Category Archives: Никоҳ ва китоб аҳли

Бу категорияда китоб аҳлига мусулмоннинг уйланиши ёки уйланмаслиги ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Яҳудий муслимага уйланиши мумкинми?

Яҳудий муслимага уйланиши мумкинми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 18063):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, сўнгги пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Бош муфтий жанобларига Ислом Олами Бирлиги Ташкилоти Бош секретари номидан 22.05.1416 ҳ. санада 78/7442 рақам билан юборилган ва Катта Уламолар Ҳайъатининг Умумий омонатлар бўлимига 30.05.1416 ҳ. йили 2592 рақам билан чиқарилган мактубни кўриб чиқди. Унда Бош секретарь жаноблари қуйидаги матнни ёзган:

«Сиз жанобларга шуни билдирманки, Ислом Олами Бирлиги Ташкилоти Париждаги идорасидан қуйидаги хабарни олди: Париждаги масжид имоми Шайх Далил Абу Бакрнинг Франциянинг «Телерама» ойномасининг 14.06 1995 мелодий йилида нашр қилинган 2370 сонида мухбир билан қилган учрашуви бор. У учрашув чоғида яҳудий ва насронийларнинг кофир эмасликлари, Аллоҳнинг йўлидан кетаётганлари ва уларга муслима аёлларни турмушга узатиш жоизлигини айтиб: Қуръон муслимани яҳудий ёки насронийга узатишни ҳаром қилмаган. Уни Ислом фуқаҳолари насроний ва яҳудийларни кофирларга қиёслашгани боис таъқиқлашган,─ деган».

Мактубингизда, яна шу иборалар ҳам бор: «Азҳар Шариф уламолари ҳам бундан икки йил аввал мазкур Далил Абу Бакр ҳақида: Франция уламоси,─ деб айтган ва унга лойиқ бўлганидан кўра катта имкониятларни берган. У эса билимсиз фатво бера бошлаган.

Мазкур шахс муслима қизларга яҳудий ва насронийларнинг тузоғига тушиш имконини бергани, қолаверса, ташкилотимиз муслималарнинг диний билимларини оширишлари ва уларни яҳудий ва насронийларнинг шум тузоқларига тушмаслиги борасида фаолиятлар олиб бораётгани боис, бу фатвонинг ғайри муслим эрларининг динларини қабул қилиш ва зурриётларининг уларга боғланиб кетиши каби ўта хатарли натижалари бордир.

Ташкилотимиз керакли чораларни кўриши учун мазкур масъалада бирон фатво чиқариб беришингизни сиз жаноблардан илтимос қилади».

Олиб борилган тадқиқотлардан сўнгра Фатво Бериш Доимимй Қўмитаси қуйидагича жавоб беради:

Барча мусулмонлар муслима аёлнинг будавий ёки яҳудий ёхуд насроний бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай кофирга турмушга чиқиши Аллоҳ Китобининг ҳаром қилган аниқ нассларига кўра ҳаром эканига ижмоъ (қарор) қилишган. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَلَا تَنْكِحُوا الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلَأَمَةٌ مُؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ وَلَا تُنْكِحُوا الْمُشْرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُوا وَلَعَبْدٌ مُؤْمِنٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ ﴾

«То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да,— иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли қул яхшироқдир» (Бақара: 221);

﴿ لَا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلَا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ ﴾

«У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10).

Аммо фатво берган кишининг яҳудий ва насронийларнинг кофир эмаслиги ҳақидаги гаплари бирон мўъмин бандадан чиқмайди. Зеро яҳудий ва насронийларнинг кофир эканлигида шубҳа қилган одам, улардан бирига айланади. Чунки у, Аллоҳ таоло берган хабарни ёлғонга чиқарган бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:

﴿ لَمْ يَكُنِ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَالْمُشْرِكِينَ مُنْفَكِّينَ حَتَّى تَأْتِيَهُمُ الْبَيِّنَةُ ﴾

«Аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар то уларга очиқ ҳужжат келгунича (куфрдан) ажрагувчи бўлмадилар»─ деган (Баййина: 1). Бу ва бунга ўхшаш оятлар китоб аҳллари ─ насроний ва яҳудийларнинг кофир эканлигини қатъий ифодалайди.

Берилган мазкур фатвода учта катта гуноҳ жам бўлган:

1 ─ Аллоҳ таоло берган хабарни ёлғонга чиқариш;

2 ─ Қуръоннинг аниқ нассига асосланган мусулмонлар ижмосига мухолифлик;

3 ─ Мусулмон фуқаҳоларга ўз тарафларидан аҳкомлар чиқарадилар, деган қабиҳ ҳужум.

Булар учта балодир ва Аллоҳнинг наздида гуноҳи азиймдир. Уларнинг биринчиси: Аллоҳ таолони берган хабарида ёлғончига чиқариш уларнинг энг ёмони бўлиб, бандани кофирлар гуруҳига қўшиб қўяди. Аллоҳ талога бундан сиғинамиз! Шунинг учун ҳам бу фатвони ёлғонга чиқариш, нотўғри ва куфр жумлаларни ўз ичига олганини баён қилиш, мазкур одамнинг фатвосида хатога йўл қўйганини, унга насиҳат қилиш зарурлигини, ўзига қилган хатоларини тушунтириш лозимлигини баён қилиш лозим. Шояд шундагина Аллоҳ таоло уни ҳидоятга солса.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:      Бакр Абу Зайд, Абдулазиз Оли Шайх, Солиҳ Фавзон, Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Насронийга турмушга чиққан бўшноқ аёл …

Насронийга турмушга чиққан бўшноқ аёл …

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 17848):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, охирги пайғамбар Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси Жидда шаҳридаги Даъват ва Иршод марказининг раиси тарафидан муфтий жанобларига 23.03.1416 ҳижрий санада 310/9 ж рақам билан ёзилган ва Умумий Омонатлар бўлимидан Қўмитага 03.04.1416 ҳижрий санада 1596 рақам билан тақдим этилган мактубини кўриб чиқди. Мактубда шундай ёзилган эди:

«Бизга, муслим бўшноқ аёлдан бир савол келди. У, ўлкаларида бошланган урушдан илгари насронийга турмушга чиққан ва урушдан кейин ажралишган. Ундан учта фарзанд кўрган. Унинг саволи қуйидагича: Бу болаларнинг ҳукми нима? Улар кимга нисбатланишади ва қайси динда ҳисобланишади?

Мазкур аёл фатвонинг ўзи ва ўзига ўхшаган насроний эркаклар билан турмуш қурган, улардан фарзанд орттирган ва уруш натижасида ажрашган бўшноқ аёллари амал қилишлари учун ёзма равишда бўлишини сўраган.

Аллоҳ сизларни ўз паноҳида асраб, қилаётган ҳаракатларингизни муносиб тақдирласин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ».

Қўмита тадқиқотларидан сўнгра жавоб бермоқда:

Муслиманинг ғайри муслимга турмушга чиқиши, Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлига кўра, ҳаромдир:

﴿ لَا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلَا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ

«У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10).

Мазкур болаларга келсак, ўртада никоҳ шубҳаси бўлгани боис оталарига нисбатлансаларда, ота–оналари эътиқод қилган диннинг қайси бири яхшироқ бўлса, ўшанда ҳисобланадилар. Бинобарин, ота–оналаридан бири мусулмон бўлса, фарзандлари ҳам мусулмон ҳисобланишади. Бундан маълум бўлаяптики, мазкур болалар диний мавзуда оналарига тобеъ бўладилар.

Бу аёлга ўхшаган оилаларнинг ҳукми ҳам шудир.

Барча мўъминларнинг Аллоҳ таолодан тақво қилишлари, Аллоҳнинг динида устивор туришлари ва қуйидаги оятга кўра муслима хотин–қизларни мусулмон бўлмаган эркакларга турмушга узатишдан ҳушёр бўлишлари керак:

﴿ وَلَا تُنْكِحُوا الْمُشْرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُوا وَلَعَبْدٌ مُؤْمِنٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ

«То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли қул яхшироқдир» (Бақара: 221).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:       Бакр Абу Зайд, Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх ва Солиҳ Фавзон ал–Фавзон

Насронийга турмушга чиқди …

Насронийга турмушга чиқди …

Савол: Бизда билмаганимиз масъала бўлиб қолди. Унинг ҳукми ҳақида ўзаро ихтилоф қилдик ва сизнинг Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган ҳукмингизга рози бўлишга келишдик. Гапнинг лўндаси: Бир муслима аёл насроний кишига турмушга чиққан ва у билан ўн беш йил яшаб, фарзандлар кўрган. Фарзандларнинг ҳаммаси насронийлашган. Бизга хабарни олиб келган одамнинг айтишича, насроний мазкур муслимага қзино илиб, мусулмон бўлишни ваъда қилган. Бироқ, Ислом динига кирмаган. Буни эшитган оиласи қизларидан юз ўгирган. Шу боис аёл насроний билан бирга яшашга мажбур бўлган. Ҳозир ўша аёл: Тавба қилсам бўладими? Мен шундай ҳолатда бўлишимга қарамай намозларимни эрим ва фарзандларимдан хуфёна ўқиб юраман,─ демоқда. Биз бундай ҳолатда нима қилишимиз керак: Уни қабул қилайликми ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9304):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Муслиманинг кофирга турмушга чиқиши жоиз эмас ва уларни бир–биридан ажратиш фарздир. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

﴿ وَلَا تُنْكِحُوا الْمُشْرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُوا ﴾

«Иймон келтирмагунларича мушрикларга қиз узатманглар!»─ деган (Бақара: 121).

Мазкур аёл қилмишидан Аллоҳ таолога тавба қилиши, пушаймон бўлиши ва у ишга қайта қайтмасликка аҳд қилиши керак.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:            Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Мусулмон бўлгач, насроний хотини билан яшаши мумкинми?

Мусулмон бўлгач, насроний хотини билан яшаши мумкинми?

Савол: Мен билан бирга йигирма тўрт ёшлик йигит туради. У насроний бўлган ва Аллоҳ уни Ўзи суядиган ва рози бўладиган йўлга муваффақ қилиб, Ислом динини Мисрда қабул қилган. Ўзи ҳам Миср давлати фуқаросидир. У ота–онаси, рафиқаси ва 3 ёшли қизини ташлаб, келажагини қуриш учун хорижга чиқиб кетган. У, онасидан мактублар олади ва унга пул жўнатиб: Бу силаи раҳмдир, дейди. Мусулмон бўлган бу дўстимизнинг насроний онаси билан мактублашиши ва унга пул жўнатиб туриши тўғрими? Бу дўстимиз агар мусулмон бўлса ва олдига келса хотини билан бирга яшаши ҳақида сўрамоқда: Бундай пайтда янги никоҳ қилиш шартми ёки аввалги никоҳи кифоями? Агар хотини мусулмон бўлмаса–ю, эри билан бирга яшашга кўнса, мусулмоннинг насроний жувон билан бирга яшаши жоизми? Агар бирга яшашса болаларнинг ҳукми нима бўлади: мусулмонми ёки насронийми? Дўстимиз хотини мусулмон бўлишни истамаса, муслималардан бирига уйланиш нийятида. Лекин биз боласи борлиги учун биринчи хотинига қайтишини тавсия этаяпмиз. Ҳолбуки айри яшаётганларига тўрт йил бўлди. Аллоҳ таоло сизларга билдирсин, бизга бу масъаланинг ечимини тушунтириб берсангизлар. Аллоҳ таоло устингиздан яхши мукофотлар ёғдирсин!      

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 17009):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Биринчидан: фарзанднинг кофир онасига инфоқ қилиши, фарздир. У онаси билан муошаратини яхши қилиш имкони борича бориб, кўриб туриши керак. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿وَإِنْ جَاهَدَاكَ عَلى أَنْ تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا﴾

«Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин …» (Луқмон: 15).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Асмо разияллоҳу анҳо мушрика онаси келгани пайт: Уни бориб кўрсам бўладими?,– деб савол берганида: «Онангизга силаи раҳм қилинг!»– деб жавоб бердилар (Имом Бухорий 3012; Имом Муслим 1003; Абу Довуд 1668; Имом Аҳмад 6/347).

Иккинчидан: эр Ислом динини қабул қилганидан кейин хотин ҳам қабул қилса, ҳар иккиси ҳам аввалги никоҳларида қолаверадилар, янги никоҳ қилишларига ҳожат йўқ.

Учинчидан: агар хотин насроний бўлиб, Ислом динини қабул қилишдан бош тортса, эр у билан оила ҳаётини давом эттириши мумкин. Чунки, аслида, мусулмон эркакнинг насроний жувонга уйланиши жоиздир.

Тўртинчидан: болалар ота–оналари эътиқод қилган динларнинг яхшиларига эргашадилар. Агар эр ва хотиндан бири Ислом динини қабул қилса, балоғатга етмаган болаларнинг барчаси мусулмон ҳисобланадилар. Чунки вояга етмаган болалар ота ва оналари эътиқод қилган динларнинг яхшироғига мансуб ҳисобланадилар.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:        Бакр Абу Зайд, Абдулазиз Оли Шайх, Солиҳ Фавзон ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Мория Қибтийя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқаларидан ҳисобланадими?

Мория Қибтийя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқаларидан ҳисобланадими?

Савол: (Миср қироли) Муқавқас томонидан совға қилинган ва Иброҳимни туққан Мория разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқалари ва мўъминларнинг онасидан ҳисобланадими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5848-6):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Муқавқас томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга совға қилинган ва Иброҳимни туққан Мория Қибтийя, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқалари ва мўъминларнинг оналаридан ҳисобланмайди. Чунки у – (чўридан туғилган) фарзанднинг онасидир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён