Category Archives: Куёв ва қайлиқ танлаш

Бу категорияда куёв ва қайлиқ танлаш ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Бенамозга иона ва қиз бериш

Бенамозга иона ва қиз бериш

Савол: Қариндош бўлган ёки бўлмаган бенамоз ва рўза тутмайдиган одамга автоҳалокат ёки бошқа бирон фалокат сабабли қийналиб қолса, ёрдам қўлини узатишнинг ҳукми нима?

Намоз ўқимайдиган ҳамда намоз ўқиб, рўза тутсада фолбинларга борадиган ва Аллоҳдан бошқаси учун қурбонлик сўядиган кишининг гўштини ейишнинг ҳукми нима?

Бенамоз ва рўза тутмайдиган ҳамда фолбинларга борадиган ва Аллоҳдан бошқасига атаб қурбонлик сўядиган одамга намозхон ва рўза тутадиган муслима қизни узатишнинг ҳукми─чи?

Намозхон, рўзадор ва Аллоҳдан тақво қиладиган йигитнинг мусулмонлар оиласида вояга етган бироқ бенамоз ва рамазон рўзасини тутмайдиган аёлга уйланишининг ҳукми─чи? Агар улар турмуш қуришган бўлса нима қилиш керак? Агар хотин тавба қилса янгитдан никоҳ ўқитиш шартми ёки йўқми? Агар бенамозлигида ўжарлик қилиб давом этса ва фарзандлари бўлса, ўрталарини ажратиш керакми ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7484-3):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Биринчидан: агар мазкур кишиларга фалокат пайтида ёрдам бериш кўнгилларини насиҳатни эшитишга, шариат аҳкомларига риоя қилиш ҳақидаги йўлланмаларни қабул қилишга эрита олиши гумон қилинса, уларни зиёрат қилинсин ва уларга ёрдам қўли узатилиб, намозларни вақтида ўқиш ҳамда шариатнинг бошқа амалларини қилишга чорлансин. Шояд Аллоҳ таоло уларнинг тавбаларини қабул қилиб, эзгуликларга муваффақ айлар. Уларни зиёрат қилиш ва улардан кўмак олиш ҳам худди шу ҳукмдадир.

Агар улар ижобат қилишмай, ёмонликларни қилишда давом этишса, фитналарни қўзғамай ва ёмонликдан узоқ бўлиб, улардан нари турилсин.

Иккинчидан: намознинг фарзлигини инкор этмаган бўлсада қасддан намозни ўқимаган одам сўйган гўштни ейиш, уламоларнинг икки қавлининг тўғрироғига кўра жоиз эмасдир. Чунки, у одам ─ кофирдир.

Фолбин ва азойимхонлар сўйган гўштлар ҳам шу ҳукмдадир. Чунки улар ғайб илмини иддао қилганлари ва жинларга атаб қурбонликлар сўйганлари боис, кофирдирлар. Фолбинларга бориб, уларнинг гапларини тасдиқлаган ёки Аллоҳдан бошқаси учун жонлиқ сўйганлар ҳам шу ҳукмдадир.

Учинчидан: ўзи динига боамал муслимани қасддан намоз ўқимаётган эркакка ва фолбинга, юқоридаги омиллар сабабли, турмушга узатилмайди. Ўз динига боамал эркакнинг қасддан намоз ўқимайдиган аёлга уйланиши ҳам, жоиз эмас.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Бенамоз эркак бенамоз хотинга уйланди …

Бенамоз эркак бенамоз хотинга уйланди …

Савол № 2: Бенамоз эркак бенамоз хотинга уйланди. Бунинг Исломдаги ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 8677-2, 3):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг.

Жавоб № 2: Агар ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таолога тавба қилиб намоз ўқишса, никоҳларига рухсат берилади. Агар улардан бири тавба қилиб, бошқаси тавба қилмаса ўрталарини ажратилади. Агар иккинчиси ҳам идда чиқишидан илгари намоз ўқимаслигидан тавба қилса, никоҳларига рухсат берилади.

Савол: № 3: Бундай ҳолатда никоҳнинг бекорлиги маълум бўлса, бу ишдаги соғлом ечим қандай бўлади?

Жавоб № 3: Уламолар жумҳурининг ижмоъсига кўра икковидан Исломдан оғгани тавба қилади ва намозини вақтида ўқий бошлайди. Хотиннинг иддаси чиққач эса янги никоҳ ўқилади.  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Жиянимга бенамоздан совчи келаяпти …

 

Жиянимга бенамоздан совчи келаяпти …

Савол: Менинг бир туғишган акам бир неча йил муқаддам оламдан ўтиб, бир неча фарзандини қолдириб кетган. Улардан иккитаси балоғат ёшига етиб уйланган. Хуллас, қариндошларимиздан бири уларнинг сингилларидан бирига совчи қўйибди ва жиянларим бу ҳақда мендан маслаҳат сўрашди. Мен у йигитни рад этдим. Чунки, унинг бенамозлигини, рамазон рўзасини тутмаслигини аниқ биламан ва бошқалардан ҳам эшитганман. Акамнинг оиласи мен билан маслаҳат қилишгач жимиб кетишди: на ўзлари ва на йигит ҳақида оғиз очишмай қўйишди. Шундай бўлсада ўша йигитга бериш мойилликлари бор. Уларга қаршиликни кучайтирганимда: Ундан бошқа совчи келмаяпти─да!,─ деб эътироз билдиришди. Уларнинг ҳануз жиянимни унга беришга мойилликлари бор. Улар эса акамнинг оиласи, қолаверса, ҳамма нарсамиз ─ ейишимиз, ичишимиз ўртада. Эътиқодлари ҳам соғлом. Намозни вақтида ўқишларига гувоҳман. Айтинглар─чи, агар улар менга итоат этмай сингилларини ўша ёки ўшанга ўхшаш йигитга турмушга узатишса Қуръон ва суннат асосидаги шариат нуқтаи назаридан мен нима қилишим керак? Сизлардан ўзим ва уларда қаноат ҳосил қилиши ҳамда уларнинг ўғил ва қизлари учун қандай тадбир олишимда ёрдамчи бўлиши учун саволимга ёзма жавоб юборишингизни илтимос қиламан. Шояд фатволарингизни ўқигач Аллоҳ таоло уларга Тўғри йўлни кўрсатар. Аллоҳ таоло сизларни номимиздан яхши мукофотлар билан тақдирласин, бизга тушунтириб берсангизлар.  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6379):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Намознинг фарзлигини қасддан инкор қилган, уни менсимаган ёки дангасалик билан ўқимаган одам уламоларнинг икки қавлидан соғломига кўра, кофирдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши билан ширк ва куфр ўртасида намозни тарк қилиш бордир» (Имом Муслим 82, Термизий 2620, Абу Довуд 4678, Ибн Можа 1078, Имом Аҳмад 3/370, Доримий 1233) ва: «Биз билан у (мушрик ва кофир)лар ўртасида намоз бордир. Уни ким ўқимаса кофир бўлибди»─ деганлар. Бу ҳадисни Имом Аҳмад (5/346), Сунан муаллифлари (Термизий 2621, Насоий 463, Ибн Можа 1079) саҳиҳ санад асосида бошқа далиллар билан нақл қилишган. Аллоҳ таоло эса:

﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا جَاءَكُمُ الْمُؤْمِنَاتُ مُهَاجِرَاتٍ فَامْتَحِنُوهُنَّ اللَّهُ أَعْلَمُ بِإِيمَانِهِنَّ فَإِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلَا تَرْجِعُوهُنَّ إِلَى الْكُفَّارِ لَا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلَا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ ﴾

«Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни улар ўз эрларини ёмон кўриб ёки сизлардан биронтангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ҳижрат қилганлари ҳақида сизларга қасам ичсинлар).— Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) иймонларини (ҳам) жуда яхши билгувчидир.— Бас, агар сизлар улар­нинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!— У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир»─ деган (Мумтаҳана: 10).

Сиз акангизнинг оиласига насиҳат қилинг ва шаръий ҳукмни ҳужжатлари билан тушунтиринг, шояд, Аллоҳ уларни Тўғри йўлга бошласа.

Аллоҳ таоло бизни, сизни ва уларни ҳақ билан амал қилиш ва ҳақни васиятлашишга муваффақ қилсин.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:            Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Одобли, лекин қўли юпқа одамдан совчи келди …

Одобли, лекин қўли юпқа одамдан совчи келди …

Савол: Синглим учун биз яхши ва боодоб деб ўйлаган биродаримиздан совчи келди. Бироқ унинг рўзғорни тебратиш учун асосий имкониятлари йўқ: А) Ундан кунимиздаги уй ва унинг жиҳозлари талаб қилинмаяпти. Ундан синглимиз ейиш, ичиш, кийиниш ва турар–жой талаб қилаяпти. Б) Биродаримиз ишга яроқли ва ишида давом этиши мумкин. В) Биродаримиз 21 ёшда.

Энди саволим шундан иборат: Шу биродаримизнинг таклифини қайтарсак бўладими? Ҳолбуки у, мураттаб қори, яхшигина диндор ва боодоб йигит. Фақатгина, унда бир оилани тебратиш имконлари чекланган. Агар Аллоҳ таоло уларга фарзанд ато этса қийналиб қолармикин, деб қўрқаяпман. Мен қуйидаги ҳадис таҳтига кириб қолишдан қўрқиб сизлардан шошилинч жавобни кутаман: «Агар сизларга диндорлиги ва ҳулқига рози бўлганингиз биров келса, уни уйлантиринглар!» (Термизий 1084, Ибн Можа 1967). Шошилинч жавоб исташимнинг сабаби эса, бу биродаримиз уйланганидан сўнгра отамизга нисбатан муаммо ва қийинчиликлар чиқармасин. Чунки отам, сингилларимни турмушга узатиш вазифасини менга топширган.       

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7829):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар ҳолат айтилганидек ва қиз рози бўлса, қўлнинг юпқалиги мазкур йигитга турмушга узатишга монеъ бўла олмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан уни тез кунда бой қилиб қўяди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ﴾

«Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билгувчидир» (Нур: 32).  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Ўгай жиянни синглисига уйлантириш

Ўгай жиянни синглисига уйлантириш

Савол: Менинг онамиз бир бўлган укамнинг ўғли бор. Отамиз бир бўлган синглим ҳам бор. Мен мазкур жиянимни ўша синглимга уйлантирмоқчиман. Шундай қилсам бўладими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1717):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Отангиз бир бўлган синглингизни онангиз бир бўлган акангизнинг ўғлига тумушга чиқаришингиз мумкин. Куёв боланинг бир онадан туғишган укангизнинг ўғли бўлиши, мазкур қизга уйланишига тўсиқ бўла олмайди.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён