Category Archives: Никоҳнинг шартлари

Бу категорияда никоҳнинг шартлари ҳаидаги фатволар билан танишасиз.

Соқолни қирмаслик ва сигарет чекмаслик шарти

Соқолни қирмаслик ва сигарет чекмаслик шарти

Савол: Менинг қизим бўлиб, унга акам ўғли учун совчи бўлди. Мен унинг истаги учун учта нарса: жамоат намозларини қолдирмаслик, соқолини қирмаслик ва сигарет чекмасликни шарт қилдим. Бу шартларни унинг ўғлига айтиб, никоҳ асносида никоҳ дафтарчасига буларни ёзиб қўйишни сўрадим. Бу талабимдан кейин отам, акам ва қариндошларим дарғазаб бўлдилар ва шартларни бузиб қўйишидан қўрқиб: Бу шартларни ёзмайсан!,– дедилар. Мен эса гапимда туриб олдим. Отамнинг бу шартларга кўнгли бўлмади. Бу иш ҳақида шариатимизнинг ҳукми нима? Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин ва ўз паноҳида асрасин, менга тушунтириб беринглар: Мен отам, акам ва қариндошларимни рози қилиш учун шартларимдан воз кечишим керакми ёки шартлар қўйишим жоизми? Бу ҳақда сиз жанобларнинг ҳукмингиз қандай? Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.    

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 11867):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Сиз қизингизни узатиш учун қилган шартларингиз билан тўғри иш қилгансиз. Куёв Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ушбу ҳадисга биноан мазкур шартларни бажо келтириши лозимдир: «Бажо келтиришингизга лойиқроқ бўлган шартлар(нинг бошида) авратларни ҳалол қилиб олганингиз шартлар (келади)» (Имом Бухорий 2572; Имом Муслим1418; Термизий 1127; Насоий 3281; Абу Довуд 2139; Ибн Можа 1954; Имом Аҳмад 4/150; Доримий 2203).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Совчи бўлган холавачча ароқ ичар экан …

Совчи бўлган холавачча ароқ ичар экан …

Савол: Қариндошларимдан бири – қайноғамнинг ўғлидан қизимга совчи келди. Унаштиришдан илгари йигит ҳақида сўрадик. Саволларимизга ижобий жавоб бериб: У Аллоҳнинг динида устивор! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган суннатларга риоя қилади!,– дедилар. Йигитнинг ўзи ҳам бу гапларни айтди. Никоҳ қилинганидан кейин эса у гапларнинг ғирт ёлғон экани маълум бўлди. Биз олган хабарлар ёлғон бўлиб, йигит диний таълимотларга амал қилмаган ароқхўр экан. Қизим у билан турмуш қуришни рад этиб, никоҳни бузди. Биз Вена шаҳридаги Ислом Марказига бориб, муаммойимизни тушунтирдик. Улар: Бу ишни давлат қонунлари билангина ҳал қилиш мумкин ва бунинг натижаси бир неча йиллар ўтганидан кейингина чиқади,– дедилар. Мен у маҳкамаларнинг ҳукмига муҳтож эмасман. Шу боис муаммони ҳал қилиб беришларингиз учун масъалани сизга кўндаланг қилмоқдаман. Чунки биз Аллоҳ ва расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмигагина қулоқ солиб, итоат этамиз. Эслатиб ўтаман, алҳамдулиллаҳ, диндор ва бу ерда яшаётган ва турли ишларда ишлаётган саудиялик дўстлар ўртасида танилган оиламиз.

Аввало сизлардан, кейин эса Аллоҳдан мазкур вараққа жавобни ёзиб, ўзимга қайтаришингизни сўрайман. Чунки уни шу ердаги Ислом Марказига кўрсатмоқчиман. Аллоҳ таоло сизларни барча ёмонликлардан асраб, Ислом ва мусулмонлар манфаати учун умрларингизни узоқ қилишини тилайман.    

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 11885):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар ҳолат айтилганидек бўлса, қизнинг танлаш ҳаққи бор ва у қоғоздаги «никоҳ» унга мажбурият юкламайди. Чунки уни йигит ҳақида мақтовлар айтган одамлар алдашган. Агар йигит мусулмон бўлса, унинг тарафидан берилган барча нарсани ўзига қайтариб берилади. Агар мазкур йигит Исломни бузадиган нарсалар билан тавсифланган бўлса, қилинган никоҳнинг ўзи бекордир. Чунки у никоҳ Аллоҳнинг шариатига уйғун суратда қилинмагандир. Аллоҳ таоло кофирларнинг муслималарга уйланишларини ҳаром қилиб шундай деган:

﴿وَلَا تُنْكِحُوا الْمُشْرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُوا﴾

«Иймон келтирмагунларича мушрикларга муслималарни узатмангиз!» (Бақара: 221);

﴿لَا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلَا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ﴾

«У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10).

Юқорида айтиб ўтилганидек, йигит тарафидан берилган барча моддий нарсалар ўзига қайтариб берилади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Гўшангада пул беришни шарт қилди …

Гўшангада пул беришни шарт қилди …

Савол: Гўшанга оқшомида илк қовушиш учун пул сўрашни шарт қилиш мумкинми? Ҳолбуки, қизнинг оиласи унга турмуш қуриш талаб қилган барча эҳтиёжларни муҳайё қилсада, жамиятдаги одат шундай бўлиб қолган. Оила бундай катта маблағни талаб қилишни она билан қизга ташлаб қўйишган. Куёв қайлиғига мазкур маблағни бермагунича қовуша олмайди. Агар маблағни бермаса жанжаллар чиқади ва ҳатто ажралиш ҳодисалари ҳам рўй беради. Бундай шартга Ислом дини қандай қарайди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳнинг Китобида бўлмаган шартларни қилган кишининг талаби бекордир» деб айтган ҳадисларига юқоридаги шарт тўғри келадими? (Имом Бухорий 2047; Имом Муслим 1504; Абу Довуд 3929; Имом Молик «Муваттоъ» 1519).

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9298–3):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Келиннинг маҳрдан бошқа маблағни шарт қилиши ҳам жоиздир. Бироқ бу маблағ имкон доирасида бўлиши ва куёвнинг имкониятларини ҳисобга олиб шарт қилиниши керак.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Талоқ қўйганингизда пул берасиз, деди …

Талоқ қўйганингизда пул берасиз, деди …

Савол: Ота қизини узатар экан куёвга: Мабодо талоқ қўйсангиз, берилган маҳрдан ташқари яна етмиш минг риёл пул берасиз,– деб шарт қилди. Аллоҳ таоло сизларга билдирсин, бизга тушунтириб берсангизлар: Бу шартнинг тўғрилиги қай даражада?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 19612–3):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Жувоннинг ёки валийсининг никоҳ ўқитилётган пайтда мабодо талоқ қўйса берадиган маблағни шарт қилиши – тўғри шартдир. Чунки у ҳам, кечиктириб бериш келишилган маҳр ҳукмидадир. Агар ҳар икки тараф розилик билдирган бўлса, у шартга тақозо қилган ҳолат – талоқ содир бўлганида вафо қилиш фарздир. Бунга Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадис далолат қилади: «Вафо қилишингизга энг лойиқ бўлган шартлардан бири авратларни ҳалол қилиб олган шартларингиздир!» (Имом Бухорий 2572, Имом Муслим 1418, Термизий 1127, Насоий 3281, Абу Довуд 2139, Ибн Можа 1954, Имом Аҳмад 4/150, Доримий 2203).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтди: «Ҳақларни шартлар амалга ошганида тўкис берилади. Шарт қилган нарсангиз, сизникидир!» (Имом Бухорий 3/175, 6/138; Имом Муслим 1418; Имом Аҳмад 4/144, 150, 152; Термизий 1127; Абу Довуд 2139; Насоий 3281, 3282; Ибн Можа 1954; Доримий 2/143; Абу яъло 1754; Табароний 752 – 757; Байҳақий 7/248).

Ушбу: «Мўъминлар, шартларига амал қиладилар!» ҳадисининг умумий маънолари ҳам ўшани ифода этади (Имом Бухорий 3/175, 6/138; Саид Ибн Мансур «Сунан» 1/211, 212, 216 (662, 663, 670); «Таълиқут–таълиқ» 3/408, 409; «ат–Тағлиқ» 4/419; Абдурраззоқ 6/227 (10608); Ибн Аби Шайба 4/199, 6/570–571; Байҳақий 7/249). Термизий мазкур ҳадисга: «Фақатгина, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилган шартгагина вафо қилинмайди» жумласи илова қилинган ҳадисни ривоят қилди (Термизий 1352; Ибн Можа 2353).   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:     Абдулазиз Оли Шайх
         Аъзолар:         Бакр Абу Зайд ва Солиҳ Фавзон

Диний таъвизлар шарт бўла олмайди

Диний таъвизлар шарт бўла олмайди

Савол: Мен амакимнинг қизига уйланиш учун совчи қўйдим ва улар қуйидаги шартлар асосидагина қизларини беришга рози бўлдилар: а) соқолимни қисқартириш; б) кимимни узайтириш: в) бўш вақтларимни зикр ҳалқаларига кетмай, улар билан бирга ўтказиш. (Шу шартларги биноан уйлансам бўладими?).

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 14990–2):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Совчи қўйилган қиз тарафидан соқолингизни қисқартириш, кийимингизни узайтириш – бизнингча, шимингизнинг пойчаларини узайтириш назарда тутилаяпти шекилли, –  зикр ҳалқаларига бормаслик шарт қилинаётган бўлса, уларни қабул қилманг. Чунки у шартлар Аллоҳнинг Китобига зид шартлардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг Китобида бўлмаган ҳар бир шарт, гарчи юзта бўлса ҳам, бекордир!» (Имом Бухорий «Адабул муфрад» 5700, Имом Муслим 110, Насоий 3813, Абу Довуд 3257, Имом Аҳмад 4/33), «Мусулмонлар шартларига вафодордирлар. Фақатгина ҳаромни ҳалол ва ҳалолни ҳаром қилган шартлар бундан мустасно» (Имом Бухорий 1319, Имом Муслим 2658, Термизий 2138, Насоий 1950, Абу Довуд 4714, Имом Аҳмад 2/315, Имом Молик «Муваттоъ» 569) ва: «Аллоҳга итоат этишда махлуққа бўйинсунилмайди!»– деганлар (Имом Бухорий 6830, Имом Муслим 1840, Насоий 4205, Абу Довуд 2625, Имом Аҳмад 1/94).  

Аллоҳ таоло сизга тез кунда қулайликлар яратади. Чунки Унинг ўзи:

﴿وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا • وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا﴾

«Ким Аллоҳдан қўрқса (яъни юқорида мазкур бўлган талоқ қилиш қонун-қоидаларига Аллоҳдан қўрққани учун риоя этса) У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир. (Унинг хоҳишига қарши тургувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир (яъни, ҳаётда рўй берадиган ҳар бир яхши-ёмон воқеа-ҳодиса ёлғиз Аллоҳ хоҳлаган — белгилаган вақт ва ўлчовда рўй беради)» деган (Талоқ: 2, 3).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдулазиз Оли Шайх, Солиҳ Фавзон ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён