даъват қиламиз.

Аллоҳ Таоло айтди:

﴿وَإِذْ قَالَتْ أُمَّةٌ مِنْهُمْ لِمَ تَعِظُونَ قَوْمًا اللَّهُ مُهْلِكُهُمْ أَوْ مُعَذِّبُهُمْ عَذَابًا شَدِيدًا قَالُوا مَعْذِرَةً إِلَى رَبِّكُمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

«Ўшанда улардан бир жамоат: «Не сабабдан Аллоҳнинг Ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?» деганларида, улар (яъни иккинчи тоифадаги одамлар) айтдилар: «Парвардигорингизга (Қиёмат Кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)» (Аъроф: 164).

Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида шундай дейди: «Панд-насиҳат қилувчилар: «Парвардигорингиз ҳузурида маъзур саналиш учун уларга ваъз қиляпмиз ва қайтараяпмиз, шояд улар Аллоҳдан тақво қилсалар, яъни шояд бу инсонлар қилаётган гуноҳларидан тийилсалар, биз уларнинг ҳидоятланиб қолишлридан ноумид бўлмаймиз», дедилар. Кўпинча бундай кишиларга насиҳат фойда беради ва уларда маломатнинг таъсири кўринади. Мункар (ёмон иш)ни инкор қилишдан энг катта мақсад ҳам шу, яъни Аллоҳ ҳузурида маъзур саналиш ҳамда амри маъруф ва наҳий мункар қилинувчига ҳужжат барпо қилиш, шояд Аллоҳ таоло уларни ҳидоятлаб қўйса ва улар ўша амри маъруф ва наҳий мункар тақозосига кўра амал қилиб қолсалар».

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шу оят тафсирида айтади: ««Парвардигорингизга узримизни айтиш учун», яъни Парвардигоримиз бизлардан амри маъруф ва наҳий мункар қилиш ҳақида олган аҳд борасида маъзур саналиш учун, «ва шояд қўрқсалар, деб» яъни шояд мана шу насиҳатимиз туфайли улар ўзлари қилаётган ишларни тарк қилсалар ва тавба қилиб, Аллоҳга қайтсалар, деб насиҳат қилмоқдамиз».

Даъват соҳибаси бўлинг…

 

4. Дунё ва охиратда нажот истаб даъват қиламиз. 

Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ﴾

«Ҳамда сизлардан фақат золим кимсаларнинг ўзигагина етмай (балки барчага ета)диган балодан сақланингиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Анфол: 25).

Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида айтади: «Яъни, золимнинг ўзигагина эмас, бошқаларга ҳам етадиган фитна-балодан сақланингиз! Чунки ошкора ва тўхтатилмаган зулмнинг уқубати зулм қилувчига ҳам, бошқаларга ҳам оммавий бўлади. Бундай фитнадан сақланиш мункардан қайтариш билан, ёмонлик ва фасод аҳлини босиб қўйиш билан, иложи борича зулм ва маъсиятларга имкон бермаслик билан бўлади».

Даъват соҳибаси бўлинг…

 

5. Аввало, ўзингиз, қолаверса, сиз сабабли жамият тузалиши учун даъват қиламиз.

Она уйда боласининг яхши ўсиб-улғайиши ва салоҳияти учун бор кучини сарфлайди. Бола ташқи муҳитга чиқиши билан бу тарбияга зид келадиган илмга, амалга, йўлга, эътиқодга дуч келади.

Агар даъват ўз ўрнига етиб борса ва одамлар билмаган нарсаларини билиб олсалар, ақллар тўғрилик ўлчамига жамланган бўларди. Қалблар соғлом салаф ақидаси устида жамланмас экан, ундай жамоа кишилари бахтсиздирлар, насаблари ва лақабу номлари уларни ҳаргиз бирлаштира олмайди. Агар қалблар тарқоқ бўлса, қуруқ савлатлар бирлиги муваққатгина бўлиши мумкин.

Даъват соҳибаси бўлинг …

 

6. Ботил аҳли ўзларининг тубан мақсад ва харакатлари йўлида фидокорлик қиладилар, аслида, ҳақ аҳли фидокорликка лойиқроқ! 

Воқеълик гувоҳки, куфр аҳлининг ҳаракати бир зум бўлсин тўхтамаяпти, балки бидъат аҳлининг ҳам ҳаракати сусаймаяпти! Шундай экан, аҳли суннат қаерда??

Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَلَا تَهِنُوا فِي ابْتِغَاءِ الْقَوْمِ إِنْ تَكُونُوا تَأْلَمُونَ فَإِنَّهُمْ يَأْلَمُونَ كَمَا تَأْلَمُونَ وَتَرْجُونَ مِنَ اللَّهِ مَا لَا يَرْجُونَ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا﴾

«Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир».(Нисо: 104).

Гарчи алам-оғриқлар бир хил бўлса-да, орзу-умидлар ўзгачадир. Кимнинг орзу-умиди Аллоҳ билан бўлса, унга интилиш, собитқадамлик тўғри келади. 

Даъват соҳибаси бўлинг …

 

7. Одамлар ҳақиқатни эшитишлари, бизнинг сукутимиз сабабли ҳақиқат ботилга ва ботил ҳақиқатга айланиб қолмаслиги учун даъват қиламиз.

Ёдда тутинг, ҳақ аҳли сукут қилиб тураракан, одамлар ботилни қабул қилишади. Ҳақиқатни таълим беришни ва баён қилишни тарк қилиш ботилнинг кенг тарқалишига сабаб бўлади. Насиҳат қилинувчиларнинг насиҳатни қабул қилмаслиги сизни даъватчиликдан тўсмасин, балки уларга ҳақиқатнинг овозини, ҳужжатларни эшиттиришнинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّمَا عَلَيْهِ مَا حُمِّلَ وَعَلَيْكُمْ مَا حُمِّلْتُمْ وَإِنْ تُطِيعُوهُ تَهْتَدُوا وَمَا عَلَى الرَّسُولِ إِلَّا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ﴾

«Айтинг: Аллоҳга бўйинсунингиз ва пайғамбарга бўйинсунингиз! Энди агар юз ўгирсангизлар бас, (пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (яъни одамларга Аллоҳнинг динини етказиш) бордир, сизларнинг зиммангизда эса ўзларингизга юкланган нарса (пайғамбарга бўйинсуниш) бордир. Агар унга бўйинсунсангиз, ҳидоят топурсизлар. Пайғамбар зиммасида (сизларни зўрлаб динга киргизиш эмас, балки) фақат (сизларга Ҳақ динни) етказиш бордир» (Нур: 54).

Даъват соҳибаси бўлинг …

 

8. Ақлий омонлик ва фикрий дахлсизликни ҳосил қилиш учун даъват қиламиз.

Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَمَا كَانَ رَبُّكَ لِيُهْلِكَ الْقُرَى بِظُلْمٍ وَأَهْلُهَا مُصْلِحُونَ﴾

«Парвардигорингиз у шаҳарларнинг ўзларини тузатиб (ҳақ йўлга юрган) аҳолисини зулм билан ҳалок қилган эмасдир» (Ҳуд: 117).

Демак, солиҳлардан бўлишимиз кифоя қилмас, балки ислоҳ қилувчилардан бўлишимиз шарт экан. Шунинг учун аҳли сунна вал жамоанинг даъват аҳли қоидаларни ўрнатадилар, салафлар йўлидаги шубҳаларни даф қиладилар, муаммо чиққандан кейингина унга қарши реакция кўрсатиш мақсадида кутиб турадиган кишилардан бўлмайдилар. Балки, бу динни таълим берадилар ва асл-асосларини таъсис қиладилар. Агар уларга тинчлик ё хавф-хатар хабари келса, уни кимга қайтаришни ва қайси умумий қонун-қоида остига киритишни биладилар.

Даъват соҳибаси бўлинг …

 

9. Динга даъват қилишдан хижолат бўладиган руҳан мағлуб шахс бўлманг.

Гоҳо зеҳнда «шахсий эркинлик, шахсий қарорлар» каби залворли сўзлар чарх уриб қолади-да, бу сўзлар қаршисида енгилиб қоламиз. Ваҳоланки, оламнинг ҳеч қайси бурчагида қизил чироқдан ўтиб кетишга рухсат берилмайди ва хеч ким қизил чироқдан ўтганни маломатлаш ёки танбеҳ беришдан хижолат бўлмайди.

Сиз асло хижолат бўлиб, тўхтаб қолманг. Аслида, шариатнинг ўзи маданият ва ундан бошқа ҳамма нарса қолоқлик ва маданиятсизликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бир киши агар ҳақиқатни кўрса ва билса, одамлардан қўрқиш ҳисси уни айтишдан тўсиб қолмасин» (Ал-фатҳур-раббоний литартиби муснадил-имам Аҳмад).

Даъват соҳибаси бўлинг …

 

10. Чунки, инсон табиатан ўзи ишонадиган нарсага даъват қилади.

Ўтиришларда, давраларда содир бўладиган ҳолатларга назар солинг. Биз ўз-ўзидан қайсидир кийимга ё емак-ичмакка ё майда-чуйда харидларга даъватчи бўлиб қоламиз, ишонтирамиз, тортишамиз ва ўша нарсаларни худди уларни сотувчи савдогарларга шерикдек ҳимоя қиламиз.

Қаранг, агар биронтамиз таом пиширишнинг янгича усулини ўргансак ва моҳир бўлсак, ўша усулга даъват қилувчига айланамиз, хусусан кўнгил яқин ва яхши кўрган кишиларимизга кўпроқ ўргатгимиз келади.

Демак, даъват муҳаббатга далолат қиларкан.

Бироқ, биз қайси нарсага даъват қиляпмиз?

 

Иккинчидан: Нимага даъват қиламиз?

«Саҳиҳ Бухорий»нинг «Тавҳид китоби»да «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини Аллоҳ таборака ва таолонинг тавҳидига даъват қилишлари ҳақидаги боб»да келади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яман аҳлига юбораётганда айтдилар: «Сен аҳли китоб бўлган бир қавм ичига кетяпсан, уларни аввало Аллоҳ таолони якка-ёлғиз деб билишга чақиргин». Бошқа ривоятда: «Ла илаҳа иллаллоҳ деб гувоҳлик беришга чақиргин, агар шуни тан олсалар, шундан сўнг уларга Аллоҳ таоло беш вақт намозни фарз қилганини… хабарини бергин».

Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб «Тавҳид китоби масалалари»да айтганидек, «Ушбу ҳадисда ишни аввал энг муҳимидан бошлаш, кейин муҳимликда ундан қуйироғини қилиш лозимлиги бордир». Шундан даъватдаги бирламчи ишларнинг тартибланишининг аҳамияти маълум бўлади. Зеро, уйдаги энг муҳим нарса унинг пойдевори, дарахтдаги энг асосий нарса эса унинг илдизидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 13 йилни намоз, закот ва бошқа ҳукмларга чақиришдан аввал фақат тавҳидга даъват қилиб ўтказдилар. Сабаби, фақатгина тавҳид ақлларни собит қиладиган, қалблар унга жамланадиган энг мустаҳкам қўрғон ва энг кучли рукн-устундир.

Билиш вожибки, намоз Исломдаги энг муҳим нарса, бироқ тавҳид ундан ҳам муҳимроқ. Маъсият ва гуноҳи кабираларни тарк қилиш муҳим, бироқ ширкни тарк қилиш ундан ҳам муҳимроқдир.

 

Муҳим ва муҳимроқни қандай билиб олинади?

Муҳим ва муҳимроқни билишнинг асл ўзаги ақллар ва қиёслар эмас, шариатдир. Пайғамбарларнинг даъвати аввал энг муҳимга, ундан сўнг муҳимликда ундан қуйироқда бўлганга қарор топгандир, биз ҳам бу борада уларга издошмиз.

Муҳимликнинг қутби учтадир:

  • Аллоҳ таолони исм ва сифатлари билан таниш.
  • Унинг улуғлик диёри – жаннатига элтувчи шариатини билиш.
  • Итоаткорларга савоб, гуноҳкорларга азоб борлигини билиш.

Одамларнинг ҳолатлари, яшаш тарзлари ўзгарган ва бу тартибга эҳтиёжлари қолмаган деб ўйламанг. Муоз розияллоҳу анҳунинг Биринчи Муаллим соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган таълими ҳақиқий манҳаж бўлиб қолаверади, ундан бошқа манҳаж-йўл йўқдир.

Тавҳидга буюриб, ширкдан қайтаришнинг такрорланавериши, барча мўмину кофир инсонларнинг эҳтиёжи учун зарурдир. Чунки бу, кофирни куфридан Исломга олиб чиқса, мўминни собитқадам қилиб, иймонининг саломатлигига йўллайди.

 

Учинчидан: Қачон даъват қиламиз?

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шу билан барча толиби илмлар учун Аллоҳга даъват қилиш муҳимлар ичида энг муҳими экани, Умматнинг унга эҳтиёжи ҳамма макон ва замонда жуда кучли, балки ниҳоятда зарурий экани аниқ равшан бўлади». (Шайх Ибн Бознинг фатволар ва турли мақолалар тўпламидан).

Демак, «Қачон даъват қиламиз?» саволига жавоб икки томонлама бўлади:

А) Қачон даъват қиламиз, яъни қайси вақтларда даъват қиламиз?.

Б) Қачон даъват қиламиз, яъни даъват қилишга қачон лойиқ бўламиз?.

Жавобнинг (А) қисми: Бу ҳақда шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ: «ҳамма макон ва замонда» деб айтганлар.

  • Демак, биз ҳамма вақт Аллоҳга даъват қиламиз.

Худди Нуҳ алайҳис-салом каби. Аллоҳ таоло айтади:

﴿قَالَ رَبِّ إِنِّي دَعَوْتُ قَوْمِي لَيْلًا وَنَهَارًا

«У деди: Парвардигорим, албатта мен қавмимни кечаю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим» (Нуҳ: 5).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ мана шу оятнинг тафсирида айтади: «Аллоҳ таоло бандаси ва расули Нуҳ алайҳис-саломдан хабар бериб, у кишининг ўз қавмига баён қилгани, тушунтиргани, ҳидоятга ва энг тўғри йўлга чақирганини айтди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кечаю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим». Яъни, Сенинг буйруғингга бўйсуниб, тоатингга интилиб, эртаю кеч уларни даъват қилишни қўймадим.

  • Энг оғир ва энг машаққатли ўринларда ҳам даъват қиламиз.
  • Юсуф алайҳис-салом қамоқда туриб Аллоҳга даъват қилганидек. Аллоҳ таоло айтди:

﴿يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ • مَا تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِهِ إِلَّا أَسْمَاءً سَمَّيْتُمُوهَا أَنْتُمْ وَآَبَاؤُكُمْ مَا أَنْزَلَ اللَّهُ بِهَا مِنْ سُلْطَانٍ إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ أَمَرَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ﴾

«Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ — турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одам­ларнинг кўплари буни билмайдилар» (Юсуф: 39, 40).

Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Демак, Юсуф алайҳис-салом қамоқдаги шерикларини ёлғиз Алоҳга ибодат қилишга ва динни унга холис қилишга даъват қилгандилар».

  • Ҳатто, ўлим тўшагида ётганда ҳам даъват қиламиз.

Яъқуб алйҳисслом қилганидек. Аллоҳ таоло айтади:

﴿أَمْ كُنْتُمْ شُهَدَاءَ إِذْ حَضَرَ يَعْقُوبَ الْمَوْتُ إِذْ قَالَ لِبَنِيهِ مَا تَعْبُدُونَ مِنْ بَعْدِي قَالُوا نَعْبُدُ إِلَهَكَ وَإِلَهَ آَبَائِكَ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ إِلَهًا وَاحِدًا وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ﴾

«(Эй яҳудийлар,) ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» — де­ганида: «Сенинг илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳи бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйинсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?» (Бақара: 133).

Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яъқуб алайҳис-салом болаларини синаб кўриш ва уларга қилган васиятига бўйинсунишларини тириклигидаёқ кўриб, хурсанд бўлиш учун «мендан сўнг нимага ибодат қиласизлар?» деб сўради».

  • Ғарғара (жон таслим қилиш) чоғида ҳам даъват қиламиз.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот пайтидаги асосий васиятлари жон таслим қилиш ҳолида: «Намозга маҳкам бўлинглар ва қўл остингиздагилар хусусида эҳтиёт бўлинглар», деган сўзлар бўлди».

  • Агар қодир бўлсак, одамларни ўлганимиздан сўнг ҳам даъват қилардик.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидаги солиҳ банда қилганидек:

﴿وَجَاءَ مِنْ أَقْصَى الْمَدِينَةِ رَجُلٌ يَسْعَى قَالَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُوا الْمُرْسَلِينَ • اتَّبِعُوا مَنْ لَا يَسْأَلُكُمْ أَجْرًا وَهُمْ مُهْتَدُونَ • وَمَا لِيَ لَا أَعْبُدُ الَّذِي فَطَرَنِي وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ • أَأَتَّخِذُ مِنْ دُونِهِ آَلِهَةً إِنْ يُرِدْنِ الرَّحْمَنُ بِضُرٍّ لَا تُغْنِ عَنِّي شَفَاعَتُهُمْ شَيْئًا وَلَا يُنْقِذُونِ • إِنِّي إِذًا لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ • إِنِّي آَمَنْتُ بِرَبِّكُمْ فَاسْمَعُونِ • قِيلَ ادْخُلِ الْجَنَّةَ قَالَ يَا لَيْتَ قَوْمِي يَعْلَمُونَ • بِمَا غَفَرَ لِي رَبِّي وَجَعَلَنِي مِنَ الْمُكْرَمِينَ﴾

«(Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб, деди: «Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар! Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!». «Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин? Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар. Мен У зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмасман, чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг оқловлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени (Аллоҳнинг азобидан) қутқара олмаслар. У ҳолда мен шак-шубҳасиз очиқ залолатда бўлурман. Ҳақиқатан мен (жонсиз бутларга эмас, балки барчаларингизни яратган) Парвардигорингизга иймон келтирганман. Бас мени тинглангиз!». (Лекин жоҳил қавм Ҳабиб ан-Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан уни қатл қилишгач, унга) «Жаннатга кир», дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаннатга киритилиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: «Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени иззат-икромли кишилардан қилганини билсалар эди» (Ясин: 20-27).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтди: «У ҳаётлигида қавмига: «Эй қавмим, пайғамбарларга эргашинглар» деб насиҳат қилди, ўлганидан кейин эса: «Қанийди қавмим Роббим мени кечирганини ва мукаррам бандалардан қилганлигини билса эди» деб тилакда бўлди» (Ибн Аби Хотим ривояти).

 

Жавобнинг (Б) қисми: Даъватчиликка лаёқатли бўлиш.

Даъват қилишга қачон лойиқ бўламиз?

Бу борада аёллар икки тараф ва ўрта қисмга бўлинадилар.

Улардан баъзилари етарли илм ва тушунчага эга бўлмасдан туриб, гапириб юборишади, айримлари эса Аллоҳга даъват қилиш учун аввал пухта илмга эга олима бўлишим зарур деб ҳисоблайди. Бу хусусда мувозанат бўлиши учун, аввал илм ва уни етказиш ўртасидаги оралиқ даражасини билиб олиш вожибдир.

Таблиғ (етказиш, даъват қилиш) икки қисмга бўлинади:

1)      Нассий таблиғ (яъни, шариат далилини етказиш).

2)      Тафҳимий таблиғ (яъни, тушунтириш).

Хар иккиси ҳам етказувчининг билимига таянади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг сўзларини бошқаларга етказувчи киши ҳаққига дуо қилганлар. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биздан бир нарсани эшитиб, уни эшитганидек етказган кишини Аллоҳ хурсанд қилсин. Шундай етказилганлар борки, улар (асл манбадан) эшитганларга қараганда яхшироқ тушунадилар» (Термизий ва бошқалар ривояти).

«Туҳфатул-Ахвазий» муаллифи ушбу ҳадис шарҳида айтади: «Мабодо, ҳадис излаш, ёдлаш ва етказишда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана шу дуолари баракасидан истифода этишдан бошқа фойда бўлмаганда ҳам шунинг фойдаси ва ғаниматлиги кифоя қилган ҳамда икки дунёдаги насиба ва улуши катта бўлган бўлар эди».

Илмни эшитиб, ёдлаган киши етказса, кўпинча етказилаётган одам ундан кўра тушунувчироқ бўлади. Нассий таблиғ (яъни ҳужжатни етказиш) демак, бу аҳли илмнинг сўзини олиб келишдир. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда етказиш усуллари қулайлашди. Кучли аҳли илмларнинг китобларидан фатволарни тарқатиш ёки олимлар ва толиби илмларнинг мавъиза ёки маърузалари ёзилган кассеталарни тарқатишдан тортиб, Аллоҳнинг каломи ва Расулининг каломидан англаб, ёдлаб етказадиган даъватчилик босқичигача етиш мумкин. Ҳақиқатда аксарият даъватчи аёллар аҳли илмларнинг сўзларини яхши англамаган ҳолда етказишади, натижада тушунмовчилик ва чалкашликлар келиб чиқади. Бу эса илмга нисбатан энг ёмон фасоддир.

Тафҳимий таблиғ:

Бундан мурод – шариатнинг мақсадларини тушуниш, истинбот, ижтиҳод ва қиёс қилишга қодирлик, юзага келган масалаларга ҳукм чиқаришдир. Бу эса илмда устивор бўлган кишилардагина бўлади.

 

Тўртинчидан: қандай даъват қиламиз?

Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида даъват қилишнинг асли эргашишликдир. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидан маълум бўлади:

﴿قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ﴾

«Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108).

Демак, йўл шудир. Унинг ўрганилиши лозим бўладиган томонлари (кайфияти) бор бўлиб, даъватчи басиратга (аниқ ҳужжатли, ишончли илмга) эга бўлиши керак экан. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ басират сўзи хақида айтади: «Басират сўзидаги илмдан мақсад шаръий илмгина эмас, балки шаръий илм билан бирга даъват қилинаётганларнинг ҳолатини билиш илми ва мақсадга элтувчи йўлни, яъни ҳикматни билиш илми ҳамдир. Басийр – шариат ҳукмига ақли етадиган, даъват қилинаётганнинг ҳолатини яхши англайдиган, даъватни рўёбга чиқаришга олиб борадиган йўлларни яхши биладиган кишидир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга: «Сен аҳли китоб бўлган қавмга кетяпсан» деган эдилар» (Мажмуъ фатаваш-шайх Ибн Усаймин).

Буни қуйидагича ифодалаш мумкин:

Шариат ҳукмини билиш + Даъват қилинувчининг ҳолатини билиш = Даъватни рўёбга чиқаришга олиб борувчи йўлни яхши билиш
   
Илм + Воқеъни англаш = Ҳикмат

 

Демак, ҳикмат илмнинг маҳсулидир

 

Аммо шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш зарурки, ушбу тенглама мувозанатга ҳам муҳтождир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муфтий ва ҳукм чиқарувчи фақат икки турли фаҳм-тушунча орқалигина фатво чиқариш имкониятига эга бўлади:

1) Воқеъни англаш ва уни тушуниш, юзага келган ишнинг ҳақиқатини унинг белгилари, аломатлари ва қариналари орқали чуқур ўрганиб билиш.

2) Воқеъдаги вожиб-вазифани тушуниш, яъни Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида ҳукм қилган Аллоҳнинг ҳикматини тушуниб татбиқ қила билишдир. Ким шу ишда куч тоқатини сарфларкан, ё икки ажрга ё эса бир ажрга албатта эга бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 1/87,88).

Демак, маълум бўладики, илм агар воқеъни, мухотаб шахсларни, уларнинг аҳволларини ҳамда уларга таъсир ўтказаётган ва дилларини безовта қилаётган нарсаларни тушунишдан чекиниб қолса, у илм бор-йўғи оддий тушунча ва воқеъга етиб бормайдиган, дардларга малҳам бўлмайдиган қуруқ билимгина бўлиб қолади. Ҳаммасидан ҳам хатарлироғи воқеъни илмсиз тушуниб олишликдир. Масалан, бугунги кунда шундай чақириқлар билан чиқаётган кишиларни учратамиз: «Биз бугун алҳамдулиллаҳ Аллоҳни якка деб билгувчилармиз, ақидани ислоҳи учун кўп харакат қилишга  эҳтиёж йўқ, балки биз ахлоқлар ислоҳига мухтожмиз» дейдилар. Ундай кимсалар бемулоҳазалик билан бир неча ишларни назардан қочирган ёки билмаган бўладилар:

1) Албатта тавхидни ўрганиш, таълим олиш учун ҳеч малолланмаслик, оғир санамаслик керак бўлган ишдир. Зеро, у шариатнинг пойдевори ва барча ишнинг аслидир. Унда хато қилувчилар бисёр, у ҳақда билимсизлик кенг тарқалган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматимнинг баъзи қабилалари мушрикларга қўшилиб кетиб, бутларга ибодат қилиб кетадиган бўлмагунича қиёмат қойим бўлмайди» (Термизий ривояти).

2) Ахлоқларнинг салоҳияти ва яхши томонга ўзгаришининг асли банданинг эътиқод ва тасаввурларининг салоҳиятига боғлиқ бўлади. (Бошқача айтганда, тасарруфларимз тасаввурларимизнинг бир қисмидир).

3) Ақида бузилса, ахлоқнинг қиймати қолмайди.

Демак, илм билан ва мухотабларнинг воқеъсини англаш орқалигина даъватчи соғлом тушунчаларни етказа оладиган услублар ва йўлларни танлаши осон бўлади.

Даъват ишида даъватчи аёл ўта фасоҳатли, сўзга уста бўлиши шарт эмас, аммо шундай бўлса, нур устига нур. Бироқ, инсон ёзадиган қалами, инфоқ қиладиган моли, тарқатадиган кассетаси ёки ташкил қиладиган мусобақаси билан ҳам даъватчи бўлиши мумкин ва буларнинг барчасида уйдан чиқиши ҳам шарт эмас.

 

Ундай бўлса… Қаерда даъват қиламиз ва кимни даъват қиламиз?

Аввало, аёл киши даъватчи бўлиши учун ташқарига чиқиши шарт, деган хато тушунчани ўзгартириш керак. Бу тушунча тўғри эмас. Хусусан, бугунги кунда даъват ишида ёрдам берадиган замонавий техника асбобларидан фойдаланишимиз, масалан: факс ёки электрон почта орқали танишларимизга Қуръон эшиттириши жадвалини юборишимиз, ёки қўл телефони орқали «Йўл узра ёғду» радиодастури, «Ҳидоят сари» теледастури қачон бўлишини эслатиб, хат юборишимиз мумкин ва ҳоказо. Жойларда ташкил қилинадиган даъватлар турига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • Илмий дарслар: илмий дарсларни ташкил этиш ва уларни мунтазам ўтказиб бориш, онг ва савияни оширадиган энг муҳим услублардан саналади.
  • Оммавий мавъизалар: одатда бу баъзи бир муносабатларга боғлиқ бўлади ва тартиб шарт эмас.
  • Мактаб ва мадрасаларда, Қуръон ёдлатиш марказларида муаллима ва талабалар учун учрашувлар ўтказиш.
  • Шифохоналарда ҳамширалар, шифокорлар, шунингдек муслима бўлмаган хизматчилар билан даъват учрашувлари ташкил қилиш.
  • Газета, журналларга мақола ёзиш.
  • Ҳайит-байрамлардаги йиғилишлар, оилавий зиёратлар ёки ёзги сайиллар каби хос муносабатларда тўпланишларда, шунингдек, қўшни аёлларнинг бир-бириникига чиқиб ўтиришлари каби ҳолатларда даъват қилиб қолиш. Шунингдек, ишчи-хизматчи опа-сингилларнинг иш жойларини ҳам унутмаслик керак.

Шу каби ўринлар ва фурсатларни даъват учун ғанимат билиш яхши бўлади. Фақат, шарти шуки, шариат мақсадларига тўғри келмайдиган мунозараларга киришмаслик керак. Чунки ноўрин ҳаяжон гоҳо бунёдкорликдан кўра кўпроқ вайронагарчиликка сабаб бўлади. Бинобарин, юқоридаги тенгламани ёдда тутинг: илм + воқеъни англаш = ҳикмат.

Шайх ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Илло, ёшларнинг интилишларини қарияларнинг ҳикмати, тажрибаларидан келиб чиққан қарашлари ва фикрлари кузатиб бориши зарур бўлади. Ҳар икки тараф ҳам бир биридан беҳожат эмасдир» (Мажмуъ фатово вал-мақолот).

 

Даъват қилинувчи аёлларнинг даъватдаги бирламчи тартиби

Аввало, даъватчи ҳаммадан аввал ислоҳни ўзидан бошлаши керак, чунки амал сўздан кўра таъсирлироқ. Шуайб алайҳиссаломнинг сўзларига қулоқ солинг-а:

﴿قَالَ يَا قَوْمِ أَرَأَيْتُمْ إِنْ كُنْتُ عَلَى بَيِّنَةٍ مِنْ رَبِّي وَرَزَقَنِي مِنْهُ رِزْقًا حَسَنًا وَمَا أُرِيدُ أَنْ أُخَالِفَكُمْ إِلَى مَا أَنْهَاكُمْ عَنْهُ إِنْ أُرِيدُ إِلَّا الْإِصْلَاحَ مَا اسْتَطَعْتُ وَمَا تَوْفِيقِي إِلَّا بِاللَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ أُنِيبُ

«У айтди: «Эй қавмим, хабар берингизчи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керакми?!) Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалол-ҳаромга аралаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» (Ҳуд: 88).

Аллоҳ таоло айтади:

﴿قُلْ أَغَيْرَ اللَّهِ أَتَّخِذُ وَلِيًّا فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَهُوَ يُطْعِمُ وَلَا يُطْعَمُ قُلْ إِنِّي أُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ أَوَّلَ مَنْ أَسْلَمَ وَلَا تَكُونَنَّ مِنَ الْمُشْرِكِينَ﴾

«Айтинг: «Ўзи ризқланмай (таомланмай барчани таомлантирган) ҳолида осмонлар ва Ернинг яратгувчиси бўлган Аллоҳдан ўзгани дўст тутайми?!» Айтинг: «Албатта, мен Аллоҳга бўйинсунгувчи кишиларнинг аввалгиси бўлишга маъмурман (амр қилинганман)». Ҳаргиз мушриклардан бўлманг!» (Анъом: 14).

Иккинчидан, яқин қариндошларини огоҳлантириши керак. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَأَنْذِرْ عَشِيرَتَكَ الْأَقْرَبِينَ﴾

«Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огохлантиринг!» (Шуъаро: 214).

Уйнинг, оиланинг салоҳияти даъватчи аёл учун давомийликка асос ва собитқадамликка ёрдамдир. Уй аҳли аёл учун энг яқин қариндошлардир, яъни,  эр ва унинг оиласи,  болалари, хизматчилари, ота-онаси, ҳамма-ҳаммасидан Аллоҳ манфаат етказади ва мақсадга олиб боради, иншааллоҳ.

Унутманг! Имом Шофеъий, имом Ахмад, имом Бухорий раҳимаҳуллоҳлар отасиз улғайганлар. Бири умматнинг фақиҳи, бири аҳли суннат имоми ва яна бири хадис бобида имом! Уларнинг барчаларини оналари тарбия қилган.

Учинчидан, Жамиятдаги ён-атрофингизда бўлганларни  огоҳлантиринг. Аллоҳ таоло айтади:

﴿وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ مُصَدِّقُ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَلِتُنْذِرَ أُمَّ الْقُرَى وَمَنْ حَوْلَهَا وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْآَخِرَةِ يُؤْمِنُونَ بِهِ وَهُمْ عَلَى صَلَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ

 «Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги китобларни тасдиқлайдиган, барча қишлоқлар (ва шаҳарларнинг) онаси — маркази ўлмиш (Макка аҳлини) ҳамда унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Ўзимиз нозил қилган Китобдир. Охиратга иймон келтирадиган кишилар унга ҳам иймон келтирадилар ва улар намозларини ўз вақтида адо қиладилар» (Анъом: 92).

Демак, яхшиликка бўлган даъватни ёямиз, разолатларга қарши курашамиз, фазилатларга тарғиб қиламиз.

Тўртинчидан, барча умматни огоҳлантиринг! Аллоҳ таоло айтди:

﴿الر كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ لِتُخْرِجَ النَّاسَ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِ رَبِّهِمْ إِلَى صِرَاطِ الْعَزِيزِ الْحَمِيدِ

 «Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга — қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига — олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир» (Иброҳим: 1). Яъни, Қуръон мусулмон бўлмаганларни хақ йўлига даъват қилиш учун нозил бўлгандир.

 

Қуйидаги нарсалардан эҳтиёт бўлинг!

Ихлосни йўқотишдан ва билағонлик қилишдан эҳтиёт бўлинг! Билағонлик қилиш Аллоҳ  хаққига илмсизлик билан сўз айтишдир ва бу, ширкнинг юқори даражасидир. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ «Илм китоби»да айтади: «Эй банда, ҳукм Аллоҳники эканини била туриб сен қандай билағонлик қиласан ва Унинг олдига тушиб, Унинг дини ва шариатидан билмаган нарсангни гапирасан. Дархақиқат, Аллоҳ таоло Ўзига нисбатан илмсизлик билан айтилган сўзни ширкка боғлаб зикр қилди. У субҳанаҳу ва таоло айтди:

﴿قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ﴾

 «Айтинг: Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос» (Аъроф: 33).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Эй одамлар, ким ўзи билган илмидан сўралса айтсин, ким билмаса: «Аллоҳ билгувчироқ», десин, билмаган нарсасини Аллоҳ билгувчироқ дейиш ҳам илмдир».

Шаъбий раҳимаҳуллоҳдан бир масала хусусида сўралди, у киши: «Яхши билмайман», деб жавоб бердилар, шунда дўстлари: «Бизни уятга қўйдингиз», дейишди. Шаъбий айтдилар: «Фаришталар: «Ла илма лана илла ма алламтана» (яъни, биз Ўзинг билдирган нарсадан бошқасини билмаймиз) дейишганда уялишмаган эди».

Наҳотки, Аллоҳ учун даъват деб чиқиб, сўнг уни ўзимиз учун билағонлик мусобақасига айлантириб олсак, билмайман деган сўздан хижолат бўлсак?!.

Билингки:

1) Диннинг ҳимоси (чегараси) ҳимояланган. Агар ҳар кимнинг кўнглига (ҳоҳишига) ташлаб қўйилганда унинг ҳурматлари паймол бўлиб кетарди.

2) Илмсиз бўла туриб билағонлик қилиш, даъватни вайрон қиладиган энг ёмон хатарлардан.

3) Билағонлик қилиш ихлос йўқлигининг белгисидир, яъни банда диннинг эҳтиромидан кўра ўз ҳурмати одамлар қалбида қолишини афзал кўради ва диндан ўзи тушунмайдиган нарсаларни гапиради.

 

Билағонлик қилишнинг жамиятга қандай таъсири бор?

Унинг асорати бугун кўриб турганимиздек, асл-асосдан узоқлашиш, фикрларга суяниш ва шунинг оқибатида илмсизлик билан гапирадиган ва ўта масъулиятсиз одамларнинг сўзларига мойил бўлишда кўринади. Билағонлик уларнинг: «Албатта дин енгилдир, уни одамларга қийинлаштирманглар» деган сўзларида кўринади, бу сўз эса ботилни ирода қилинган хақ сўздир. Албатта, дин ўз ҳукмлари ва шариати билан енгилдир, унга ўзгартириш қилиш, бепарво бўлиш енгиллик қилиш дегани эмас.

 

Эҳтиёт бўлинг, ҳасад!

Ҳасад – бир бандага Аллоҳ инъом қилиб берган неъматни ёмон кўришдир, бошқа бировдан Аллоҳнинг неъмати йўқ бўлишини орзу қилиш эмас.  

Ҳасаддан холи инсон одатда жуда кам бўлади ва гоҳо инсон ўзи истамаган ҳолида ҳам кўнглига ҳасад оралаб қолади. Ҳадисда келганки: «Агар ҳасад қилсанг тажовуз қилма, гумон қилсанг рўёбга чиқарма» (Ибн Усайминнинг «Китобул илм»идан).

Даъват майдонида ҳам, ҳасад аниқ кўриниб қолади. Бундан ажабланманг, ўзингизга эҳтиёт бўлинг, унинг белгилари кўрина бошлаши билан дарҳол муолажа қилинг. Кўпинча ҳасад деганлари ўч олишга айланиб кетади. Эҳтиёт бўлинг!

 

Эҳтиёт бўлинг, кибр!

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кибрни қисқа ва лўнда қилиб баён қилиб берганлар: «Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни назар-писанд қилмасликдир» (Имом Муслим ривояти). Хақни тан олмаслик – уни рад қилиш ва одамларни камситиш – уларни хақоратлаш, менсимасликдир.

Сизда илмдан бир улуш бор экан, баъзи ҳолларда сизда кибрга далолат қиладиган ҳаракатлар содир бўлиб қолади. Айтишларича, илм уч босқич экан, биринчи босқичдаги киши кибрланаркан, иккинчи босқичга ўтганда камтар бўлиб қоларкан ва учинчи босқичда ўзининг ҳеч нарса билмаслигини биларкан. Аллоҳ таоло айтади:

﴿لَا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَفْرَحُونَ بِمَا أَتَوْا وَيُحِبُّونَ أَنْ يُحْمَدُوا بِمَا لَمْ يَفْعَلُوا فَلَا تَحْسَبَنَّهُمْ بِمَفَازَةٍ مِنَ الْعَذَابِ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

 «(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз қилган ишлари (яъни одамларни ҳақ йўлдан адаштиришлари) билан ҳурсанд бўладиган ва қилмаган ишлари билан мақтовлар эшитишни яхши кўрадиган кимсалар азобдан йироқ макондалар, деб ўйламанг! Улар учун аламли азоб бордир» (Оли Имрон: 188).

Аксинча, даъват қилинаётганларга нисбатан биз (раҳмат) меҳрибонлик муносабатида бўлишимиз вожиб. Шунинг учун ҳам хадис аҳли биринчи хадис ривоят қилаётганларидаёқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу хадисини келтирганлар: «Раҳм қилувчиларга Аллоҳ раҳм қилади». Шунинг учун бу силсилавий хадис «бирламчи» деб номланган. Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб «Уч усул» рисоласида «Билгин, Аллоҳ сенга раҳм қилгур» дейди.

 

Эҳтиёт бўлинг, шошқалоқлик!

Албатта, даъватда натижаларга шошилиш даъватчининг фикр доираси торлигидан бўлади. Кўпинча одамлар устидан «улардан умид йўқ» деб ҳукм чиқариб қўямиз. Кўпинча ўртага ташланган, баҳс юритилган масала ҳали пишиб етилмай туриб ўзимизча шошилиб кетамиз. Кўпинча шошқалоқлик даъватга қарши курашувчилар томонидан салбий реакция кўрсатилишига сабаб бўлиб қолади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿فَاصْبِرْ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ وَلَا يَسْتَخِفَّنَّكَ الَّذِينَ لَا يُوقِنُونَ﴾

 «Бас (эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз Аллоҳнинг (сизни ва умматларингизни кофир қавм устига ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар» (Рум: 60).

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Киши шошқалоқлик меваси ўлароқ надоматни тераверади, тераверади».

Опа-сингилларим!

Шубҳасиз, албатта Аллоҳ таолонинг ваъдаси келажак эканини билишингиз ва шошқалоқликдан оғир-босиқликка, сабр-бардошга ўтишингиз, шошилмасликка ҳаракат қилишингиз вожиб бўлади.

Сизларга етказмоқчи бўлган гапларим  шулардан иборат эди. Аллоҳ таолодан ўзимни, сизларни ва барча мусулмонларни фақат яхшиликларга муваффақ қилишини, қалбларимизни Ўзининг тоатига жамлашини, ниятларимизни холис қилишини, бизга махфий бўлиб қолган нарсаларни баён қилиб беришини сўрайман. Албатта, У зот Жаводу Каримдир.

Оламлар Рабби Аллоҳга мақтовлар, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг оиласига ва барча асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин. Амин.