Category Archives: Қиз кўриш

Бу категорияда унаштирилаётган қиз ёки йигитнинг бир–бирларини қандай кўришлари ҳақидаги фавтолар билан танишасиз.

Тўйдан илгари қайлиқ билан кўришиш

Тўйдан илгари қайлиқ билан кўришиш

Савол: Шаръий никоҳ қилинган бироқ ҳануз жинсий алоқа қилинмаган бўлса, валийнинг урф-одат баҳонаси билан қизининг куёви билан кўришиши, у билан ёлғиз қолишини таъқиқлашга ҳаққи борми? Урф баҳонаси билан уйида бўлса ҳам, иккисининг ёлғиз қолишларини таъқиқлашга ҳаққи борми? Шу келиннинг қайнатасига юзиши очганидек, куёвнинг амакисига ҳам очиши жоизми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4114):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Аввало, агар куёв қайлиғига шаръий никоҳни ўз рукнлари ва шартлари билан қилдирган бўлса ва гарчи одатларига кўра ҳануз тўйни қилиб эълон қилмаган бўлсалар ҳам, ўрталаридаги (бегоналик) бутунлай бекор бўлиб, куёвнинг келин билан бирга бўлиши ва ёлғиз қолиши жоиз бўлади.

Иккинчидан, келиннинг қайнатасига юзини очгани учун куёвнинг амакисига ҳам очиши жоиз эмас. Чунки қайнамаки ҳужжатларнинг умумий маъноларига кўра келин юзини очиши таъқиқланган эркаклар қаторига киради.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Қизнинг уйига қаллиқнинг ҳадеб келавериши

Қизнинг уйига қаллиқнинг ҳадеб келавериши

Сухандон: Миср Араб Жумҳуриятидан Наҳла М. Ҳ. шундай демоқда: Совчи қўйган йигитнинг қизнинг уйига ҳадеб келавериши жоизми? Қиз ҳам у келганида маҳрамлари билан бирга юзи ва икки кафтидан бошқа жойини кўрсатмай ҳижобда ўтирса бўладими? Ёки совчи қўйган йигит бир марта келиб, қизни маҳрамлари олдида кўриши кифоями?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳа, совчи қўйган йигитнинг ҳадеб келавериши ва қиз билан гаплашавериши жоиз эмас. Бироқ у қизнинг қандай эканини кўрадиган даражада қизга боқиши мумкин. Агар биринчи марта келганида қизни яхши кўра олмаган бўлса, иккинчи марта келиб кўриши мумкин. Аммо, биринчи марта кўрганида қизнинг қандай экани маълум бўлган бўлса, унаштиришга ҳаракат қилиши керак. Уларни ҳадеб зиёрат қилаверишга ҳожат йўқ. Савол берган қизимизнинг «ҳижобда ўтириб, юзи ва қўлларини кўрсатиши»ни эслатишига келсак, биз ҳижобдан мақсад юзни тўсиш эканини, у хотин кишининг тўсиши керак бўлган узви бўлиб, эркакнинг хотин кишига боғланишида асосий рол ўйнашини айтиб ўтмоқчимиз. Чунки эркак киши хотин кишининг юзига боқади, бошқа аъзоларига эмас. Агар юзи чиройли бўлса унга совчи қўйишга ҳаракат қилади. Бироқ, юзи хунук ва танаси қувватли бўлса, кўпинча юзининг чиройини хоҳлагани боис унга совчи қўймайди. Демак, рағбат ёки бош тортиш ўрни – юздир. Шу ва юзнинг фитна ўрни бўлгани боис, хотин киши юзини тўсиши керак. Айрим илм аҳлларининг юзни очиб юришга рухсат беришлари қиёснинг натижасидир. Аллоҳнинг Қуръони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати далолат қилган нарса эса, хотин кишининг эри ва маҳрамларидан бошқа барча эркаклардан юзини тўсишидир.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Совчи йигитга кўрсатиладиган аъзолар

Совчи йигитга кўрсатиладиган аъзолар

Сухандон: Тингловчи Ҳ. Н. ўз мактубида шундай ёзибди: Совчи қўйилган қиз совчи қўйган йигитга кўрсатиши мумкин бўлган аъзолари ҳақида турли фикрлар бор. Шу фикрлардан бири қизнинг юзи, кафтлари и бўйнинигина кўрсатишидир. Ҳурматли шайх, қиз совчи қўйган йигитга сочларини ҳам кўрсатса бўладими? Сизнингча қайси бири афзал?  

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Турмуш қуриши учун рағбатлантирадиган зийнатларини кўрсатишининг зарари йўқ. Масалан: сочлари, юзи, кафтлари ва оёқларини. Бироқ, совчи қўйган йигит учун пардоз қилмайди. Чунки қиз ҳануз унинг хотини эмас. Агар қиз пардоз билан чиқса ва никоҳ қилинганидан кейин унинг йигитга кўринганидан бошқачароқ экани очилиб қолса, йигитнинг ҳафсаласи пир бўлиб, иш ажралишгача бориши мумкин. Чунки йигитнинг боқиши уйланган ва қўлга киртиган эрнинг боқишидан фарқли бўлади. Шунинг учун ҳам мен совчи қўйган йигитнинг қизнинг турмуш қуришига рағбатлантирадиган юзи, кафтлари, сочи ва оёқларига боқиши жоиз эканини, бу ҳам у иккиси ёлғиз қолмайдиган, балки, қизнинг маҳрами билан бўлишининг жоиз эканини айтаман. Чунки номаҳрам аёл билан танҳо қолиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Эркак киши хотин киши билан маҳрами билангина бирга қолсин!»– деган ҳадисларига биноан ҳаромдир (Имом Бухорий 5233 (Фатҳул Борий тартибида)).    

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Йигитнинг отасига салом бериш

Йигитнинг отасига салом бериш

Савол: Унаштирилаётган куни йигитнинг отасига қизнинг салом беришининг ҳукми қандай?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Қизнинг бундай қилиши ҳамда совчи қўйган йигитнинг отаси олдида (ҳануз никоҳ ўқитилмай туриб) юзини очиши, жоиз эмас. Чунки қиз, никоҳ ўқитилмагунича йигит отасининг маҳрами бўла олмайди. Балки, қизнинг, маҳрамлари ҳозирлигида совчи қўйган йигит учунгина юзини очиши жоиз. Бироқ, йигит қизга шаҳват ва лаззатланиш билан боқмаслиги керак. Қиз юзини йигит бир кўриб олиши учунгина очади, холос. Агар ҳар иккиси бир-бирини ёқтирса, никоҳ ўқилади. Ёқтирмасалар, ҳар бири ўз уйига кетаверади.


         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Қаллиғим билан учрашсам бўладими?

Қаллиғим билан учрашсам бўладими?

Ливиялик Муҳаммад Усмон: Ҳурматли шайх, ўртамизда ҳали никоҳ ўқитилмаган бўлса ҳам, менга унаштирилган қиз билан кўришиб, гаплашсам бўладими?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Унаштирилган қиз ҳануз бегона ҳисобланади. У билан, никоҳ ўқилмагунича, унаштирилмаган бошқа қизлар ўртасида фарқ йўқ. Шунга кўра шариат рухсат берган миқдорча йигитнинг унаштирилган қизи билан кўришиши ёки гаплашиши мумкин. Шариат рухсат берган муддат эса, эркак бирон қиз ёки жувонга совчи қўйишни кўнглига туккан бўлса, ўша қиз (ёки жувон)нинг юзи, кафтлари, оёқлари ва бошига, эҳтиёждан ортиқча бирон сўз айтмай, қараши мумкин. Кўриш пайтида қизнинг биронта маҳрами ҳузурида зарурий нарсаларни гаплашиши мумкин. Масалан: Турмуш қурар эканмиз бирон шартингиз борми? Ундай ёки бундай шартларингиз борми?, деб сўраши мумкин.

Энди телефон орқали гаплашишга келсак, айрим одамлар борки, телефонда бир ёки икки соат гаплашадилар. Бундай қилиш ҳаромдир. Айрим унаштирилган йигит ёки қиз: Мен қарши тарафнинг ҳолатини, у эса менинг ҳолатимни ўрганиши учун гаплашаяпман!,– деб баҳона қиладилар. Бундай одамга: Модомики сиз совчи қўйибсиз, совчи қўйишдан илгари қизнинг ким эканини ўргангач қўйдингиз! У ҳам сизнинг ким эканингизни билгач рози бўлди. Энди, ҳадеб телефонда гаплашишга ўрин қолмади,– дейилади. Кўпинча, унаштирилган қиз билан бўлган телефон суҳбатлари жинсий шаҳват ва жинсий шаҳват билан лаззатланиш билан ўтади. Яъни, йигит унаштирилган қизга гапириш билан шаҳвоний лаззат олади. Ҳолбуки, қиз гаплашиши ёки лаззат олиши учун йигитга ҳануз ҳалол бўлмагандир.        

 

         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.